Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Noyabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
29 30 31 1 2 3 4
5 6 7 8 9 10 11
12 13 14 15 16 17 18
19 20 21 22 23 24 25
26 27 28 29 30 1 2
25.01.2018

УЛУҒБЕК ЮЛДУЗЛАРИ ЯНАДА ЁРҚИНРОҚ ПОРЛАЙДИ

Ўзбекистон астрономлари ҳам фазони тадқиқ этиш, коинотнинг сир-синоатларини ўрганиш борасида ўзига хос ютуқларни қўлга киритишмоқда. Улар эришган илмий кашфиётлар дунё олимлари томонидан эътироф этилмоқда, катта қизиқиш уйғотмоқда, ҳамкорликка чорламоқда.

 

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Мирзо Улуғбек номидаги Астрономия институти директори, академик Шуҳрат ЭГАМБЕРДИЕВ билан суҳбат.

— Ўзбекистон Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзолигига сайланганингиз билан чин юракдан табриклаймиз. Биз сизнинг телевидение орқали чиқишларингиз, «Фан ва турмуш» журналида чоп этилган мақолаларингиз орқали илмий изланишларингиздан яхши хабардормиз. Астрономларимиз 2017 йилда қўлга киритган энг муҳим натижалар ҳақида гапириб берсангиз.

— Маълумки, ХХ аср астрономия­сининг ютуқларидан бири юлдузларнинг ўзгармас ёки абадий эмаслигининг кашф этилиши бўлди. Телес­коплар ихтиро қилингунига қадар инсоният тарихида тўрт марта ўта янги юлдуз портлагани ёзиб қолдирилган. Улардан бирининг 1006 йилдаги порт­лаши Хоразм Маъмун академия­сининг гуллаб-яшнаган даврига тўғри келган. У ҳақда Хитой ва Япон манбаларидан маълум. Бир неча йил аввал германиялик шарқшунослар Ибн Сино қўлёзмаларидан бирининг («Китаб ас-Шифо») Аристотель метафизикасига бағишланган сўнгги бобида ушбу юлдуз чақнашининг баёнини топишди. Баёнда юлдузнинг нафақат ёрқинлиги ўзгариши, балки кундан-кунга ранги ўзгариши ҳақида ҳам қимматли илмий маълумот батафсил берилган. Демак, Ибн Сино машҳур файласуф ва шифокор бўлибгина қолмай, балки профессионал астроном ҳамдир.

ХХ асрда замонавий телескоплар пайдо бўлганидан кейин астрофизика учун муҳим илмий аҳамиятга эга ўта янги юлдузлар кузатила бошланди. Биз ҳам Майданак обсерваториясида кореялик ҳамкасблар билан ҳамкорликда «Ўта янги юлдузларни топиш учун яқин жойлашган галактикаларни мониторинг қилиш» мавзусида илмий тадқиқот олиб бораяпмиз. Биз ўнлаб янги юлдузларни очдик, лекин биринчи бўла олмадик. Ва ниҳоят, ўтган йили 25 майдан 26 майга ўтар кечаси ўта янги юлдуз портлашини қайд этдик. Бу ҳақда илмий жамоатчиликка хабар бердик ва биз уни биринчи бўлиб қайд этганимизнинг тасдиғини олдик. Кейинчалик биз бу юлдузни уч ой давомида, то у хиралишиб қолгунича хитойлик ҳамкасбларимиз билан кузатиб, қизиқарли маълумотлар олдик, улар тез орада нашр қилинади. Эришилган ютуқлар инс­титутимизнинг нуфузини кўтариш билан биргаликда ёш олимларни тарбиялаш борасида янги имко­ниятлар эшигини очиб берди.

2017 йил республикамизда астрономия фанини ривожлантириш ва ёш авлодни илмий изланишларга жалб этиш борасида ниҳоятда муҳим йил бўлди. Президентимиз ўтган йилнинг 19 июнида суд-ҳуқуқ соҳаси вакиллари билан бўлган учрашувда телевизор орқали ўта янги юлдуз очилгани ҳақидаги кўрсатувни кўрганини, юртимизда буюк Мирзо Улуғбекга муносиб астрономия мактабини яратиш лозимлигини айт­ди ҳамда Тошкентда иқтидорли болалар учун астрономия, физика, информатика ва бошқа аниқ фанлар бўйича махсус дастур бўйича ўқитиладиган ихтисослашган мактаб-интернат ташкил этишни таклиф қилди. Бундан ташқари, давлатимиз раҳбари астрономия, космонавтика ва авиация ютуқлари билан танишишни хоҳловчилар учун Астрономия ва аэронавтика паркини ташкил этиш, мактабнинг ўқув дастурини ишлаб чиқиш борасида топшириқ берди ва парк тузилиши бўйича аниқ таклифларни ўртага ташлади. Сал ўтмасдан бу ҳақда Президент қарори чиқди. Ҳозирги кунда мактаб-интернат ва парк қурилиши жадал суръатлар билан кетмоқда.

— Ўзбек астрономларининг янги авлодини тарбиялайдиган мазкур мактаб-интернат ҳақида батафсилроқ маълумот берсангиз.

— Мактаб-интернат 200 ўқувчига мўлжалланган. Уларнинг 150 нафари вилоятлардан, 50 нафари Тошкент шаҳридан қабул қилинади. Мактабда ўқиш 7-синфдан бошланади ва 11-синфгача, яъни аттестат олгунча давом этади. Бошқа вилоятлардан келганлар учун ётоқхона, ошхона, спорт зал, бассейн қурилади ва дам олиш ҳамда ўз устида ишлаши учун зарур барча шароитлар яратилади. Мактабга табиий фанларга қизиқувчи ва билими юқори ўқувчилар махсус мезонлар асосида танлаб олинади. Мактаб-интернат ўқитувчилари ҳам танлов асосида ишга олинади. Астрономия фани бўйича синфдан ташқари факультатив машғулотлар, лаборатория ишлари ва машҳур олимлар билан учрашувлар ўтказамиз.

Кўпдан бери астрономияни қайси синфдан бошлаб ўқитиш керак, деган мунозара бўлмоқда. Астрономия­ни ўқитиш учун физика ва математика фанларидан олинган билим зарур бўлади, шунинг учун авваллари у 10-синфда ўқитилган. Бизнинг қатъий фикримиз: астрономияни болалар қабул қиладиган оддий тушунчалар асосида 7-синфдан бемалол ўқитиш мумкин. Ушбу фикр асосида Халқ таълими вазирлиги билан биргаликда ўқув режасини ишлаб чиқаяпмиз. Бундан ташқари, ўқувчиларга VIII асрдан XV асргача давом этган «мусулмон ренесанси» тўғрисида ҳам маълумот беришимиз керак. Ушбу давр дунёга фан ривожини ўз тадқиқотлари билан бойитган ўнлаб астроном олимларни етказиб берган. Уларнинг кўпчилиги Марказий Осиёдан етишиб чиққан, лекин ­уларнинг мероси ҳали етарлича ўрганилмаган. Ўқувчилар бобокалон аст­рономларимиз билан нафақат фахр­лансинлар, балки ўз аждодларининг улуғворлигини ҳам тушунсинлар. ­Масалан, ҳозирги кунда Улуғбекнинг фандаги буюк хизматлари нимадан иборатлигини камдан-кам киши тушунтириб бера олади. Ахир унгача ҳам Птолемейдан бошлаб юлдуз жадваллари тузилган эди-ку. Буни тушуниш учун етарлича билимга эга бўлиш лозим. Фан тараққиётида ўтмиш ватандошларимизнинг хизматини чуқур англаш ва улар билан фахрланиш учун буни ўқувчиларга етказиш лозим.

— Астрономия институтининг музейи ҳақида биламиз, у сизнинг ташаббусингиз билан ташкил қилинган эди. Айтинг-чи, астрономия парки барпо этилиши муносабати билан музейни кенгайтириш режалаштирилганми?

— Астрономия институти фаолият бошланганига (дастлаб у Обсерватория деб аталган) бу йил 145 йил тўлади. Ўтган йиллар мобайнида кўплаб тад­қиқотлар, жумладан, амалий тад­қиқотлар ҳам олиб борилган. Бунинг учун эса махсус асбоб-ускуналардан фойдаланишган. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, астрономлар доимо замонавий асбобларни ишлатишади. Бизнинг коллекцияда бундай ажойиб асбоб-ускуналарнинг жуда кўпи мавжуд, уларнинг бир қисми институт биносидаги музейга қўйилган, энди парк­да алоҳида астрономия музейини очмоқчимиз. Унда биз Астрономия музейини, аниқроғи, Астрономия ускуналари музейини очамиз. Бинога туташ, пишган ғиштдан қурилган Қуёш телескопи минораси эса яхши сақланган. Ушбу минора реставрация қилинади ва Қуёш телескопи тикланади.

Музей залларининг бирида узоқ ўтмишда долзарб ҳисобланган аҳоли пунктларининг географик координаталарини аниқлаш учун ишлатилган асбоб-ускуналар, плакатлар, жадваллар бўлади. Кейинги зал вақтни аниқлашга бағишланади. Гюйгенс томонидан маятникли соатлар ихтиро қилинганидан кейин XVII асрда уларни синхронлаштириш масаласи қўйилади, бунда Ер айланишидан фойдаланиб, зарур астрономик кузатишлар бажарилган. Вақт­ни аниқлаш ва синхронлаштириш асбоблари музейга қўйилади. Музейнинг яна бир бўлими, кузатиш шароити бўйича жаҳондаги бешта обсерватория қаторига кирувчи Майданак обсерваторияси ҳақида ҳикоя қилади. Бу жойни топиш учун 10 йилдан ортиқ вақт кетганлигини ҳамма ҳам билавермаса керак. У очиқ тунлар сони, турбулентлик даражаси ва бошқа параметрларига кўра ноёб ҳисобланади. Астроно­мия­нинг яна бир катта бўлими мавжуд. У астроиқлим деб аталиб, кўп сонли атмосфера пара­метр­­ларини ўз ичига олади.

— Астрономия ва аэронавтика боғи қандай бўлади?

— Энг асосийси — ҳудуддаги барча дарахтлар сақлаб қолинади. Янги қулай йўлаклар яратилади. Оққўрғон ариғининг қирғоқлари сайр этиш учун ободонлаштирилиб, юқори қирғоғига асосан тарихий объектлар жойлашади. Музей билан бир қаторда, барча телескоплар, уларнинг бинолари қайта таъмирланади. Бу 1895 йилда қурилган кўҳна минорада жойлашган француз телескопига ҳам тегишли. Миноранинг ташқи кўриниши сақланган ҳолда таъмирланади, томи зангламайдиган пўлат билан қопланади. Энг муҳими — телескоп ўзининг дастлабки ҳолига қайтарилади, электродвигатель ва редукторлар олиб ташланади, у худди юз йил аввалгидек, қўлда штурвалларни буриш орқали бошқарилади. Қуёш телескопининг сақланиб қолган минораси ҳам қайта таъмирланиб, унда Қуёш тадқиқотлари музейини жойлаштиришни режалаштирганмиз. Энди янги объектларга ўтсак, француз телескопи ва музей орасидаги майдончада 1:5 масштабда Улуғбек расадхонасининг ишлаб турувчи моделини қурмоқчимиз. Агар ҳақиқий расадхонада секстант­нинг радиуси 40 метр бўлса, биздагиси 8 метр бўлади. Хоҳлаган киши расадхонанинг иши билан танишиши, Улуғбек ва унинг сафдошлари осмон жисмлари ҳаракатини қандай аниқлашганини кўриши мумкин бўлади. Модель Улуғбекнинг ғоялари ва у фойдаланган услубни чуқурроқ англаш имконини беради. Бундан ташқари, ўтмишдаги буюк астрономларнинг бюстлари ўрнатилади, Қуёш соати ва бошқа қизиқарли объектлар қурилади. Институт қошида ҳозирда ташландиқ ҳолга келган сейсмик ертўла бор. У қайта таъмирланади ва унда эски конструкциядаги (ҳозирда барча сейсмографлар рақамлисига алмаштирилмоқда) ишлаб турган сейс­мограф ўрнатилади, у Сейсмология институтидан олинади. Сейсмо­граф иши ва зилзилалар ҳақида ҳикоя қилувчи стендлар бўлади. Хоҳловчилар ертўлага тушиб, узоқ зилзилалар, метро ёки яқин орада ўтаётган юк машиналари таъсирида ер тебранишини кузата олади.

Ариқнинг пастки қирғоғида, инс­титут биносининг ўнг томонида Планетарий қуриш режалаштирилган. Бу шунчаки замонавий планетарий бўлмай, унда Коинот мавзусидаги энг қизиқ, шу жумладан, интерактив экспонатлар ҳам бўлади. Планетарий атрофида Қуёш системасининг модели яратилиб, унда бир хил масштабдаги сайёраларнинг орбиталари ҳамда уларнинг макетлари бўлади. Планетарийнинг орқасида Авиация техникалари музейи жойлашади. Мудофаа вазирлиги томонидан ҳисобдан чиқарилиб, қайта таъмирланган техника, самолёт ва вертолётлар етказиб берилади. Барча экспонатлар очиқ бўлиб, болалар учувчи кабинасига кириши, парашютларни кийиб кўриши ва техник маълумотларни билиб олиши мумкин бўлади.

Шунингдек, парк ҳудудида дам олиш зоналари, кафелар ва паркни юқоридан кўриш учун чархпалак бўлади.

— Паркнинг очилиши қачонга мўлжалланган?

— Аввало шуни айтишим керак, мактаб-интернат ўқувчиларни биринчи сентябрда қабул қилиб олади. Паркни ҳам жорий йилда очиш мўлжалимиз бор. Ҳамма объектлар тайёр бўлмаслиги мумкин, масалан, Планетарий кечроқ очилади, чунки ҳамма нарса бизга боғлиқ эмас. Лекин авиатехника кўргазмаси ва музей аниқ шу йил очилади, асбобларнинг ҳаммаси шу йил таъмирдан чиқади. Астрономия институти паркдан ажратиб қўйилади, чунки биз у ерда илмий тадқиқотларни амалга оширишимиз лозим. Лекин институт фойесида замонавий астрономия ютуқлари билан таништирувчи кўргазма очилади ва хоҳлаган киши келиб томоша қилиши мумкин.

Энди паркка келсак, унинг бош дарвозаси Осиё кўчасида, ҳозирда автомобиллар ювиш шохобчаси жойлашган ерда бўлади. Планетарий ва авиатехника майдончаси томонидаги яна бир кириш жойи ­Астрономия кўчасида бўлади. Парк­нинг учинчи кириш жойи ва мактаб-интернат дарвозаси Гидрометеорология маркази томонида бўлади. Умуман олганда, бу юртимиздаги биринчи илмий-маърифий ва Улуғбек расадхонасининг ишлаб турувчи моделига эга бўлган ягона парк бўлади.

— Газетхонларимизга ўзингиз бош муҳаррирлик қилаётган «Фан ва турмуш» журналининг 2018 йилдаги режалари ҳақида ҳам маълумот берсангиз

— Шу йил журналнинг ташкил этилганига 85 йил тўлади, у Россия­нинг «Наука и жизнь» журналидан бир ёшга катта. Мен 2002 йилдан бери журналга бош муҳаррирлик қилиб келаяпман. Унинг ўқувчилари нафақат ўзбекзабон инсонлар, балки худди «Знание — сила», «Наука и жизнь» ва шунга ўхшаш камёб журналлар каби рус тилида ҳам ўз ўқувчиларига эга. Эндиликда у иккита номга эга, «Фан ва турмуш» ва ­«Наука и жизнь Узбекистана».

Албатта, жаҳон илм-фани ютуқларига оид маълумотларни интернет орқали ҳам ўқиш мумкин, гап шундаки, биз мазкур журналда, интернетда кам учрайдиган, юртимиз ёш олимларининг илм-фандаги ютуқлари ҳақида ҳам маълумотлар чоп қиламиз. Мустақиллик йилларида юртимизда археологияга оид қизиқарли маълумотлар топилди. Ўз нав­батида биз ҳам журналнинг ҳар бир сонида ушбу археологик топилмалар ва маълумотларни ёритиб борамиз. Шу билан бирга, ўлкамизнинг хориж музейларида сақланиб келинаётган дурдоналари ҳақида маълумотлар чоп этишга ҳам алоҳида эътибор қаратяпмиз. Улар орасида безаклар, қўлёзмалар, ҳукмдорларнинг шахсий буюмлари, темурийлар даврининг артефактлари бор. Шу каби осори-атиқалар дунёнинг Буюк Британия, АҚШ, Туркия каби ривожланган давлатлари музейларида сақланмоқда. Биз ўша музейлардаги «ўзимизнинг» экспонатлар ҳақида маълумотлар оламиз ва журнал ўқувчиларига етказамиз.

Вазирлар Маҳкамасининг журнални қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги қарори бизга катта ёрдам бўлди, натижада ҳомийлар топилди ва биз бунинг учун ҳукуматимиздан миннатдормиз.

Ҳозирда журнал веб-саҳифасининг яратилиши устида иш олиб борилмоқда. Унда биз журналнинг барча мақолаларини электрон чоп қилишни режалаштирганмиз...

 

«Ўзбекистон овози» мухбири

Бахтиёр РИЗАЕВ суҳбатлашди.



DB query error.
Please try later.