Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Avgust 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
30 31 1 2 3 4 5
6 7 8 9 10 11 12
13 14 15 16 17 18 19
20 21 22 23 24 25 26
27 28 29 30 31 1 2
23.01.2018

ЯНГИ САЙЛАНГАН ДЕПУТАТЛАР

иши қандай ташкил этилади?..

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгашида маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари фаолиятини такомиллаштириш бўйича ўқув-семинар ўтказилди. Унда Ўзбекистон ХДП Марказий ва Тошкент шаҳар кенгашлари масъул ходимлари, ижрочи котиблар, Тошкент шаҳар ва туман Кенгашлари депутатлари иштирок этди.

Семинарда мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида вакиллик органлари, депутатлар фаолиятини янги босқичга кўтариш муҳим масала эканига эътибор қаратилди.

 

Улуғбек Вафоев, ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари:

— 2017 йилнинг 30 августида «Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман кенгашларига сайлов тўғрисида»ги қонун қабул қилинди. Бундан мақсад давлат ҳокимиятининг демократик асосларини, вакиллик органларининг ижтимоий-иқтисодий, ижтимоий-сиёсий ўзгаришларни амалга оширишдаги роли ва аҳамиятини янада мустаҳкамлашдир. 24 декабрда пойтахтимизда халқ депутатлари туман Кенгашларига сайлов муваффақиятли ўтказилди.

Энди пойтахтда яшовчилар сайланган вакиллари кўмагида муаммоларни ҳал этиш имконига эга бўлди. Ҳар бир туман, маҳалладаги муаммоларни шу ҳудудда яшаган фуқарогина яхши билади. Шундай экан, депутатлар ҳудудни ривожлантиришга ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшишлари зарур. Электоратимизни ўйлантираётган муаммо ҳамда камчиликларни чуқурроқ ўрганиб, барча жабҳада қонун устуворлигини таъминлашда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш, ислоҳотлар самарадорлигини юксалтиришда депутатлик назорати таъсирчанлигини ошириш муҳим аҳамиятга эгадир. Бу борада барча депутатлардан ташаббускорлик ҳамда фаолликни кутиб қоламиз.

 

Ҳайдар Бобохонов, ЎзХДП Тошкент шаҳар кенгаши раиси, шаҳар Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи раҳбари:

— Сайлов партия ташкилотларимиз ўз устида кўпроқ ишлаши кераклигини кўрсатди. Айниқса, айрим туман кенгашларидаги ходимларнинг етарли даражада малакага эга эмаслиги кўриниб қолди. Хато ва камчиликларимизни бартараф этиш чораларини белгилаб олдик.

Тошкент шаҳрида 1090 бошлан­ғич ташкилотга эгамиз. Улар билан ҳамкорлик алоқаларимизни яхшилаш учун доимий тадбирлардан таш­қари, аҳоли орасига чуқур кириб боришимиз керак. Одамларнинг мушкулини осон қилмасак, электоратимиз манфаатларини ишончли ҳимоя этолмасак, кутилган натижага эришиб бўлмайди.

Сайловга тўхталадиган бўлсак, номзодлар ўзига юклатилган вазифаларни ваколат доирасида амалга оширди. Уларга тарғибот тадбирларида, сайловчилар билан учрашув жараёнларида ёрдам берилди. Лекин сайловда кутилган тўлиқ очиқлик ва шаффофликка эриша олмадик. Ваҳоланки, Президентимиз Тошкент шаҳридаги маҳаллий Кенгашларга сайлов республикамизга намуна бўлиши кераклигини таъкидлаган эди. Шунинг учун биз партияларнинг ўзларига қўйиб берилишини, ҳаққоний кураш натижасида устун келганлар сайловдан ўтишини кутгандик. Бу сайлов бизга яна бир катта сабоқ бўлди.

Сайлов қонунчилигига ҳам ўз таклифларимизни бермоқчимиз. Қонунда белгилаб қўйилгани билан уни амалга оширмасак, олдимизда турган вазифаларни тўлиқ бажара олмаймиз. Камчиликларни бартараф этиш, ходимлар малакасини ошириш ва муносиб номзодларни тайёрлаб бориш керак.

 

Нигора Эшметова, Тошкент шаҳар Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси:

— Олдимизда жуда муҳим вазифалар турибди. Буларнинг биринчиси халқ манфаати учун хизмат қилиш, улар билан доимий алоқада бўлиб, ечимини кутаётган масалаларни ўрганиб боришдан иборат. Хусусан, ҳар биримиз Ҳаракатлар стратегияси асосида ишимизни ташкил этишимиз ва бу борада аниқ режага эга бўлишимиз зарур.

Бунинг учун, аввало, янги сайланган депутатлар ҳамда партия ташкилотлари ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш керак. Яъни, бошланғич ташкилотлар халққа энг яқин бўғин сифатида одамларни ўйлантираётган масалаларни ўрганиб, депутатларга тақдим этиши лозим. Аниқланган муаммолар ечими юзасидан партия гуруҳлари ҳамда доимий комиссия йиғилишларида ҳаётий таклифлар бериб бориш талаб этилади.

 


Боймурод Юсупов, ЎзХДП Марказий Кенгаши бўлим мудири:

— Тошкент шаҳар туман Кенгашларига сайланган депутатларнинг маҳорати, ўз иши бўйича тажрибаси юқори эканига ҳеч қандай шубҳа йўқ, албатта. Бироқ уларнинг сиёсий партиялар ҳамда маҳаллий Кенгашлар депутатлари, уларнинг фаолияти, ваколати ҳақидаги билим ва кўникмаларини бойитиб бориш талаб этилади. Улар партиямиз электорати манфаатларини жасорат билан ҳимоя қила олишида бу муҳим саналади. Шунинг учун ҳар бир депутатга услубий қўлланмалар тар­қатилди. Партия ташкилотларимиз ҳамда фаоллар доимий равишда улар билан алоқада бўлиши иш самарадорлигини оширади, деб ўйлайман.

Бундан ташқари, партия кенгашларининг ижрочи котиблари депутатлик гуруҳлари фаолиятини, нуқтаи-назарини маҳаллий ижро ҳокимиятида ҳимоя қилишни ташкил этади. Кўриб чиқилаётган масалалар юзасидан гуруҳнинг ягона позициясини ишлаб чиқади, аъзолар фаолиятини мувофиқлаштиришга кўмаклашади, тармоқлар бўйича дастурлар тайёрлаш ва маҳаллий қарорларни муҳокама қилиш жараёнида партия нуқтаи-назари, электорат манфаатлари эътиборга олинишида ҳам муҳим ўрин тутади. Демак, ижрочи котиб имкониятларидан кенг ва унумли фойдаланиш зарур. Партия гуруҳлари ижрочи котибларининг билим ва кўникмаларини шакллантириш ҳам долзарб вазифадир. Ҳар қандай масалада ҳамкорликда, ҳамфикрликда иш олиб борсак, ўйлайманки, ишимизда ўзгаришга эришамиз.

 

Улуғбек Ражабов, Мирзо Улуғбек туман Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси:

— Мана, сайлов ўтганига қарийб бир ой бўлди. Кўнгилга тугиб юрган масалалар бор. Шулар асосида депутатлик фаолиятимни йўлга қўймоқчиман. Яъни, мактаб, лицей ва коллеж ўқувчиларининг қизиқишларини ўрганиш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш билан боғлиқ масалаларни ўрганиб, таклифлар ишлаб чиқмоқчиман.

Ўзим раҳбарлик қилаётган Мирзо Улуғбек технология касб-ҳунар коллежида ижтимоий ҳимоя масалаларини кучайтиришга эътибор қаратамиз. Хусусан, муассасамизда таҳсил олаётган 16 нафар меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари билан янада кўпроқ ишлашимиз керак. Бугун ёшлар учун яратилган шароитлар барчага баробар эканини уларга тушунтириш, қизиқишларини рағбатлантириш масалаларига ҳам алоҳида аҳа­мият беришимиз лозим...

Семинарда маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари иш самарадорлигини ошириш, партия ташкилотлари ходимларининг касбий маҳоратини юксалтириш, қонун лойиҳаларининг ҳаётийлигини таъминлаш масалалари юзасидан таклиф ва тавсиялар билдирилди.

 

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.