01.02.2018

ДЕПУТАТЛАРНИНГ СЎРОВИ – ХАЛҚ СЎРОВИ

айрим мутасаддилар бу ҳақиқатни тушуниб етиши қийин бўляпти

Абдулҳамид НУРМАТОВ, Ўзбекистон ХДП Андижон вилоят кенгаши раиси, вилоят Кенгашидаги партия гуруҳи раҳбари:

— Сиёсий партиянинг асосий кучи маҳаллий Кенгашлардаги депутатлик гуруҳларидир. Улар фао­лиятини кучайтириш ҳудудлардаги ижтимоий масалаларни комплекс ўрганиш ва ҳал этиш, мансабдор шахсларнинг масъулиятини ошириш, ҳудудий дастурларнинг бажарилиши ҳамда бюджетдан ижтимоий соҳага ажратиладиган маблағлардан фойдаланиш самарадорлигини оширишга хизмат қилади. Бу эса аҳолининг ижтимоий ҳимояга эҳтиёжманд қатлами манфаати билан бевосита боғлиқ.

Қонунчилигимизда депутат муайян масалада мутасадди ташкилотларга сўров юбориш, ижро ҳокимияти фаолияти устидан назорат ўрнатиш, аниқланган масалани халқ депутатлари маҳаллий Кенгаш сессия­сида кўриб чиқиш учун таклиф киритиш ва бошқа ҳуқуқларга эга экани белгиланган. Тўғри, берилган ҳуқуқ ва ваколатлар кенг, лекин улардан самарали фойдаланиш ўзига хос мураккаб жараён ҳисобланади. Чунки бу фақат депутат фаоллиги ёки партия ташкилотининг интилишига боғлиқ эмас.

Мисол учун, депутат қандайдир масала юзасидан назорат ўрнатди, унинг келиб чиқиш сабабларини ўрганди, дейлик. Шундан сўнг муаммога бевосита алоқадор ва масъул бўлган тегишли ташкилотларга сўров юборади. Бу билан албатта масала ҳал бўлиб қолмайди. Сўров юбориш натижасида масала бос­қичма-босқич ҳал бўлса кошкийди, мутасадди ташкилот раҳбарининг депутат юборган сўровга жавоби устидан ҳам депутатлик назоратини ўрнатиш талаб этилади. Бу ўзинг юборган сўровнинг ортидан ўзинг югуриб юравер, дейиш билан баробар.

Ҳалигача айрим мутасадди ташкилотлар депутат сўровига вақтида жавоб бермаяпти. Жавоб берган тақдирда ҳам, бўлди, депутатнинг сўровига жавобни бердик, масала ечилди қабилида иш кўрилмоқда. Менимча, бу борада керакли тушунтириш-тарғибот тадбирларини ташкил этиб бориш мақсадга мувофиқ бўлади.

Ҳудудий дастурлар ижросини сессияларда муҳокама қилиш бўйича партия гуруҳларининг ташаббуслари айрим жойларда беэътибор қолдириляпти. Бу эса партия гуруҳларининг ижтимоий масалаларни ҳал қилишдаги иштироки ва депутатлик назорати кучайишига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Демак, аввало, маҳаллий ижро ҳокимияти тузилмалари ва мутасадди раҳбарларнинг депутатлар олдидаги масъулиятини ошириш лозим. Депутатларнинг қонуний сўровларига лоқайд муносабатда бўлган мансабдорларга нисбатан албатта қонуний чоралар кўриш керак.

Айни кунларда халқ депутатлари Андижон вилоят Кенгашида партия­миздан сайланган 13, шаҳар ва туман Кенгашларида эса 148 нафар депутат фаолият кўрсатмоқда. Айтиш керакки, ҳокимият вакиллик органларидаги депутатларимиз партиямиз дастурий мақсадлари ҳамда вазифаларини амалга оширишда фаоллик ва ташаббускорлик кўрсатишмоқда.

Масалан, 2017 йилда халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашидаги партиямиз депутатлари давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларига 705 та депутатлик сўрови билан чиқишган. Натижада юборилган сўровларнинг 512 тасига ижобий жавоб олиниб, электорат манфаатларига дахлдор катта-кичик муаммоларни жойларда ҳал этишга эришилди. Қолган масалалар депутатларимизнинг назоратида.

Мисол учун, Андижон шаҳридаги «Х-OYGUL» масъулияти чекланган жамияти бир неча бор мурожаат қилишига қарамасдан табиий газ тармоғига уланмаган. Натижада ушбу муаммо тадбиркор қўл-оёғига кишан бўлиб, у ўз фаолиятини бошлай олмаётган эди.

Халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи ушбу масалани атрофлича ўрганиб, «Водийгазтаъминот» унитар корхонаси Андижон шаҳар филиали раҳбари номига депутатлик сўрови киритдик. Ушбу масала қатъий назоратга олинди. Бугунга келиб корхона газ тармоғига уланди ҳамда ўз фаолият­ини бошлади. Энг асосийси, биргина шу муаммонинг ҳал этилиши 173 янги иш ўрни яратиш имконини берди.

Аҳолининг муаммоларини ўрганишда жойларда ташкил этилаётган сайёр қабуллар муҳим аҳамият касб этмоқда. Олтинкўл туманидаги қабуллар давомида тумандаги 14-умумтаълим мактаби ҳолати, у ердаги таълим-тарбия сифати ўрганилди. Натижада мактабнинг информатика хонасида бирорта компьютер йўқлиги аниқланди.

Тасаввур қилинг, мактабда компьютер бўлмаса, ўқувчи информацион технологияларни, компьютер саводхонлигини қаердан ўрганади?.. Партиямиз гуруҳи томонидан депутатлик сўрови тайёрланиб, вилоят халқ таълими бош­қармаси бошлиғига юборилди. Биз киритган сўровга ҳадеганда жавоб бўлавермади. Шундан сўнг ўзимиз юборган сўровнинг ижроси бўйича депутатлик назоратини ўрнатдик ва орадан икки ой ўтгач, мактабнинг информатика хонаси янги компьютерлар билан жиҳозланди.

Андижон шаҳрининг «Пахтакор» маҳалласи, «Мевазор», «Пахтакор» ҳамда А.Юлдашев номли кўчаларида истиқомат қилувчи фуқароларининг мурожаати Андижон шаҳар Кенгаши депутати И.Аминов томонидан ўрганиб чиқилди. Маҳалла аҳолиси кўчанинг ўзбошимчалик билан тўсиб олингани сабабли 2 километр масофа ўрнига ўн километр­дан кўпроқ йўлни айланиб ўтишига тўғри келган. Тегишли ташкилот раҳбарларининг ушбу масалага бефарқлиги одамларнинг йиллар давомида қийналишига сабаб бўлган. Ушбу ҳолат юзасидан депутат Андижон шаҳар ҳокими номига сўров юборди.

Ҳокимият вакиллари тезда ҳолатни ўрганиб чиқди. Ҳақиқатда кўча ноқонуний равишда тўсиб олингани аниқланди ва тегишли чоралар кўрилди. Кўчанинг очилишидан тез тиббий ёрдам, ёнғинга қарши курашиш хизмати ходимлари ҳамда шахсий транспорт воситалари эгалари ҳам миннатдор бўлдилар. Бу каби мисолларни кўплаб келтириш мумкин.

Аммо афсуски, айрим раҳбарлар депутат халқнинг вакили экани, у кўпчиликнинг манфаатини ўйлаб мурожаат қилишини тушуна олмаяптилар. Натижада юборилган сўровларда кўтарилган муаммолар ҳал этилмасдан, аҳолининг ҳақли эътирозига сабаб бўлмоқда, бу вазифасини бажаришга ҳаракат қилаётган депутатларнинг обрўсига салбий таъсир этмоқда. Ушбу масалада қонунчиликда йўл-йўриқлар белгилаб берилган бўлсада, депутатларимиз улардан фойдаланишга шошмаяптилар. Масалан, қонунга мувофиқ, депутатлик сўровига белгиланган муддат ва тартибда жавоб бермаган мансабдор шахсни депутатлик гуруҳи ёки доимий комиссия йиғилишида ҳам муҳокама қилиш мумкин, лекин амалиётда ушбу тартиб негадир қўлланилмаяпти.

Президентимиз «Депутатга беписандлик — халққа беписандлик деб баҳоланиши шарт. Халқни ҳурмат қилмаган, депутатлик ваколатини амалга оширишга тўсқинлик қилган ҳар қандай мансабдор шахс қонун олдида жавоб беради», деган эди.

Бундан ташқари, давлатимиз раҳбари Олий Мажлисга Мурожаатномасида ҳам ушбу масалага алоҳида тўхталиб ўтди. Хусусан, жойлардаги халқ депутатлари Кенгашларининг роли ва ваколатини кучайтириш масаласи ҳақида гапириб, ҳозирги кунда маҳаллий ҳокимликлар айни пайтда ҳам ижро этувчи, ҳам вакиллик органи раҳбари ҳисобланиши, яъни Кенгашларга ҳам ўзлари раҳбарлик қилиши, бу ўз нав­батида уларнинг фаолиятини самарали назорат қилишга тўсқинлик қилаётгани таъкидланди. Шундан келиб чиқиб, жорий йилга мўлжалланган Давлат дастурида халқ депутатлари Кенгашлари томонидан ижро этувчи органлар фаолияти устидан депутатлик назоратини амалга оширишни кучайтириш билан боғлиқ вазифалар белгиланди.

Мурожаатнинг катта-кичиги бўлмайди, келиб чиқиш сабаби топилса, ҳар қандай муаммога албатта ечим топилади. Фақат астойдил ҳаракат ва масъулият бўлса, бас. Айни шу масъулиятни англаш эса ўзимизга боғлиқ.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: