25.01.2018

САЙЛОВ КОДЕКСИ МУКАММАЛ БЎЛИШИ ЖУДА МУҲИМ

Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман Кенгашларига яқинда бўлиб ўтган сайлов сиёсий партиялар учун жиддий сиёсий имтиҳон, шунинг билан бирга, катта тажриба мактаби бўлди.

Таъкидлаш лозимки, сайлов депутатликка кўрсатилган номзодларнинг кескин кураши, сиёсий партияларнинг рақобати остида бўлиб ўтди. Сайловдан кейин Тошкент шаҳрининг туман Кенгашларида партия гуруҳлари тузилиши партиянинг тўлақонли фаолият юритиши, электорат манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги ташаббус ва амалий ҳаракатлари кучайишига хизмат қилади.

Мазкур масъулиятни чуқур англаган ҳолда, Ўзбекистон Халқ демократик партияси сайловга жиддий тайёргарлик кўрди ва партиядан кўрсатилган номзодлар сайлов жараёнларида фаол иштирок этди. Сайлов натижаси билан Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман Кенгашларига Ўзбекис­тон ХДПдан жами 50 нафар депутат сайланди, бу ҳар бир туманда партия гуруҳларини ташкил этиш имкониятини берди.

Шу билан бирга, мамлакатимизда демократик ислоҳотлар янада чуқурлашаётган, фуқаролик жам­ия­тини ривожлантириш янги босқичга кўтарилаётган бир вақтда ўтказилган ушбу сайлов ва унинг натижалари Ўзбекис­тон ХДПга ўз фаолиятини тан­қидий кўриб чиқиш ва келгуси сайловларга пухта тайёргарлик кўриш кераклигини кўрсатди.

Сайлов жараёнлари бугунги кунда фуқароларимизнинг ҳуқуқий маданияти юксалаётгани, давлатимиз раҳбари томонидан олиб борилаётган ислоҳотларга ишончи ортиб бораётганлигини кўрсатди. Сайловчилар қуруқ ваъдалар ёки чиройли ёзилган дастурларга эмас, балки партиянинг амалий ишларига қараб овоз беришди. Биз учун сайлов натижалари бугунги кундаги партиямиз депутатлик корпуси томонидан амалга оширилаётган ишларга монанд равишда қониқарсиз бўлди. Мисол учун, Тошкент шаҳрининг айрим туманларидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасига депутат бўлиб сайланган партиядошларимизнинг ўз сайловчилари билан учрашишга етарлича вақт ажратмагани, уларнинг муаммолари билан қизиқмагани сайлов натижаларига салбий таъсир кўрсатди.

Демак, келгуси сайловларда яхши натижага эришиш, сайловчилар ишончини қозониш учун партиямизнинг депутатлик корпуси иши самарадорлигини кескин ошириш лозим.

 Мазкур масала партия Марказий Кенгаши Ижроия Қўмитасининг кенгайтирилган мажлисида танқидий муҳокама қилиниб, тегишли вазифалар белгилаб олинди.

Биз ҳар доим республика бўйича 10 мингга яқин бошланғич партия ташкилотларимиз (БПТ) мавжудлиги, шу жумладан, Тошкент шаҳар туманларида мингдан зиёд БПТ борлигини айтиб, сайловларда ушбу кучга таянишимизни таъкидлаб келганмиз. Лекин бўлиб ўтган сайлов партиямизнинг энг муҳим бўғинида жиддий камчиликлар мавжудлигини кўрсатди. Жумладан, пойтахтимиз туманларида БПТларни тузишда сайлов округлари ва сайлов участкаларининг жойлашуви инобатга олинмаган, улар ҳар бир сайлов участ­касига бириктирилмаган, БПТ етакчиларида партиявий мансублик ҳисси, фаоллик ва ташаббускорлик етишмади. Айрим БПТлар ва туман партия кенгаши ўртасида алоқалар узилиб қолган, яна айрим БПТлар фақат қоғозда фаол кўринади. Тошкент шаҳар туманларидаги 1090 БПТдан 219 тасининг фао­лияти қониқарсиз йўлга қўйилган. Жумладан, Олмазор туманидаги 56 БПТдан 42 тасининг (75 фоизи) фаолияти ҳозирги талабга жавоб бермайди.

Келгуси сайловларгача БПТларни ташкил қилиш, уларнинг фаолияти самарадорлигини ошириш борасидаги ишларни тубдан қайта кўриб чиқишимиз лозим. Бугунги кунда ушбу йўналишда партиянинг аниқ вазифалари белгилаб олинган «йўл харитаси» ишлаб чиқилиб, партия раҳбарияти томонидан тасдиқланди. Унда сайловда яхши натижаларга эришилмаган участкалардаги БПТлар фаолияти қайтадан кўриб чиқилиб, уларнинг ишини такомиллаштиришга асосий эътибор қаратилмоқда.

Сайлов жараёнида тарғибот-ташвиқот ишларини олиб боришда камчиликлар кўзга ташланди. Бизнинг ҳисоботларда республика бўйича партиянинг 3 мингга яқин, жумладан, Тошкент шаҳар туманлари бўйича 213 нафардан иборат тарғиботчилар гуруҳлари мавжуд бўлиб, улар тарғибот-ташвиқот жараёнларида партиямиздан кўрсатилган номзодларга ёрдам бериши лозим эди. Бироқ бу борада кутилган натижага эришилмади. Афсуски, аксарият тарғиботчилар гуруҳлари номига ташкил қилинган бўлиб, партиядан кўрсатилган номзодларга айтарли ёрдами тегмади.

Келгусида мазкур камчиликларни бартараф этиш мақсадида партиямизнинг тар­ғибот гуруҳлари тизимини тубдан такомиллаштиришга қаратилган аниқ вазифалар белгилаб олиниши режалаштирилган.

Депутатликка номзодларнинг захирасини шакллантириш ва уларни номзод сифатида депутатликка кўрсатишдаги ишларимизда ҳам камчиликлар кузатилди. Сайловчилар овоз беришда нафақат сиёсий партияларга ва уларнинг дастурларига, балки номзоднинг шахсий фазилатларига ҳам катта эътибор қаратади. Бу масалада ҳам партиямиз Марказий Кенгашида тегишли чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилиб, вазифалар белгилаб олинди.

Маълумки, Давлатимиз раҳбари томонидан тасдиқланган, 2017–2021 йилларда Ҳаракатлар стратегиясини «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили»да амалга оширишга оид Давлат дастурида 2018 йилда Сайлов кодекси лойиҳасини ишлаб чиқиш белгилаб берилган. Бундан асосий мақсад фуқароларнинг сайловга оид ҳуқуқларини амалга ошириш механизмларини такомиллаштиришдир.

Сайлов кодексида бугунга қадар тарқоқ ҳолда амал қилган сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатларини, халқаро меъёр ва стандартлардан келиб чиқиб, унификация қилиш, сайлов жараёнининг шаффоф бўлишини таъминлаш назарда тутилмоқда.

Таъкидлаш лозимки, мамлакатимизнинг сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатлари аксарият ривожланган демо­к­ратик давлатларда бўлгани сингари сайловлардан сайловларгача бўлган даврларда тобора такомиллаштирилмоқда ва ривожлантирилмоқда.

Бўлиб ўтган сайлов тажрибасидан келиб чиқиб, мамлакатимизда сиё­сий партияларнинг фаоллигини янада кучайтириш, уларга тенг шароитлар яратиш, кўппартиявийликни ривожлантириш мақсадида ишлаб чиқилаётган Сайлов кодексига қуйидаги таклифларни билдиришни ўринли, деб ҳисоблайман.

Биринчидан, бугунги кунда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига берилган ваколатлар кўлами, юклатилган вазифалар ва бошқарув тизимида тутган ўрнидан келиб чиқиб, уларнинг депутатликка номзодлар кўрсатиш ваколатини бекор қилиш масаласини ўйлаб кўриш лозим. Фикримизча, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари сиёсий партиялар билан ҳокимият учун курашиши ҳамда сиёсий партиялар билан рақобатлашиши демократик тамойилларга унчалик мос келмайди.

Шунинг учун мамлакат Президенти лавозимига, Қонунчилик палатаси депутатлигига номзодлар сиёсий партиялар томонидан кўрсатилиши каби халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлигига ҳам номзодлар фақат сиёсий партиялар томонидан кўрсатилиши тўғрисидаги принципиал қоида сайлов қонунчилигида мустаҳкамланиши мақсадга мувофиқ.

Иккинчидан, сайлов жараёнларида очиқлик ва ошкораликни таъминлаш мақсадида сайловга тайёргарлик кўриш, уни ўтказишга доир барча тадбирларда, шунингдек, сайлов куни овоз бериш хоналарида ва овозларни санаб чиқишда сиёсий партиялардан фақат биттадан кузатувчи қўйиш мумкинлиги тўғрисидаги чекловларни олиб ташлаш лозим. Қонунчиликда қайси сайлов участкасига қанча кузатувчи қўйиш ваколатларини сиёсий партияларнинг ўзларига бериш тўғри бўлади.

Учинчидан, сайлов жараёнлари адолатли ташкил этилиши учун қонунчиликка участка комиссиялари таркибига сайловда иштирок этаётган сиёсий партияларнинг биттадан вакилларини киритиш лозимлиги тўғрисида ўзгартиришлар киритиш керак.

Мазкур меъёрнинг белгиланиши сайлов жараёнида участка комиссияси аъзолари томонидан қонунбузарликка йўл қўйилишининг олдини олиш, ўзаро тийиб туриш тамойилини жорий этиш, овоз бериш ва овозларни санаш жараёнлари адолатли ўтишига хизмат қилади.

Президентимиз Олий Мажлис ва сиёсий партиялар вакиллари билан ўтказган видеоселектор йиғилишида ҳар томонлама муносиб одамлар депутат бўлиб сайланишига эришиш долзарб вазифа эканини алоҳида таъкидлаган эди. Бу вазифанинг самарали бажарилиши қабул қилинадиган Сайлов кодекси қанчалик мукаммал бўлишига боғлиқ, албатта.

 

Улуғбек ВАФОЕВ,

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши раиси ўринбосари.



DB query error.
Please try later.