30.01.2018

БУТУН ОЛАМНИ ЖО ҚИЛГАН ЮРАК

Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуасида Ислом Каримов таваллудининг 80 йиллиги муносабати билан халқимизнинг буюк фарзанди хотирасига бағишланган «Бутун оламни жо қилган юрак» деб номланган кўргазма иш бошлади.

Кўргазманинг очилишига бағишланган маросимда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари, вазирлик ва идоралар масъул ходимлари, фан, маданият, адабиёт ва санъат намояндалари, ёшлар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Биринчи Президентимизнинг рафиқаси Т.Каримова, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуаси раҳбари Т.Ширинов ва бошқалар мустақил Ўзбекистон давлатининг асосчиси, буюк давлат ва сиёсат арбоби Ислом Каримов Ватанимизнинг кўп аср­лик тарихида ўчмас из қолдирганини таъкидлаб, Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан халқимиз қаҳрамонининг ёрқин хотирасини абадийлаштириш борасида кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилаётганини таъкидлади.

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 27 ноябрдаги «Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти, буюк давлат ва сиёсат арбоби Ислом Абдуғаниевич ­Каримов таваллудининг 80 йиллигини нишонлаш тўғрисида»ги ва 2017 йил 25 январдаги «Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг хотирасини абадийлаштириш тўғрисида»ги қарорлари бу борада муҳим дастуриламал бўлмоқда.

Маросим иштирокчилари ­Ислом Каримов ҳаёти ва фаолиятига бағишланган бадиий кўргазма экспонатлари билан танишди. Кўргазма 2 залга бўлинган. Биринчи залда рассомларнинг 57, ҳайкалтарошларнинг 3 асари намойиш этилмоқда. Иккинчи залдан фоторассомларнинг 80 ижодий иши ўрин олган.

Қизил лолалар фонида тасвирланган Ислом Каримовнинг теран нигоҳи... Биринчи Президентимиз дала гулларини, айниқса, лола ва қизғалдоқларни ёқтирарди. Бу табиий гўзаллик унга ҳамиша куч бағишлаган. Суратлардан бирида Ислом Каримовнинг Қашқадарё вилоятидаги тоғли Ғилон қишлоғи оқсоқоллари билан суҳбати акс этган.

Таниқли рассом Баҳодир ­Жалоловнинг туркум асарлари ҳам ғоят таъсирчан. Йўлбарс жасурлик, куч ва иқтидор, буюклик ва қудрат тимсоли. Икки қудрат фалсафаси тасвирланган бадиий композиция­ни Ислом Каримов вафотидан сал олдин кўрган ва қаттиқ таъсирланган. Муҳим ишлар билан бандлиги сабаб таассуротларини ифода этишни кейинроққа қолдирганди...

— Кўргазма экспонатлари билан танишиш асносида Биринчи Президентимизнинг янги қирраларини кашф этиш мумкин. Бу ердаги ҳар бир асар тарихга дахл­дор, — дейди санъатшунослик фанлари доктори, академик ­Акбар Ҳакимов. — Шу боис бу кўргазма халқимиз томонидан катта қизиқиш билан қабул қилинишига ишончимиз комил.

Шу куни Ислом Каримов ҳайкали пойи гулларга бурканди. Кенг жамоатчилик вакиллари ­Биринчи Президентимиз хотирасига ҳурмат бажо келтирди.

Тантанали тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси ­Хайриддин Султонов сўзга чиқди.

 

Улуғбек АСРОРОВ,

ЎзА мухбири.



DB query error.
Please try later.