26.09.2017

МАКТАБГАЧА ТАЪЛИМ МУАССАСАЛАРИ: МУАММОЛАР ВА ЕЧИМЛАР

Ўзбекистон ХДП фракцияси бу масала бўйича парламент ва депутатлик назоратини кучайтиради

Боғчага борган бола ўз тенгдошлари билан фикр алмашади, тарбиячи ўтган дарслар орқали дун­ёқараши шаклланиб боради, дастлабки таълим-тарбияни олади.

Шунинг учун мактабгача таълим тизимини тубдан ислоҳ қилишга, унинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаб, замонавий мезонлар асосида ривожлантириб боришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ҳар йили мактабгача таълим муассасаларини таъмирлаш, шароитини яхшилаш, зарур воситалар билан таъминлаш масалаларига давлат бюджетидан керакли маблағ ажратилаяпти. Бироқ шунга қарамай, қатор камчиликлар мактабгача таълим соҳасида давлат сиёсатини тўлиқ амалга оширишга тўсқинлик қилмоқда.

Маълумки, Президентимизнинг «Мактабгача таълим тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Унда мактабгача таълимни бошқаришнинг замонавий механизмларини жорий этиш, тарбия ва ўқув жараёнини такомиллаштириш, мактабгача таълим муассасаларининг инфратузилмаси ва моддий-техник жиҳозланишини яхшилаш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш назарда тутилган.

Парламент қуйи палатасида ЎзХДП фракциясининг йиғилишида Халқ таълими вазирлиги Таълим муассасалари фаолиятини ташкил этиш бош бошқармаси бошлиғи Дилшод Кенжаев қуйидагиларни маълум қилган эди:

— Ҳаммамиз яхши биламиз, мактабгача таълим фарзандимизнинг эртага ким бўлиб улғайишида катта аҳамиятга эга. Бугун боғчаларда болаларнинг ҳар жиҳатдан соғлом бўлиб улғайиши, ўқиб-ўрганишга қизиқишини ўстириш учун зарур шароитлар яратилмоқда. Ҳозирги вақтда республикада 4893 та давлат мактабгача таълим муассасаси фаолият олиб бормоқда. Ушбу соҳада 57 мингдан ортиқ мутахассис меҳнат қилмоқда. Бироқ очиғини айтсак, тизимда ечилиши керак бўлган қатор муаммолар бор. Масалан, аксарият мактабгача таълим муассасаларининг моддий-техника базаси, аҳволи бугунги талабларга жавоб бермайди. Бунга молиявий маблағлар етишмаётгани сабаб бўлаётганини тан олиш керак.

Бугун болаларнинг 30 фоизигина боғчаларга қамраб олинган. Бу жуда паст кўрсаткич. Мактабгача таълим муассасаларининг ҳозирги ҳолати болаларни тўлиқ қамраб олишга тўсқинлик қиляпти.

Мактабгача таълим муассасаларининг кўпчилигида инфратузилма яхши эмас. Муассаса ходимларини моддий рағбатлантириш, болаларнинг озиқ-оқват таъминоти ва тиббий хизмат кўрсатиш борасида ҳам талай муаммолар йиғилиб қолган. Мутахассис кадрларнинг 85 фоизи ўрта махсус маълумотга эга, ойликка нисбатан иш ҳажми кўп. Бизнинг фикримизча, уларнинг маошини мактабларнинг бошланғич синф ўқитувчиларининг ойлиги билан тенглаштириш керак.

Президентимиз қарорида бу борадаги муаммолар аниқ ва равшан кўрсатиб ўтилган бўлиб, уларни бартараф этиш бўйича муҳим йўналиш ва вазифалар белгиланган.

Ҳозир мамлакатимизда 250 дан ортиқ хусусий боғча бор. Уларнинг аксарият қисми Тошкентда фаолият юритади. Қашқадарё, Сурхондарё вилоятларида бундай боғчалар умуман йўқ. Қарор асосида 2018 йил 1 январдан бошлаб Тошкент, Нукус шаҳарларида, вилоятлар марказларида эксперимент тариқасида давлат-хусусий шериклик шартларида янги мактабгача таълим муассасалари ташкил этилади. Бу мактабгача таълим муассасалари ўртасида рақобат муҳитини яратишга хизмат қилади.

Шунингдек, Тошкент шаҳридаги давлат мактабгача таълим муассасаларига тадбиркорлик субъектлари билан озиқ-овқат маҳсулотлари ва тайёр овқатларни етказиб бериш тўғрисида тўғридан-тўғри шартномалар тузишга эксперимент тариқасида рухсат берилди. Бунда марказлашган бухгалтерия тузилади, маблағлар шу орқали етказилади.

2018 йилдан бошлаб 5-6 ёшли болаларни боғчаларга 100 фоиз қамраб олиш чоралари кўриляпти.

Бир сўз билан айтганда, ушбу қарор билан мактабгача таълим муассасаларида тарбияланаётган болалар учун зарур шароит яратиш, уларнинг ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилиш бўйича муҳим ишлар олиб борилади.

Шу куни депутатлар юртимизда мактабгача таълимни ривожлантириш йўлида амалга ошириб келинган кенг кўламли ишларга қарамасдан, соҳадаги бир хиллик, айрим йўналишларда эскича қараш ва ўзибўларчилик, фаолиятга янгича ёндашувнинг етишмаслиги йиллар давомида қатор муаммоларни келтириб чиқарганини алоҳида қайд этишди ва соҳа ходимига шу бўйича саволлар билан мурожаат қилишди.

Ҳотамжон Кетмонов, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси раҳбари:

— Бизни бир масала қизиқтир­япти. Жойларда сайловчилар билан учрашувларда «нега болангизни боғчага бермаяпсиз?», деган саволни кўп ўртага ташлаймиз. Аксарият ота-оналар тўловда қийналишини айтишади. Тўғриси, ижтимоий эҳтиёжманд оилалар боғча тўловини тўлашга қўли калталик қилиши мумкин. Бу масалада нима ишлар қилинади?

Дилшод Кенжаев:

— Ҳозир Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида боғча тўловлари 50 фоизгача туширилди. Бу таълим муассасасига болаларни қамраб олиш кўрсаткичини оширди. 2021 йилгача бу босқичма-босқич амалга оширилади.

Аҳолининг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш билан боғлиқ яна бир жиҳати, хусусий боғчалар 10 фоиз болани текин олиши керак. Масалан, 100 нафар бола бўлса, шундан 10 нафари ҳеч қандай тўловларсиз боғчага қатнайди.

Дилмурод Саъдуллаев, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Давлат бюджетидан ижтимоий соҳага катта маблағлар ажратилади. Боғчалар учун ҳам кўп маблағлар йўналтирилади. Хусусий боғчалар кўпайтирилса, улардаги нарх-наво масаласи қандай бўлади? Давлат томонидан уларга меъёр белгиланяптими?

Дилшод Кенжаев:

Хусусий боғчаларда нарх-навони тушириш белгиланган. Маълум бир миқдорда давлат томонидан пре­ференциялар ҳам берилади. Биринчи навбатда, кам таъминланган, ишлайдиган оилаларнинг фарзандларига боғчаларга йўлланмалар берилиши кўзда тутилмоқда.

Фракция йиғилишида, шунингдек, Президентимизнинг шу йил 12 сентябр­даги «Аҳолининг кам таъминланган қатламини қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорининг мазмун-моҳияти хусусида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Банд бўлмаган аҳолини иш билан таъминлашни ташкил этиш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Тўлқин Сатторов ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди:

— Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ҳар қандай даврда ҳам давлат ва жамият олдида турган энг муҳим, энг долзарб вазифа ҳисобланади. Чунки одамларнинг турмуш тарзи, кайфияти, амалга оширилаётган ислоҳотларга муносабати қандай бўлиши, аввало, улар қай даражада ижтимоий ҳимояланганлиги билан бевосита боғлиқ. Шу жиҳатдан олиб қарасак, ушбу қарор моҳияти жиҳатидан долзарб аҳамиятга эга экани ойдинлашади.

Қарорга кўра, бир қатор идора ва ташкилотлар томонидан аҳолининг кам таъминланган қатламини 2017–2018 йилларда ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ҳудудий манзилли дастурлари маъқулланган. Ушбу ҳудудий манзилли дастурлар бир қатор йўналишларни назарда тутади. Масалан, меҳнат билан бандликнинг маълум бир турлари билан шуғулланиш истагида бўлган кам таъминланган оилаларга тижорат банкларининг имтиёзли кредитлаш махсус фонди маблағлари ҳисобидан микрокредитлар ажратилади.

Хусусан, кредитлар тикув машиналари, матолар ва бошқа сарф материаллари, косибчилик фаолияти учун инвентарлар, маиший, компьютер, шунингдек, меҳнат билан бандликни таъминловчи бошқа асбоб-ускуналар харид қилиш учун ҳамда шахсий томор­қа участкаларини ривожлантириш ва уй-жой таъмири учун берилади.

Оғир уй-жой ва маиший шароитларда яшовчи, боқувчисини йўқотган, ногиронларни парваришлаётган оилаларга беғараз ёрдам кўрсатиш белгиланган.

Қарорга кўра, Ўзбекистон Республикаси бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги қошида Жамоатчилик ишлари фонди тузилади. Вазирлик Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари билан биргаликда мамлакатнинг барча ҳудудларидаги, айниқса, қишлоқ жойлар ва чекка ҳудудлардаги меҳнат билан банд бўлмаган фуқароларни жамоат ишларига кенг жалб қилиш борасида тегишли чора-тадбирлар ишлаб чиқиши белгиланмоқда. Ишсиз фуқаролар ариқларни ва ирригация тармоқларини тозалаш, турар-жой-коммунал хўжалик объектларини таъмирлаш, инфартузилмани яхшилашга, йўллар ва кўчалар, турар-жой фонди ва унга ёндош ҳудудлар объектларини таъмирлаш, шунингдек, қишлоқ хўжалиги ишларида қатнашиши мумкин.

Ҳотамжон Кетмонов:

— Шу ўринда бир савол бор. Меҳнат билан банд бўлмаган фуқароларни жамоат ишларига жалб этишда уларнинг меҳнатини расмийлаштириш жараёни қандай бўлади? Масалан, 3 ойлик ишга қабул қилинди, деб расмий ҳужжатда белгиланадими?

Тўлқин Сатторов:

— Албатта, бу меҳнат дафтарчасига ёзилади. Иш ҳажмига қараб уларга ойлик маош белгиланади.

Саттор Раҳматов, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Қарорда бандлик масаласида аниқ вазифалар белгилаб берилган. Жамоат ишларига жалб этилаётган фуқароларнинг меҳнатга оид ҳуқуқлари қандай ҳимоя қилинади?

Тўлқин Сатторов:

Уларнинг хавфсизлигини таъминлаш, меҳнатга оид ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича барча чоралар кўрилади. Агар фуқаро оғир меҳнатга ёлланаётган бўлса, тиббий кўрикдан ўтказилади.

Шу ўринда яна бир маълумот. Аҳолининг банд бўлмаган қатламини меҳнатга жалб қилиш 2017 йилнинг 1 октябридан Қорқалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг биттадан туманида тажриба тариқасида, 2018 йилнинг 1 январидан бос­қичма-босқич республиканинг барча туманларида амалга оширилади.

Фракция аъзоларининг таъкидлашича, ушбу қарорлар моҳият эътиборига кўра, муайян йўналишларда ўзига хос янги босқични бошлаб беради. Шундан келиб чиққан ҳолда, ушбу ҳужжатлар аҳамиятини тўла анг­лаб етиш, кенг жамоатчилик, партия электорати ва сайловчиларни хабардор қилиш депутатлар зиммасидаги муҳим вазифадир.

Депутатлар ва партия ташкилотлари Президентимизнинг ижтимоий соҳаларни янада ривожлантиришга қаратилган қарор ва фармонлари ижроси бўйича алоҳида иш режа ишлаб чиқиб, самарали депутатлик назоратини ўрнатишга келишиб олишди.

 

Лазиза ШЕРОВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.