30.09.2017

СПОРТЧИЛАРИМИЗ АШХОБОДДАН ҚАЙТИШДИ

Ашхобод шаҳрида бўлиб ўтган Ёпиқ иншоотларда ва жанг санъатлари бўйича V Осиё ўйинларида иштирок этган спортчиларимиз ­Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида кенг жамоатчилик, спорт мухлислари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари томонидан тантанали равишда кутиб олинди.

— Мусобақада туркман кураши беллашувларида биринчи, белбоғли кураш бўйича иккинчи, қирғизларнинг олиш курашида учинчи ўринни олдим, — дейди Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Илҳом Машарипов. — Беллашувларда Туркманистон ва Қирғизистон спортчилари бизга асосий рақобатчи бўлди. Сов­ринли ўринларни эгаллаш учун жамоамиз билан кучли тайёргарлик кўрган эдик ва натижаларимиз ҳам шунга яраша бўлди. Эришган ютуқларимда ­му­­раб­­­бийларимнинг ҳиссаси катта. Шу боис Жамолиддин ­Бозоров ҳамда ­Муҳиддин Ашуровга миннатдорчилик билдираман. Келаётган байрам билан устозларимни ва мураббийларимни чин қалбимдан табриклайман.

— Ўғлим Осиё ўйинларида совринли ўринларни эгаллаб келганидан хурсандман, — дейди Файзулло Умматовнинг онаси Дилором Эшиева. — Олти ёшлигида кураш билан шуғуллана бошлаганди. Дастлабки медалини 7 ёшида қўлга киритди. Неча йиллик меҳнатларидан сўнг, ютуқларга эришди. Ўн карра Ўзбекистон чемпиони бўлди. Хорижда бўлиб ўтган мусобақада биринчи марта иштирок этди. Осиё ўйинларига кетишдан аввал «онажон», мусобақадан сизга албатта медаль олиб келаман», деб ваъда берган эди. Бугун у ниятига эришди, — медалга сазовор бўлди. Бундан кейин янада юқори ўринларни эгаллашини тилаб қоламан.

— Осиё ўйинларида Белбоғли кураш ассоциацияси номидан 10 нафар спортчимиз 6 йўналиш бўйича курашди, — дейди Ўзбекистон белбоғли кураш ассоциацияси бош котиби ­Носир Азизов. — 2 олтин, 4 кумуш, 17 бронза, жами 23 медални қўлга киритдик. Ўзбекистон учун илк олтин медални белбоғли кураш бўйича Манзура Мўйдинова олиб берди. Натижаларимиздан кўнглимиз тўлди. Насиб бўлса, ноябрь ойида катталар ўртасида Ўзбекистон кубоги бўлиб ўтади. У ерда терма жамоа учун муносиб номзодларни саралаб олиб, кейинги мусобқаларда натижамизни янада яхшилашга ҳаракат қиламиз.

— Осиё ўйинларида кўп рақибларни кўрдим, улар билан жанг вақтида хато-камчиликларимни билиб олдим, тажрибам ошди, — дейди кикбоксинг бўйича кумуш медаль соҳиби Жавоҳир Элбоев. — Кейинги мусобақаларда олтин медаль олишга ҳаракат қиламан. Бизга ватандошларимиз ва спорт мухлисларининг эътибори жуда катта куч берди. Ҳар бир жангдан сўнг, мухлисларни олқишларини, табрикларини эшитиб, кучимизга куч қўшилди. Бизни қўллаб-қувватлаб турган мухлисларга миннатдорчилик билдираман.

— Осиё ўйинларида кучли ва ёш спортчилар иштирок этди, — дейди самбо бўйича олтин медаль соҳиби Неъмат Ёқубов. — Мусобақада Ўзбекис­тон норасмий умумжамоа ҳисобида бешинчи ўринни эгаллади. Бу биз учун катта шараф ва мазкур натижамизни яхшилашга ҳаракат қиламиз.

— Мезбонлар Осиё ўйинларига юқори савияда тайёргарлик кўришган экан, — дейди Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси матбуот хизмати раҳбари Мирзаҳаким Тўхтамирзаев. — Олимпия шаҳарчасида спортчилар, мураббийлар, ҳакамлар, меҳмонлар, томошабинлар учун қулай шароит яратиб берилди. Мусобақалар давомида ареналар томошабинлар билан тўла бўлди. Яна бир диққатга сазовор жиҳат шуки, спорт иншоотлари махсус режа асосида бир-бирига яқин қилиб қурилган экан. Теннис мусобақасини томоша қилиб чиқсангиз, 100 қадам нарида сузиш ҳавзаси, кичик баскетбол майдони уларнинг ўртасида жойлашган. Бу мусобақалар бўлаётган комплексларга вақт йўқотмасдан, тез етиб боришга имкон яратди. Осиё ўйинларини 750 дан ортиқ журналист ёритиб борди. Салкам икки ҳафта давомида Турк­манистон телевидениеси фақат Осиё ўйинлари билан яшади. Спортчилар бир-бирига дўст бўлди. Бу мусобақанинг таассуротлари уларни бир умр тарк этмайди, деб ўйлайман.

 

Шаҳбоз САИДОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.