Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Avgust 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
30 31 1 2 3 4 5
6 7 8 9 10 11 12
13 14 15 16 17 18 19
20 21 22 23 24 25 26
27 28 29 30 31 1 2
30.01.2018

«ИСЛОМ КАРИМОВ — ИСТИҚЛОЛ АСОСЧИСИ ВА БУНЁДКОРИ»

Айни кунларда республикамиз бўйлаб Биринчи Президентимиз Ислом Абдуғаниевич Каримов таваллудининг 80 йиллиги кенг нишонланмоқда. Барча ташкилотлар маънавий-маърифий тадбирлар, учрашувлар, хотира кечалари ўтказмоқда. Ана шундай тадбирлардан бири Ўзбекис­тон ХДП Марказий Кенгаши ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси томонидан ташкил этилди. «Ислом Каримов — истиқлол меъмори» мавзусидаги маънавий-маърифий анжуманда Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши ходимлари, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси аъзолари, Тошкент шаҳар кенгаши фаоллари ва халқ депутатлари Тошкент шаҳар, туман Кенгашлари депутатлари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари қатнашди.

Тадбир аввалида иштирокчилар Биринчи Президентимиз номидаги илмий-маърифий мемориал мажмуада қад ростлаган Ислом Каримов ҳайкали пойига гуллар қўйиб, халқимизнинг фидойи фарзанди хотирасига ҳурмат бажо келтиришди.

Шундан сўнг Тошкент шаҳридаги Халқаро савдо марказида анжуман бўлиб ўтди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, Ўзбекистон ХДП фракцияси раҳбари Ҳотамжон Кетмонов тадбирни очар экан, Ислом Каримов ўзининг Президент сифатидаги бутун ҳаёти ва фаолиятини юртимизда янги давлат, янги жамият барпо этиш, мустақиллигимизни мустаҳкамлаш, Ўзбекистон номини бутун дунёга тараннум этишдек улуғ мақсадга бағишлаганини таъкидлади. Зеро, мамлакатимизда истиқлол йилларида амалга оширилган беқиёс ўзгаришлар, тарихий янгиланишлар Биринчи Президентимиз номи билан узвий боғлиқдир.

— Собиқ мустабид тузум даврида — миллий қадриятларимиз, муқаддас динимиз, азалий анъаналаримиз аёвсиз топталган ўша даврларда мустақиллик, урф-одатлар, диний қадриятларимиз ҳақида очиқ-ошкора гапириш — катта маънавий жасорат эди, — деди партия раҳбари. — Мустақиллигимиз асосчиси Ислом Каримов халқимизнинг тарихий орзу-умидларини рўёбга чиқарди.

Маълумки, мустақилликка эришган ҳар қандай давлат ўзининг парламентини шакллантиришга, шу орқали фуқароларнинг устувор ҳуқуқларини таъминлашга, халқнинг сиёсий иродасини рўёбга чиқаришга алоҳида эътибор қаратади. Бу демократик ҳуқуқий давлатнинг энг муҳим асосларидан бири ҳисобланади. Юртимизда парламент фаолиятини такомиллаштириш соҳасида амалга оширилган ислоҳотлар тизимида икки палатали парламентга ўтиш билан боғлиқ ўзгаришлар ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Икки палатали парламентни ташкил этиш ғояси, таклифи Биринчи Президентимиз томонидан илгари сурилди.

Хусусан, 2000 йил 25 май куни бўлиб ўтган Иккинчи чақириқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг иккинчи сессиясида Ислом Каримов 2004 йилда бўлиб ўтадиган сайловларда парламентнинг икки палатали қилиб ташкил этилиши лозимлигини таъкидлаган эди. Ислом Каримов мустақил Ўзбекистон давлатининг асосчиси, юртимизни собиқ мустабид тузум қарамлигидан озод қилиб, уни замонавий асосда тараққий эттириш стратегиясини, бутун жаҳонда «ўзбек модели» деган ном билан тан олинган ривожланиш йўлини ишлаб чиққан, жаҳон миқёсида катта обрў-эътибор қозонган буюк давлат ва сиёсат арбоби сифатида Ватанимиз тарихида, халқимиз қалбида мангу қолади. У киши бошлаб берган эзгу ишларни Президентимиз Шавкат Мирзиёев юқори босқичларга олиб чиқиб, муносиб давом эттираётгани, албатта, барчамизни қувонтиради.

 

Темир ШИРИНОВ, Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуаси раҳбари, тарих фанлари доктори, профессор:

— Ҳаммамиз ҳаяжонли кунлардамиз. Ўзбек мил­лати­нинг буюк фарзан­ди Ислом Каримов таваллуди­нинг 80 йиллиги юртимиз бўйлаб кенг нишонланмоқда. Биринчи Президенти­миз тўғрисида гапириш бир томондан осондек туюлади, чунки у кишининг ҳаёти кўз ўнгимизда ўтди, ҳамма воқеаларга гувоҳмиз. Ик­кинчи томондан эса ни­ҳоят­да оғир, чунки улуғ зот фаолияти жуда серқирра эди. Буни бир шахс, битта одам ёритиб бериши жуда қийин. Мажмуа тузилгандан бошлаб хотиралар йиға бошладик. Ўша даврнинг сиёсий масалаларини кў­тариб чиқиб, тарихини тиклаш жуда оғир кечди.

Хабарингиз бор, Ислом Каримов ҳаёти, фаолия­тини акс эттирувчи мақо­ла­лар танловини эълон қилгандик. Унга халқимиз­нинг қизиқиши ниҳоятда катта бўлди. Газета ва журналлар, интернет сайт­ларда эълон қилинган 870 дан ортиқ мақола келди. Айни пайтда комиссия аъзолари уларни кўриб чиқишни якунламоқда. Шу жараёнда мен ҳам мақола­ларнинг кўпини ўқиб чиқ­дим. Улардан Ислом Каримов образини яна бир бор ўзимга кашф этдим.

У кишининг фазилат­лари, жасорати ҳақида кўп гапириш мумкин. Ўша пайтларда мустақилликка эришиш осон эмас эди. ­130 йил давомида қанча-қан­ча авлодлар мустақил­ликни орзу қилиб, дард-алам, армон билан ўтиб кетди. Даҳшатли ва қудрат­ли империя чангалидан чиқиб, мустақил бўлиши­миз­га ишониш қийин эди. Мус­тақилликка очиқ интил­ганлар қамалган, отилган...

1991 йил 31 августда Ислом Каримов барчамиз орзу қилган мустақиллик сўзини баралла айта олди.

Ислом Каримов мард, ҳақиқатпарвар инсон эди. Эсда­лик­­ларда келтирилишича, Ислом Каримов Қашқа­дарё­да вилоят пар­тия қўмитасининг биринчи секре­тари бўлиб ишлаётган пайтда Талимаржон ГЭСи қури­лаёт­ган экан. Қури­лиш­га цемент етмай қо­либди. Юқоридан вазир­лик вакили келиб, цементни ­халққа ажратилган ли­митдан олинг, дебди. Шунда Ислом Каримов машинани шартта тўхтатиб, вазирлик вакилини бир ҳовлига ­бошлаб кирибди-да, уй дево­рини тирнаб, вакилга кўрсатибди. Бу ерда це­мент йўқлигини, одамлар уйини пахса девордан қуришини ай­тибди. Менга ҳақиқий цемент беринг, дебди. Хижолат тортган вакил цемент ажратадиган бўлибди.

У кишининг серқирра фаолиятидан биргина мисол келтирдим, холос. ­Ислом Каримов улуғ ва буюк шахс сифатида ҳаммамизнинг хотирамизда қолди. Тарихий шахсларнинг вафотидан кейинги тақдири батамом ҳар хил. Совет давлатининг тарих китобларида буюк аждодимиз Амир ­Темур кўпроқ босқинчи сифатида тилга олинган. Унинг тарихдаги ўрнини адолатли тиклашга Ислом Каримов масъул бўлди. Айнан Амир ­Темур­га ўхша­ган даҳоликка эга бўлган шахсгина унинг шахсини юксакка кўтара олди. Ме­нинг назаримда, Ислом ­Каримовнинг кейинги тари­хий тақдирини давлати­миз раҳбари Шавкат Мирзиёев ўрнига қўйди, ­Ислом Каримов хотирасини абадийлаштириш бўйича қарорни эълон қил­ди. Бу борадаги ишлар изчил давом эттирилмоқда. Албат­та, ­Биринчи Президен­тимиз хотирасини ҳаммамиз юрагимизда абадий сақлай­миз.

 

Сафар ОСТОНОВ, «Ўзбекистон овози» ва «Голос Узбекистана» газеталари Бош муҳаррири, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист:

— Дунё жуда кўп давлат раҳбарларини, президентларни кўрган. Улар орасидан камдан-камларигина ўз халқининг чинакам меҳрига сазовор бўлган, Ватани тақдирида, тарихида буюк ўзгаришлар қила олган. Ислом Каримов юртни қарамликдан қутқарган, мустақилликни мустаҳкамлаб, дунё ҳамжамиятида Ўзбекис­тоннинг муносиб ўрин олишини таъминлаган улуғ Президент эди. У доно Президент эди, ғурури баланд, жасоратли, қатъиятли Юртбоши эди. Ўз халқини, Ватанини жонидан яхши кўрадиган Президент эди.

Ислом Каримов республикага раҳбар бўлиб келган даврни бир эслайлик, Ўзбекистонда аҳвол қандай эди? Қисқа қилиб айтганда, ижтимоий-иқтисодий муаммолар қалашиб ётганди. Шўро давлати Ўзбекистонда яна бир оғир жиноятни содир этганди. 1983-1989 йилларда Ўзбекистонда собиқ марказ томонидан ўтказилган қатағон оқибатида хўжаликлар, туман, вилоят, ҳатто республика раҳбарларигача қамоққа ташланган, иқтисо­диётимиз, айниқса, қишлоқ хўжалиги тамоман издан чиққан эди.

Ўзбекистонда тартиб ўрнатиш баҳонасида собиқ марказ юртимизга десант ташлаган эди. Собиқ иттифоқнинг турли ўлкаларидан ўз ишхонасига унчалик керак бўлмаган, чаласавод кишилар юртимизга келиб, барча соҳаларда раҳбарлик лавозимларини эгаллаб, ўзларининг адолатсиз сиёсатларини юргиза бошлашди. Минг-минглаб одамлар қамоққа ташланган, сўроққа тортилган, улар ортидан яна минглаб оила аъзолари сарсон-саргардон бўлиб юрган, ишдан, ҳаётдан кўнгли совиган, оғир, мураккаб, саросимали бир даврда Ислом Каримов республикага раҳбар бўлиб келган эди.

Ўзбекистоннинг янги раҳбари ўз фаолиятини халқимизнинг ҳуқуқини, қадрини, шаънини ҳимоя этишдан бошлади. Ислом Каримов топшириғи билан «пахта иши», «ўзбек иши» деган бўҳтонлар билан очилган жиноий ишларни қайта кўриб чиқиш учун комиссия тузилди. Комиссия минглаб ишларни қайта кўриб чиқиб, шундай юридик хулосага келди: Ҳар йили собиқ марказдан туриб пахта планини нореал оширишлар, бажариш мумкин бўлмаган планларни талаб этиб, тазйиқлар ўтказиш оқибатида қўшиб ёзишларга мажбур бўлинган, қамоқда ётганлар бундан манфаат кўрмаган.

Шунинг учун асоссиз қамоқхоналарда ётганлар бирин-кетин оқлана бошланди. Бундан хабар топган СССР бош прокурори, СССР Олий суди раиси Ўзбекистон раҳбариятига пахта иши комиссияси фаолияти дарҳол тўхтатилсин, бўлмаса, чора кўрамиз, сизлар жиноятчиларни оқлаяпсизлар, деган мазмунда пўписали хат йўллади. Комиссия аъзолари саросимага тушиб қолишади. Ҳар хил таклифлар бўлади. Охири хат ­Ислом Каримовга олиб кирилади. Ҳамма ҳаяжонда. Минглаб одамларнинг тақдири унинг бир оғиз гапига боғлиқ эди. Ислом Каримов хатни хотиржам ўқиб чиққач, устига «Архивга» деб ёзиб, комиссия ўз ишини давом эттиришига кўрсатма беради. Натижада минглаб одамлар оқланиб, оиласи бағрига қайтади. Ҳозиргача бу улуғ жасоратни ҳамюртларимиз миннатдорлик билан хотирлашади.

 Биринчи Президентимиз халқимиз ҳуқуқларини ҳимоя этиш, минглаб одамларнинг тақдирини асраб қолиш бўйича қилган тарихий жасорат­ларидан биргина мисол келтирдик, холос. Унинг халқимиз учун, юртимиз учун қилган ишларини санаб адоғига етиб бўлмайди. Ислом Каримов доно, ғурури баланд, жасоратли, ўз Ватани ва халқидан жонини ҳам аямайдиган Президент эди. Ул улуғ зот ҳаммамизнинг хотирамизда ана шундай Президент бўлиб қолади.

 

Мухлиса РАҲМАТОВА, Ислом Каримов номидаги давлат стипендияси соҳиби, Ирригация ва мелиорация институти талабаси:

— Биз, ҳаммамиз бахтли инсонлармиз. Негаки, уйимизда, оиламизда, юртимизда тинч­лик ҳукмрон. Юртимиздаги ҳар бир инсонга шу бахт­ни инъом қилган Биринчи Президентимиз бўлади, албатта. 2016 йил 21 мартда — Наврўз байрами тантанасида у кишини узоқдан бўлса ҳам кўриб, мамнун бўлиб тургандим. Бизни қўл бериб табриклаганларида эса юзидаги нур, ғайратни кўриб, фахрлангандим. Ўша пайтда менга ҳам қандайдир куч ўтгандай бўлди. Ҳаётда фақат орзу билан эмас, мақсад билан яшаш ҳақида ўйлай бошладим. Биринчи Президен­тимиз биз, ёшларга қарата айтган ўгитлари ҳеч қачон ёдимдан чиқмайди.

Ўтган йили ЎзХДПнинг «Ёш сиёсатчи» кўрик-танлови Тошкент шаҳар босқичида совринли ўринни эгалладим. «Тафаккур синовлари» кўрик-танловининг республика бос­қичида фахр­ли ўринга муносиб топилдим. Ҳар бир ютуғимиз, эришган марраларимиз мамлакати­мизда бизга берилаётган эътибор, ғамхўрлик туфайлидир. Биз бахтли ёшлармиз. Прези­денти­миз Шавкат Мирзиёевнинг бизга нисбатан билдираётган ишончи кучимизга куч қўшмоқда, янги марраларга руҳлантирмоқда. Бу ишончни оқлашга албатта ҳаракат қиламиз.

 

Анжуманда, шунингдек, Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши консультанти Михаил Ельшов, Олий Мажлис Қонунчилик палата­си депутатлари, Тошкент шаҳар партия кенгаши фаоллари халқимизнинг чексиз муҳаббатини қозонган Ислом Каримов қалб­ларимизда абадий қолиши ва келажак авлодлар хотирасида мустақиллик, тинчлик, бар­қарорлик, фаровонлик ва тараққиёт раҳнамоси сифатида мангу яшашини айтиб ўтишди.

 «Ўзбекистон мустақиллигининг асосчиси» номли ҳужжатли фильм намойиши ҳаммани яна бир бор ҳаяжонга солди.

 

Гулруҳ ОДАШБОЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.