07.09.2017

СОҒЛОМ ИНСОН — СОҒЛОМ ЖАМИЯТ

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг «Ўзбекистон Республикасининг фан ва техника, адабиёт, санъат ва меъморчилик соҳасидаги давлат мукофотларини бериш тўғрисида»ги фармонига биноан бир гуруҳ юртдошларимиз Давлат мукофотига муносиб кўрилди.

Мамлакатимиз илм-фани, адабиёти ва санъатини ривожлантиришга қўшган салмоқли ҳиссаси, жамиятимизнинг ижти­моий-иқтисодий, илмий-техник ва маънавий-маърифий ҳаётида алоҳида эътиборга сазовор бўлган, халқаро миқёсда эътироф этилган фундаментал тадқиқотлар, замон талабларига жавоб берадиган юксак, мазмунан долзарб ижодий ишлари учун олимлар, адиблар ва санъаткорлар, рассомлар биринчи ва иккинчи даражали Давлат мукофотига сазовор бўлдилар.

Хусусан, Республика ихтисослаштирилган фтизиатрия ва пульмонология илмий-амалий тиббиёт марказининг етакчи олимлари Мирзағолиб Тиллашайхов, Наргиза Парпиева, Вера Белоцерковецлар томонидан амалга оширилган «Ўзбекистон Республикасида аҳолига кўрсатиладиган силга қарши хизматни такомиллаштиришнинг фундаментал асосини яратиш» мавзусидаги амалий тадқиқот ҳам иккинчи даражали Давлат мукофотига муносиб кўрилди.

Мазкур тадқиқот Ўзбекистон Республикасида силга қарши курашнинг ҳуқуқий асосини такомиллаштириш, ушбу йўналишдаги тиббиёт муассасаларининг ишини бугунги кун талаблари асосида ташкил этиш, замонавий тиббиёт асбоб ва ускуналари билан таъминлаш соҳасида амалга оширилган ишлар ва уларнинг самарасига бағишланади.

Маълумки, мустақиллик йилларида аҳолига кўрсатиладиган ихтисослаштирилган фтизиатрия хизматининг вертикал бош­қарув тизими ташкил этилди ва юртимизда фаолият кўрсатаётган барча силга қарши курашиш муассасалари Республика ихтисослаштирилган фтизиатрия ва пульмонология илмий-амалий тиббиёт марказига бирлаштирилди.

Натижада сил ва силнинг резистент тури билан касалланган беморлар универсал даволаниш усуллари билан тўла қамраб олинди. Уларнинг самарали даволаниши учун барча шароитлар яратилди. Амбулатор даволанишни кенгайтириш, даволашда янги технологияларни татбиқ этиш, ўпка ва ўпкадан ташқари аъзолар силини замонавий технологик жарроҳлик усуллари билан даволаш йўлга қўйилди. Шу сингари тадбирлар сил касаллигини даволаш самарадорлигининг 85 фоиздан юқори бўлишига имкон яратди.

Энг муҳими, аҳолига кўрсатиладиган фтизиатрия хизматини такомиллаштириш натижасида республикада силнинг асосий эпидемиологик кўрсаткичларининг бар­қарорлиги вужудга келди. Сил билан касалланиш ва ўлим кўрсаткичлари 2,0 ва 3,5 баробарга камайди.

Ҳозирги пайтда республикамизда силнинг эпидемиологик кўрсаткичлари Марказий Осиё ва МДҲ мамлакатлари кўрсаткичларидан 1,5 баробарга пастдир.

Бу ютуққа мамлакатимизда силга қарши курашиш тизимининг давлат тарафидан изчил қўллаб-қувватланиши, фтизиатрия хизматининг такомиллашган замонавий қонуний базасини ҳамда мукаммал менежмент тизимини яратиш, сил касаллигини эрта аниқлаш мақсадида замонавий, юқори технологияга эга бўлган молекуляр-генетик тезкор ташхислаш усулининг қўлланиши орқали эришилди.

Бундан ташқари, бактериологик ташхислаш менежменти тармоқларида 5 табақали лаборатория тизими ташкиллаштирилди. Соғлиқни сақлаш тизимининг бирламчи тармоқларида фаолият кўрсатаётган мутахассислар ва фтизиатрларнинг малакаларини ошириш мақсадида ўқув қўлланмалар мажмуаси ишлаб чиқилди.

 Давлат мукофотига сазовор бўлган тадқиқот доирасида 2 монография, 3 қўлланма, 20 дан ортиқ илмий мақола, шундан 15 таси хорижий журналларда чоп этилган.

Дарвоқе, 2017 йилнинг май-июнь ойларида Нидерландия ва Швейцарияда бўлиб ўтган сил касалликлари муаммолари ва уларнинг ечими бўйича халқаро саммитда Европа ҳудудидаги 53 давлат ичида Ўзбекистон Республикаси силга қарши кураш дастури, эришилган ютуқлари ва сил касаллигини даволаш самараси, ўлим даражасининг пастлиги бўйича биринчи учликка кириши эътироф этилди.

Бу борада юқорида тилга олинган тадқиқот муаллифларининг ҳам катта ҳиссаси бор.

 

Давронбек МУХТОРОВ,

Тошкент врачлар малакасини ошириш институти фтизиатрия кафедраси мудири, тиббиёт фанлари доктори. 



DB query error.
Please try later.