21.09.2017

ЧИРЧИҚ ДАВЛАТ ПЕДАГОГИКА ИНСТИТУТИДА

янги ўқув йили муваффақиятли бошланди

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2017 йил 21 июль куни Тошкент вилояти фаоллари билан учрашувда вилоятнинг таълим соҳасида кадрларга бўлган эҳтиёжи юқорилигини таъкидлаб, Чирчиқ давлат педагогика институтини ташкил этиш масаласини илгари сурган эди. Учрашувда айтилган янгилик бир ҳафта ўтар-ўтмай ҳаётда ўз тасдиғини топди. Президентимизнинг 2017 йил 27 июлдаги «Тошкент вилоя­ти Чирчиқ давлат педагогика институтини ташкил этиш тўғрисида»ги Қарори қабул қилинди.

Янги ўқув йилининг бошланиши муносабати билан мазкур таълим муассасасида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди. Унда институт профессор-ўқи­тувчилари, талаба-ёшлар ва уларнинг ота-оналари, вилоятдаги таълим муассасалари, жамоат бирлашмалари, ишлаб чиқариш корхоналари вакиллари иштирок этди.

Бугунги кунда вилоят халқ таълими тизимида 1348 таълим муассасаси, жумладан, 406 мактабгача таълим муассасаси, 871 умумий ўрта таълим мактаби, 2 Меҳрибонлик уйи, 31 болалар мусиқа ва санъат мактаби, 19 «Баркамол авлод» маркази, 19 болалар ва ўсмирлар спорт мактаби фаолият олиб бормоқда. Шу боис янги ташкил этилган Чирчиқ давлат педагогика институти вилоятнинг халқ таълими тизимини малакали кадрлар билан таъминлашда муҳим аҳамиятга эга.

— 2017-2018 ўқув йили учун қабул квоталари бўйича институтимизга 21 таълим йўналишига қабул қилинган 750 нафар талабага таълим-тарбия бериш учун 110 нафар профессор-ўқитувчи жалб қилинди, — дейди институт ректори, профессор Ғофуржон Муҳамедов. — Эндиликда вилоятнинг барча туманлари ва қишлоқларидаги таълим муассасаларини юқори малакали педагог кадрлар билан таъминлаш баробарида таълим сифатини халқаро стандартлар даражасига кўтариш, шунинг­дек, ёшларнинг олий таълим билан қамрови даражасини кенгайтириш имкониятини яратиш асосий вазифаларимиздан ҳисобланади. Биз келгусида талаба-ёшларнинг маънавий дунёқараши ва маърифий тафаккурини янада юксалтириш билан боғлиқ ишларни изчил амалга ошириб, институтимизни нуфузли олий таълим даргоҳларидан бирига айлантириш учун бор билим ва тажрибамизни сафарбар қиламиз.

— Тошкент вилоятида бу олийгоҳнинг ташкил этилиши олий маълумотга эга бўлишни истаган ёшларимиз учун кенг истиқболларни очади, — дейди Ўзбекистон халқ шоири Маҳмуд Тоиров. — Бу баландпарвоз гаплар эмас. Мен буни вилоятнинг таълим тизимидан яхши хабардор бўлганим учун айтаяпман. Бугунги кунда вилоятимиздаги мактаб ва мактабгача таълим муассасаларида асосан, хотин-қизларимиз меҳнат қилади. Уларнинг аксариятида уч-тўрт нафар фарзанди бор, олий маълумот олиш учун кундузи таҳсил олишга шароитлари йўқ. Вилоятимиз аҳли ҳар қанча қувонса арзийдиган яна бир муҳим жиҳат бор. Бу йил педагогика олийгоҳларига тест имтиҳонларини топшириб, маълум сабабларга кўра, етарли балл тўплай олмаган ёшларимизга таҳсилни тўғридан-тўғри айнан ушбу даргоҳда давом эттириш имконияти туғилди. Бундай эътибор ва ғамхўрликка ёшларимиз пухта билим олиб, фидойилик билан муносиб жавоб қайтаришлари керак бўлади.

— Айнан Чирчиқ шаҳрида педагогика институтининг очилиши бизга фахр-ифтихор бағишлади, — дейди Чирчиқ шаҳар 7-умумтаълим мактаби директори, Халқ таълими аълочиси Мавжуда Аширова. — Бу янгилик таълим соҳаси вакилларини руҳлантириб юборди, вилоятимиз нуфузини янада оширди. Мен раҳбарлик қилаётган мактаб жамоасида ўн нафар ўрта махсус маълумотга эга ўқитувчи бор. Энди уларда ҳам олий маълумот олиш имконияти пайдо бўлди. Келгусида ушбу институт билан мактабимиз ўртасида ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйишни режалаштирганмиз.

— Қизим Дилдора Қуттибоева талабалар сафига қабул қилинганлиги оиламизга катта қувонч олиб келди, — дейди Ангрен шаҳрида истиқомат қилувчи Муҳаббат Ғо­йибназарова. — Айнан ушбу институтнинг очилганлиги қиз­имнинг ҳаётида туб бурилиш ясади. Биз ота-оналар институтга кириб келарканмиз, замон талаблари даражасидаги бино, кенг ва ёруғ ўқув хоналари, яратилган шарт-шароитларни кўр­иб, хурсанд бўлдик. Қизим мана шундай инс­титутнинг талабаси бўлганидан қаттиқ ҳаяжонланиб кетганимдан кўзларимга ёш келди.

— Тошкент давлат педагогика университетида тест имтиҳонларини топширган эдим, — дейди Қибрай туманидан Ҳасан Нуриддинов — Талаба бўлишимга озроқ балл етмаганди, лекин бугун менга Чирчиқ давлат педагогика институти талабаси бўлиш бахти насиб этди. Бундан кўнглим тоғдек кўтарилди, фақат аъло баҳоларга ўқишни, танлаган соҳамнинг етук мутахассиси бўлишни мақсад қилдим.

Тадбирда иштирок этган маҳаллий ҳокимият органлари, жамоат бирлашмалари, ишлаб чиқариш корхоналари вакиллари институт профессор-ўқитувчиларини, талабаларни янги ўқув йили билан табрикладилар.

 

Абдусалим МАҲМУДОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.