30.01.2018

ҚАШҚАДАРЁ: АҲОЛИ ФАРОВОНЛИГИНИ ЮКСАЛТИРИШ ЙЎЛИДАГИ МУҲИМ ИСЛОҲОТЛАР

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жойларда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари билан яқиндан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида 28 январь куни Қашқадарё вилоятига келди.

Мамлакатимиз иқтисодий тараққиётида Қашқадарё вилоятининг ўрни катта. Вилоятда 50 йирик саноат корхонаси, 57 қўшма корхона, 14 минг 960 дан зиёд кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъекти, 20 минг 333 фермер, 19 минг 917 деҳқон хўжаликлари фаолият юритмоқда.

Президентимиз Шавкат ­Мирзиёев 2017 йил 24-25 февраль кунлари Қашқадарё вилоятига ташрифи чоғида кўплаб истиқболли лойиҳалар билан танишиб, ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш юзасидан зарур топшириқлар берган эди. Ўтган бир йилга яқин вақт мобайнида вилоятда иқтисодиёт тармоқларини ривожлантириш, ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, янги қувватларни ишга туширишни кўзда тутувчи кўплаб истиқболли лойи­ҳалар амалга оширилди.

Вилоятда 2017 йил ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 17 триллион 366 миллиард сўмни ташкил этди. Бандлик дастури доирасида 70 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилди. 2 минг 711, жумладан, саноатда 776, хизмат кўрсатишда 1 минг 115 ва қишлоқ хўжалиги йўналишида 820 та лойиҳа амалга оширилди.

Президентимиз Шавкат ­Мирзиёев вилоятга ташрифини Яккабоғ туманидаги мева-сабзавотни қайта ишлаш ва қадоқлашга ихтисослашган «Дармон шарбати» корхонаси фаолияти билан танишишдан бошлади.

Қашқадарё заминида етиштирилган, қуёш нурига тўйинган, унумдор ва баҳаво ҳудудларда пишиб етилган сархил ноз-неъматлар ғоят мазали ва фойдали дармондориларга бой бўлади. Шу боис бундай маҳсулотлар юртимизда ҳам, хорижда ҳам бирдек харидоргир.

«Дармон шарбати» корхонаси 2017 йил август ойида ишга туширилган. Бу ерда кунига 12 тонна маҳсулот ишлаб чиқарилмоқда. Замонавий, энергиятежамкор ускуналар бир кеча-кундузда 20 тоннагача мева-сабзавотни қайта ишлаш қувватига эга. Асосан олма, ошқовоқ ва сабзи шарбати тайёрланмоқда. Келгусида узум, анор ва бошқа қатор сабзавот маҳсулотларини ҳам қайта ишлаб, шарбат тайёрлаш кўзда тутилган.

Президентимиз корхонадаги иш жараёни билан танишди. Бу ерда жорий қилинган замонавий технологиялар самарали иш жараёни ва юқори сифатли маҳсулот тайёрлашни таъминламоқда. Мева-сабзавотларнинг табиий хусусиятлари сақлаб қолинган тайёр маҳсулот 1,5 ва 3 литрли махсус идишлар – аксептик пакетларга қадоқланади. Корхона ишчилари касб-ҳунар коллежларини битирган ёшлардир.

Корхонанинг табиий шарбатлари чет эллик харидорларда катта қизиқиш уйғотмоқда. Яқинда россиялик ҳамкорлар билан экспорт келишувларига эришилди.

Давлатимиз раҳбари вилоятда бу каби корхоналарни кўпроқ ташкил этиш, замонавий технологияларни ўзлаштирган ёшларни тарбиялаш лозимлигини таъкидлади. Бунинг учун Қаш­қадарёда имкониятлар ҳам, ишчи кучи ҳам етарли.

Шу ернинг ўзида Қашқадарё вилоятида 2018-2019 йилларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш, қайта ишлаш ва экспорт ҳажмини ошириш лойиҳалари тақдимоти бўлиб ўтди.

Китоб туманидаги «East Аgro Inter­national» МЧЖ томонидан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ва экспорт қилиш лойиҳаси доирасида йилига 8 миллион шартли банка сабзавот консервалари ва жемлар ишлаб чиқариш режалаштирилган. Корхонани 2018 йилнинг учинчи чорагида ишга тушириш мўлжалланмоқда. Корхона тўлиқ қувват билан иш бошлагач, 60 янги иш ўрни яратилади.

«Дармон шарбати» корхонаси томонидан мева-сабзавотни қайта ишлаш ва болалар таомлари ишлаб чиқариш, «Шарофат она Қаҳрамон қизи» агрофирмаси томонидан музлаткич омборхонаси қуриш лойиҳалари ҳам тақдим этилди.

Кейинги манзил Шаҳрисабз шаҳри бўлди. Давлатимиз раҳбари дастлаб «Дор ут-тиловат» мажмуасини зиёрат қилди. Таомилга биноан ўтганлар хотираси ёд этилиб, Қуръон тиловат қилинди.

«Дор ут-тиловат» мажмуаси Кўк гумбаз масжиди, Шайх Шамсиддин Кулол, Гумбази Саййидон мақбаралари ва ҳужралардан иборат бўлиб, улар асосан XIV аср охири XV асрнинг биринчи ярмида бунёд этилган. «Дор ут-тиловат» сўзи «Қуръон ўқиладиган ёки тиловат қилинадиган жой» маъносини англатади.

Кўк гумбаз масжиди буюк олим ва давлат арбоби Муҳаммад Тарағай Улуғбек томонидан 1434-1435 йилларда қурилган. Мирзо Улуғбек масжидни отаси Шоҳрух номидан бобоси Амир Темур шарафига бунёд эттирган. Кириш пештоқи равоғида уларнинг номлари ва қурилиш санаси битилган.

Шайх Шамсиддин Кулол мақбараси XIV аср охирида барпо этилган. Шайх Шамсиддин Кулол ал Фохурий Амир ­Темур ҳамда унинг отаси Тарағай Баҳодирнинг устози ва пиридир. У 1370 йилда вафот этган. Амир Темур устози қабри устига мақбара қурдирган.

Гумбази Саййидон мақбараси 1437 йилда Мирзо Улуғбек фармони билан қурилган. Мақбара ичида XV-XVII асрларга оид бир нечта қабр тошлари бор. Бу қабр тошлари термизлик саййидларга тегишли. Маълумки, саййидлар Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в) авлодидан бўлиб, улуғ зотлар ҳисобланади. Шунинг учун ҳам мақбаранинг номи Гумбази Саййидон, яъни Саййидлар гумбази деб ном олган.

Давлатимиз раҳбарининг диний уламолар, меҳнат фахрийлари билан мулоқотида халқимиз фаровонлиги йўлида амалга оширилаётган хайрли ишлар ҳақида сўз юритилди.

Қашқадарё вилоятини ривожлантириш бўйича жуда катта режаларимиз бор, деди Шавкат Мирзиёев. Кўпгина муаммолар йиғилиб қолган. Уларни ечиш учун ҳаммамиз бир бўлиб ишлашимиз керак.

Амалга оширилган улкан бунёдкорлик ишлари натижасида Шаҳрисабз қиёфаси тубдан ўзгарди. Шаҳарнинг тарихий обидалари қайта таъмирланди. Сайёҳлик инфратузилмаси ривожланиб, хизмат кўрсатиш даражаси халқаро стандартлар даражасига етказилмоқда.

Президентимиз 2017 йил август ойида пойтахтимиздаги Қатағон қурбонлари хотираси музейига ташрифи чоғида бир қанча масалалар қаторида Шаҳрисабз шаҳрида мақом кечаларини ташкил қилиш бўйича кўрсатмалар берган эди.

Айни вақтда миллий ўзлигимизни анг­лаш, маданиятимизни ҳар томонлама ривожлантириш, халқимиз, аввало, ёш авлодни юксак инсоний туйғулар руҳида тарбиялаш, унинг эстетик диди ва тафаккурини юксалтиришда мақом санъатининг кенг имкониятларидан фойдаланиш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда. Бу борада давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 17 ноябрдаги «Ўзбек миллий мақом санъатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилиниб, ижросига киришилди.

Мазкур қарорга кўра, 2018 йилдан бошлаб Шаҳрисабз шаҳрида ҳар икки йилда бир марта Халқаро мақом санъати анжуманини ўтказиш режалаштирилган.

Президентимиз Шаҳрисабз шаҳрига ташрифи давомида Оқсарой майдонида мазкур анжуманни ўтказиш учун зарур маданий инфратузилма иншоотларини барпо этиш бўйича олиб борилаётган ишлар билан танишди. Халқаро мақом санъати анжуманининг илмий-ижодий концепцияси ҳақида маълумот берилди.

Оқсарой майдонининг тарихий қисмида мақом санъатига бағишланган музей ва марказ ташкил этиш кўзда тутилган. Шунингдек, шаҳар маданият саро­йини капитал таъмирлаш, Оқсарой майдонидаги Мақом маркази ҳамда болалар мусиқа ва санъат мактаби фаолиятини такомиллаштириш тадбирлари белгиланган.

Машҳур санъаткоримиз Юнус Ражабий­дан кейин, афсуски, ҳеч ким мақом санъатини ривожлантириш билан жиддий шуғулланмади. Мақом санъати усталари жуда кам қолган. Уларни қўллаб-қувватлашимиз керак, деди давлатимиз раҳбари.

Шавкат Мирзиёев шу ерда мақом санъати усталари билан учрашиб, мақом санъати истиқболлари, халқаро мақом санъати анжуманини юксак савияда ўтказиш ҳақида суҳбатлашди.

Ташрифи доирасида Президентимиз Оқсарой майдонидаги «Коба» маданият мажмуасида вилоят иқтисодий салоҳиятини юксалтиришга қаратилган лойиҳалар билан танишди.

Лойиҳалар иқтисодий жиҳатдан ранг-баранг бўлиб, барчаси аҳоли фаровонлиги ва турмуш даражасини юксалтиришга қаратилган.

Дастлаб Қашқадарё вилоятида 2018-2019 йилларда туризм инфратузилмаси объектларини барпо этиш режаси тақдим қилинди. Режага кўра, 167 лойиҳа амалга оширилади. Хусусан, замонавий меҳмонхоналар барпо этиш, транспорт хизматлари кўрсатиш, дам олиш ва кўнгил­очар ҳудудлар ташкил этиш, тарихий-маданий обидаларни таъмирлаш кўзда тутилган. «Ўзбектуризм» давлат қўмитаси томонидан тақдим этилаётган лойиҳалардан яна бири эко ва этнотуризмни ривожлантириш, Амир Темур туғилган манзилни туризм масканига айлантиришга қаратилган.

Давлатимиз раҳбари бугун дунёда кўплаб давлатлар бу соҳани ўзлаштириб, катта даромад олаётганини таъкидлар экан, юртимизда мавжуд имкониятлардан унумли фойдаланиш бўйича топшириқлар берди.

Яна бир муҳим ташаббус Қашқадарё вилояти кўп қаватли уй-жой фондини таъмирлаш дастурини амалга ошириш ҳамда хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган. Вилоятда жами 1 минг 656 та кўп қаватли уй-жой бўлиб, уларга 151 хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати хизмат кўрсатади. Маълумотларга кўра, ўтган йили 346 та кўп қаватли уй-жой таъмирланган. Тижорат банклари томонидан 13 миллиард сўм имтиёзли кредит маблағлари ажратилган. Жорий йилги дастурда 48,1 миллиард сўм жалб этиш кўзда тутилган.

Қашқадарё вилояти бўйича асосий иқтисодий кўрсаткичлар ва солиқ тўловчилар сони, йирик корхоналар томонидан бюджетга тўланадиган тўловлар, жорий йилги прогноз кўрсаткичлар ҳақидаги маълумотлар навбатдаги тақдимотда намойиш этилди.

Шавкат Мирзиёевга жисмоний шахсларнинг кўчмас мулк объектлари ва ер майдонларини ҳисобга олиш ва солиқ ундириш ҳисобидан бюджетга тушумлар, туман ва шаҳар солиқ инспекцияларининг намунавий тузилмалари тўғрисидаги лойиҳаларни соҳа раҳбарлари тақдим қилди.

Вилоятда ичимлик суви таъминотини яхшилаш лойиҳасида ичимлик суви олиш иншоотлари қуриш, 77 километр магис­трал, 162 километр ички тармоқ тортиш, 16 та сув тақсимлаш иншооти қуриш режалаштирилган. Тошгузар – Шаҳрисабз – Китоб темир йўлини модернизация қилиш ва электрлаштиришни назарда тутувчи лойиҳа Шаҳрисабз шаҳригача тез­юрар поезд қатновини йўлга қўйишни кўзда тутади.

Бугунги кунда вилоят аҳолиси тоза ичимлик суви билан тўла таъминланмагани ачинарлидир, деди Президентимиз. Бу долзарб масалани қисқа вақтда ҳал қилиш учун бор имкониятимизни ишга солишимиз лозим.

Шаҳрисабз шаҳри ва туманида меҳнат бозорини барқарорлаштириш бўйича «йўл харитаси»га алоҳида эътибор қаратилди. Лойиҳадан вақтинча ишсизлар ҳақида маълумот, касбга ўқитиш марказларини ташкил этиш, касбларга бўлган талаб каби маълумотлар ўрин олган.

Президентимиз вақтинча иш билан банд бўлмаган фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бугунги куннинг муҳим масаласи эканини алоҳида таъкидлади.

Давлатимиз раҳбари қайси вилоятга ташриф буюрмасин, албатта, ёшлар, уларнинг тарбияси масаласига алоҳида эътибор қаратади. Халқимиз – болажон. Фарзандлари ўзидан ўзишини, ҳар томонлама ривожланган, баркамол бўлиб улғайишини ният қилиб яшайди. Мамлакатимизда мактабгача таълим тизимини ривожлантиришга давлат муассасалари билан бирга, нодавлат боғчалар ҳам кенг жалб этилаётгани замирида ана шу эзгу орзу-умидлар мужассам.

Президентимиз Шаҳрисабз шаҳрида давлат шериклиги асосида ташкил этилган «Вундеркинд» (Билимдон бола) номли хусусий мактабгача таълим муассасаси фаолияти билан танишиш асносида асосий эътиборни айни шу масалага қаратди.

Инглиз тили ва компьютер билимларини чуқур ўргатишга ихтисослашган мазкур нодавлат боғчада мактабгача таълимда бола шахсини ривожлантиришга қўйиладиган давлат талабларининг асосий йўналишлари қамраб олинган. Ҳар бир қаватдан кичкинтойларнинг интеллектуал, эстетик ва жисмоний салоҳиятини ўстириш учун унумли фойдаланилган.

Биринчи қаватда мусиқа ва рақс, спорт заллари, шахмат-шашка хонаси, мўъжаз қўғирчоқ театри жойлашган. Иккинчи қаватда ошхона, тиббиёт хоналари мавжуд. Учинчи қаватда мактабга тайёрлов гуруҳи ва кичик ёшдаги гуруҳлар учун машғулот хоналари, 2 та ётоқхона ўрин олган. Ҳовлидаги ўйин майдончасида турли аттракционлар ўрнатилган.

Президентимиз муассасада яратилган шароитни юксак баҳолади. Мазкур боғча мисолида Шаҳрисабз шаҳрида яна 25 та нодавлат мактабгача таълим муассасаси ташкил этиш, боғча мудираси, Зулфия номидаги Давлат мукофот совриндори Шаҳноза Холмаҳматовага мамлакатимизда ишлаб чиқарилган енгил автомобиль совға қилиш бўйича топшириқ берди.

Шавкат Мирзиёев шу ерда Қашқадарё вилоятида хусусий шериклик асосида ҳамда давлат томонидан қуриладиган мактабгача таълим муассасалари дастури тақдимоти билан танишди.

Шу куни Президентимиз раислигида Чироқчи тумани ҳокимлиги биносида Қашқадарё вилояти фаоллари билан учрашув бўлиб ўтди.

Давлатимиз раҳбари ўтган йили вилоятда бажарилган ишларни таҳлил қилиб, жорий йил ва яқин истиқболда амалга оширилиши зарур бўлган долзарб чора-тадбирларни белгилаб берди. Видеоалоқа орқали барча туманлар фаоллари билан ҳам мулоқот қилинди.

29 январь куни давлатимиз раҳбари Қарши туманидаги Абу Муин Насафий зиёратгоҳида олиб борилаётган бунёдкорлик ишлари билан танишди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2017 йил 24-25 февраль кунлари Қашқадарё вилоятига ташрифи чоғида Абу Муин ­Насафий мақбарасини обод зиёратгоҳга айлантириш, зиёратчиларга зарур шароитлар яратиш, бу масканда кутубхона ташкил этиш, буюк олим асарларини халқимизга етказиш бўйича тавсиялар берган эди.

Айни пайтда мазкур зиёратгоҳда кенг кўламли таъмирлаш, бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда.

Абу Муин Насафий калом илмининг буюк намояндаларидан бири бўлиб, Абу Мансур Мотуридий асос солган мотуридия таълимотининг дунёда кенг тарқалишига салмоқли ҳисса қўшган алломалардандир.

У киши илму урфонда етук, зиёли бир оилада улғайган. Аждодларидан аксарияти, айниқса, фиқҳ илми соҳасидаги улкан салоҳиятлари билан халқ орасида обрў қозонган. Абу Муин Насафийнинг катта бобоси Макҳул Насафий Имом Мотуридийнинг шогирди бўлган. Бобоси Муътамид ибн Макҳул Насафий эса ҳанафий олимлар орасида машҳур эди. Абу Муин Насафий бошланғич илмни бобоси ва отасидан олади.

Араб олими Хайриддин аз-Зириклий «Ал-Аълом» асарида ва Умар Ризо Каҳҳола «Муъжам ал-муаллифийн» асарида Абу Муин Насафийнинг 1027 йил Насаф (ҳозирги Қарши) шаҳрида туғилганини зикр этган. Унинг вафоти ҳақида эса аксар манбаларда 1114 йил кўрсатилган.

Жаҳоннинг турли кутубхоналарида сақланадиган Абу Муин Насафий асарлари орасида «Табсират ал-адилла фи усул ад-дийн аъла тариқати Абу Мансур ал-Мотуридий», «Баҳрул-калом фи илм ул-калом» ва «Ат-тамҳид ли қоваъидит ут-тавҳид» китоблари жуда эътиборли ҳисобланади. Унинг «Табсират ал-адилла фи усул ад-дийн аъла тариқати Абу Мансур ал-Мотуридий» (Дин асосларини имом Абу Мансур Мотуридий тариқатига биноан далиллар билан шарҳлаш) асарида мотуридия таълимоти далиллар билан шарҳланади. Олимнинг «Баҳр ул-калом фи илм ул-калом» асари мотуридия мактабининг калом илми бўйича асосий манбаларидан биридир.

Давлатимиз раҳбари уламолар билан суҳбатда буюк бобокалонимиз асарлари бугунги кун учун ҳам ғоят аҳамиятли экани, уларни қайта нашр қилиб, мазмун-моҳиятини ёш авлодга етказиш зарурлигини таъкидлади.

Президентимиз зиёратгоҳда сақланаётган қадимий Қуръон нусхасини кўздан кечирди.

Шундан сўнг Шавкат Мирзиёев Қарши туманидаги «Бахт» кўп тармоқли фермер хўжалигига ташриф буюриб, вилоятда амалга оширилаётган иқтисодий лойиҳалар билан танишди.

2001 йилда ташкил этилган «Бахт» фермер хўжалиги 278 гектар ерда чорвачилик, паррандачилик, туячилик, йилқичилик, қуёнчилик билан шуғулланади. 4 гектарда интенсив боғ, 1 гектар майдонда иссиқхона ташкил этилган. Хўжаликда ўтган йили 55 тонна гўшт, 355 тонна сут, 64 минг дона тухум, парранда гўшти, балиқ етиштирилган. Гўшт ва сут шу ернинг ўзида қайта ишланиб, бозорга тайёр маҳсулот ҳолида етказиб берилмоқда.

Давлатимиз раҳбари фермер хўжалигида қўшимча тармоқларни ишга тушириш ҳисобига янги иш ўринларини янада кўпайтириш бўйича тавсиялар берди.

Шу ерда вилоятда озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш, аччиқ қалампир, коврак плантациялари ташкил этиш, чорвачилик, куркачилик мажмуалари, пис­тазор ва ёнғоқзорлар барпо этиш, сутни қайта ишлаш, асаларичилик лойиҳалари тақдимоти ҳам ўтказилди.

Президентимиз ўрмон хўжаликларида интенсив усулда кўчат етиштириш ҳамда ўрмон фонди ерларидан самарали фойдаланишга оид лойиҳа билан танишар экан, Тошкент давлат аграр университети магистратурасини битириб, Шаҳрисабз туманида 4 сотих ерда 6 ойда 50 мингта 1 ёшли лимон кўчати етиштирган Акбар Саидовнинг инновацион ишланмасига алоҳида тўхталди.

Интенсив усулда, микроиқлим шарои­тида парваришланган бу кўчатлар одатдагига қараганда икки марта тезроқ ўсади.

Лимончилик нафақат Қашқадарё воҳаси, балки мамлакатимиз учун сердаромад соҳалардан. Бу тармоқни ривожлантириш иқтисодиётимиз рақобатбардошлигини ошириш, қўшимча даромад манбаини яратишга хизмат қилади. Шу боис мазкур истиқболли йўналишни қўллаб-қувватлаш, Қашқадарё мисолида лимончилар уюшмасини ташкил этиш лозим, деди Шавкат Мирзиёев. Янги уюшманинг таъсисчиси «Агробанк» бўлади.

Қашқадарё вилоятида терини қайта ишлаш ва чарм-пойабзал кластерини барпо этиш, аҳолини тухум ва парранда гўшти билан таъминлаш, «Ғузор текс­тиль импекс» МЧЖ томонидан енгил саноат мажмуаси ташкил этиш, лалми ерларда доривор ўсимликлар етиштириш ҳамда Миришкор туманида калава ип ва трикотаж мато ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳам атрофлича муҳокама этилди.

Президентимиз, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев Хон­обод ҳарбий аэродромида бўлди. Учувчилар билан суҳбатда мамлакатимизнинг янги Мудофаа доктринаси мазмун-моҳияти, Ватан ҳимоячиларининг бурч ва масъулияти ҳақида сўз борди.

Ўзбекистон Республикаси Давлат мад­ҳияси қалбларни ғурурга тўлдирувчи, юракларни ҳаяжонга солувчи мамлакатнинг бош қўшиғидир. Уни ҳар сафар тинг­лаганимизда кўнглимизни шу юртнинг фарзанди эканимиздан ифтихор туйғулари қамраб олади.

Шу ҳаяжонни ўзининг истеъдоди билан дилларга сингдирган, она Ватанга муҳаббатнинг сўзлар орқали ифодасини топган Ўзбекистон халқ шоири Абдулла ­Орипов шеърлари кириб бормаган хонадон йўқ.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2017 йил февраль ойида Қашқадарё вилоятига ташрифи чоғида Қарши шаҳрида Абдулла Орипов ҳайкалини яратиш лойиҳаси билан танишар экан, лойиҳани такомиллаштириш, бу ерда Абдулла Орипов номидаги мактаб ва унинг ижодига бағишланган музей ташкил этиш зарурлигини таъкидлаган эди.

Орадан қарийб бир йил ўтди. 29 январь куни давлатимиз раҳбари мазкур лойиҳа ижроси билан танишди.

Такомиллаштирилган лойиҳа асосида бу ерда Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Орипов номидаги ихтисослаштирилган мактаб-интернати барпо этилди. Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 24 майдаги «Қарши шаҳрида Абдулла Орипов номидаги она тили ва адабиёти фанини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб-интернатини ташкил этиш тўғрисида»ги қарори асосида бунёд этилган илм даргоҳи олдида қаҳрамон шоиримизнинг ҳайкали қад ростлади. Ҳайкал орқасидаги деворга шоирнинг шеърларидан намуналар битилди.

Мактабнинг биринчи қаватида Абдулла Орипов музейи ташкил этилди. Музейга шоирнинг буюмлари, унга қилинган турли совғалар жойлаштирилди.

Мактаб 150 ўринга мўлжалланган бўлиб, 50 ўринли ётоқхона, 50 ўринли ошхона, 200 ўринли фаоллар залига эга. Мактабга ўқувчилар 5-синфдан танлов асосида қабул қилинади.

Шавкат Мирзиёев мактаб фаолияти билан танишди. Музей, ўқув хоналарида бўлди, мактаб ўқувчилари билан суҳбатлашди.

Мактаб ўқувчилари Ибройим Юсупов, Муҳаммад Юсуф, Ҳамид Олимжон ва Зулфия номидаги мактаблар ўқувчилари билан онлайн боғланиб, мушоира ўтказди. Абдулла Орипов шеърлари ва ўзлари ёзган шеърлардан намуналар ўқиб берди.

Давлатимиз раҳбари уларга Абдулла Ориповдек буюк шоир номига муносиб бўлиш, ўз истеъдодлари билан жаҳонга машҳур инсонлар бўлиб етишиш тилакларини билдирди. Бир гуруҳ ўқувчиларга совғалар топширди.

Қашқадарё вилоятида тўқимачилик ва тикув-трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кўпайтириш, жараёнга хорижий инвесторларни кенг жалб қилиш, маҳсулотларни экспортга йўналтириш бўйича тизимли тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, 2017 йил Қарши туманида «LT Textile International» хорижий корхонаси, Қарши шаҳрида «Sulton Тeх Group» хусусий корхонаси ва бошқа ишлаб чиқариш қувватлари ишга туширилди.

Давлатимиз раҳбари Қарши тумани «Қоратепа» қишлоқ фуқаролар йиғинидаги Файзобод қишлоғида жойлашган «LT Textile International» хорижий корхонасида бўлди.

Президентимиз ўтган йил февраль ойи­да Қашқадарё вилоятига ташрифи доирасида ушбу корхонада амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари билан яқиндан танишган, қурувчиларга ўз маслаҳат ва тавсияларини берган эди.

Хитойлик инвесторлар маблағи эвазига бунёд этилган мазкур корхонанинг биринчи босқичи 2017 йил июль ойида фойдаланишга топширилди. Бу ерга Германия ва Швейцариядан замонавий ва энергиятежамкор тўқимачилик асбоб-ускуналари келтириб ўрнатилди. 700 дан ортиқ иш ўрни яратилди. 60 нафарга яқин ёшлар Хитойда касб маҳоратини ошириб қайтди.

Корхонада пахта толаси қайта ишланиб, йилига 22 минг тонна ип-калава ишлаб чиқариш имконияти мавжуд. Маҳсулотнинг асосий қисмини экспортга йўналтириш кўзда тутилган. Ўтган даврда 4 минг 600 тоннадан зиёд пахта толаси қайта ишланиб, 3,5 минг тоннадан зиёд ип-калава экспорт қилинди.

Президентимиз ушбу корхона фаолия­ти билан танишди, ишчи-ходимлар билан мулоқот қилди. Ўзбекистон иқтисодиёти ривожига ҳисса қўшадиган хорижлик инвесторларга барча шароит яратилиши айтилди.

Бизнинг асосий мақсадимиз экспорт фаолиятини ривожлантириш, аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтиришдир, деди давлатимиз раҳбари.

Шу ерда Қашқадарё вилоятида тикув-трикотаж саноатини ривожлантириш дас­тури тақдим этилди. Хусусан, «LT Textile International» масъулияти чекланган жамиятини ривожлантиришнинг II ва III босқичлари доирасида амалга ошириладиган ишлар лойиҳаси ҳақида маълумот берилди. 2019 йил иккинчи чорагида лойиҳа фойдаланишга топширилгач, ип-калава ва аралаш ип-газлама ҳажми оширилади, 650 иш ўрни яратилади.

Қарши шаҳридаги «Sulton Teх Group» хусусий корхонасида енгил саноатни ривожлантириш бўйича режалаштирилган ишлар ҳақида ҳам маълумот берилди.

Президентимизнинг Қашқадарё вилоятига ташрифи давом этмоқда.

 

ЎзА 



DB query error.
Please try later.