30.01.2018

ВАТАННИНГ УЛУҒ ФАРЗАНДИ ЭДИ

Қарши шаҳрида ЎзХДП вилоят кенгаши, «Нуроний» жамғармаси вилоят бўлими, ўрта махсус касб-ҳунар бошқармаси ҳамкорлигида Биринчи Президентимиз Ислом Каримов хотирасига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Бу тадбирга қатнашиш учун Китоб туманидан Қарши шаҳрига эрта тонгда етиб келдим. Одатимга кўра, шаҳар кўчалари, хиёбонларни айландим. Кун анча совуқ бўлса-да, қалбимни ўзгача бир ҳарорат иситиб турганини сезаман. ­Шаҳар марказида Биринчи Президенти­мизга ёдгорлик ўрнатиладиган майдон қаршисида анча туриб қоламан — ободончилик ишлари ниҳоясига етган.

Яна юраман ва мамлакатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг сай­ловчи­лар билан учрашувда айтган сўзларини эслайман: «Меҳнаткаш ва олижаноб Қашқадарё эли ўта таҳликали йилларда Ислом акани худди ўз фарзандидек қабул қилиб, унга туз-насиба бергани, адолат ва озодлик йўлидаги курашда унга камарбаста бўлганини халқимиз ҳеч қачон унутмай­ди...»

«Ёшлик» саройига етиб келиб, иккинчи қаватга чиқаман, катта маж­лисхона кўзларида орзу шуълаланиб турган ёшлар билан лиқ тўла. Эслайман, улуғ зот жуда кўп бора машаққатли йилларда камарбаста бўлган қашқа­дарё­лик қадрдонларини асло унутмас­лигини тилга олган эди. Бугун уларнинг бир гуруҳи учрашувга келганди.

Ибратли ишлардан бири — Ёшлар ­иттифоқи вилоят бўлими қошида «Истеъдод чорлови» клуби ташкил этил­ган бўлиб, 2003 йилдан буён минглаб ёшлар ижод сирларини ўрганишди. Жами 23 тўпламда 280 нафар ёш шоирнинг шеър­ларидан намуналар чоп этилди. Мен улар билан суҳбатлашаман. Узоқ Чироқчи туманининг Бўронжуз қишлоғидаги 16-мактабнинг 8-синф ўқувчиси Жасуржон Абдуллаев Қарши шаҳрига келиб, клуб машғулотларида иштирок этар экан. Маҳаллий газетада Биринчи Президентимиз ҳақидаги мақоласи эълон қилинибди...

Ниҳоят, учрашув бошланди. Аввало ёшлар Биринчи Президентимиз ҳақидаги дил сўзларини айтишди... Кейин:

– Эй ёронлар, қоракўз укалар, сингиллар, болажонларим, мен узоқ Деҳ­қонободдан шошиб, тошиб етиб келдим, – дея дўмбирасини чертиб, айтишувни бошлайди ЎзХДПдан туман Кенгаши депутати, муаллим, Ўзбекистон халқ бахшиси Қаҳҳор ­Раҳимов. — Меҳнатим қадрланиб, мени Биринчи Президентимиз юксак унвон билан тақдирлаганида бир севинган бўлсам, тоғу тошдан иборат Деҳ­қонободга темир йўл боргани, обод бўлганидан минг севиниб, «Истиқлол» достонини битдим. Ҳай-ей, Ислом ота Меҳрибонлик уйига борганларида дилбандларини эркалабдилар. Шунда кўзи мунгга тўла бир болани кўриб қолиб­дилар. Гапга солсалар, болача: «Ота-онам нега йўқлаб келмайди», деб фиғон қилибди. Ислом ота болачани бағрига босибди... Ҳай-ей, бу сўзимни ҳам эшитинг, ёронлар:

Ўтган кунни эсласам, кўзларимга

ёш келар,

Ҳатто тоғу тошлару самога ҳам

ғам келар,

Ўз юртига, ёронлар, ҳурлик берди,

нур берди.

Бундайин Юртбоши ер юзига

кам келар...

Кекса шоир ва халқ бахшисининг самимиятга тўла сўзлари ёшлар қалбини ром этди, уларнинг кўз ўнгида улуғ инсоннинг сиймоси, қилган ишлари гавдалана бошлади. Шунда вилоят «Нуроний» жамғармаси раиси, ЎзХДПдан вилоят Кенгаши депутати Январ ­Иноятов сўз олди. Гапнинг сираси, ўша мусибатли кун — улуғ зотнинг дафн маросимида Январ ака айтган дил сўзларида бутун Қашқадарё аҳли қалб изтиробларини ифода этган эди. Бугун ­Январ ака Ислом Каримов 1986 йилнинг 27 декабрида Қаш­қадарё вилоятининг биринчи раҳбарлигига келганида, вазият ниҳоятда оғир эканлигини хотирлади. «Мен Шаҳрисабз туманининг биринчи раҳбари эдим. «Пахта иши», деб ноҳақ қамоққа олинганларнинг оилаларида фиғон, одамларнинг қўли ишдан совиган, хўжаликлар қарзга ботган палла эди. Ахир эрки қўлида бўлмаган, эзиб-топталган, камситилган одамлар қандай қилиб далада астойдил меҳнат қилсин? Ислом ­Абдуғаниевич элнинг оқсоқол­ларини йиғиб, одамларнинг қаддини тиклаш, ноҳақ қамалганларни оқлаш, одамларга нон топиб бериш масала­ларини кенгашгани эсимда. Улуғ, ибратли ишлар, энг аввало, одамларнинг қадрини ва қаддини тиклашдан бошланган, халқимиз улуғ раҳбаримизга чексиз меҳр қўйган эди», деди Январ ака.

— Яна бир воқеа ёдимда, — дейди Январ ака. — Менга вазиятни тушунтириб, иқтисоди ниҳоятда оғир, тоғ-тошдан иборат Деҳқонобод туманига раҳбар бўлиб боришимни айтди. Аҳвол оғир, турмуш оғир. Бир йиғилишда раҳбаримиздан туманимизга ҳам газ қувурлари тортилса, деб илтимос қилганимда, бошқа туманнинг раҳбари: «Бу киши ҳали тоққа паравоз олиб боринг, деб ҳам сўрайди», деганди пичинг қилиб. Бир куни Ислом Абдуғаниевич Деҳқонободга юксак мартабали меҳмонни олиб борди ва тоғларни кўрсатиб шундай деганди: «Қаранг, тошларни инсон қўли териб чиққандай. Вақти келадики, бу тоғлар хазиналарини очади, халқимизга хизмат қилади». Ҳа, тўғри башорат қилган эканлар. Юксак тоғларни кесиб, туманга темир йўл тортиб борилди. Қарийб 400 метр чуқурликдан калийли тошлар қазиб чиқарилиб, қайта ишланяпти, ноёб ўғит заводи маҳсулотлари ўнлаб хорижий давлатга экспорт қилиняпти. Қолоқ туманда саноат барпо этилди. Замона­вий техника ва ускуналарни сизлардек ёшлар бошқаришмоқда. Бундай улкан корхоналар, обод шаҳар ва қишлоқлар, ўқув юртларини бунёд қилишда Биринчи Президентимизнинг хизматлари беқиёс.

— Январ аканинг гапларини тинглаб, баъзи воқеалар ёдимга тушди, — дея гап бошлади партиямиз фаоли, меҳнат фахрийси, биология фанлари номзо­ди Шодиёр Хўжаназаров. — Мен ўшанда пахтачилик институти вилоят филиали бошлиғи эдим. Раҳбаримиз вилоят агросаноат бирлашмаси бошли­ғи­нинг ўринбосарлигига ўтказдилар, йўқ, дея олмадим. Аммо ерлар шўрланиб, қамиш босиб кетгани, ҳосилдорлик ниҳоятда паст эканлигини билар эдим. 1986 йилнинг ёзида биргалашиб, Яккабоғ туманининг чекка хўжалигига бордик. Дала шийпонида бир аёл 30 нафар чақалоқ ва болага қарар, ҳаммаёқ кир-чир экан. Хўжаликнинг раиси аёл киши экан, келиб қолди. Далада оёқларида этик, йиртиқ калиш кийган аёллар кетмон чопаётганини кўрдик. Бир ёш қизча онаси ўрнига чиққан экан, «Онам сариқ касал бўлиб, ётиб қолдилар», деди ийманиб. Ислом ака шундай изтироб чекдиларки, тил билан айтиб бўлмайди. Шу заҳоти раисга аҳволни ўнглаш юзасидан топшириқ берди. Ҳақиқатни аниқлагач, менга: «Аҳоли зич яшаётган жойлардаги пахта далаларига, умуман, далаларга бутифос заҳарини септир­майсан», деб топшириқ берди. Шундай қилдик. Касалхоналар шароити яхшилана бошланди. Ўша оғир замонда бундай ишларни қилиш осонмиди? Мустақиллик йилларида Биринчи Президентимиз ҳамиша ёшлар камолоти, соғлом ўсишлари, спорт билан шуғулланишлари, ўз касбининг моҳири бўлиши юзасидан тинмай ғамхўрлик қилиб келди.

Яна бир воқеа. Суғориладиган ғал­лазор­ларни кенгайтиришни таклиф қилганларида, пахта сиёсатидан қўрққан айрим туман раҳбарлари бунга қарши чиқишган эди. Бироқ раҳбаримиз ҳақ йўлдан қайтмадилар. Энг кўп суғорила­диган ғалла Қашқадарёда эди. Ғалла уруғчилиги илмий-тадқиқот институти у кишининг ташаббуси билан қурилди. Ҳозир инс­титутда фан доктори, фан номзодлари етишиб чиқмоқда, улар яратган янги дон навлари мамлакатимиз­нинг 400 минг гектардан ортиқ майдон­ларида ­экиляпти. Умуман, халқимиз Ислом ­Каримов раҳнамолигида муста­қил­ликка эришди, улуғ ишлар амалга ошди. Бу ислоҳотларнинг илк куртаклари Қашқадарёда очилган эди, деб айта оламиз...

Ёшлар тарихий воқеаларни жон қулоқлари билан тинглашди. Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вилоятдаги минтақавий вакили, физика-математика фанлари доктори, профес­сор Муродулла Нормуродов «Ислом Каримов — буюк давлат ва сиёсат арбоби» мавзусидаги нутқида тарихий мисолларни келтирди. Ёшлар иттифоқи вилоят бўлими кенгаши раиси Шомурод Сатторов Ислом Каримовнинг 80 йиллигини нишонлаш борасида амалга оширилаётган ибратли ишлар ҳақида гапирди.

Қарши педагогика коллежи ўқувчиси Муҳаррам Турсунова шундай деди:

— Биз, ёшлар ҳеч қачон Биринчи Президентимизнинг тинмай ғамхўрлик қилган­лари, бизга ишонганларини унутмай­миз. Яхши касбни эгаллаб, юртимиз­га, халқимизга хизмат қила­миз...

Шодиёр ака ўз сўзини якунлаётиб шундай деди: — Бугун Президентимиз Шавкат Мирзиёев таклифи ва топши­риқлари билан Биринчи Президенти­миз хотирасини абадийлаштириш бўйича катта ишлар қилинаяпти. ­Юртимизда тараққиётнинг янги даври бошланди, бу улуғ ишлардан Ислом Каримовнинг руҳи шод бўлади, деб ўйлайман.

Тадбирдан чиқиб, Қашқадарё соҳи­лида Амир Темур бобомиз қурдир­ган кўприк ва Биринчи Президентимиз обод қилган сайилгоҳга келдим. Кўприкдан дарё сувларига тикиламан. Инсон умри дарёдек оқади, ўтади, аммо улуғ зот­ларнинг эл-юрт учун қилган хизмати асло унутилмайди.

 

Юнус УЗОҚОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: