14.09.2017

ЎЗБЕКИСТОН ФУТБОЛ ФЕДЕРАЦИЯСИНИНГ ЯНГИ РАҲБАРЛАРИ САЙЛАНДИ

Тошкентдаги Radisson BLU меҳмонхонасида Ўзбекистон футбол федерациясининг ҳисобот-сайлов конференцияси бўлиб ўтди. Унда Халқаро футбол уюшмалари федерацияси, Осиё футбол конфедерацияси, вилоят футбол федерациялари вакиллари, мураббийлар, кенг спорт жамоатчилиги ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Дастлаб ЎФФ президенти Мираброр Усмонов ўтган йиллар мобайнида олиб борилган ишлар ҳақида ҳисобот берди.

— 2006 йил ЎФФ раҳбарлигига сайланганимда, мендан терма жамоамизни жаҳон чемпионатига олиб чиқишни сўраманглар, бунга ваъда бера олмайман, саккиз, ўн йилдан сўнг жаҳон чемпионатига чиқиб, нимадир кўрсатишимиз мумкин, ҳозирча бизда пойдевор йўқ, деган эдим, — деди Мираброр Усмонов.— Бизнинг мақсадимиз — аввало футболни оммавийлаштириш, мустаҳкам пойдеворини яратиш, соғ­лом авлодни тарбиялаш. Чўққиларга чиқиш ҳали насиб этади, деган ниятни билдиргандим.

Менинг армоним — терма жамоамизни ўзим истаган маррага чиқара олмаганим. Ўйлайманки, келажакда Ўзбекистон терма жамоаси албатта жаҳон чемпионатига чиқади ва мен бунга ишонаман.

Янги сайланган ЎФФ раҳбарларига омад тилайман, ўз олдига қўйган мақсадларига эришсин. Уларга маслаҳатим — ҳеч қачон танқиддан қочишмасин. Ишламаган одамни биров эсга олмайди, тан­қид ҳам қилмайди. Журналистлар бизни вақтида тергаб туришди, фикрларини билдиришди. Биз уларни инобатга олдик. Натижада иложи борича камчиликларни бартараф қилдик.

Тадбирда Бухоро футбол федерацияси вице-президенти Мардон Қўлдошев, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган мураббий Рўзиқул Бердиев, Ўзбекистон футбол федерацияси фахрийлар кенгаши раиси Наримон Жалолов сўзга чиқди.

— Футболга давлатимиз томонидан катта эътибор қаратилмоқда. Халқимиз футболни яхши кўради, иқтидорли ёшларга эгамиз, — деди Ўзбекистонда хизмат кўрсатган мураббий Рўзиқул Бердиев. — Бу омиллар ютуқларга эришишимизга ёрдам беради. Тўғри, камчиликларимиз етарли, агар биргаликда жиддий ишласак, уларни бемалол бартараф қила оламиз.

Сўнгги йилларда ЎФФда амалга оширилган бир қатор ислоҳотлар натижасида вилоятларда маълум бир тизим яратилди. Келажакда бу ўз самарасини беришига ишонаман.

Йиғилишда Ўзбекистон миллий олимпия қўмитаси ва «Пахтакор» професс­и­онал футбол клуби раиси ўринбосари, Ўзбекис­тон миллий паралимпия ассоциацияси раисининг биринчи ўринбосари Умид Аҳмаджонов ЎФФ президенти лавозимига сайланди.

ЎФФнинг биринчи вице-президенти лавозимига Бош вазирнинг биринчи ўринбосари, «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ раиси Очилбай Раматов, вице-президент лавозимларига Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов ҳамда Ўзбекистон Давлат жисмоний тарбия институти ректори Шоакрам Исроилов сайланди.

— Ишончингиз учун миннатдорман, — деди ЎФФнинг янги президенти Умид Аҳмаджонов. — Насиб бўлса, биргаликда кенгашиб, ўзбек футболининг савиясини кўтаришга ҳаракат қиламан.

ЎФФнинг янги президенти футболчиларимиз халқаро мусобақаларда ва Олимпия ўйинларида муносиб иштирок этишини таъминлашга ваъда берди.

Конференцияда Ўзбекистон Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси раиси Рустам Қурбонов, «Пахтакор» ПФК президенти Бобур Шодиев, «Бунёдкор» ПФК бош директори Мурод Алиев, «Локомотив» ПФК президенти Мансур Ражабов, Ўзбекистон Давлат жисмоний тарбия инс­титути проректори Комил Ярашев, Ўзбекистон футбол фахрийлари кенгаши раиси Наримон Жалолов ЎФФ Ижроия қўмитасининг янги аъзолари этиб сайланди.

 

Шаҳбоз САИДОВ

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.