25.01.2018

МАКТАБГАЧА ТАЪЛИМ МУАССАСАЛАРИ

яна 69 минг нафардан зиёд кичкинтойни қамраб олади

Тошкент шаҳар ҳокимлигида мактабгача таълим ­муассасалари фаолиятини тубдан такомиллаштириш, аҳолига кўрсатилаётган мактабгача таълим сифатини яхшилаш, тизимда хусусий секторни ривожлантириш масалаларига бағишланган брифинг бўлиб ўтди.

2017 йилнинг декабрида мактабгача таълим тизими бошқарувини тубдан такомиллаштириш ҳамда мактабгача таълим вазирлиги фаолиятини самарали ташкил этиш бўйича қабул қилинган Президент фармони ва қарори ижроси бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида давлатимиз раҳбари бу борада аниқ ишлар кўзга ташланмаётгани, тизимда хусусий секторни ривожлантириш ишларига етарлича эътибор берилмаётганини таъкидлаб ўтган эди.

— Тошкент шаҳар ҳокимининг 2018 йил 16 январда қабул қилган «Тошкент шаҳрида мактабгача таълим муас­сасалари фаолиятини тубдан такомиллаштириш тўғрисида»ги қарори айнан ўша видеоселектор йиғилишида кўрсатиб ўтилган камчиликларни бартараф этишга қаратилган, — деди тадбирда сўзга чиққан Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари, шаҳар ­Хотин-қизлар қўмитаси раиси Дилбар Нажмутдинова. — Шу ўринда статистик маълумотларга эътибор қаратадиган бўлсак, бугунги кунда пойтахтимизда жами 632 мактабгача таълим муассасаси фаолият юритиб келмоқда. Уларнинг 447 таси Тошкент шаҳар мактабгача таълим бош бош­қармаси тасарруфида бўлса, 185 таси хусусий фаолият юритаётган боғчалар ҳисобланади. Уларга жами 122 минг 980 нафар бола қамраб олинган бўлиб, шундан 8 минг 885 нафари хусусий боғчаларда таълим-тарбия олмоқда.

Айни пайтда 3 ёшдан 6 ёшгача бўлган, яъни боғча ёшидаги болалар сони 190 минг нафардан ортиқни ташкил этади. Демак, бугунги кунда 69 минг нафарга яқин бола мактабгача таълим муассасаларига қамраб олинмаган. Тошкент шаҳар ҳокимининг қарорида уларни босқичма­-­босқич мактабгача таълим муассасаларига қамраб олиш кўзда тутилади.

Умуман олганда, пойтахтимизда 2018-2019 йиллар мобайнида 3 ёшдан 6 ёшгача бўлган 69 минг нафардан зиёд бола мактабгача таълим муассасаларига қамраб олинади. Ҳар бир туманда 3 тадан 5 тагача болалар боғчалари таълим муассасаларида соғ­лом ва тўғри овқатланишни таъминлаш мақсадида намунали фаолият юритаётган умумий овқатланиш корхоналари томонидан хизмат кўрсатиш амалиёти йўлга қўйилади. Ҳозирда болаларни тўғри рационал овқатлантириш бўйича таомнома ишлаб чиқилмоқда.

— Мутахассислар томонидан олиб борилган мониторинг ва таҳлилларга кўра, шаҳар мактабгача таълим бош бошқармаси тасарруфидаги мавжуд 447 болалар боғчаларининг 61 таси таъмирга муҳтож ва уларда 8 мингга яқин бола тарбияланмоқда, — дейди шаҳар архитектура ва қурилиш бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Асомиддин Тожиев. — Жорий йилда мазкур боғчаларни таъмирлаш ҳисобига қўшимча равишда 5,5 минг нафардан ортиқ болани қамраб олиш имкони яратилади.

Бундан ташқари, 2018 йилда Тошкент шаҳрида қуриладиган 420 кўп қаватли уйнинг 220 тасида 80 ўринли кичик ҳажмдаги хусусий болалар боғчалари ташкил этилади. Мавжуд кўп қаватли уйларда болалар боғчаларини ташкил этиш истагини билдирган тадбиркорларга рухсат берилади ҳамда уйларнинг олди ва орқа томонларидаги ер майдонларида болалар ўйингоҳлари барпо этилади. Ана шунинг ҳисобига яна беш мингга яқин бола боғчаларга жалб этилади.

Аҳолининг талаб ва истакларидан келиб чиққан ҳолда туман ҳокимликлари тасарруфидаги ҳамда Мактабгача таълим бош бош­қармаси балансида бўлган, бўш турган биноларда, Бинолардан фойдаланиш департаменти томонидан ажратилган биноларда, филиал тарзида фаолият юритаётган боғчаларда ҳам уларга ер майдонларини ажратиш ҳисобига хусусий боғчалар ташкил этилади.

Мактабгача таълим бош бош­қармаси тасарруфидаги мавжуд 447 болалар боғчалари биносида жойлашган, лекин таъмирга муҳтож бўлгани сабабли 407 гуруҳ хоналари фаолияти тўхтатилган эди. Улар жорий йилда қайта таъмирланиб, ишга туширилади. Бунинг ҳисобига яна 10 минг нафар болани боғчаларга қамраб олиш имконияти туғилади.

Тошкент шаҳрида 146 мингдан ортиқ якка тартибдаги хонадон мавжуд. Ўтказилган мониторинг хулосаларига кўра, 200 дан ортиқ хонадон эгалари ва ҳудудда жойлашган аҳолининг талаб ва таклифлари ҳамда хоҳиш-истаклари асосида 40-50 ўринли хусусий болалар боғчалари ташкил этиш режалаштирилмоқда.

Болалар боғчаларини ташкил этиш истагини билдирган тадбиркорлар томонидан туман ҳокимликларига тақдим этилган намунали ва замонавий лойиҳалар очиқ-ошкора танлов асосида олинади ҳамда уларга бўш бино ва ер майдонлари ажратилади.

Тадбирда журналистлар томонидан берилган саволларда кадрлар масаласи, пуллик тўлов ва хусусий боғчалардаги таълим-тарбия ва нархларга эътибор қаратилди.

— Мактабгача таълим муассасаларини малакали кадрлар билан таъминлаш мақсадида ҳозир Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети ҳамда бошқа бир қатор олий таълим муассасаларини 2017-2018 ўқув йилида битирадиган талабалар билан Тошкент шаҳридаги боғчаларда ишлаш учун шартнома туздик, — дейди Тошкент шаҳар мактабгача таълим бош бош­қармаси бошлиғи Насиба ­Мавлонова. ­— Пойтахтимиздаги учта педагогика коллежининг 400 дан ортиқ битирувчисини мактабгача таълим муассасаларига жалб этишни режалаштирдик. Фан ўқитувчиларини малака ошириш курсларида қайта тайёрлашни ташкил этиш мақсадида олий маълумотли кадрлар билан шартномалар тузяпмиз.

— Боғчаларда қўшимча маш­ғулотларнинг айримлари учун пул тўланади. Бу қанчалик тўғри?

— Агар ота-оналар фарзандлари мактабгача таълим тизимидаги давлат талабларидан ташқари бўлган бош­қа машғулотлар билан шуғулланишини хоҳласа, бу ­Вазирлар Маҳкамасининг 414-қарори бўйича тўлов асосида ташкил этилиши мумкин. Лекин ҳар бир мактабгача таълим тизимида давлат тарафидан белгиланган нутқ ўстириш, мусиқа, жисмоний тарбия каби машғулотлар бепул. Ота-оналар қўшимча спорт тури сифатида ўғил болалар учун каратэ, қизлар учун гимнастика ёки рақс каби тўгараклар бўлишини исташса, мактабгача таълим ­муассасаси тегишли қарор асосида уларни қонун асосида ташкил этиши мумкин.

— Хусусий боғчаларда болалар учун тўланадиган пул миқдорини ким белгилайди?

— Хусусий боғчада битта бола таълим-тарбия олиши учун тўланадиган пул миқдорини тадбиркор шу муассаса қурилишига сарф­ланган харажатлардан келиб чиқиб, ўзи белгилайди. Чунки намунавий лойиҳа асосида барпо этиладиган, барча шарт-шароитга эга бўлган мактабгача таълим муассасаси учун тадбиркор катта миқдорда кредит олади ва маълум муддатда уни қоплаши зарур бўлади. Ана шундан келиб чиққан ҳолда ҳисоб-китоб қилинади. Нарх­ларни белгилашда албатта бошқа бир қанча жиҳатлар ҳам ҳисобга олинади.

 

Нуруллоҳ ДОСТОН,

Шаҳбоз САИДОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбирлари.



DB query error.
Please try later.