23.01.2018

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ ФАРМОНИГА ШАРҲ

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили»да амалга оширишга оид Давлат дастури тўғрисида»ги Фармонига

ШАРҲ

Кейинги бир йилда Ўзбекистон давлат ҳокимияти ва бошқаруви тизимида кенг кўламли ижобий ўзгаришлар рўй берди, бунда асосий эътибор фуқароларнинг ҳуқуқла­рини ҳимоя қилиш ва аҳоли манфаат­ларини амалда таъминлашга қаратилди.

«Инсон манфаатлари — ҳамма нарсадан устун», «Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак», деган эзгу ғоялар Ўзбекистон тараққиётининг янги босқичида кўзда тутил­ган ислоҳотларни ҳаётга татбиқ этишнинг асосини ташкил қилди.

Ҳаракатлар стратегиясини «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили»да амалга оширишга оид Давлат дастури доирасида давлат ва жамият қурилиши тизимини сифат жиҳатидан яхшилаш, ижтимоий-иқтисодий соҳа, суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш, вазмин ва амалий ташқи сиёсат юритишга қаратилган қатор аниқ ва амалий чора-тадбирлар кўрилди.

Шу билан бирга, халқ билан тўғридан-тўғри мулоқот ҳамда давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида қилинган ишларнинг танқидий таҳлили жойларда аҳоли фаровонлигини ошириш ва ишлар аҳволини тубдан яхшилашга тўсқинлик қилаётган қатор муаммолар мавжудлигини кўрсатди.

Давлатимиз раҳбари ўзининг 2017 йил 22 декабрь куни парламентга йўллаган тарихий Мурожаатномасида ҳам мавжуд ўткир муаммоларга эътибор қаратди, уларни ҳал этишнинг аниқ йўлларини таклиф қилди.

Шу муносабат билан Ҳаракатлар стра­тегия­сини «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили»да амалга оширишга оид Давлат дастури (кейинги ўринларда Давлат дастури деб юритилади) лойиҳаси ишлаб чиқилди ҳамда 10-20 январь кунлари аҳоли ўртасида кенг ва атрофлича муҳокама қилинди.

Давлат дастури лойиҳасини муҳокама қилиш давомида фуқаролардан 4,4 мингта таклиф ва шарҳ келиб тушди, улардан Давлат дастурини такомиллаштиришда фойдала­нилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 22 январь куни қабул қилинган Фармони билан Давлат дастури тасдиқланиб, унинг асосий йўналишлари ва уни амалга оширишнинг биринчи навбатдаги чора-тадбирлари белгиланди.

Фуқаролардан келиб тушган таклифлар­нинг аксариятида кўрсатилган долзарб муаммоларни ҳал қилишга оид алоҳида ҳуқуқий нормалар бевосита Фармоннинг ўзида кўрсатилган бўлиб, уларнинг ижросини дарҳол таъминлаш шарт экани белгиланди.

Фармон билан тадбиркорлик субъект­ларининг молиявий-хўжалик фаолиятини текшириш бўйича икки йил муддатга мораторий эълон қилинди. Эндиликда, Фармон эълон қилинган кундан бошлаб тадбиркорлик субъектлари назорат қилувчи органларнинг текширувларига вақт ва ресурс сарфламасдан ўз фаолиятини хотиржам амалга ошириш­лари мумкин.

Яна бир муҳим янгилик — вақтинча ёки доимий пропискаси бўлмаган ёхуд турар жойи бўйича ҳисобда турмаган фуқароларни ишга олишга оид тақиқ бекор қилинади. Ушбу норма фуқароларга мамлакатимизнинг исталган ҳудудида, айниқса, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида ишга жойлашишда ҳеч қандай чекловларсиз ўз салоҳиятини рўёбга чиқариш имконини беради. Истиқболли кадрлар қаерда доимий ёки вақтинча прописка қилингани, турар жойи бўйича ҳисобда турганидан қатъи назар, пойтахт минтақасида меҳнат қила оладилар.

Ўз навбатида, иш берувчилар вақтинча ёки доимий пропискаси бўлмаган ёхуд турар жойи бўйича ҳисобдан ўтмаган фуқароларни ишга олганликлари учун жавобгарликдан озод этилади.

Давлат дастури 5 бўлимдан иборат. Давлат дастури доирасида 37 та қонун (Сайлов кодекси, «Давлат хизмати тўғрисида», «Шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш тўғрисида», «Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида», «Фан тўғрисида», «Инновацион фаолият тўғрисида»ги ва бошқалар)ни ишлаб чиқиш, 142 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатни қабул қилиш ҳамда турли соҳаларни қамраб оладиган 52 та амалий чора-тадбирларни амалга ошириш кўзда тутилган.

Давлат дастурининг биринчи бўлими давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштиришга бағишланган.

Шубҳасиз, «Давлат хизмати тўғрисида»ги қонуннинг қабул қилиниши бу борадаги муҳим қадам бўлади. Ушбу ҳужжат, аввало, давлат идораларида хизматни ҳақиқатдан нуфузли фаолиятга айлантиради, давлат хизматчиларининг меҳнат ҳақи ва ижтимоий ҳимояси учун муносиб тизим шакллантиради, юклатилган вазифаларнинг сифатли ижроси учун давлат хизматчиларининг жавобгарлигини оширади. Эндиликда ҳар бир давлат хизматчиси эгаллаб турган лавозимга муносиб эканини ҳар куни исботлаши шарт.

Давлат функциялари ва ваколатларининг амалдаги марказлашган тизимига барҳам берилади. Биринчидан, ҳукуматнинг алоҳида функциялари, айниқса, лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомиллари соҳасидаги вазифалари вазирлик ва идоралар ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органларига ўтказилади. Иккинчидан, тегишли ҳудудда давлат сиёсатини амалга ошириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш учун масъул мансабдор шахслар сифатида барча даражадаги ҳокимларнинг ваколатлари кенгайтирилади ва мавқеи мустаҳкамланади.

Бундан пировард мақсад — ҳокимлар ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётини юксалтириш ва аҳоли фаровонлигини оширишни амалда таъминлаш имконини берадиган реал ваколатларга эга бўлишига эришиш.

Фуқароларнинг давлатни бошқаришда иштирок этишга бўлган ҳуқуқини рўёбга чиқаришнинг янги механизми сифатида электрон жамоавий мурожаат қилиш — петиция йўллаш тизими жорий қилинади. Ушбу тизим фуқароларга давлат ҳокимиятининг вакиллик органларига аниқ саволлар қўйиш имконини беради, ушбу органлар эса фуқароларнинг маълум сони томонидан маъқулланган мурожаатлар юзасидан чора кўриши шарт бўлади.

Мазкур механизм туфайли фаол фуқаролар ва жамоат ташкилотлари турли муаммолар ечими бўйича ташаббус кўрсатишлари мумкин. Шу орқали «Мамлакат ҳаётига алоқадор энг муҳим қарорлар бевосита мулоқот асосида қабул қилинади», деган тамойил амалда рўёбга чиқарилади.

Давлат дастурининг навбатдаги муҳим йўналиши қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилишдир.

2018-2021 йилларда жиноят ва жиноят-процессуал қонунчилигини такомиллаштириш бўйича концепцияни ишлаб чиқиш, шахсни жиноий жавобгарликка тортиш муддатларини қайта кўриб чиқиш режалаштирилган. Жиноий ва маъмурий жавобгарликни либераллаштириш, процессуал нормаларни такомиллаштириш кўзда тутилган.

Дастлабки тергов устидан суд назоратини кучайтириш учун тинтув ва телефон сўзлашувларини эшитишга санкция бериш ваколати судга ўтказилади.

Инсон ҳуқуқлари бузилишининг олдини олиш мақсадида тергов изоляторлари ва жазони ижро этиш муассасалари видеокузатув воситалари билан жиҳозланади.

Ички ишлар органлари йўл-патруль ва патруль-пост хизматларини улар фуқаролар билан муомала қилаётганда фойдаланиладиган видео-фиксаторлар билан таъминлаш кўзда тутилган бўлиб, бу нафақат фуқаролар томонидан ҳуқуқбузарликлар содир этилиши, балки тинчлигимиз посбонлари томонидан ўз вазифасини суиистеъмол қилиши ҳолатларининг ҳам олдини олишга хизмат қилади.

Давлат дастурида прописка ва паспорт тизимини соддалаштиришга доир чора-тадбирлар ҳам кўзда тутилган. Хусусан, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий пропискаси бўлмаган фуқаролар иккиламчи бозорда кўчмас мулк харид қилиш имкониятига эга бўлади.

Давлат дастурининг учинчи йўналиши иқтисодиётни ривожлантириш ва фаол тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга бағишланган.

Иқтисодиётни ривожлантириш ва либераллаштириш соҳасида илғор ғоялар, «смарт» технологиялар ва ноу-хауларга асосланган инновацион тараққиётнинг янги моделига босқичма-босқич ўтиш кўзда тутилмоқда.

Венчур фондлар, венчур молиялаштиришни ташкил этиш ва ривожлантириш учун ҳуқуқий асослар, шунингдек, иқтисодиётга инновациялар ва янги технологиялар жорий этишни рағбатлантирувчи механизмлар ишлаб чиқилади.

2023 йилнинг 1 январига қадар венчур фондлар, юқори технологик стартап-лойиҳалар, илмий-тадқиқот муассасалари, инновация марказлари ва лойиҳа-конструкторлик бюроларига ўзларининг янги технологияларини тадбиркорларга сотиш (фойдаланиш учун тақдим этиш)дан тушган даромадлари бўйича солиқ имтиёзлари тақдим этилади.

Ер участкалари беришда шаффофлик ва қонунийликни таъминлаш мақсадида интернет тармоғида электрон савдолар ўтказишни жорий қилиш режалаштирилган. Давлат активларини электрон савдо майдонлари орқали сотиш тизимини яратиш кўзда тутилмоқда.

Банклар ва банк фаолиятига доир қонунчилик тубдан қайта кўриб чиқилиб, соҳада «рақамли банкинг», «интернет-банкинг» ва бошқа замонавий технологиялар татбиқ этилади.

Солиқ ва божхона сиёсатини такомиллаштириш ва оптималлаштириш, солиқ юкини камайтириш, солиқ ва божхона маъмурчилигини соддалаштириш бўйича ишлар давом эттирилади.

Туризм соҳасини ривожлантириш, кириш туризми ва ички туризмни ривожлантиришни рағбатлантириш, сайёҳлар учун маъмурий ва виза билан боғлиқ тартиботларни соддалаштиришга алоҳида эътибор қаратилади.

Давлат дастурининг кейинги бўлими ижтимоий соҳани ривожлантиришга бағишланган.

Аҳолининг муносиб ҳаёт кечириши учун зарур бўлган даромадларни аниқлаш бўйича «истеъмол саватчаси»га оид муносабатларни ҳуқуқий тартибга солиш назарда тутилган. Ҳудудлар кесимида «истеъмол саватчаси»ни ҳисобга олган ҳолда иш ҳақи, пенсия ва бошқа ижтимоий тўловлар миқдорини белгилаш тизимига босқичма-босқич ўтиш мўлжалланмоқда.

Тиббий ёрдам тизимини янада такомиллаштириш ва тиббий хизмат сифатини ошириш бўйича ишлар изчил давом эттирилади. Соғлиқни сақлаш соҳасига «ақлли тиббиёт» тизими, инновацион технологияларни жорий қилиш кўзда тутилмоқда.

Аҳолини арзон нархлардаги сифатли дори воситалари билан таъминлайдиган 2 мингта ижтимоий дорихона ташкил этиш режалаштирилган.

Аҳоли, айниқса, ёш оилаларнинг арзон уй-жойга бўлган эҳтиёжини таъминлаш мақсадида 2018 йилда бундай уйларни қуриш ҳажми 1,5-2 баробар оширилади. Бу мақсадлар учун 5 триллион 286 миллиард сўм маблағ йўналтирилади.

Аҳолини телекоммуникация хизматлари билан тўлиқ қамраб олиш учун чекка ҳудудларда 2000 километр оптик толали алоқа линиялари тортиш, интернет тезлигини 2,5 баробар ошириш ва 4 мингдан зиёд мобиль алоқа таянч станцияларини ишга тушириш кўзда тутилмоқда.

Давлат дастурининг бешинчи йўналиши — хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, вазмин, ўзаро манфаатли ва амалий ташқи сиёсат юритиш.

Хусусан, хорижда яшаётган ва ишлаётган юртдошларимиз билан ҳамкорлик қилиш бўйича давлат сиёсати концепцияси ишлаб чиқилади ва қабул қилинади.

Экстремистик ғоялар таъсирига тушиб қолган фуқароларни ижтимоий реабилитация қилиш, бундай фуқароларни соғлом муҳитга қайтариш тизимини такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш режалаштирилмоқда.

Диний маърифат тизими қайта кўриб чиқилиб, бу борада аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида олиб борилаётган ишлар самарадорлиги ва таъсирчанлиги кучайтирилади.

Мухтасар айтганда, Давлат дастурида кўзда тутилган чора-тадбирларни амалга оширишга 13,5 триллион сўм ва 1,3 миллиард АҚШ доллари йўналтирилади.

Давлат дастурида кўзда тутилган чора-тадбирларни амалга ошириш мамлакатимизнинг барқарор иқтисодий ривожланишини таъминлаш, аҳоли фаровонлигини амалда юксалтириш ва фуқароларнинг ҳаёт сифатини яхшилашда муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилади.



DB query error.
Please try later.