Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
31 1 2 3 4 5 6
16.01.2018

ПАРТИЯНИНГ ТАЪСИР КУЧИ

қандай бўлиши етакчилар ва депутатларга боғлиқ

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши Ижроия қўмитасининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди. Унда ЎзХДП Марказий Кенгаши Ижроия қўмитаси, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси аъзолари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар кенгашлари раҳбарлари иштирок этди.

Йиғилишда Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси мазмун-моҳияти, унда билдирилган долзарб фикрлар, илгари сурилган ташаббус ва таклифлардан келиб чиқадиган устувор вазифалар ижросини таъминлаш масаласи муҳокама этилди.

Мазкур масала юзасидан Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши раиси Ҳотамжон КЕТМОНОВ маъруза қилди. У Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасини ҳар бир юртдошимиз қалбидан мустаҳкам ўрин олувчи ва мамлакат равнақи йўлида самарали меҳнат қилишга ундовчи кенг қамровли дастур сифатида қабул қилиш кераклигини алоҳида таъкидлади.

— «Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак», деган ғоя бугун фаолиятимиз мезонига айланмоқда, деди партия етакчиси.

— Биз, Ўзбекистон ХДП ҳам давлат бошқаруви органлари қаторида жойларда маҳаллий Кенгаш депутатлари билан фуқароларни қабул қиляпмиз, Жамоатчилик қабулхоналари орқали одамларга ёрдам беряпмиз, самарали ишлаяпмиз, деб ғурурланиб юрган эканмиз. Бугун барча ишларимиз енгил-елпи йўлга қўйилганлигини чуқур тушуниб етяпмиз. Бундан буён ишга эскича ёндашиб бўлмайди.

Мурожаатномада 2017 йил давомида 136 та қонунчилик ташаббуси билдирилган бўлса, шундан 27 таси депутатларга тегишли эканлиги, улар ҳам асосан амалдаги қонунларга Президент фармон ва қарорларидан келиб чиқадиган ўзгартиришлар экани партия ташкилотларимиз ва депутатларимизнинг самарали фаолият юритмаётганини яққол кўрсатмоқда.

Айниқса, парламент ҳеч бўлмаганда аниқ бирон-бир соҳани тубдан яхшилаш, ривожлантиришга қаратилган қонун ёки қонуности ҳужжатини ишлаб чиқиш бўйича иш ташкил эта олмаётгани танқид остига олинди.

Айни пайтда ўз-ўзидан савол туғилади: бу жараёнда биз қандай иш олиб бордик? Фаолиятимизга қай даражада ёндашдик? Ҳар бир сиёсий партия ходими, депутат ўзининг бир йиллик ишини таҳлил қилиб, тегишли хулосани чиқарса, келгусида ўз фаолиятига масъулият билан ёндашиб, меҳнат қилса, шунинг ўзи етарли. Зеро, бундан буён фаолиятимизни танқидий таҳлил, қатъий тартиб-интизом ва шахсий жавобгарлик принциплари асосида олиб боришимиз талаб этилади.

Партиянинг шаҳар ва туман кенгашларида Мурожаатнома асосида ўқув семинарлар ташкил этиш, фракция аъзоларининг қонун ижодкорлиги жараёнидаги фаоллигини ошириш, қонунчиликка таклифлар киритиш бўйича фракция ва Марказий Кенгаш қошида Ахборот-таҳлил ва ташаббускорлар гуруҳини ташкил этиш таклифи илгари сурилди.

Шунингдек, ишни талаб даражасида ташкил эта олмаган, ўз вазифасига масъулиятсизлик билан ёндашган депутат ёки маҳаллий кенгашлар фаолияти ҳақида партия нашрларида танқидий мақолалар бериб боришга янада кўпроқ эътибор қаратилиши айтиб ўтилди.

Йиғилишда партия ташкилотлари ва депутатлик бирлашмалари фаолиятини кучайтириш билан боғлиқ муҳим масалалар кўриб чиқилди. Тегишли қарорлар қабул қилинди.

 

ВАҚТ КУТИБ ТУРМАЙДИ

Абдуғаффор ҚИРҒИЗБОЕВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси раҳбари ўринбосари:

— Ҳақиқатан ҳам қилинаётган ишлар ОАВ орқали мунтазам ёритилиб туриши керак. Аммо бунинг учун етакчининг, депутатнинг амалий ишлари, айта оладиган таклифлари, арзирли фикр-мулоҳазалари бўлиши лозим. Қабул қилинган қонунлар, қарор ва фармонлар мазмун-моҳияти бўйича ким охирги марта партия нашрларида эсда қоларли чиқиш қилди? Қани, ким айта олади, қайси биримиз давлатимиз раҳбарининг маърузаларида билдирилган фикр-мулоҳазаларга арзирли акс-садо билдирдик?..

Агар партия етакчисининг шахсий фикри, одамларни эргаштириш қобилияти, салоҳияти, обрў-эътибори бўлмас экан, партиянинг таъсир кучи ҳам бўлмайди. Шу боис кадрлар масаласига янада кучлироқ эътибор қаратишимиз керак. Тасодифий етакчилардан узоқ бўлишимиз лозим. Ишимизга сидқидилдан ёндашиб, ҳаётий ташаббусларни илгари сурсак, амалий ишларимизни кўпайтирсак, одамлар орасида обрўйимиз ҳам шунчалик мустаҳкам бўлади.

 

 

БИР ҚАДАМ ОЛДИНДА БЎЛИШИМИЗ КЕРАК... ОРҚАДА ЭМАС

Дилбархон МАМАЖОНОВА, Ўзбекистон ХДП Фарғона вилоят кенгаши раиси:

— Халқимиз давлатимиз раҳбарининг ҳар бир маърузаси ва ҳудудларга ташрифини иштиёқ билан кузат­япти. «Президент фалон соҳа раҳбарларини тан­қид қилди», «Мирзиёев ёшлар тарбияси ҳақида гапирди», «Давлатимиз раҳбари мана бундай ўзгаришлар бўлишини айтди» каби фикр­лар ҳар бир масканда акс-садо бер­япти. Бу нимадан далолат? Тараққиётимизнинг янги даври ҳаммамизни фикримизни эркин баён этишга ва жасоратли бўлишга ўргат­япти. Бу жасорат бизда ислоҳотларга бўлган дахлдорлик туйғусини кучайтирди, ижтимоий-сиё­сий ҳаётга бўлган қизиқишимизни оширди.

Бугунги сиёсий жараёнларда аслида биз, сиёсий партия вакиллари бир қа­дам олдинда юришимиз, аҳоли муаммоларини кўтариб чиқиб, ижро ҳокимияти олдига аниқ вазифаларни қўйишимиз керак эди. Лекин бугун ана шундай мақсадларга эриша олаяпмизми, деган саволга жавоб топишга қийналамиз. Аксинча, давлат раҳбари қабул қилган фармон ва қарорлар изидан етиб улгурмаяпмиз. Қарорлар қабул қилинганда мазкур йўналишда электорат манфаати билан боғлиқ бўлган масалаларни кўтариб чиқмаганимиз, муаммога ҳокимият, жамоатчилик эътиборини тортиб, бонг урмаганимиз ҳақида ўйлаб кўришимиз керак эмасми?..

Хотин-қизлар бандлигини таъминлаш масаласида вазифалар белгилаб олдик. Бунда аёлларнинг ўзига бўлган ишончини кучайтириш, шу орқали оилага, жамиятга кераклигини ҳис қилдириш асосий вазифалардан бири, деб ўйлайман. Чунки фарзандларимизни ватанпарварлик, меҳнатсеварлик руҳида тарбиялашда онанинг ўрни беқиёс.

 

МУДРОҚ ДЕПУТАТНИ ҲАЛҚ КЕЧИРМАЙДИ

Мажидхон УСМОНОВ, Ўзбекистон ХДП Самарқанд вилоят кенгаши раиси:

— Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг ваколатлари тубдан кенгайтирилмоқда. Хўш, бу жараёнда Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг роли, ўрни қандай бўляпти? Депутатларимиз янгиланиш жараёнида ўз ваколатларидан қай йўсинда фойдаланишаяпти? Уларнинг азму шижоати замон талаблари даражасидами?.. Афсуски, бу саволларга ижобий жавоб беришимиз қийин. Аксарият депутатларимиз билан алоқамиз узилиб қолган. Нега деганда уларнинг ҳаммаси ҳам қонуний ваколатларини тўла англаб етмаяпти. Депутатлик масъулияти, сайловчилар олдида берган ваъдаларини унутиб қўйишмоқда. Бунга кўз юмиб бўлмайди. Бу Мурожаатномада ҳам танқид остига олинди. Биз фаолиятимизни тубдан кўриб чиқиб, шаҳар ва туман Кенгашларидаги таъсир кучимизни оширишимиз керак.

Хусусан, мафкуравий йўналишдаги фаолиятимизни тубдан қайта кўриб чиқиш лозим, деб ҳисоблайман. Партия кенгашлари томонидан тадбирлар ҳаддан ортиқ кўп ташкил этилмоқда. Уларнинг ҳаммаси ҳам юқори савияда ўтказиляпти, деб бўлмайди. Самарасиз, қуруқ мажлисбозликдан амалий ишларга ўтишимиз шарт. Сайловчилар биздан фақат яхши натижаларни, ҳаётда янги ўзгариш қилишимизни кутмоқда. Бу ишончни оқлашимиз, электоратимиз манфаатларини самарали ҳимоя қилиш учун ҳаракат қилишимиз керак.

 

Гулруҳ ОДАШБОЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.