01.09.2017

МУСИҚА БАЙРАМИ ҚАЛБЛАРНИ ЗАБТ ЭТДИ

Самарқанд шаҳрида «Шарқ тароналари» XI халқаро мусиқа фестивали якунланди

Оҳанг, куй-қўшиқ инсон қалбида энг нафис туйғуларни уйғотувчи, кишини руҳлантириб, эзгу ишларга бошловчи қудратли куч. Тил, миллат танламайдиган наволар ҳеч қандай таржимон, ҳеч бир воситасиз инсон юрагига кириб боради. Дилларни дилларга, элларни элларга боғлайди. Тинчликни, маданиятни, маънавиятни тарғиб этади, инсонийликни улуғлайди.

Йигирма йилдирки, «Шарқ тароналари» халқаро мусиқа фестивали ана шундай эзгу мақсадларга хизмат қилиб келмоқда. Биринчи Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан ташкил этилган мазкур санъат форуми ўтган давр мобайнида дунё халқлари миллий мусиқа маданияти анъаналарини асраб-авайлаш ва тарғиб этиш, тили, дини, миллатидан қатъи назар, барча халқларни санъат орқали яқинлаштириш ва улар ўртасидаги дўстлик алоқаларини мустаҳкамлашга қаратилгани билан ЮНЕСКО шафелигида ўтказилаётган йирик мусиқа анжуманларидан бирига айланди.

Фестиваль «Шарқ тароналари» деб номланса-да, унда дунё тароналари янграмоқда. Бугунги кунга қадар мазкур фестивалда сайёрамизнинг барча қитъаларидан 100 дан ортиқ давлат, кўплаб нуфузли халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этгани ҳам шундан далолат беради. Тадбирда қатнашиш истагида бўлганлар сафи йилдан-йилга кенгайиб бормоқда.

Бу йил жаҳоннинг 58 давлати санъат усталари «Шарқ тароналари»да ўз мусиқа ва қўшиқчилик анъаналари, маданиятини намойиш этди. Фестивалда бир неча нуфузли халқ­аро ташкилотлар раҳбарлари фахрий меҳмон сифатида қатнашди. Улар мазкур санъат байрамининг турли миллат ва элатлар ўртасидаги дўстлик алоқаларини мустаҳкамлаш, тинчлик ва бағрикенгликни тарғиб этишдаги роли ва аҳамиятини, Ўзбекистонда ушбу халқ­аро форумга ҳар сафар катта тайёргарлик кўрилиши ва тадбирларнинг юксак савияда ўтказилишини алоҳида таъкидлади.

— Самарқанд ўзининг бир неча минг йиллик ўтмиши давомида цивилизация, илм-фан, маданият маркази бўлгани тарихдан яхши маълум, — деди Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича тузилмаси — АЙСЕСКО Бош директори Абдулазиз Усмон ал-Тувайжри. — Бу анъана бугун ҳам давом этмоқда. Мен дунёнинг турли давлатларидан келган олимлар фикрларини эшитиб, муқаддас қадамжолар, тарихий обидаларни зиёрат қилиб, шаҳар билан яқиндан танишиб, бу муқаддас заминга олдинроқ келмаганимга афсусландим. Самар­қанд қалбимдан чуқур жой олди ва мен бу ерга яна албатта келаман.

Фестивалнинг тантанали очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг иштирок этиши ва анжуман қатнашчилари ҳамда меҳмонларини табриклаши сайёрамизнинг турли ҳудудларидан келган хонанда ва созандалар, мусиқашунос олимларни янада руҳлантириб юборди.

Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, дунёда қарама-қаршилик ва зиддиятлар кучайиб бораётган бугунги ўта мураккаб замонда миллати, тили ва дини турлича бўлган миллионлаб одамларни ўзаро дўст қиладиган, улар ўртасида ҳамкорлик ва ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлайдиган мусиқа санъатининг ўрни ва таъсири тобора ортиб бормоқда. «Шарқ тароналари» мусиқа фестивали ҳам айнан шундай мақсадларга хизмат қилмоқда.

Халқаро форум қатнашчилари бу жиҳатларни фестиваль доирасидаги тадбирларда яққол ҳис қилди. Регистон майдонидаги асосий саҳнада, шунингдек, Самарқанд шаҳри, Оқдарё, Пастдарғом, Жомбой, Самарқанд туманларидаги истироҳат боғлари, мусиқа ва санъат мактабларида қарийб бир ҳафта давомида дунё халқлари куй-қўшиқлари янгради. Миллий рақслар ижро этилди.

Юртимиз санъат усталари ва ёш ижрочилар билан ҳамкорликда уюштирилган концерт дастурларида ҳам халқлар ўртасидаги дўстлик, меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик, тинчлик тараннум этилди. Меҳмонлар жойларда Ватанимиз мустақиллигининг 26 йиллиги муносабати билан «Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!» шиори остида ўтказилаётган байрам тадбирларида қатнашди.

Самарқанд шаҳридаги музейлар, ҳунармандлар марказлари ва меҳмонхоналарда фес­тиваль тарихига оид суратлар, миллий ҳунармандлик маҳсулотлари ва чолғу асбоблари кўргазмалари намойиш этилди. Ҳар қарич ери муқаддас заминимиздаги тарихий обидалар, буюк алломаларимиз номи билан боғлиқ мажмуалар, таълим муассасалари, замонавий ишлаб чиқариш корхоналарига саёҳатлар уюштирилди.

Анжуман доирасида ўтказилган «Шарқ халқ­лари мусиқа маданиятида миллий анъаналарнинг шаклланиши ва ривожланиши» мавзуидаги халқаро илмий-назарий конференция санъатшунос олимларнинг йирик халқ­аро анжумани сифатида муҳим ва долзарб масалалар муҳокамасига бағишланди. Тадбирда 20 дан ортиқ мамлакатдан келган олим ва мутахассислар маърузалар қилди, тақдимотлар ўтказди.

30 август куни Регистон майдонидаги амфитеатрда фестиваль иштирокчилари ва меҳмонлар, юртимиз маданият ва санъат намояндалари, жамоатчилик вакиллари халқаро мусиқа анжуманининг тантанали ёпилиш маросимига жам бўлди.

Фестиваль қатнашчилари ва ҳакамлар ҳайъати тадбирларнинг юқори савияда ташкил этилгани, юксак ҳурмат-эҳтиром ва самимий меҳмондўстлик учун мамлакатимиз раҳбариятига, халқимизга миннатдорлик изҳор қилди. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг фестиваль иштирокчиларига йўллаган табрик сўзида билдирилган истаклар, фикрлар анжуман доирасидаги барча тадбирларда ўз ифодасини топгани, иштирокчиларни руҳлантиргани таъкидланди.

25-30 август кунлари дунё санъат аҳлининг бош саҳнасига айланган Регистондаги амфитеатрда «Шарқ тароналари» XI халқаро мусиқа фестивали ғолиб ва совриндорларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Дастлаб, фаол жамоалар қатор номинациялар бўйича тақдирланди. ЮНЕСКО, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, «Шарқ тароналари» халқаро мусиқа фестивали дирекцияси, Самарқанд вилояти ва шаҳар ҳокимлиги ҳамда бошқа ташкилотларнинг махсус мукофотлари топширилди.

Саҳнага Эрон, Индонезия ва Туркиядан келган жамоалар таклиф этилди. Уларга фес­тивалнинг учинчи даражали дипломлари топширилди.

Иккинчи ўринга Қирғизистон ва Литвадан келган санъаткорлар сазовор бўлди.

Жанубий Кореянинг Геосонг халқ қўшиқларини сақлаш фонди жамоаси ҳамда мамлакатимиз вакили Моҳичеҳра Шомуродова биринчи ўринга муносиб, деб топилди.

Ниҳоят, ҳаяжонли лаҳзалар. Ҳакамлар ҳайъати хулосасига кўра, «Шарқ тароналари» XI халқаро мусиқа фестивалининг бош сов­рини — Гран-при Озарбайжон вакилига берилгани маълум қилинди.

— Дунё эътирофидаги ушбу фестивалда иштирок этишнинг ўзи биз учун катта шараф бўлганини таъкидламоқчиман, — дейди Гран-при соҳиби, Озарбайжон Республикасида хизмат кўрсатган артист Соҳиб Пошшозода — «Шарқ тароналари» бош совринини қўлга киритишим эса тарихий воқеа бўлди. Ҳозир қалбимда кечаётган ҳаяжон, фахр-ифтихорни сўз билан ифодалаш қийин. Фурсатдан фойдаланиб, ушбу фестивални ташкил этган Ўзбекистон раҳбариятига, бизга жуда катта ҳурмат кўрсатган санъатсевар ўзбек халқига миннатдорлик изҳор этаман.

Маросимда юртимиз санъат усталари ва ёш ижрочилар томонидан концерт дастури ҳамда «Ўзбекистон маданий мероси — умумбашарий бойлик» деб номланган 3D проекция-мусиқали ёритиш томошаси намойиш этилди.

 

Бекзод ҲИДОЯТОВ,

Ғолиб ҲАСАНОВ,

ЎзА махсус мухбирлари.



DB query error.
Please try later.