07.09.2017

ДАВЛАТ БЮДЖЕТИ ИЖРОСИДА

мутасадди вазирлик ва идоралар, ҳокимликлар масъулиятини янада ошириш зарур

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида ЎзХДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Молия вазири ўринбосари Ёрқин Турсуновнинг Давлат бюджетининг биринчи ярим йиллик якунлари тўғрисидаги ҳисоботи қизғин муҳокама этилди.

Давлат бюджетининг даромадлари 22 458,9 миллиард сўмни, харажатлари эса 22 350,6 миллиард сўмни, яъни ялпи ички маҳсулотга нисбатан 21,8 фоизни ташкил қилди.

Ярим йиллик якунлари бўйича ялпи ички маҳсулотнинг ўсиш суръати 7,0 фоизни ташкил этгани мамлакатимизда бир неча йиллардан буён иқтисодий барқарорлик муҳити сақланиб қолаётганини кўрсатмоқда.

Таъкидландики, Давлат бюджети ижросида ижтимоий соҳаларни қўллаб-қувватлаш, аҳолининг турмуш даражасини ошириш ва ижтимоий ҳимоясини таъминлаш тадбирларини молиялаштиришга алоҳида эътибор қаратилган.

Аҳоли бандлиги ва реал даромад­ларини изчил ошириб бориш, ижтимоий ҳимоя ва соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, арзон уй-жойлар барпо этиш ҳамда ёшларга оид давлат сиёсатини такомиллаштириш масалаларидаги ўзгаришлар шулар жумласидандир.

Фракция аъзолари томонидан муҳокамалар давомида бир қатор савол ва таклифлар берилди. Хусусан, Қонунчилик палатасида бюджет ижроси кўриб чиқилаётганда йил бошида тасдиқлаб берилган параметрларга алоҳида эътибор қаратиш кераклиги таъкидланди.

Шундан келиб чиқиб, ҳисоботда ижтимоий соҳалар бўйича ярим йиллик режа қанча бўлгани ва унинг ижроси неча фоизга бажарилгани борасида аниқроқ маълумот берилиши лозимлиги қайд этилди.

 

Зулайҳо АКРАМОВА, Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси:

– Маълумки, аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини манзилли ижтимоий ҳимоя қилиш давлат сиё­сатининг устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланган.

Ҳисоботда бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси даромадлари 21,4 миллиард сўм, харажатлари 21,1 миллиард сўмни ташкил этгани маълум қилинган. Эътибор қаратайлик, маблағларнинг 81,3 фоизи Банд­ликка кўмаклашиш марказлари ва бюроларни сақлаш учун ҳамда моддий рағбатлантириш учун ажратилган. Демак, асосий маблағ жам­ғарманинг ўзига ишлатилган, 7,8 фоизи эса ишсизларни касбга тайёрлаш, уларнинг малакасини оширишга, 7,5 фоизи ишсизлик нафақаларини тўлаш ва ишсизларни ҳақ тўланадиган ишларга жалб қилишга сарфланган.

Бундан ташқари, туғма ва нас­лий касалликларни барвақт аниқлаш ва уларнинг олдини олиш, ёш болаларни ялпи комплекс скрининг кўригидан ўтказиш масалаларида ҳамон камчиликлар учраб турибди.

Шу боис ногиронлар учун реабилитация техника воситалари ишлаб чиқариш корхоналарини модернизация қилиш масаласи муҳим аҳамиятга эга.

 

Турсунпўлат НОРБОЕВ, Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси:

Давлат бюджетининг жорий йил биринчи чоракдаги ижроси ҳақидаги ҳисоботни ҳар томонлама таҳлилдан ўтказдик. Партиямиз дастурий мақсадларидан келиб чиқиб, ижтимоий соҳа харажатларига алоҳида эътибор қаратдик.

Давлат бюджети ижроси камчиликлардан холи эмас, албатта. Сайловчилар билан бўлиб ўтаётган учрашувларда халқ таълими, соғлиқни сақлаш, йўл қурилиши масалаларида фуқаролардан мунтазам мурожаатлар тушмоқда. Биз ўрганишлар натижасида аниқланган камчиликлар юзасидан депутатлик сўровлари билан чиққанимизда мутасадди ташкилотларнинг буларга ўз вақтида жавоб бермаётгани, айрим ҳолларда юзаки жавобларга дуч келяпмиз. Фуқаролар, сайловчилар эса биздан аниқ жавоб ва натижа кутади. Ўз ишига масъулиятсизлик билан ёндашаётган айрим ташкилотлар раҳбарлари аҳолини ўйлантираётган масалаларга ҳамон бефарқ. Шиддатли давр эса ҳар биримиздан талабчан ва масъулиятли бўлишни тақозо қилмоқда.

Қизғин муҳокамалардан сўнг Ўзбекистон ХДП фракцияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2017 йил биринчи ярим йиллик якунлари ижроси тўғрисидаги ҳисобот қўллаб-қувватланди.

 

Гулруҳ ОДАШБОЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.