25.01.2018

ЯРОҚСИЗ БРИКЕТ, ИШЛАТИЛМАГАН КОМПЬЮТЕРЛАР...

Наманган вилоятининг Мингбулоқ туманида ҳудудни ривожлантиришнинг энг муҳим вазифаларини ҳал этишга, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга доир ўтказилган ўрганиш якуни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари иштирокида туман Кенгаши сессиясида кўриб чиқилди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари Ҳотамжон Кетмонов бошчилигидаги депутатлар тумандаги мавжуд ҳолат билан яқиндан танишишди. 400 дан ортиқ хонадонда бўлишиб, аҳоли вакиллари билан суҳбатлашишди.

Мулоқотлар давомида турли масалаларда 300 га яқин муаммо кўтарилди. Уларнинг 132 таси депутатлар томонидан вилоят, туман ҳокимликлари ва тегишли соҳа мутасаддилари билан ҳамкорликда жойида ҳал этилди. 100 га яқини тумандаги мутасадди ташкилотларга ҳавола этилиб, ижроси назоратга олинди. 15 масала парламент назоратига олинадиган бўлди.

Туман Кенгаши сессиясида Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси Абдуғаффор Қирғизбоевнинг ўрганишлар якунига доир ахбороти эшитилди. Парламент депутатлари томонидан тайёрланган ахборот қиёсий таҳлилларга асослангани билан аҳамиятли бўлди.

Ҳудуддаги секторлар фаолияти, улар томонидан аҳоли муаммоларини ҳал этиш масалаларига ҳам танқидий ёндашилди. Сектор раҳбарлари томонидан аниқланиб, «йўл харитаси»га киритилиши лозим бўлган, аммо эътибордан четда қолган 10 га яқин масала ечими бўйича таклиф-тавсиялар берилди.

Хусусан, туманнинг «Мустақиллик» маҳалласидаги кўп қаватли уйларда канализация йўқлиги бошқа маиший масалаларни ҳам чигаллаштирган. Одамлар мазкур уйлар олдидаги болалар майдончаларига ўзбошимчалик билан ҳожатхона ва бошқа зарурат хоналарини қуриб олишга мажбур бўлишган. Бу ўзаро келишмовчилик ва низоларни юзага келтирмоқда. Вазият аҳолининг маҳаллий ҳокимиятдан норозилигига сабаб бўляпти.

«Қайрағочовул» маҳалласида 3000 га яқин аҳоли истиқомат қилади. Аммо маҳаллада дорихона, новвойхона, қассобхона ва бошқа хизмат кўрсатиш шохобчалари йўқ. Сектор раҳбарлари бу масалани эътиборсиз қолдириб, «йўл харитаси»га киритмаган.

20-сонли умумтаълим мактабидаги компь­ютер хонасида 11 компьютер мавжуд. Афсуски, улардан икки йилдирки фойдаланилмайди. Сабаби – электр узатгичлар носоз. Депутатлар туман электр тармоқлари корхонасидан мутахассислар чақириб, электр таъминотини соз ҳолатга келтиришди. Лекин компьютерлар фойдаланишга яроқсиз бўлиб қолган экан. Аҳвол ўрганилиб, муаммо бартараф этилди.

Шундай мактабгача таълим муассасалари борки, музлатгичда ярим кило сарёғдан бошқа ҳеч вақо йўқ. Санитария-гигиена ҳолати ҳам талабга зид аҳволда. Иситиш учун ўтин-кўмир ота-оналар томонидан олиб келиб берилаётган таълим муассасалар ҳам бор. Давлат бюджети пулига олиб келинган брикет яроқсиз, ичи тупроқ-лойдан иборат.

Туман тиббиёт бирлашмасининг шошилинч тиббий ёрдам бўлимида болалар реаниматологи мутахассиси учун штат ажратилмаган. Бу хизмат сифатига жиддий зарар етказмоқда. Замонавий тиббий аппаратлар етишмайди. Борларидан унумли фойдаланиш ҳам қониқарли даражада эмас. Чунки тиббий аппаратларни ишлатиш бўйича шифокорлар етарли билим-кўникма эгалламаган. Томорқадан фойдаланиш масаласида ҳам одамларга кўмак, тарғибот зарур.

Сессияда туман ҳокими биринчи ўринбосари Олимжон Қодиров, туман тиббиёт бирлашмаси бош врачи Муҳаммадниёз Эргашбоев, ёшлар ва ижтимоий масалалар бўйича ­туман ҳокими ўринбосари Абдуқаҳҳор ­Нажмиддинов ўрганилган масалалар юзасидан сўзга чиқди.

Бир синфда 35-40 нафаргача боланинг ўқитилиши бугунги шароитга умуман номуносиб, номувофиқ. Нега бу масала ўқитувчилар, таълим мутасаддилари томонидан бартараф этишга киришилмаяпти?..

Ҳотамжон Кетмонов танқидий кўриб чиқилган масалаларни ҳал этиш бўйича таклиф-тавсияларини берди.

Сессияда туман Кенгаши депутатларидан катта масъулият талаб қилинди. Ҳар бир йўналиш бўйича вазифалар белгиланди.

Парламентдаги депутатларнинг ҳудудларда бўлиб одамлар билан юзма-юз мулоқотлар ўтказаётгани маҳаллий раҳбарларнинг масъулиятини ҳам ошириши керак. Бусиз лоқайдлик ва бепарволик, деган дарддан қутулиш қийин.

 

Носиржон ДЕҲҚОНОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.