30.01.2018

ХАЛҚИМИЗНИ ҚУВОНТИРГАН, ҒУРУРЛАНТИРГАН ҒАЛАБА!

2018 йил 27 январь, Хитой Халқ Республикаси. Ўзбекистон футболи тарихида янги саҳифа очилди. Ёшлар терма жамоамиз Осиёдаги 54 мамлакат ичида тенгсиз эканлигини намоён этди. Осиё чемпиони деган юксак унвонга, эътирофга сазовор бўлди. Бу юксак ғалаба мамлакатимизда спортни, хусусан, футболни ривожлантириш бўйича қилинаётган улкан ишларнинг бир натижаси, албатта. Биз бутун халқимизни ушбу улкан ғалаба билан табриклаймиз!

 

Хитойда 9-27 январь кунлари 23 ёшгача бўлган футболчилар ўртасида ўтказилган Осиё чемпионатида Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси олтин медални қўлга киритди, Осиё чемпиони деган юксак унвонга сазовор бўлди. Мард ва жасур ўғлонларимизни, қаҳрамонларимизни 28 январь куни тунги соат 23:50 да Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида бутун мамлакатимиздан келган минглаб футбол мухлислари тантанали равишда кутиб олди.

Ғолибларни кўришга, бағрига босишга интилган одамларнинг қувончи чексиз эди. «Ўзбекистон» меҳмонхонасида ғолиб спортчиларимиз шарафига бағишланган маросимда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, мухлислар, спортчиларнинг ота-оналари, ОАВ ходимлари иштирок этди. Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов Президентимизнинг ғолиб спортчиларимизга йўллаган табригини ўқиб эшиттирди. Терма жамоамиз аъзоларига Президентимиз совғаси – «Malibu» автомобиллари топширилди.

 

ОСИЁ ЧЕМПИОНАТИДА ФУТБОЛИМИЗНИНГ ЯНГИ ТАРИХИ ЯРАТИЛДИ

— Биз мусобақа финалигача бешта ўйин ўтказдик. Ҳар бир баҳс ўзига яраша қийин кечди, — дейди Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси бош мураббийи Равшан ­Ҳайдаров. — Айниқса, мусобақанинг гуруҳ босқичидаги мағлубият оғир руҳий зарба бўлди. Бундай вазиятни албатта кучли жамоа енгиб ўтиши мумкин. Биз ҳам бунинг уддасидан чиқдик. Ҳар қандай ўйин, у ғалаба ёки мағлубият бўлса ҳам ўзига яраша сабоқдир. Аммо ортда қолган ўйинларни унутиб, финалда ғалаба қозониш орқали барчани хурсанд қилишни истаган эдик. Жамоа бу учрашувга тайёр эди. Биз фақат ғалаба ҳақида ўйлагандик. Ҳаво ҳарорати совуқ бўлиб, қор ёғиб ўйин драматик руҳда давом этди. Биринчи бўлимдан сўнг стадиондаги қор тозалангунга қадар бир соат танаффус бўлди. Бу вақтда футболчиларни иштиёқи сўнмаслиги учун иш олиб бордик.

Мазкур Осиё чемпионатида йигитларимиз ғолиб бўлиб, футболимизнинг янги тарихини яратишди. Бу йигитлар терма жамоамиз келажаги ҳисобланади. Мусобақадаги ғалабага нафақат ўйинчиларни маҳорати, балки, бир жамоа бўлганлигимиз, ички муҳит, руҳий ҳолат яхшилиги орқали эришдик.

Вьетнам терма жамоаси чемпионатда ажойиб ўйин кўрсатди. Саралаш мусобақаларида кучли жамоаларни енгди. Биз рақибни ўрганиб чиқдик ва финалда шунга монанд ўйнадик. Вьетнамлик футболчиларни ҳурмат қиламиз, уларни ажойиб келажак кутмоқда. Ушбу терма жамоадан кучли футболчилар етишиб чиқади.

Бизнинг жамоадаги футболчиларнинг кўпи Янги Зеландиядаги U-20 жаҳон чемпионатида қатнашган, шунинг учун уларда тажриба бор эди. Биз футболчиларимизни ғолиб бўла олишимизга ишонтира билдик. Мазкур жамоа таркибидаги ўйинчиларнинг 50 фоизи ёшлар. Улар учун бу ютуқ, бу ўйинлар катта тажриба мактаби бўлиб хизмат қилади. Кейинги янада нуфузли ўйинларда улар ўзларини кўрсатишларига ишонаман.

Финалда ғалаба қозонишнинг ўзи бўлмайди, — дейди Осиё чемпиони терма жамоамиз сардори Забихилло Ўринбоев. — Ғалаба йўлини қадам-ба қадам босиб ўтдик. Ноқулай об-ҳаво ҳам бизнинг йўлимизни тўсолмас эди. Биз ҳаммасига тайёр эдик. Чемпион бўлганимиздан сўнг бизни биринчи бўлиб Президентимиз табриклади. Бу эътибордан, бу ишончдан, бу ғамхўрликдан бошимиз осмонга етди. Биз ғалабамизни Президентимизга, халқимизга бағишлаймиз.

— Осиё чемпионатига кетишдан олдин мусобақа кубогини олиб келамиз, деб ваъда берган эдик, — дейди Осиё чемпиони ­Жавоҳир Сиддиқов. — Ушбу ваъдамизни устидан чиққанимиздан жуда ҳам хурсандмиз. Биз чемпионат давомида чиройли ўйинларимиз билан мухлислар қалбидан жой олганимизни қалбан сезиб турдик. Юртдошларимиз бизни қанча қўллаб-қувватлашса, биз ҳам бор кучимиз билан янада яхши натижага эришишга ҳаракат қиламиз.

— Ўйин қийин кечди. Рақибимиз ҳам фақат ғалаба қозонишни истар эди, — дейди Осиё чемпиони Андрей Сидоров. — Аммо биз тўпни кўпроқ эгаллаб турдик ва бир қанча голли вазиятлар яратдик. Шунинг учун ҳам Ўзбекистон ғалабага ҳақли эди. Тўғриси, майдонга тушаман, деб ўйламаган эдим. Ўзи шундоқ ҳам ғалаба қозонишимизга ишонардим. Чунки ўйинда биз устунликка эга эдик. Гол урган пайтимдаги ҳолатимни тушунтириб беролмайман. Тўп мен томонга келаётганида шунчаки унга интилдим холос. Тўп дарвоза ичига бориб тушганига ишонмадим. Кейин эса стадион ҳайқириқларга тўлди... Бизни қўллаб-қувватлаган мухлисларга раҳмат айтаман...

Футболчиларимиз ҳам, миллионлаб мухлислар ҳам финал учрашуви пайтида сезди, асосий вақт 1:1 ҳисобидаги дуранг билан тугагач, вьетнамлик футболчилар қўшимча таймларни ҳам шу ҳисобда якунлаб, пенальтилар серияси тўғрисида ўйлаётган эди. Чунки Вьетнам терма жамоаси чорак ва ярим финалда Ироқ ҳамда Қатар терма жамоаларини айнан пенальтилар сериясида мағлубиятга учратган эди. Лекин бизнинг футболчилар Вьетнамнинг ушбу режасини йўққа чиқариб, 119-дақиқада Андрей Сидоровнинг голи эвазига Осиё чемпионлигини қўлга киритди.

Осиё чемпионларини тақдирлаш маросимида терма жамоамиз ярим ҳимоячиси ­Одилжон Ҳамробеков Осиё футбол конфедерацияси томонидан Осиё чемпионатининг энг яхши футболчиси совринига лойиқ топилди. «Тoyota» компанияси томонидан 20 000 АҚШ доллари билан тақдирланди.

 

ФУТБОЛИМИЗНИ УЙҒОТГАН ЁШЛАР

— Қатар билан ўйиндан кейин футболчиларни бир мақсад йўлида жипслаштира олган мураббийлар штабига раҳмат айтмоқчиман. Футболимизни уйғотган ёшлар терма жамоасини чин дилдан табриклайман, — дейди Ўзбекистон миллий терма жамоаси сардори Одил Аҳмедов. — Бу ўйинларни кўриб, энди ишонч билан айта оламан, 2022 йил Қатарда бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатининг саралаш ўйинларига тайёрмиз. Фақат ёш футболчиларимиздан бир илтимосим бор, бу мусобақа сизлар учун чегара бўлмасин! Ҳали бизни футбол мухлисларини хурсанд қилишимиз керак бўлган кўплаб мусобақалар кутиб турибди.

Умид Аҳмаджонов, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси президенти:

— Сизларни сафарга кузатган ҳар бир ватандошимиз, уйда интиқ кутаётган ота-онангиз, ака-укаю опа-сингилларингиз энди ғурурланиб юришади. Сизнинг бу муваффақиятингиз ўзбек футболи тарихига олтин ҳарф­лар билан ёзилади. Айниқса, «қор жанги»дек кўринган финал учрашуви тилларда ­достон бўладики, биз бу ўйинни йиллар давомида эслаб юрамиз ва ҳар бир ёдга олган лаҳзаларимизда ўзимизни бахтиёр ҳис қиламиз...

 

ФУТБОЛЧИЛАРИМИЗГА БУТУН ОСИЁ ТАН БЕРДИ

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 24 январь куни Корея Республикаси Президенти Мун Чжэ Ин билан телефон орқали мулоқот қилган эди. Мазкур суҳбатда Корея Республикаси Президенти кўп миллатли Ўзбекистон халқини Хитой Халқ Республикасида бўлиб ўтаётган футбол бўйича Осиё чемпионатида футболчиларимиз кўрсатаётган ажо­йиб ўйин ва жамоамизни мусобақа финалига чиққани билан самимий қутлаган эди.

Бу — футболчиларимиз эришаётган ғалабаларга қизиқиш, эътибор қанчалик юқори эканлигини кўрсатади. Ўзбекистонлик футболчиларнинг финал ўйинида ғалаба қозониб, Осиё чемпиони бўлганига интернетнинг ижтимоий тармоқларида ҳам катта эътибор қаратилмоқда.

Hoаng Nguyеn:

— Ўзбекистонни табриклайман! Мен Вьетнамданман. Ҳар икки жамоа ҳам жуда ажо­йиб. Мен ўз жамоам билан фахрланаман, футболчиларимиз афсона яратишди. Умид қиламанки, ҳар икки жамоа ҳам кейинги жаҳон чемпионатида иштирок этади.

Тожикистон футбол федерацияси:

— Ўзбекистон халқига Хитойда 23 ёшгача бўлган футболчилар ўртасида бўлиб ўтган Осиё чемпионати чемпионлиги муборак бўлсин!

Қирғизистон футбол федерацияси:

— Қўшнимиз Ўзбекистонни ёшлар терма жамоасининг ёрқин ғалабаси билан табриклаймиз.

 

ОТА-ОНАНГГА, УСТОЗЛАРИНГГА РАҲМАТ

Жасур Яхшибоевни бувиси бўламан, — дейди Матлуба Алиқулова. — Неварамни биринчи синфдалигида «Пахтакор» футбол мактабига олиб борганман. 7-синфдан «Пахтакор» футбол академиясида ўқишни бошлади. Шу кунларни кўрганим учун Оллоҳга шукр. Ўйинларни томоша қилиб, болам шу даражага етганига жуда хурсанд бўлдим. Юртини шаънини ҳимоя қилиш учун жонини жабборга бериб ўйнади. Бизнинг болаларнинг илиги бутун, барибир ғалаба қозонади, деб ишониб ўтирган эдим. Фарзандларимизга табрик йўллагани, шундай қимматбаҳо совғалар бергани учун Президентимизга барча ота-оналар номидан миннатдорлик билдираман.

— Ўйинларни катта ҳаяжон билан томоша қилдим, — дейди Ойбек Рустамовнинг отаси Равшан Эрматов. — Болаларимиз Осиё чемпионатида ўзларини нақадар кучли эканликларини намоён этиб, ўз ваъдаларининг устидан чиқишди. Уларни ақл-заковатига, юксак қобилиятига, жасоратига бутун Осиё тан берди. Фарзандларимиз жонини фидо қилиб, оғир об-ҳаво шароитида чиройли ўйнаб, бизга шундай улуғ ғалабани тақдим этишгани учун улардан розимиз.

 

ХАЛҚИМИЗ УЗОҚ КУТГАН ҒАЛАБА

Ёшлар терма жамоасидаги «Насаф» футболчиларини кутиб олгани Қашқадарёдан келдик, — дейди Асрор Қўшматов. — 30 январь куни «Насаф» ўз майдонида ОЧЛ-2018 гуруҳ босқичига чиқиш учун «Ал-Файсалий»га қарши ўйнайди. Мамлакатимиз футболчилари учун ғалабалар давомли бўлсин.

Сурхондарё вилоятининг Шўрчи туманидан келдик, — дейди Умрзоқ Каримов. — Осиё чемпионатида футболчиларимиз чемпион бўлгани билан ҳаммани табриклайман. Насиб бўлса, келгуси жаҳон чемпионатидан ҳам терма жамоамизни бугунгидек мақтаниб, ғурурланиб кутиб олайлик.

— Наманган вилояти, Чортоқ туманидаги Алихон қишлоғида яшайман, — дейди Исроил Нўъмонов. — Ёш футболчиларимизни қўллаб-қувватлаш учун келдик. Мусобақадаги ўйинларда йигитларимизни ҳар жабҳада кучлилиги, жанговорлиги, жисмонан бақувватлиги, руҳан ўйинларга тайёрлиги менга ёқди. Йигитлар 90 дақиқа футбол ўйнайдиган бўлибди. Насиб бўлса, бу ёшлар жаҳон чемпионатига чиқади.

— Биз чемпионларимизни кутиб олиш учун Самарқанд вилоятидан келдик, — дейди ­Бахтиёр Тўхтаев. — Миллий терма жамоамиз жаҳон чемпионати саралашига чиқа олмаганлиги сабабли анча тушкун кайфиятда эдик. Ёшларимиз Осиё чемпионлигини қўлга киритганидан сўнг футболимизга яна қизиқишимиз, ишончимиз ортди.

— Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти қошидаги академик лицейда ўқитувчиман, — дейди Икром Қодиров. — Футболчиларимиз жасорат, матонат кўрсатиб, қорли оғир об-ҳаво бўлишига қарамай халқ учун, Ватан учун ўйнади.

Футболчиларимиз халқимиз, ишончини оқлади, — дейди Фазлиддин Ҳожимуродов. — Буни ҳаммамиз кўриб, билиб турибмиз. Ғалаба голи киритилганда овозим борича ҳайқирдим. Кўзларимга ёш келди...

 Бугун ота-оналар, футболчиларимизнинг биринчи устозларидан бошлаб, барча мураббийларига халқимиз миннатдорлик билдирмоқда. Бу ғалабада миллионлаб футбол мухлислари, айниқса, Хитойдаги стадионда қор совуғини унутиб, уч соатдан кўп вақт тик туриб, футболчиларимизни қўллаб-қувватлаган мухлисларимизнинг ҳам ҳиссаси борлигини алоҳида эътироф этиш лозим.

Футболчиларимизнинг ўзлари айтаётганидек, бу ғалабанинг бош омили мамлакатимизда спортни, хусусан, футболни оммалаштириш, ривожлантириш йўлида қилинаётган кенг кўламли ишлар, яратилаётган шарт-шаротлар туфайли экани барчамизга маълум. Бу ғалабани Олимпия ўйинлари, жаҳон чемпионатлари сари ташланган муҳим қадам, деб ҳисоблаймиз.

 

Шаҳбоз САИДОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.