07.09.2017

ЗОМИННИНГ ЗАМОНАВИЙ ҚИЁФАСИ

сайёҳларни лол қолдириши тайин

Она табиатнинг ўзи ҳусну тароват бағишлаган, мусаффо ҳавоси, зилол сувлари билан инсон руҳиятига, саломатлигига ижобий таъсир ўтказадиган сўлим гўшалардан бири Зомин туманидир.

Бир томони кўм-кўк арчазорлар, турфа хил гиёҳлару гуллар билан қопланган пурвиқор тоғлар, паст-баланд қир-адирлар, иккинчи томони бепоён дашту далалардан иборат туманнинг тарихи қадим замонларга бориб тақалади.

Истиқлол йилларида туманнинг шаҳар ва қишлоқлари замонавий қиёфа касб этди. Айни пайтда 12 қишлоқ ва 28 маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудида 168 минг нафар аҳоли истиқомат қилаяпти.

Туман маркази бўлмиш Зомин шаҳарчасининг кенг, равон кўчаларини кезиб, боғу роғлар, хиёбонлар, сайлгоҳларида сайр этиб, баҳри дилингиз очилади. Бири биридан кўркам бино ва иншоотлар, энг диди нозик инсонларга ҳам маъқул ва манзур бўладиган уй-жойларни айтмайсизми?..

Яхшиси, бугунги Зомин, унинг ҳуснига ҳусн қўшаётган ўзгаришлар, қувончли янгиликлар ҳақида зоминликларнинг ўзларидан эшитайлик...

 

Пўлат Тожибоев, «Маҳалла» хайрия жамоат фонди туман бўлими раиси:

 Ҳаётда яхши-ёмон кунларни кўрдим. Лекин бу қадар кенг кўламли бунёдкорлар шу даражада қисқа муддатда амалга ошганини эслай олмайман. Бўш ётган майдонда барпо этилган «Зомин» истироҳат боғи, унинг яқинидаги санъат мактаби, супермаркет, тунлари ҳам кундузгидек чароғон сайлгоҳ, Бахт уйи, гулзору хиёбонлар кўзни қувонтиради. Бу ҳудуд айни ёзнинг жазирамасида нафақат болалару ёшларнинг, балки катталарнинг ҳам энг севимли жойига айланган.

 

Баҳром Наврўзов, шифокор:

— Туманимизда асосан арча дарахтлари ўтқазилган. Арча ҳавони тозалайди, кислород ишлаб чиқаради. Қишин-ёзин ям-яшил бўлиб туриши билан асаб тизимини даволайди. Тоғларимиз тоза ҳаво, кислороднинг кони. Денгиз сатҳидан 1000-3000 метр баландликка чиқсангиз, нафас олиб тўймайсиз. Зилол булоқ сувларини эса ичган сари ичгинг келади.

 

Ислом Холмўминов, «Нурли кент» маҳалласида истиқомат қилувчи тадбиркор:

— Туманимизда кўплаб тадбиркорлик субъектлари ва кичик корхоналар фаолият юритмоқда. Тижорат банклари уларни молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлаб келаяпти. Натижада аҳолининг иш билан бандлик даражаси ортаяпти. Истеъмол товарлари ишлаб чиқарувчилар, аҳолига пуллик хизмат кўрсатувчилар, хусусий савдо ҳамда маиший хизмат турлари билан шуғулланувчилар сонининг кўпайиши оилалар даромадларининг ортишига имкон яратмоқда. Кореялик ишбилармонлар билан ҳамкорликда барпо этилган «ТRUST ELECTRONICS» МЧЖ компьютерлар учун мониторлар ишлаб чиқаради. Йилига умумий қиймати 30 миллиард сўмлик маҳсулот тайёрлаш қувватига эга бўлган қўшма корхонада бугун 50 нафардан кўпроқ зоминлик ёшлар меҳнат қилмоқда. Пахта толасидан йилнинг тўрт мавсумига мос ўн беш турдаги трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқараётган «Рolatoshion textil» корхонаси тамғаси қўйилган кийим-кечаклар асосан хорижга экспорт қилиняпти. Бу билан фахрланмай бўладими?..

Дарвоқе, яқин йиллар ичида туманда сайёҳлик, жумладан, экосаёҳлик бўйича янги лойиҳаларни ишга тушириш мўлжалланмоқда. Хусусан, Навоий кон-металлургия комбинати давлат корхонаси, «Ўзбекнефтгаз» МХК, «Ўзбекэнерго» АЖ, Олма­лиқ кон-металлургия комбинати, «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ томонидан тоғли ҳудудларда барча қулайликларга эга бешта замонавий санаторий ва дам олиш уйлари қурилади. Бунинг учун «Ўриклисой» ҳудудидан 2,2 гектар, «Олмачи» мавзедан 5 гектар ер майдонлари ажратилган.

Туманнинг тоғли ҳудудлари турли-туман шифобахш гиёҳларнинг ўзига хос хазинаси. Улардан дори-дармонлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган «Зоминфарм» эркин иқтисодий зонаси учун 100 гектар ер майдони ажратилди. Корхонада дастлабки ойларда 400 мингтадан дори препаратлари тайёрланса, тўлиқ ишга тушгандан сўнг 5 миллиондан зиёд суспензия, 15 миллионга яқин дори ва 5 миллионта донадор ва кукунли дори-дармонлар ишлаб чиқарилади.

2017-2018 йилларда замонавий қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш корхоналари ва музлатгич сиғимлар бунёд этилади. «Ўзбекозиқовқатхолдинг» томонидан 6 миллион АҚШ доллари қийматидаги 15 минг тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш, қайта ишлаш, саралаш ва қадоқлаш линияларига эга корхона қурилиши бошлаб юборилган.

Қўйчиликка ихтисослашган «Зомин Зафар чорваси», асаларичилик йўналишидаги «Зомин асл асали», лалми ерлардан унумли фойдаланиш мақсадида иссиқхоналарни ўз ичига олган «Like Periods» агрофирмалари ташкил этилмоқда.

Бундан ташқари, 4 минг гектар шартли суғориладиган майдонларда томчилатиб суғоришга мослаштирилган интенсив боғ ва узумзорлар яратиляпти. Яқин келажакда тоғлар бағрида вино ва шарбат тайёрлайдиган замонавий корхоналар ҳам очилади.

Яна 130 минг гектар яйлов, 57 минг гектар ўрмонзорлардан ҳам самарали фойдаланиб, аҳоли бандлигини таъминлаш, оилалар даромадларини кўпайтириш имкониятлари изланмоқда.

Зоминнинг жаннатмонанд, хушманзара жойлари кўп. Ҳудудда давлат ўрмон хўжалиги, Миллий табиат боғи, қўриқхона мавжуд. Уларда 60 дан ортиқ турдаги шифобахш гиёҳлар, бири-биридан гўзал ўт-ўланлар, анвойи дарахтлар, гуллар ўсади.

Тоғ тепасидаги 700-800 ёшли қадим бобоёнғоқлар, асрларга мансуб «Мис қалъа­си» обидаси, қатор зиё­ратгоҳ ва қадамжолар, «Ўриклисой», «Шаршара» дам олиш масканлари, «Зомин» оналар ва болалар соғломлаштириш сиҳатгоҳи, меҳмонхона ҳамда кемпинглар меҳмонлар ва дам олувчиларга мунтазир.

 

Иброҳим ЖОНУЗОҚОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.