18.01.2018

ЖАМОАТ ИШЛАРИ ЖАМҒАРМАСИГА ЖОРИЙ ЙИЛДА 714 МИЛЛИАРД СЎМ АЖРАТИЛДИ

Бугунги кунда аҳоли банд­лигини таъминлаш иш­ларига янада катта эътибор қаратилмоқда. Хусусан, Президентимизнинг «Бандлик соҳасида давлат сиёсатини янада такомиллаштириш ва меҳнат органлари фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони банд­лик соҳасида янгича ёнд­ашувларни жорий этишга хизмат қилаётир.

Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 5 октябрдаги қарори билан Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузурида Жамоат ишлари жамғармаси ташкил этилди.

Айни вақтда жамғарма қандай ишларни амалга ошираяпти? Ушбу савол билан жамғарманинг ижрочи директори Салоҳиддин Самадовга мурожаат қилдик.

— Ҳозирда жамғарма маблағлари­ ҳисобидан банд бўлмаган аҳоли жамоат ишларига босқичма-босқич жалб этилмоқда, — дейди у. — Аниқроқ айтадиган бўлсак, эндиликда банд бўлмаган фуқароларнинг ихтиёрига кўра улар туман, маҳалла ва бошқа ҳудудларни ободонлаштириш, уй-жой фонди, коммунал ва бошқа инфратузилма объектларини, кўчалар, ирригация ва мелиорация тармоқларини таъмирлаш, ногирон, кексалар ва беморларга кўмаклашиш, турли объектларни қуриш сингари ишларга жалб этилади.

Бундан ташқари, банд бўлмаган шахслар ёхуд ишсиз кишиларни иш қидириш даврида моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш чоралари кўриляпти. Шунингдек, турли сабабларга кўра, яъни илгари бола тарбияси, бемор ва кекса оила аъзоларини парваришлаш, жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган ва бошқа сабаблар билан маълум вақт касбий фаолият билан шуғулланмаган шахслар меҳнатини реабилитация қилиш йўлга қўйилди.

Ҳақ тўланадиган жамоат ишларини амалга ошириш қуйидагича ташкил этилади. Тадбиркорлик субъектлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар томонидан жамоат ишларига жалб қилинган ишсиз ва банд бўлмаган шахслар иш ҳақининг 50 фоизи Жамоат ишлари жамғармаси маблағларидан тўланади. Қолган 50 фоизини ушбу ташкилотларнинг ўзи тўлаб беради. Бундан ташқари, бюджет ташкилотлари, маҳалла ва давлат идоралари томонидан жамоат ишларига жалб қилинган ишсиз ва банд бўлмаган шахсларнинг иш ҳақи 100 фоиз жамғарма маб­лағларидан тўланади.

 Ўтган йилда республикамизнинг 14 ҳудудидан 20 та шаҳар ва туманида тажриба сифатида 11600 нафардан зиёд ишсиз аҳоли жамғарма томонидан жамоат ишларига жалб қилинди ва уларга 12 миллиард сўмдан ортиқ маблағ тўлаб берилди. Хусусан, пойтахтимизнинг Сергели туманида 272 нафар ишсиз фуқаро жамоат ишларига жалб этилиб, жамғарма томонидан уларга 2017 йилнинг ноябрь ойида 153 миллион сўм, декабрь ойида эса 172 миллион сўм миқдорида маблағлар сарфланган.

Жорий йил 1 январидан бош­лаб эса республикамизнинг барча шаҳар-туманларида банд бўлмаган аҳоли ҳақ тўланадиган жамоат ишларига фаол жалб қилинади. Уларнинг бажарган ишларига ҳақ тўлаш мақсадида давлатимиз томонидан жамғармага 714 миллиард сўм маблағ ажратилди.

Бундан ташқари, ишчиларни турли объектларга олиб бориб келиш, улар учун қулай шароит яратиш мақсадида аҳолининг банд­лигига кўмак­лашиш марказлари «Damas» автомашинаси билан таъминланди.

— Иш билан банд бўлмаган фуқарога бир ойга иш ҳақи қанча миқдорда белгиланган? Шунинг­дек, ҳозирданоқ корхона-ташкилотлар бизга ишчи кучи зарур, деб мурожаат қилдими?

— Ишсиз фуқароларимиз ишлагани учун бир ойда энг камида 500 минг сўмдан зиёд ойлик иш ҳақи олади. Чунки бу миқдордаги пулни оладиган фуқаромизнинг бирон касби ёки ҳунари йўқ. Янада аниқроқ айтадиган бўлсам, қурилишда умуман ишламаган одам ғишт теришни билмайди, яъни унинг малакаси йўқ. Шу боисдан ғишт терувчига ёрдамчи бўлиб ишлайди.

Энди иккинчи саволингизга тўхталадиган бўлсам, ҳозирданоқ бизга қишлоқ хўжалиги соҳасидан 2018 йил учун 240 минг нафар ишчи кучи зарурлиги тўғрисида буюртма келиб тушган. Бундан ташқари, тадбиркорлик субъектлари ва турли ташкилот ва корхоналардан ҳам мурожаатлар бўлмоқда.

 

Тоштемир ХУДОЙҚУЛОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: