25.01.2018

ДАВЛАТ ДАСТУРИ ИЖРОСИДА ДЕПУТАТЛАРНИНГ ФАОЛ ИШТИРОКИ ТАЛАБ ЭТИЛАДИ

Президентимизнинг «2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили»да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида»ги фармони халқимиз томонидан катта қизиқиш ва ҳаяжон билан кутиб олинди. Унда жорий йилда барча соҳаларда амалга ошириладиган ишлар режаси, хусусан, ижтимоий соҳани ривожлантириш, аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш билан боғлиқ муҳим ва ҳаётий вазифалар белгилаб берилган.

Давлат дастурининг мазмун-моҳияти нималарга қаратилган? Унинг ижросида Ўзбекистон Халқ демократик партияси етакчилари, депутатлар, фаоллар қандай иштирок этади?..

 

Шуҳрат ТУРСУНБОЕВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Аввало бу йилги Давлат дастури танқидий таҳлил асосида ўрганилган камчиликларни бартараф этишга қаратилгани, унда фуқароларнинг фикр-мулоҳазалари, таклифларига алоҳида эътибор берилганини таъкидлаш зарур. Бу ўринда бизнинг энг биринчи вазифамиз Давлат дастурининг аҳамиятини одамларга тушунтириб беришдан иборат бўлиши керак, деб ўйлайман.

Давлат дастуридаги энг муҳим масалалардан бири аҳолининг муносиб ҳаёт кечириши учун зарур бўлган даромадларни аниқлаш бўйича «истеъмол саватчаси»га оид муносабатларни ҳуқуқий тартибга солиш назарда тутилганидир. Унга кўра, ҳудудлар кесимида «истеъмол саватчаси»ни ҳисобга олган ҳолда, иш ҳақи, пенсия ва бошқа ижтимоий тўловлар миқдорини белгилаш тизимига босқичма-босқич ўтиш мўлжалланмоқда.

Хўш, ўзи «истеъмол саватчаси» дегани нима? Буни қисқа қилиб инсон эҳтиёжлари учун зарур бўлган энг керакли маҳсулот, товар ва хизматларнинг йиғиндиси, деб тушунтириш мумкин. Бу тизим ривожланган ва айрим ривожланаётган давлатларда аллақачон жорий этилган.

«Истеъмол саватчаси»ни жорий қилиниши айнан бизнинг электоратимиз манфаатларига хизмат қилади, десак, муболаға бўлмайди. Жойлардаги партия ташкилотлари, депутатлар аҳолини ижтимоий муҳофазага муҳтож, жисмоний имконияти чекланган, шунингдек, ўрта аҳоли қатламининг нималарга эҳтиёжи борлигини яхши билади. Демак, мана шу тизимни шакллантиришда пар­тиямиз аъзолари, депутатлар фаол иштирок этиши, унинг амалга ошишига ҳисса қўшиши керак бўлади.

Давлат дастури ижросини таъминлаш жараёнида депутатлар, партиямиз етакчилари майдонга чиқиши, қатъий депутатлик ва жамоатчилик назоратини ўрнатиши лозим.

 

Ҳабибулла ОҚИЛОВ, халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси:

— Кейинги пайтда мамлакатимизда тиббиёт тизимида катта ўзгаришлар бўляпти. Бу йўналишда ислоҳотлар давом этмоқда. Бироқ ҳали қилинадиган ишлар, бартараф этилиши зарур бўлган камчиликлар оз эмас. Шунинг учун Давлат дастури дои­расида жорий йилда тиббий ёрдам тизимини янада такомиллаштириш ва тиббий хизмат сифатини ошириш бўйича ишлар изчил давом эттирилади. Соғ­лиқни сақлаш соҳасига «ақлли тиббиёт» тизими, инновацион технологияларни жорий қилиш кўзда тутилмоқда.

Бу ўз-ўзидан амалга ошадиган ишлар эмас, албатта. Қолаверса, бунга фақат тиббиёт соҳаси ходимлари ёки Соғ­лиқни сақлаш вазирлиги масъул,­ деган фикрдан йироқ бўлиш керак. Айниқса, Ўзбекистон Халқ демократик партияси фаол­лари, депутатлари фақат назорат қилмасдан, бу йўналишда таклифлар бериши, муайян соҳадаги камчиликларни бартараф этиш учун амалий чоралар кўриши зарур.

Турли омиллар сабаб охирги пайтларда дори воситалари ва тиббий жиҳозларнинг нарх-навоси ошиб кетаяпти. Бундан кўз юмиб бўлмайди. Мазкур жараёнда ким кўпроқ қийналади? Албатта биринчи навбатда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлами зиён кўради. Бунинг олдини олиш учун аҳолини арзон нархлардаги сифатли дори воситалари билан таъминлаш мақсадида 2 мингта ижтимоий дорихона ташкил этиш режалаштирилди. Давлат дастурида бу ишга масъуллар белгиланди.

Энди бу дорихоналар қаерларда, қандай тартибда бўлиши, кимларга алоҳида имтиёзлар берилиши, буни назорат қилиш масалалари билан биз шуғулланишимиз, тарғибот билан, ташвиқот билан ташкилотчиларга ёрдам беришимиз керак.

 

Аҳмадали ХУДОЙБЕРГАНОВ, халқ депутатлари Тошкент вилоят Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси:

— Одамларни ўйлантираётган энг долзарб масалалардан бири уй-жой билан боғлиқ экани бугун ҳеч кимга сир эмас. Бу йўналишда ўтган йили катта ишлар қилинди. Хусусан, шаҳарлар ва қишлоқларда умумий турар жой майдони 3,5 миллион квадрат метрдан ортиқ бўлган намунавий ва кўп қаватли уйлар қурилди. Турар жой қурилиши ҳажмлари 2010 йилга нисбатан 3,5 баробарга ошди.

Арзон уй-жойга ким кўп­роқ муҳтож бўлади? Кўп болали, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли вакиллари, албатта. Шуни инобатга олиб, бу масалада ҳам депутатларимиз иштирокини кучайтириш керак. Аҳоли, айниқса, ёш оилаларнинг арзон уй-жойга бўлган эҳтиёжини таъминлаш мақсадида жорий йилда бундай уйларни қуриш ҳажми 1,5-2 баробар оширилади, бу ишга 5 триллион 286 миллиард сўм маблағ йўналтирилади.

Энди савол: арзон ва янги уй-жойлар ҳақиқатда муҳтож кишиларга тегадими? Уйларнинг сифати қандай бўлади? Туман, шаҳар Кенгашларидаги барча депутатлар ҳар доим ана шу саволларни ўзига бериши ва унга жавоб топиши керак, деб ўйлайман.

 

«Ўзбекистон овози» мухбири

Нурали ОРИПОВ ёзиб олди.



DB query error.
Please try later.