16.01.2018

«ЎЗБЕКИСТОНДА АГЕНТЛИГИМИЗНИНГ ЯНГИ БИР ИЖОД, ҒАЙРАТ ДАВРИ БОШЛАНДИ...»

Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги — ТИКА президенти Сердар Чам «Ўзбекистоновози» газетаси мухбирининг саволларига жавоб берди.

Ўзбекистон эшиклари бугун бутун дунё учун кенг очилди. Биз барчага дўстлик қўлини узатмоқдамиз. Жаҳон мамлакатлари билан бирга қадам ташлаш, ривожланиш, қардошлик, яқинлик туйғуларини янада мустаҳкамлаш бизнинг бош мақсадимиздир.

Рақобат эмас, ҳамкорлик, адоват эмас, дўстлик, тенглик, ўзаро ёрдам бериш, чегараларнинг очилиши, иқтисодиётнинг эркинлашиши, инвестиция муҳитини яхшиланиши, барча соҳани янада лебераллаштириш юзасидан олиб борилаётган ишлар бугун дунё ҳамжамиятининг эътибор марказида турибди.

— Ўзбек ва турк халқлари ўртасидаги қардошлик ришталари ҳар биримизда фахр-ифтихор туйғуларини уйғотади. Ҳурматли Сердар Чам жаноблари, Сизни Ўзбекистон заминига ташрифингиз билан қутлаймиз...

— Ўзбекистон Президентининг 2017 йил октябрь ойида давлат ташрифи билан Туркияда бўлиши мамлакатларимиз, халқларимиз ҳаётида, келажагида янги даврни бошлаб берди. Орадан ўтган қисқа вақт давомида тарихий ташрифда имзоланган қатор ҳужжатлар ижросини таъминлаш мақсадида давлатларимиз ўртасида турли даражадаги ҳамкорлик алоқалари жуда фаоллашди. ТИКА раҳбари сифатида Ўзбекистонга амалга оширган ушбу ташрифим ҳам бошланган жараёнларнинг узвий давомидир.

Алоҳида таъкидлашни истардимки, Ўзбекистон сафари арафасида ҳурматли Президентимиз Режеп Таййип Эрдўғон билан учрашдим, ТИКАнинг Ўзбекистондаги фаолиятига доир таклифларини олдим. Ўзаро ҳамкорлигимизда муҳим ўрин тутадиган ушбу фикрларни Шавкат Мирзиёевга етказганимдан бағоят хурсандман. Тошкентда бўлиб ўтган самарали учрашувлар ҳамда муҳтарам Президент Шавкат Мирзиёевнинг билдирган тилакларини, саломларини ҳурматли Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдўғонга етказишни ўзим учун шараф, деб биламан.

Мамнуният билан шуни таъкидлашни истар эдимки, Ўзбекистон Президенти томонидан қабул қилинганлигимдан бахтиёрман. Қабул маросимида ТИКАнинг Ўзбекистондаги фаолиятини янада кенгайтириш ва янги босқичга олиб чиқиш муҳимлиги қайд этилди. Шунингдек, Агентликнинг мамлакатингизда олиб бораётган ишларини аниқ лойиҳалар асосида ва тизимли равишда ривожлантириш зарурлиги алоҳида таъкидланди. Ўз навбатида, мен янгиланаётган Ўзбекистоннинг ТИКА билан ҳамкорлик қилаётгани бизни бениҳоят қувонтиришини билдирдим.

ТИКА ўзининг 25 йиллик юбилейини нишонлади. Ташкилотимиз 1992 йил қардош туркий давлатлар билан ҳамкорликни тиклаш ва биргаликда янги лойиҳалар ишлаб чиқиш мақсадида ташкил қилинган эди. ТИКАнинг энг кўп лойиҳаларни амалга оширган даври охирги 14-15 йилга — Президентимиз Режеп Таййип Эрдўғон даврига тўғри келади.

Бугунги кунда дунёнинг 60 давлатида ТИКАнинг ваколатхонаси бор, 100 дан ортиқ мамлакатда Агентлик фаолияти йўлга қўйилган. ТИКА томонидан бир йилда 2 мингга яқин лойиҳа амалга оширилади. Ўзбекистон ­Президенти, Бош вазир ўринбосари билан бўлган учрашувларда ҳам асосий эътибор алоқаларимизни янада ривожлантириш ва мустаҳкамлашга қаратилди. Келгуси фаолиятимизда ҳар икки давлат раҳбарларининг таклиф ва истакларини инобатга олишга ва билдирилган ишончни оқлашга ҳаракат қиламиз. Ўзбекистонда Агент­лик томонидан шу кунгача 23,6 миллион доллар миқдоридаги 700 га яқин грант лойиҳалари амалга оширилган.

— Ўзбекистон билан Туркияни нафақат ижтимоий-иқтисодий алоқалар, балки қардошлик ришталари ҳам боғлаб туради. Бу ТИКАнинг Ўзбекистонга бўлган эътибори бундан-да, юксак бўлишини кўрсатади.

— Албатта, шундай. Биз бир-биримизга бошқа-бошқа давлат сифатида қарай олмаймиз. Биз қардош икки ­халқмиз, қариндошмиз, тарихимиз, меросимиз, ота-боболаримиз бир, буюк маданиятнинг дунёга тар­қалиб кетган парчаларимиз. Хуросон, Мовароуннаҳрдек муҳташам, сеҳрли диёрдан ­Анадолуга кўчиб ўтганмиз. Лекин боболаримиз қариндош эдилар. Шунинг учун ҳам Ўзбекистондаги муштарак мерос билан биз ҳам фахрланамиз. Самар­қанд, Бухоро, Хива каби қадимий илм-фан марказлари бизнинг ҳам ифтихоримиздир. Баҳоуддин Нақш­бандий, Имом ­Мотуридий таълимотларига, Имом Бухорий ҳазратларига ҳурмат билан қараймиз ва улуғ аждодларимизга муносиб бўлишга ҳаракат қиламиз. Шу сабабли ҳам бизнинг фикрларимиз якдилдир. Бу жаннатмакон юртга нисбатан ҳурматимиз, муҳаббатимиз чексиз.

— Бугунги кунда Ўзбекистонда таълим, соғлиқни сақлаш соҳаларида ислоҳотлар ўтказилмоқда. Ушбу жараёнларда Агентликнинг иштироки қандай бўлади?

— Инсон ҳаётида энг муҳим омиллардан бири тиббиётдир. Бу соҳада Ўзбекистондан жуда кўп олимлар етишиб чиққан. Улар қолдирган бой маданий меросни инобатга олган ҳолда дунё ҳамжамияти бу сиймоларни тиббиёт бошидаги тож ҳисоблайди. Демак, тиббиётга аҳамият берилишининг биринчи томони аждодларимиз билан боғлиқдир. Иккинчи сабаби инсон соғ­лом бўлгандагина ундан фаровон ва бахтиёр оилалар вужудга келади, давлатларнинг мустаҳкамлиги ортади.

Инсон ҳаётидаги энг аҳамиятли масалалардан яна бири бу албатта таълимдир. Таълим инсоният учун ақл, илму ирфон эшигидир. Дунёда бугун ҳақиқий илму маърифат ҳукмрон бўлмаганлиги учун урушлар, диний ­экстремизм, терроризм каби таҳликалар мавжуд.

Демак, соғлиқни сақлаш ва таълим соҳасига сармоя йўналтирмасдан туриб тараққий этиб бўлмайди. ­Қолаверса, мазкур икки фактор ор­қали турли хуружларнинг олдини олса бўлади. Саноат ривожи ишлаб чиқаришнинг тараққий этиши, бандлик ва фаровон жамиятга эришиш учун ҳам инсон соғ ва саводли бўлиши зарур. Булар тараққиёт йўлидаги стратегик нуқталар ҳисобланади. Биз албатта, фаолиятимизда мана шу икки омилга кўпроқ эътибор қаратишга ҳаракат қиламиз.

Ҳурматли Президент Шавкат ­Мирзиёев бизни қабул қилган вақтда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси асосида Агентлигимиз томонидан Ўзбекистонда ҳам бир қатор лойи­ҳалар амалга оширилишини айтдим.

Ўзбекистонда ТИКАнинг янги бир ижод, ғайрат даври бошланди, деб ўйлайман. Қисқа муддат ичида 2018-2020 йиллар орасида давлат раҳбарларининг берган имкониятлари асосида дадил қадамлар ташланади.

Мактабгача таълим, соғлиқни сақлаш, иқтисодий соҳа, бандликни таъминлаш, ёшларни ишлаб чиқаришга жалб қилиш энг асосийси дунёнинг ноёб дурдоналари жой олган бу заминда туризмни ривожлантириш ва бу осори атиқаларни келажак авлодга етказиш йўлидаги реставрация лойи­ҳалари сонини ошириш, уларни барҳаёт обидаларга айлантириш асосий вазифаларимиздан бири сифатида белгиланган. Шунингдек, туризмни ривожлантиришда меҳмонхона бошқаруви, сервис ва хизмат кўрсатиш йўналишидаги ишларни такомиллаштириш, туристларга энг юқори ва сифатли даражада хизмат кўрсатадиган мутлақ янги тизимни яратиш борасидаги ишлар аллақачон бошланган.

Қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳам қатор лойиҳаларни режалаштирмоқдамиз. Бу борада Туркия тажрибасини татбиқ этиш ва мутахассисларимиз ўртасида ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш муҳим аҳамиятга эга.

— Агентлик билан ҳамкорликда Самарқанд давлат университетида замонавий технологиялар факультети, туркология институти очилиши ҳақида фикрлар бор. Бунга сизнинг муносабатингиз?

— Албатта, мерос дейилганда ­фақатгина тарихий мерос объект­лари эмас, балки илмий мерос ҳам тушунилади. Қадим Улуғбек мадрасасининг давомчиси бўлиш жуда катта шараф. Дарҳақиқат, дунё илм-фанининг асоси ҳам айнан мана шу заминда яратилган ва жаҳонга тарқалган. Бу ғояни биз нафақат ўзбек ёшларига, турк ёшларига ҳам сингдиришимиз зарур. Туркияда ёшлар магис­тратурада қайси давлатда ўқисам экан, деб мени олдимга маслаҳат сўраб келишади. Мен уларга Ўзбекис­тонда ўқишни тавсия қиламан. Аслида бунда жуда катта ғоя, мақсад бор, деб ўйлайман. Чунки бу ерда бизнинг аслимиз бор, ота-боболаримиз шу ердан кетишган. Шуни инобатга оладиган бўлсак, фарзанд­ларимизни фақатгина Европада эмас, балки бир вақтлар илму ирфоннинг маркази бўлган ота маконда ўқишларини давом эттириши муҳим аҳамиятга эга. Шунингдек, аср­лар давомида уйқуда ётган ислом маданияти, маърифатининг уйғониши бугунги кун учун жуда муҳим ҳисобланади.

Тарихи машҳур Улуғбек мадрасасига бориб туташувчи, Ўзбекистоннинг энг катта ва салоҳиятли дорилфунунларидан бўлмиш Самарқанд давлат университети билан ҳамкорлик қилиш, албатта, режамизда бор. Бу олий таълим даргоҳида Марказий Осиё туркий цивилизацияси масалаларини ўрганувчи туркология инс­титутини ва мамлакатингизни тараққий этаётган енгил ва машинасозлик саноати учун муҳандис кадрлар етиштириб берувчи замонавий технология­лар факультетини ташкил этиш, бу борада турк университетларининг тажрибасидан фойдаланиш кутилган натижани беради, албатта.

Ўзбекистон заминида буюк бир маънавият, маданият, илму ирфон яратилган. Бутун дунё бу ҳақиқатни билиши керак. Агар биз буни жаҳонга ёйсак, бугунги ислом динига бўлган қарашлар ҳам ўзгаради. Чунки бугун урушнинг, террорчиликнинг ­нишонига айланиб бораётган ислом диёрлари Самарқанд, Бухоро каби қадим шаҳарларнинг аслини, тарихини, бу ердан етишиб чиққан олимлар кимлигини, дунё илм-фанига қандай ҳисса қўшганлигини билганида эди, исломга бўлган дунёқараш ўзгаришига эришиларди. Ер юзида бугун ­ислом маърифатига жуда катта эҳтиёж бор.

Ўзбекистонда туризмни ривожлантириш нафақат иқтисодий жиҳатдан фойда келтиради, балки орамиздан кўтарилаётган буюк ахлоқ, одоб, маърифатнинг қайтишига ҳам сабаб бўлади. Бу тарихни жонлантириш демакдир. Бу ҳақиқатни биз чуқур англаб етишимиз керак. Бугунги кундаги раҳбарларимиз серғайрат инсонлардир. Биз кучли Йўлбошчилар раҳнамолигида катта ютуқларга эришиш имкониятига эгамиз.

Қадимдан туркийлар дунёга маданият улашган халқ сифатида танилган. Мен тарихий шахсларимиз, алломаларимиз ҳаётини ўрганишга ҳаракат қиламан. Мени энг кўп қизиқтирган шахс Амир Темур ҳазратлари бўлади. Амир Темурнинг ҳаёти, фаолияти, ғалабалари мени ҳар доим ўзига маҳлиё қилиб келган. Жаҳонга машҳур улкан салтанат қура олган бу шахс бутун дунёга мисли кўрилмаган буюк маданият, маърифат қолдирди.

— ТИКА билан ҳамкорликда ўтказилган «Ўрта асрларда Самар­қанддаги мадрасаи олияларнинг Ислом цивилизацияси ва таълим тизими тараққиётидаги роли» мавзусидаги халқаро конференция илмий жамоатчиликда яхши таассурот қолдирди. Бу йўналишдаги ишлар давом эттириладими?

— Мен ушбу конференцияни амалга оширишда яқиндан ёрдам берган барча дўстларимизга ўзимнинг миннатдорлигимни билдириб ўтмоқчиман. Бу каби анжуманларни кўпроқ бўлишини тарафдориман ва уни қўллаб-қувватлашга тайёрмиз. Нафақат Ўзбекистон ёки Туркияда, балки бутун дунё мамлакатларида ҳам конференциялар ташкил қилиш айни муддао бўлади, деб ўйлайман. Нима учун ўзбекистонлик олимлар туркиялик ҳамкасблари билан биргаликда Европада, Болқонда, Кавказда, Африкада ва дунёнинг бошқа жойларида конференция ташкил эта олмас экан? Бу борада TИKAнинг Тошкентдаги ваколатхонаси ҳам тегишли ишларни амалга оширади, албатта.

— Самарқанд давлат медицина институти Ўрта Осиёда биринчи бўлиб очилган тиббиёт олий ўқув юрти сифатида муҳим тарихий аҳамиятга эга. Бугунги кунда ҳам мазкур таълим даргоҳида замон талабларига жавоб берадиган кадрлар тайёрлаш ишларига алоҳида эътибор қаратилиб, Ўзбекистонда биринчи бўлиб ўқитишнинг халқаро стандартларга жавоб берадиган кредит-модул тизимига ўтилган. Келгусида мазкур институт ва унда фаолият кўрсатаётган олимларни қўллаб-қувватлаш бўйича Агентлик томонидан қандай лойиҳалар амалга оширилади?

— Албатта, бу масала жуда ҳам муҳим ҳисобланади. Мен европалик таниқли олимлардан Самарқанд давлат медицина институти салоҳияти ҳақида жуда кўп эшитганман. Бу борада мени бир фикрим бор. Биринчи навбатда тиббиёт соҳасидаги маҳаллий ва хорижий мутахассисларни Самарқанд давлат медицина инс­титутига таклиф қилиб, илмий конференция ташкил қилиш мақсадга мувофиқдир. Самарқанд давлат медицина институтининг катта илмий салоҳиятини Туркиядаги 70 дан зиёд тиббиёт факультетлари орасида оммалаштириш, ўз навбатида Самарқанд давлат медицина институти профессор-ўқитувчиларини туркиялик ҳамкасбларининг замонавий тиббиёт йўналишида тўплаган катта тажрибаси билан таништириш муҳимдир. Мисол учун, бу йўналишда ўқув-машғулотлари, маҳорат мактаблари ташкил қилинса, бу ҳар иккала томон учун ҳам фойдали бўлар эди.

Шунингдек, ўзбекистонлик ва туркиялик олимларни биргалашиб, бу каби хайрли ишларни амалга ошириши туркий халқлар бирдамликда ҳаракат қилаётганининг ўзига хос ифодаси бўлади, деб умид қиламан.

— Ўзбекистон халқига, газетхонларимизга тилакларингиз...

— Аввало, «Ўзбекистон овози» газетаси орқали ўқувчиларингиз билан мулоқот қилишга имкон берганингиз учун миннатдорлигимни билдираман. 2018 йил «Ўзбекистон овози» газетаси ўз фаолиятини бошлаганига 100 йил тўлар экан. Шу муносабат билан жамоани, газетхонларни табриклайман. Яна кўплаб асрларга тенг бўлган умрлар тилайман. Газетангиз Ўзбекис­тонда юз бераётган тарихий воқеликлардан бизга ҳам хабар беради. Шу сабабли яна бир бор ташаккур айтаман.

Суҳбатимиз сўнггида сизга алоҳида миннатдорлигимни билдирмоқчиман. 2018 йил тинчлик, осойишталик ҳукм сурган дунёда роҳат фароғатда яшаш насиб этсин. Мана шу барқарорликнинг, ҳамжиҳатликнинг ўрнатилишида, туркий халқлар, туркий жумҳуриятларнинг ўрни ва аҳамияти тобора ортиб боришини худодан сўраб қоламан. Буюкларнинг йўлини бериб, уларнинг изидан бориб, дунё илму ирфонига ҳисса қўшадиган инсонлар бўлиш барчамизга насиб этсин.

 

Фаррух ҲАМРОЕВ

суҳбатлашди.



DB query error.
Please try later.