Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Avgust 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
30 31 1 2 3 4 5
6 7 8 9 10 11 12
13 14 15 16 17 18 19
20 21 22 23 24 25 26
27 28 29 30 31 1 2
23.01.2018

ХУШ КЕЛИБСИЗ, АФҒОНИСТОНЛИК ДЎСТЛАР!

Президентимиз ташаббуси билан Термиз туманида ташкил этилган Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим марказининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби В.Маҳмудов, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Афғонистон Ислом Республикаси бўйича махсус вакили И.Эргашев, Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазири И.Мажидов, Афғонистон Ислом Республикаси Президентининг иқтисод ва инсон ресурслари бўйича катта маслаҳатчиси Ҳумоюн Қаюмий, Афғонистон Ислом Республикаси Президентининг МДҲ давлатлари билан ҳамкорликни ривожлантириш бўйича махсус вакили Муҳаммад Шокир Коргар, афғонистонлик талаба Рана Шержод ва бошқалар мамлакатларимиз ўртасида ҳамкорлик алоқалари изчил ривожланаётганини алоҳида таъкидлади.

Ўзбекистон қўшни давлатдаги вазиятни сиёсий йўл билан ҳал этиш, тинчликни таъминлаш, барқарорликни тиклаш, иқтисодиёт, таълим, фан, маданият ва бошқа соҳаларни ривожлантириш тарафдори бўлиб келмоқда. Давлатимиз раҳбари БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган нутқида ҳам Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш, аф­ғон ­халқининг ўз тақдирини мустақил, тинч йўл билан ҳал қилишига эришиш масаласини халқаро миқёсда кўтаргани бунинг ёрқин ифодасидир.

Ўзбекистон кўмаги билан қўшни давлатда юқори вольтли электр энергияси ва оптик толали кабель линиялари, сув таъминоти тармоғи, кўприклар барпо этилган. «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти Хайратондан Мозори Шарифгача темир йўл линияси қурган. Мамлакатимиз қўшни давлатда тоғ-кон саноати, қурилиш, энергетика, таълим соҳаларидаги лойиҳаларни амалга оширишда иштирок этаётир. Юртимиздан қўшни давлатга озиқ-овқат ва нефть маҳсулотлари, электр энергияси, минерал ўғитлар, транспорт воситалари экспорт қилинмоқда. Ўтган йили Термизда фойдаланишга топширилган «Termiz kargo» экспорт маркази ҳам мамлакатимиз товар ишлаб чиқарувчилари ва тадбиркорлари билан афғонистонлик ишбилармонларнинг ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлашга кенг имконият яратди.

Афғонистон Президенти Ашраф Ғанининг 2017 йил декабрь ойида мамлакатимизга ташрифи чоғида 20 дан ортиқ ҳужжат, жумладан, Ўзбекис­тон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги ­Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим маркази ташкил этиш бўйича битим имзоланган эди. Шунга мувофиқ, қисқа вақтда мазкур марказ учун ажратилган бино тубдан реконструкция қилиниб, жаҳон андозаларига мос жиҳозланди.

— Бугун нафақат ёшлар, балки бутун Афғонистон халқи учун тарихий кун бўлди, — деди Афғонистон Ислом Республикаси Президентининг МДҲ давлатлари билан ҳамкорликни ривожлантириш бўйича махсус вакили ­Муҳаммад Шокир Коргар. — Давлатларимиз раҳбарларининг олий даражадаги учрашувлари халқларимиз ўртасида маълум муддат узилиб қолган анъаналарни қайта тиклади. Бобом бундан 110 йил илгари Бухорода мадрасада таҳсил олган. Бугун бу масканнинг тантанали очилиши Амир ­Темур, Алишер Навоий, Беруний сингари кўплаб улуғ зотларнинг руҳини шод этди. Афғонистонда 7 миллионга яқин ўзбек миллатига мансуб аҳоли яшайди. Термизда барпо этилган ушбу таълим муассасаси мактаб ва боғчаларимиздаги ўзбек тили мутахассисларига бўлган эҳтиёжни таъминлайди. Келгусида темир йўл, энергетика ва бошқа соҳаларда ҳам малакали мутахассислар тайёрлаб беради. Бундай улуғ ишнинг ташаббускори бўлган Президент Шавкат Мирзиёевдан бениҳоя миннатдормиз.

Таълим марказининг илк талабалари ўзбек тили ва адабиёти йўналишига қабул қилинди. Улар икки йил давомида соҳа бўйича етук мутахассис бўлиб етишади.

— Президент Шавкат Мирзиёевнинг бошқа соҳаларимиз қатори малакали кадрлар тайёрлаш масаласига қаратган бу эътиборини юксак қадр­лаймиз, — дейди Афғонистон тижорат ва саноат вазирлиги масъул ходими Мусофир Қўқондий. — Афғонис­тонда ўзбек тили учинчи давлат тили саналади. Бироқ, бу тилдан сабоқ берадиган мутахассислар жуда кам. Афғонистоннинг турли ҳудудларидаги ана шу талабни эътиборга олиб, келажакда мураббий бўлишни кўнглига туккан 100 га яқин ўғил-қиз ушбу марказда ўқишга жалб этилди. Айни пайт­да дунёнинг бир қатор давлатларида минглаб афғон ёшлари таълим олиб, касб ўрганмоқда. Лекин, афғон ўғил-қизлари учун бирорта мамлакатда Ўзбекистондаги каби муҳташам махсус таълим муассасаси йўқ. Бунинг учун Ўзбекистон раҳбариятига чуқур миннатдорлик билдирамиз.

Марказнинг кўп қаватли муҳташам ўқув биноси, 110 ўринга мўлжалланган талабалар ётоқхонаси, ахборот-ресурс маркази, спорт зали ва спорт майдончалари, ошхона афғонистонлик талабалар учун хизмат қилади. Бинода кимё ва физика каби фанларни чуқур ўзлаштириш, темир йўл транспорти тизимини пухта ўрганиш учун лингафон хоналари, лабораториялар ташкил этилган. Маиший, савдо ва бошқа хизматлар кўрсатадиган шохобчалар мавжуд. Ахборот-ресурс маркази иқтисодий-техник ва ижтимоий-гуманитар йўналишлардаги фанлар бўйича етарли ўқув ва ёрдамчи дарсликлар, бадиий ва ижтимоий-сиёсий адабиётлар, Ўзбекистонда ишланган 50 дан ортиқ бадиий ва ҳужжатли фильмлар, аудиотўпламлар дисклари билан тўлдирилган. Электрон кутубхона тизимига лотин алифбосидаги 700 дан зиёд электрон адабиёт жойлаштирилган. Иккита инфокиоск ўрнатилиб, ўзбек ва дари тилларидаги Ўзбекистон рамзлари, маданий мерос, арбоблар, ифтихорларимиз, галерея бўлимларидан иборат дастурий таъминот ишлаб чиқилган.

— Мен бундай тинч-осуда юртга ўз она тилим бўйича мутахассис бўлиб камолга етиш орзусида келганимдан фахрланаман, — дейди Фарёб вилояти Майманак шаҳридан Жамшид Шерзод. — Бу юрт Амир Темур, Беруний, Ибн Сино, Бобур каби буюк аждодларимизни камолга етказган. Бизни аэропортда тенгдошларимиз гуллар билан самимий кутиб олганидан жуда-жуда қувондик. Қадимий шаҳарни мириқиб томоша қилдик. Улуғ бобомиз Ҳаким ат-Термизий мажмуасини зиёрат қилиб, маънавий қувват олдик. Қизиқарли концерт дастурини мириқиб томоша қилдик. Бу ерда яратилган шароитлардан унумли фойдаланиб, келгусида шундай улуғ аждодларга муносиб ворис бўлишга интиламиз.

Дарвоқе, аввал хабар қилинганидек, 21 январь куни Термиз ­халқаро аэропортида Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим маркази қалдирғочларини давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, талаба-ёшлар карнай-сурнай садолари остида тантанали кутиб олди.

— Биз бир дарёнинг икки қирғоғида яшаб келаётган яқин қўшнилармиз, — дейди Афғонистоннинг Мозори Шариф шаҳридан Рухшона ­Ҳакимий. — Ўзбекистоннинг биз, афғонистонлик ёшларга маърифат улашиш ва касб ўргатиш борасидаги эзгу қадамларидан ота-оналаримиз ҳам ғоят хурсанд. Бизни кузатишар экан, Ўзбекистондаги тинчликнинг, тўкинликнинг абадий бўлиши ва бундан-да ривожланишини тилаб, дуо қилишди. Ўзбекистон ҳақида кўп эшитганмиз. Бугун гўзал бу юртнинг муқаддас тупроғига беғубор орзулар билан қадам қўйдик. Тайёрамиз юртингизга қўниши биланоқ, ўзбекистонлик ўғил-қизларнинг бизни қучоқ очиб кутиб олганидан кўнглимиз тоғдек кўтарилди. Улар билан дўстлашиб олдик. Бу юртдаги тинч ва осуда ҳаётга, тенгдошларимиз эришаётган ютуқларга ҳавасимиз келди.

— Бугун афғонистонлик қизлар билан яқиндан танишдик, дугоналаримиз сафи кенгайди, — дейди Термиз тиббиёт коллежи ўқувчиси Севара ­Самадова. — Уларнинг гўзал диёримиз, осойишта, мусаффо осмонимиз ҳақидаги илк таассуротларидан қувондик. Биз, Ўзбекистон ёшлари шундай обод, озод мамлакатда яшаётганимиз ва ён қўшниларимиз билан дўстлик алоқаларимиз янги босқичда ривожланаётганидан фахрланамиз.

Тантанали тадбир якунида Ўзбекис­тон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби В.Маҳмудов ҳамда Афғонистон Ислом Республикаси Президентининг иқтисод ва инсон ресурслари бўйича катта маслаҳатчиси Ҳумоюн Қаюмий янги таълим марказининг Фахрий меҳмонлар китобига дастхат ёзиб қолдирди.

Тадбирда Сурхондарё вилояти ҳокими Э.Турдимов сўзга чиқди.

 

Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ,

ЎзА мухбири.



DB query error.
Please try later.