16.01.2018

НУРЛИ ХОТИРАЛАР

Хотира муқаддас, инсон хотиралар билан яшайди. Ҳар бир киши хотира орқали ўтмиш аждодлари билан мулоқот қилади. Хотира ҳақида доноларнинг жуда кўп ибратли фикр­лари бор. — «Хотира шундай жаннатки, ундан сизни ҳеч ким қува олмайди», «Инсон ҳақида хотира қанча яшаса, у шунча яшайди», «Доно учун хотирадан муҳим фазилат йўқ»...

Инсон хотираси азиз. Ўтганларни ёд этиш, уларнинг умр йўллари, яхши фазилатлари ҳақида авлодларга етказиш ҳам аслида тирикларнинг марҳумлар олдидаги қарзи, бурчи ҳисобланади.

Биз ҳам севимли фарзандимиз Ферузахонни, меҳрибон оталаримиз Тўйчибой Неъматов ва Қурбон­али Усмонов, оналаримиз Зуҳрахон ва Муҳаррамхон, бувиларимиз Тошбухон ва Меҳринисохон, акамиз Бахтиёр, укамиз Одилжоннинг хотирасини ёдга олиб, улар билан ўтказган кунларни, суҳбатларни соғинамиз. Инсон ҳаёти абадий эмаслигига, Яратган томонидан берилган умримиз давомида бир-биримизни асрашимиз, қадрлашимиз кераклигига имон келтирамиз.

Биз оиламиз аъзолари қизимиз Ферузахон тўғрисида гап кетганда, албатта унинг зукколиги, қариндош­л­ар ва дўстларга меҳрибонлиги, ватанпарварлиги, оиламизда биринчи бўлиб Ўзбекистон мадҳиясини ёд олгани, рус, немис, инглиз ва француз тилларини яхши билгани, хорижий мамлакатлардаги мактабларда ўқиб юрган пайтларида ҳам турли маданий тадбирларда ташкилотчилик қилиши, қўйиладиган спектаклларда бош ролларни маҳорат билан ижро этишини эслаймиз. Исроил давлатида даволанганида юрагида ўтказилган икки операцияни матонат билан енггани, Россия, Германия ва Ҳиндистонда яшаган давримизда бўлиб ўтган воқеаларни бир-бир эслаймиз.

Оталар ҳақида гапирганда, уларнинг ўз вақтида фарзандларига кўрсатган йўллари, берган маслаҳатлари, қилган насиҳатлари кўз ўнгимизда намоён бўлади. Шу ўринда турмуш ўртоғим Илҳомжон Неъматов еттинчи синфни битиргандан кейин отаси қалам ва оқ қоғоз бериб, «Ўғлим, катта бўлиб қолдинг, келажакда архитекторлик касбини эгаллашинг керак, энди мана бу қоғозларга уйлар лойиҳасини чизиб ўрганишинг лозим», деганини, кейинчалик бирон-бир жойга ишга ўтиш бўйича маслаҳат сўраганида, «Сен ишни эмас, иш сени изласин, бунинг учун ҳалол меҳнат қилиб, тер тўкиш керак», деган ўгитларини доимо ғурур билан эслайди. Дарҳақиқат, қайин­отам ўта талабчан, ҳақиқатпарвар раҳбар бўлган. У киши билан қачон суҳбатлашмайлик, доимо ҳалоллик, тўғрисўзлик, одамларга яхшилик қилиш ҳақида гап борарди. «Инсон ўз ҳаёти давомида босган яхши қадамига ҳам, ёмон қадамига ҳам албатта баҳосини олади», деган иборани кўп такрорларди. Машҳур бир хўжаликка раҳбар бўлиб ишлаб юрган пайтларида уй-жой қуриш учун ер сўрасак, «Сизларга ҳовлининг кераги йўқ, давлатнинг уйида яшаб, ишлаган одам кам бўлмайди», деган эди. Кейинчалик бу гапларнинг қанчалик тўғри эканлигини ҳаётнинг ўзи кўрсатди. Умуман, ота-оналарнинг насиҳати бебаҳо эканини вақт ўтиб, чуқурроқ англаркансан киши.

Онам Муҳаррамхон ҳам ўта меҳнаткаш, тўғрисўз, меҳрибон, шунинг билан бирга, биз, фарзанд­ларига нисбатан жуда талабчан эди. 1970 йилда мен институтда 3-курсда ўқиётганимда отам ­Қурбонали Усмонов вафот этган эди. Бизни ўқитиш, уйли-жойли қилиш онам шўрликнинг зиммаларига тушганди. Ҳаёт қийинчиликларига қарамасдан онамнинг ҳалол меҳнатлари туфайли биз ҳаммамиз олий маълумотли ва оилали бўлдик. Қайинонам Зуҳрахон ая ҳам ўта олижаноб, фарзанд­ларига, қариндошларга меҳрибон аёл бўлган. У киши кексалик чоғларида ҳам ҳеч қачон бир ўзлари тушлик қилмасди, албатта қўшнилардан бирини чақириб, дас­турхон атрофида суҳбатлашишни яхши кўрар эди. Зуҳрахон аянинг «Меҳмон орқали уйингизга файз келади, агар хонадонингизга қирқ кун меҳмон келмаса, кўчадан ўтган одамни уйга чақириб, уни меҳмон қилиш лозим», деган гаплари ҳамон ёдимда. Ҳозир ўйлаб кўрсам, бу ҳикмат замирида катта маъно бор экан... Афсуски, биз эндигина оёққа туриб, фарзандлик қарзини узиш пайти келганда, улар бирин-кетин дунёдан ўтиб кетишди. Лекин ўчмас хотиралар туфайли улар доимо биз билан бирга. Уларнинг ўгитлари умр йўлларида бизни қўллайди, асрайди. Нурли хотиралар эса оиламизнинг, сулоламизнинг энг катта маънавий бойлигидир.

 

Гуласал НЕЪМАТОВА



DB query error.
Please try later.