Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
31 1 2 3 4 5 6
16.01.2018

ПРЕСС-ХОЛЛ — ЭРКИН МУЛОҚОТ ВОСИТАСИ

Ўзбекистон Республикаси Президенти Матбуот хизмати қошида Пресс-холл ўз фаолиятини бошлади

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Матбуот котиби Комил Алламжонов Пресс-холлнинг мақсади ва фаолият йўналиши билан журналистларни таништирди. Президентимиз томонидан қабул қилинган фармон ва қарорлар, бугунги ислоҳотлар мазмун-моҳиятини матбуот ва оммавий ахборот воситалари орқали жамоатчиликка етказиб бериш Пресс-холлнинг асосий вазифаси эканини таъкидлади. Давлатимиз раҳбарининг «Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак» деган ғояси асосида давлат ҳамда жамият ҳаётига оид долзарб масалалар бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентининг Матбуот хизмати томонидан тизимли равишда тадбирлар ўтказиб борилишини айтиб ўтди.

Шунингдек, у вазирлик ва идоралар раҳбарлари ҳамда журналистлар ўртасида жонли мулоқотни йўлга қўйиш мақсадида бугунги куннинг долзарб мавзуларида матбуот анжуманлари, брифинглар ўтказиш режаси тасдиқланганини билдирди.

Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришга йўналтирилган дастурларни шакллантириш ва молиялаштиришнинг янги тартибини жорий қилиш мавзуси юзасидан Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Инвестициялар, инновацион ривожлантириш, эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари фаолиятини мувофиқлаштириш, туризм масалалари комплекси раҳбари Суҳроб Холмуродов ахборот берди.

— Бугунги кунда Президентимиз томонидан мамлакатимизда қулай инвестиция муҳитини шакл­лантириш, иқтисодиёт, айниқса, саноат тармоқларининг сармоявий жозибадорлигини ошириш бўйича аниқ чора-тадбирлар кўрилмоқда, — деди у. — Хусусан, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида ҳаётга татбиқ қилинаётган янгиликлар иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини таъминлаш билан бирга унинг жозибадорлигини ҳам оширмоқда.

Шу жумладан, миллий валютани эркин конвертация қилиш тизимига тўлиқ ўтилгани, тадбиркорлар ҳуқуқларини муҳофаза этиш бўйича Омбудсман институти жорий қилингани, бизнес соҳасидаги солиқлар сезиларли даражада қисқартирилиб, кредит олиш имкониятлари кенгайтирилгани чет эллик инвесторларнинг қизиқишини янада оширмоқда. Натижада хорижий давлатлар билан савдо-сотиқ алоқалари тобора мустаҳкамланмоқда.

Яна шуни таъкидлаш мумкинки, ўтган йилда экспорт ҳажми қарийб 15 фоизга кўпайиб, ташқи савдо айланмасининг ижобий сальдоси 854 миллион долларга етди. Жалб этилган инвестициялар ҳажми 2016 йилдагига нисбатан 1,4 маротаба ортиб, 2,4 миллиард АҚШ долларини ташкил этди. Бунинг эвазига қисқа вақт ичида 161 йирик саноат объекти ишга туширилиб, қўшимча равишда 1,5 триллион сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқариш имкониятига эга бўлинди.

Шунингдек, жорий йилда ҳам кўплаб ана шундай йирик инвестициявий лойиҳалар ҳаётга татбиқ қилиниши режалаштирилган. Уларнинг ижросини таъминлашда нафақат ички, балки тўғридан-тўғри хорижий инвестициялардан унумли фойдаланилади. Жаҳон банки, Халқаро валюта жамғармаси, Осиё тараққиёт банки, Ислом тараққиёт банки, Осиё инфратузилма инвестициялар банки билан ўзаро алоқалар самарали йўлга қўйилгани, Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан ҳамкорлигимиз тиклангани, Европа инвестиция банки билан шериклик муносабатлари ўрнатилгани бу борада қўшимча имкониятларни яратмоқда.

Шундан сўнг журналистлар ўзларини қизиқтирган мавзуларда саволлар беришди.

Уларни айримларини эътиборингизга ҳавола этамиз.

— Инвесторлар учун қандай янги имконият ва имтиёзлар берилиши кўзда тутилмоқда?

— Биз инвесторларни жалб этиш бўйича хориж тажрибасини, хусусан, Сингапур ва БАА тажрибаларини ўрганмоқдамиз. Ҳозирда янги, жозибадор инвестицион иқлим ташкил этиш устида ишламоқдамиз. Инвестицион иқлим эса ҳар бир инвестор учун имконият ва имтиёзлар ҳамда преферен­циялар тақдим этади.

— Эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналар қай даражада самара бермоқда? Бундай ҳудудларда лойиҳаларни амалга оширишда муаммолар борми?

— Эркин иқтисодий зоналарда бизнес лойиҳалар ижроси учун ҳеч қандай тўсиқ ёки муаммо йўқ. Аксинча, барча шарт-шароит яратиб берилмоқда. Ўтган йилнинг ўзида мамлакатимизда 12 эркин иқтисодий ва 45 саноат зонаси фаолияти йўлга қўйилгани ҳудудларни жадал ривожлантириш, янги иш ўринлари, янги саноат корхоналарини, хизмат кўрсатиш объектларини ишга тушириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш ҳисобидан 336 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилди. Келгусида ушбу йўналишдаги ишлар кўлами янада кенгайтирилади ва яна 50 янги саноат зонаси ташкил этилади.

— Экотуризмни ривожлантириш борасида қандай ишлар олиб борилмоқда?

— Туризм соҳасида ҳам кўплаб лойиҳаларни амалга оширишни режалаштирганмиз. Бу борада республикамизнинг тоғли ҳудудларидаги чиройли ва манзарали жойларни ўрганиб чиққан ҳолда чет эллик инвесторларни ўзимизга таклиф этиб ушбу жойларни кўрсатиб, уларни сармоя киритишга ва тадбиркорларимиз билан ҳамкорлик қилишга шарт-шароитлар яратаяпмиз. Бир сўз билан айтганда, юртимизга ташриф буюраётган туристлар қадимий ва нав­қирон шаҳарларимизни зиёрат ва томоша қилиб бўлганидан сўнг уларни яхши дам олишлари учун барча шароитларга эга тоғолди ҳудудларда комплекс меҳмонхоналар, кўнгилочар жойлар қуриш режалаштирилган.

Матбуот анжуманида журна­лист­ларнинг яна бош­қа кўплаб саволларига жавоб берилди. Энг муҳими, бундай тадбирлар журналистларнинг эмин-эркин ахборот олиш, сўз эркинлиги, давлат идоралари фаолияти шаффофлигини таъминлаш, мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштиришга хизмат қилади.

 

Туризм истиқболи

Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот хизмати қошида ташкил этилган Пресс-холлда кеча навбатдаги матбуот анжумани ўтказилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов Ўзбе­кис­тонда туризмни ривожлантириш истиқболлари ва унинг мамлакат иқтисодиётидаги аҳамияти ҳа­қида ахборот берди. Шунингдек, журналистларни қизиқтирган кўплаб саволларига жавоб қайтарилди. Бу ҳақда газетамизнинг кейинги сонида батафсил маълумот берамиз.

 

Тоштемир ХУДОЙҚУЛОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.