11.01.2018

ҚУРОЛЛИ КУЧЛАРИМИЗ – МАМЛАКАТИМИЗ БАРҚАРОРЛИГИ ВА ТАРАҚҚИЁТИНИНГ МУСТАҲКАМ КАФОЛАТИДИР

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган таркибдаги мажлисидаги нутқи

Ҳурматли йиғилиш иштирокчилари! 

Бугунги йиғилишимиз мамлакатимиз ҳаётидаги муҳим воқеа – Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 26 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни арафасида ўтказилмоқда. 

Аввало, сизларни ва барча юртдошларимизни ана шу умумхалқ байрами билан чин қалбимдан самимий табриклашга рухсат бергайсиз. 

Бундан роппа-роса бир йил аввал мана шу ўқув юртида – Ўзбекистон Қуролли Кучлари академиясида мамлакатимиз Қуролли Кучларини янада ислоҳ қилиш бўйича олдимизда турган вазифаларни атрофлича муҳокама қилган эдик. 

Учрашувда ҳарбий кадрлар тайёрлаш соҳасидаги долзарб вазифалардан бири сифатида Академия фаолиятини такомиллаштириш масаласи кўриб чиқилган эди. Бугунги йиғилишимиз мутлақо янгиланган Академияда ўтказилаётгани ҳаммамизни қувонтирмоқда. Бу ерда ташкил этилган замонавий ситуацион марказ йил давомида амалга оширган ишларимиз натижасидир. 

Ўтган йил мобайнида биз бу борада эришган ютуқ ва ижобий мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Шу билан бирга, мамлакатимизнинг мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш соҳасида ҳали анча муаммолар борлигини қайд этиш зарур. Уларни ҳал қилиш юзасидан 2018 йилда ва келгуси йилларда қаттиқ иш олиб боришимиз лозим. 

Мен йил давомида Қуролли Кучларнинг жанговар тайёргарлиги ва қобилиятини таҳлил қилиб бордим. Ҳарбий ўқув машқларини Каттақўрғон полигонида кузатдим, Жануби-Ғарбий, Шарқий ва Тошкент ҳарбий округларида Мудофаа вазирлиги ва чегара қўшинлари бўлинмаларини, бугун эса Чирчиқ шаҳридаги ҳарбий қисмни бориб кўрдим. Ҳарбий хизматчилар билан суҳбатлашдим, мансабдор шахсларнинг ҳисоботларини эшитдим. Натижада кўп йиллар давомида йиғилиб қолган жиддий, тизимли муаммолар аниқланди. Булар – кадрлар масаласи, қўшинларни замонавий қурол-яроғлар билан таъминлаш, ҳарбий хизматчиларни ижтимоий ҳимоя қилиш, ёшлар ва ҳарбий хизматчиларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялашга тааллуқли муаммолардир. 

Албатта, ўтган йили биринчи навбатда ҳал этилиши керак бўлган кўплаб масалалар бўйича аниқ қарорлар қабул қилинди. 

Лекин, тан олишимиз керак, уларнинг барчаси тизимли эмас, балки маълум бир йўналиш ва бўғиндаги муаммоларни бартараф этишга қаратилган ишлардир. Ана шу ҳолатни ҳисобга олиб, Ватанимиз хавфсизлигини мустаҳкамлаш, унинг мудофаа қобилиятини кучайтиришдек ғоят муҳим соҳада кўплаб муаммолар мавжудлигини англаган ҳолда, биз янги Мудофаа доктринасини қабул қилдик. Ушбу ҳужжатда мамлакатимизнинг ҳарбий қурилиши ва Қуролли Кучларни ривожлантириш масалалари бўйича асосий йўналиш ва замонавий ёндашувлар акс эттирилди. 

2017 йил 12 декабрда Президент фармони қабул қилиниб, унда мавжуд мураккаб ҳолатдан чиқишнинг таъсирчан ва самарали чора-тадбирлари белгилаб берилди. 

Бугун сизлар билан ўтган йилда амалга оширган ишларимизга якун ясаб, келгусидаги вазифаларимиз ҳақида гаплашиб олишимиз зарур. 

Ҳурматли йиғилиш қатнашчилари! 

Ҳозирги вақтда минтақамизда ва дунёда ҳукм сураётган, олдиндан айтиб бўлмайдиган мураккаб шароитда мамлакатимиз хавфсизлиги ва ҳудудий яхлитлигини таъминлаш, жамиятимизда тинчлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш қанчалик катта аҳамиятга эга эканини барчамиз чуқур англаймиз. Бу эса ўтган давр мобайнида эришган ютуқларимиз ва йўл қўйган камчиликларимиз, тўпланиб қолган муаммоларни чуқур таҳлил қилиш, бугун ҳаётнинг ўзи илгари сураётган талабларни ҳисобга олишни тақозо этмоқда. 

Биз айни шу асосда мамлакатимиз мудофаа салоҳиятини мустаҳкамлашни Ўзбекистонни ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг устувор йўналишларидан бири сифатида белгилаб олдик. Стратегияга биноан 2017 йилда бошқа соҳалар қаторида ҳарбий қурилиш борасида ҳам кенг кўламли ўзгаришлар амалга оширилди. Қисқа муддатда дастлабки аниқ натижаларга эришдик ва янгиланаётган Қуролли Кучларимиз бўйича стратегик ёндашувни ишлаб чиқдик. 

Биринчидан, ташқи сиёсатимизнинг мослашувчанлик ва очиқлик принципларига, энг асосийси, қўшни давлатлар билан дўстона ва амалий муносабатларни ривожлантириш, Ватанимиз суверенитети ва мустақиллигини мустаҳкамлашдек биз учун устувор бўлган тамойилларга таянган ҳолда, мамлакатимиз Мудофаа доктринаси сифат жиҳатидан янгиланди. Бу доктринанинг маъно-мазмуни биринчи марта очиқлик хусусиятига эга бўлди. Бу эса бизнинг мудофаа сиёсатимизнинг очиқлигини намойиш этмоқда. Доктринада Ўзбекистоннинг мудофаа соҳасидаги сиёсати бўйича принципиал ёндашувлар, уларни қўллаш асослари, Қуролли Кучлар олдида турган вазифалар, шунингдек, миллий армиямиз қурилиши ва ривожланишини давом эттириш бўйича истиқболли йўналишлар белгилаб берилди. 

Барчангизнинг эътиборингизни муҳим бир масалага қаратмоқчиман: Мудофаа доктринаси қоидалари қоғозда қолиб кетмаслиги, биз уларни ҳаётга сўзсиз жорий этишни таъминлашимиз шарт.

Шу муносабат билан Олий Мажлис Мудофаа доктринасини амалга ошириш, бу масала бўйича мунтазам равишда парламент назоратини олиб бориши мақсадга мувофиқдир. Умуман олганда, депутат ва сенаторларимиз мудофаа ва ҳарбий қурилиш масалаларига бефарқ бўлмасдан, бу борада ўз фаолиятларини кучайтиришлари, ҳар бир чоракда икки марта Олий Мажлис палаталарининг йиғилишларида ушбу йўналишдаги ишларнинг аҳволини муҳокама қилиб борсалар, айни муддао бўларди. 

Қуйи палата ҳамда Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари бўйича қўмиталари раислари, мудофаа вазири ва бошқа тегишли тузилмалар раҳбарлари қуйидаги вазифаларни амалга оширишлари зарур: 

– амалдаги қонунчиликка тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, Мудофаа доктринаси асосида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларини стратегик қўллаш бўйича ҳужжатлар қайта ишлаб чиқилишини таъминлаш; 

– ҳарбий хизматчилар, жамоатчилигимиз ва чет эллик ҳамкорларимиз ўртасида мудофаа сиёсатимизнинг асосий принципларини тушунтириш бўйича кенг кўламли ишларни ташкил этиш лозим. Бу борада мазкур сиёсатнинг очиқлиги ҳамда хавфсизлик ва мудофаа соҳасида бошқа хорижий мамлакатлар билан амалий муносабатларни ривожлантириш биз учун устувор аҳамиятга эга эканига эътибор қаратиш даркор. 

Иккинчидан, Мудофаа доктринаси қоидалари ва мамлакатимизнинг геостратегик жойлашувини ҳисобга олган ҳолда, ҳарбий округларнинг таркибий тузилиши ва вазифалари тубдан қайта кўриб чиқилди. 

Хусусан, Мудофаа вазирлигининг барча бирлашма ва қисмларининг таркибий тузилмаси тўлиқ янгиланди. Биз бўлинмаларга жанговар тайёргарлик билан тўлақонли шуғулланиш, ҳарбий хизматчиларнинг касбий малакасини ошириш ва ўз йўналиши бўйича вазифаларни аниқ бажариш учун тайёр бўлишига алоҳида эътибор қаратдик. Бунга имкон бермаган тузилмалардан бутунлай воз кечдик. 

Шундан келиб чиққан ҳолда, ҳарбир офицер ва сержант эгаллаб турган лавозимидан қатъи назар, ўз фаолиятига танқидий баҳо бериши керак. Улар “Мен келгусида хизматни давом эттиришга муносибманми ёки йўқми?” деган саволга жавоб бериши шарт. 

Мен ҳарбий хизматчиларимизнинг жисмоний ва руҳий тайёргарлиги билан боғлиқ бир қатор муаммоларга эътибор қаратмоқчиман. Нега деганда, жисмоний тайёргарлик ҳарбий хизматчилар учун хизмат фаолиятида, ҳарбий карьерасида ва умуман, турмуш тарзида ҳал қилувчи омиллардан бири бўлиши зарур. 

Ҳарбий хизматчиларнинг руҳий жиҳатдан чидамли бўлиши ҳақида гапирганда, кейинги пайтда дунёнинг турли минтақаларида содир бўлаётган қуролли тўқнашувларда кўзга ташланаётган бир ҳолатга эътиборингизни қаратмоқчиман. Яъни, жанговар ҳаракатлар давомида шахсий таркиб ўртасидаги йўқотишларнинг асосий қисми кучли руҳий таъсир ва зарбалар билан боғлиқ экани маълум бўлмоқда. Бундай руҳий жароҳатларни ҳатто тинч ҳаёт шароитида ҳам даволаш жуда мураккаб масаладир. 

Шу муносабат билан тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари барча тоифадаги ҳарбий хизматчиларнинг жисмоний ва руҳий тайёргарлиги бўйича принципиал жиҳатдан янги меъёрий ҳужжатлар ишлаб чиқиши зарур. Бу борада асосий эътиборни ҳарбий-амалий масалаларни ҳал этишга йўналтириш лозим. Ҳарбий хизматчилар ҳар томонлама соғлом ва чидамли бўлиши, ҳар қандай мураккаб жисмоний ва руҳий синовларга бардош бериши керак. 

Қўшинлардаги ташкилий-штат ўзгаришларига оид масалаларга яна бир бор эътибор қаратиб, таъкидлаб айтмоқчиман: ҳозирги пайтда Мудофаа вазирлиги томонидан қўшинларни янги ташкилий тузилмага ўтказиш ишлари бошланди. Бу ишлар янги ўқув йилига қадар якунланиши зарур. 

Ана шу чора-тадбирлар ҳақида гапирганда, мудофаа вазири ва унинг ўринбосарлари эътиборини ушбу вазифаларнинг нақадар муҳим эканига қаратмоқчиман. Уларнинг ижросини шахсан ўзим назорат қилиб бораман. 

Қуролли Кучлар Бош штаби бошлиғи П.Эргашев бу борада фақат механизм яратиш эмас, балки уни самарали ишлатиш ўта муҳим аҳамиятга эга эканини чуқур англаб етиши керак. Қўшинлар исталган дақиқада ўз олдига қўйилган вазифаларни бажаришга қодир бўлиши керак. Улар жанговар тайёргарликнинг янги тизими бўйича мунтазам шуғулланиб бориши, барча ҳарбий хизматчилар ҳақиқий профессионал кадр бўлиши учун ўз соҳасини пухта эгаллаши шарт. 

Нима учун бу талаблар бугун кун тартибига кескин қилиб қўйилмоқда? Чунки, Мудофаа вазирлигидаги кўплаб мансабдор шахслар ишончни оқламагани, ўзларини кўрсатишда сусткашликка йўл қўйгани, уларда ташаббус йўқлиги, мустақил қарорлар қабул қилишни, масъулиятни ўзига олишга тайёр эмаслиги бунга сабаб бўлмоқда. 

Ҳолбуки, уларга ўз қобилиятини амалда намоён этиши учун барча имкониятлар яратиб берилган эди. Бундай камчиликлар мудофаа вазирлиги собиқ раҳбарияти фаолиятининг натижаси, десак хато бўлмайди. Очиқ айтиш керак, улар асосан эски усуллар билан ишлаб, қўшинлар билан мунтазам алоқа ўрнатмаган, ҳарбий кадрлар тайёрлаш масаласига жиддий эътибор қаратмаган, зарур ҳолларда мустақил қарор қабул қилишда уларга қатъият етишмаган. 

Афсуски, бунинг оқибатида бизда кўп ҳолларда ҳарбий бошлиқлар тепадан буйруқ кутиб ўтиришга ўрганиб қолди. Яна бир бор такрорлаб айтаман: ҳар бир командир ва қўмондон ўз ҳарбий қисми ва округининг шароитидан, мавжуд жанговар вазиятдан келиб чиққан ҳолда, тезкорлик билан ҳар томонлама асосланган, мустақил қарор қабул қилишга қодир бўлиши шарт. 

Мен мудофаа вазирининг тавсиясига биноан, вазирнинг иккита ўринбосари, Қуролли Кучлар академияси раҳбари ва Чирчиқ ҳарбий билим юрти бошлиғини лавозимидан озод қилдим. Ҳозиргача ҳарбий округ қўшин қўмондони вазифасини вақтинча бажариб келаётганлардан бири бу лавозимга тасдиқланмади. 

Айни пайтда, қўйилган талабларга жавоб бермаётган ва қўшинлар билан фаол ишлашдан ўзини четга олган 40 га яқин ҳарбий хизматчи мудофаа вазири томонидан ишдан бўшатилгани, 36 нафарининг лавозими пасайтирилгани нимадан далолат беради? Бу биринчи навбатда, соҳада ҳарбий кадрлар фаолиятини аниқ баҳолашнинг рейтинг тизими мавжуд эмаслигини, оқибатда кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйиш ишлари қониқарсиз эканини кўрсатади. 

Мана шу ва бошқа мавжуд камчиликларни бартараф этиш, тизимда барча ишларни замон талаблари даражасида ташкил этиш, ҳарбий соҳада ислоҳотларни янада чуқурлаштириш мақсадида мен Бош штаб бошлиғи ҳамда барча ҳарбий округ қўмондонларини янгитдан тайинладим. 

Шу муносабат билан барчангизни огоҳлантириб айтмоқчиман: 2018 йил сизлар учун катта синов йили бўлади. Нега деганда, ҳар қайси округ олдида турган вазифалар, мавжуд таҳдид ва хавф-хатарлар бир-бирига ўхшамайди. Буни ҳар қайси раҳбар чуқур билиши ва ўз фаолияти учун зарур хулоса чиқариб олиши даркор. 

Яна бир муҳим масала – Мудофаа вазирлиги қисмлари ва муассасалари сонини оптималлаштириш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар доирасида ҳарбий шаҳарчаларни инвентаризациядан ўтказиш зарурати юзага келмоқда. 

Шу муносабат билан Бош вазирнинг биринчи ўринбосари А.Раматов ва жойлардаги давлат ҳокимияти органлари раҳбарлари мудофаа вазири А.Азизов билан биргаликда барча истиқболли ҳарбий шаҳарчалардаги мавжуд ҳолатни, масалага жиддий ёндашган ҳолда, пухта таҳлил қилиши зарур. 

Бу борада бўшаётган ҳарбий шаҳарчаларни белгиланган тартибда тегишли идораларга бериш ва келгусида улардан мақсадли ва оқилона фойдаланиш бўйича назорат ўрнатиш Бош вазир А.Арипов зиммасига юкланади. 

Кейинги пайтларда Қуролли Кучларнинг ташкилий тузилмаси бўйича амалга оширилган чора-тадбирлар ҳақида сўз юритганда, Миллий гвардия ташкил этилганини алоҳида таъкидлаш лозим. Маълумки, бу махсус ҳарбий бўлинма фаолияти жамият ва давлат хавфсизлигини таъминлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини рўёбга чиқариш, аҳолини турли террорчилик хатарларидан, жиноий ва бошқа ноқонуний хатти-ҳаракатлардан ҳимоя қилишга қаратилган. 

Қисқа вақт ичида Миллий гвардия мамлакат хавфсизлигини таъминлаш тизимидаги муҳим бўғинга айланди ва Қуролли Кучлар таркибий қисмлари билан яқин ҳамкорлик ўрнатди. 

Афсуски, охирги 15-20 йил давомида жамоат тартиби ва хавфсизлигини сақлаш масалаларига нотўғри ёндашув туфайли бу муҳим масала эътиборимиздан четда қолиб келди. Жумладан, Хавфсизлик кенгаши ҳам бунга етарлича эътибор бермаганини очиқ айтиш керак. Бу тизимнинг аниқ эгаси бўлмаган, бу масалалар билан шуғулланадиган бўлинмалар гоҳ Ички ишлар вазирлиги, гоҳ Мудофаа вазирлиги тасарруфида бўлиб келган. Шу сабабли ушбу бўлинмалар ўз ўрнини тополмади. Жамоат тартиби ва хавфсизлигини сақлаш бўйича ўқув машқлари деярли ўтказилмаган. Тезкор вазифаларни бажариш зарур бўлган пайтда турли бюрократик тўсиқларга дуч келинган. Натижада тезкор қарорлар ўз вақтида қабул қилинмаган, вазифалар самарали бажарилмаган. 

Ҳолбуки, бутун дунёда мамлакат ичида тартиб-интизом ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш билан армия эмас, Мудофаа вазирлиги эмас, балки алоҳида тузилмалар шуғулланади. 

Маълумки, бугунги кунда биз “Хавфсиз шаҳар – хавфсиз мамлакат” концепцияси асосида юртимизда жамоат тартибини таъминлашга қаратилган катта ишларни амалга оширмоқдамиз. Шу муносабат билан мана шу янги тузилма, яъни, Миллий гвардия ташкил этилди. Энди бундан буён ҳар бир шаҳар ва вилоятда хавфсиз ҳудуд лойиҳасини амалга ошириш, жамоат тартибини сақлаш учун Ички ишлар вазирлиги билан бирга Миллий гвардия масъул ва жавобгар этиб белгиланади. Бу вазифаларни бажариш учун Миллий гвардия жойлардаги давлат ҳокимияти идоралари, жамоат ташкилотлари билан яқин ҳамкорликда фаолият олиб боради. 

Шу муносабат билан Миллий гвардия қўмондони Б.Тошматовга ташкилий ишларни тезроқ якунлаб, ўзининг бевосита вазифаси бўлган жамоат тартиби ва хавфсизлигини сақлаш масаласи билан яқиндан шуғулланиш топширилади. Бундан буён мамлакатимизда жамоат тартиби ва хавфсизлигини сақлаш масаласига ички ишлар вазири П.Бобожонов ва Миллий гвардия қўмондони Б.Тошматов шахсан жавобгар бўлади. 

Ҳозирги пайтда Миллий гвардия томонидан қўшинлар фаолиятининг самарадорлигини оширишга йўналтирилган тадбирлар амалга оширилмоқда, шунингдек, ўз Ватанига садоқатли, юқори малакали ҳарбий кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш бўйича ишлар давом эттирилмоқда. 

Учинчидан, мамлакатимиздаги барча турдош корхоналарни бирлаштирган Мудофаа саноати бўйича давлат қўмитасининг ташкил қилиниши миллий мудофаа-саноат комплексини шакллантириш йўлидаги биринчи ва муҳим қадам бўлди. 

Шуни очиқ тан олиш керакки, тегишли илмий ва саноат салоҳиятига эга бўлган ҳолда, биз 25 йил давомида мамлакатнинг мудофаа-саноат комплексини ташкил қилишга умуман эътибор қаратмадик. Бу эса, табиийки, Қуролли Кучларни ҳарбий техника ва қурол-яроғлар билан таъминлаш даражасига салбий таъсир кўрсатди. 

Масалан, радио алоқа ускуналарини ишлаб чиқариш бўйича биз амалга оширган лойиҳани олайлик. Ўзингиз гувоҳ бўлганингиздек, уни ҳаётга жорий этиш учун бор-йўғи тўққиз ой етарли бўлди. Бу ҳақда жиддий ўйлаб кўриш керак. 

Жаҳон тажрибасидан маълумки, ривожланган мудофаа саноати инновацион ва юқори технологияларга асосланган иқтисодиётнинг энг муҳим таркибий қисмларидан бири ҳисобланади. 

Ишончим комилки, иқтисодиётнинг тўлақонли мудофаа секторини шакллантириш бўйича биз бошлаган иш яқин келажакда миллий армиямизни қурол-яроғ ва ҳарбий техника билан таъминлаш билан бирга қўшимча иш ўринлари яратиш, мамлакатимиз иқтисодиётини диверсификация қилиш имконини ҳам беради. 

Ушбу йўналишда ҳарбий ва икки хил мақсадда фойдаланиш мумкин бўлган, импорт ўрнини босадиган, рақобатбардош ва экспортга йўналтирилган маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ўзлаштиришга қаратилган комплекс вазифаларни ҳам ҳал қилишимиз керак. 

Мамлакатимизда мудофаа саноати комплексини ривожлантириш бўйича улкан салоҳият ва имкониятлар мавжуд. Бироқ биз улардан умуман фойдаланмаяпмиз. Масалан, жойлардаги давлат ҳокимияти органлари раҳбарлари ҳудудларда ҳарбий хизматчилар учун махсус кийим-кечаклар, экипировка, турли асбоб-ускуналар, қуруқ паёклар ишлаб чиқариш, икки хил мақсадда фойдаланиш мумкин бўлган маҳсулотларни тайёрлайдиган цехларни ташкил қилиш бўйича катта имкониятларга эга. Буларнинг барчаси бизга қўшимча иш ўринлари яратишда жуда қўл келади. Президентнинг яқинда эълон қилинган фармони билан сизларга бу борада тегишли ваколатлар берилган. Сизлар ҳарбий қўшин турларининг талаб ва эҳтиёжларини ўрганиб, бу йўналишда ишни тўғри ташкил этишингиз мумкин-ку! 

Энди вилоят ҳокимлари ва округ раҳбарларининг фаолиятига шу вазифа қандай бажарилаётганига ҳам қараб баҳо берамиз. 

Биз Мудофаа саноати бўйича давлат қўмитасини Тошкент қишлоқ хўжалиги техникаси заводи ҳудудида жойлаштириш ҳақида қарор қабул қилдик. Нега деганда, мазкур қўмитанинг бошқарув аппарати бевосита ишлаб чиқариш муҳитида доимий фаолият олиб бориши лозим. 

Бош вазир ўринбосари Н.Отажонов ва Мудофаа саноати бўйича давлат қўмитаси раиси А.Ибодуллаев 2018 йилда қўмита фаолиятини самарали ташкил қилиш бўйича “йўл харитаси” ишлаб чиқишни қисқа муддатда якунлаб, Қуролли Кучларнинг бугунги ҳолати ва келажак истиқболларини ҳисобга олиб, уни амалга оширишга киришиши зарур. 

Бу борада тегишли муассасалар ва хорижий ҳамкорларимизнинг етакчи ташкилотлари билан битимлар тузиш ва давлатлараро қўмиталар йиғилишларини ўтказган ҳолда, тўғридан-тўғри яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш керак. 

Бош вазир А.Арипов, Бош вазир ўринбосари Н.Отажонов, Хавфсизлик кенгаши котиби В.Маҳмудов, Мудофаа саноати бўйича давлат қўмитаси раиси А.Ибодуллаев, Фанлар академияси президенти Б.Йўлдошев 15 кун муддатда бу масала бўйича тегишли ҳужжатларни тайёрлаб, кўриб чиқиш учун киритсин. 

Тўртинчидан, мамлакатимизнинг мудофаа қобилиятини мустаҳкамлашда жойлардаги давлат ҳокимияти органларининг фаоллигини ва ролини ошириш бўйича ишлар сифат жиҳатдан бутунлай янги босқичга кўтарилди. “Миллий армиямиз – бизнинг ифтихоримиз ва ғуруримиз” тамойили асосида ҳудудларда мудофаа соҳасида ягона давлат сиёсатини юритиш, армия ва халқнинг якдиллигини таъминлаш мақсадида ҳарбий-маъмурий секторлар ташкил этилди. 

Барчамиз бир фикрни яхши англаб олишимиз керак: эл-юртимизнинг тинчлигини таъминлаш мақсадида бугун мудофаа соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг қанчалик самара бериши армия ва халқнинг бирдамлигига боғлиқ. 

Афсуски, ёшларни, умуман, мамлакатимиз аҳолисини ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ишларига Мудофаа вазирлиги ва бошқа дахлдор идоралар томонидан етарли аҳамият берилмаган, десак, ҳақиқатни айтган бўламиз. 

Биз бу борада қуйидаги ҳолатларни ҳисобга олган ҳолда, ҳарбий-маъмурий секторлар ташкил этиш ҳақида қарор қабул қилдик. 

Биринчидан, ҳарбий округлар ва жойлардаги давлат ҳокимияти органлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик даражаси қўшинларда вужудга келган долзарб муаммоларни ҳал қилиш бўйича ишларни самарали олиб бориш имконини бермаётган эди. 

Бу тадбирлар асосан муддатли ҳарбий хизматга чақирувлар, ҳарбий хизматчиларни захирага бўшатиш ва шунингдек, байрамлар пайтидаги биргаликдаги фаолият билан чекланар эди. 

Иккинчидан, ҳарбий округлар ва қисмларнинг мансабдор шахслари томонидан аҳоли билан мулоқот йўлга қўйилмаган эди. Эл-юртимизни ҳарбий қурилиш ва мамлакатимиз мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш соҳасидаги ўзгаришлардан хабардор қилиш, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва фуқаролик жамияти институтлари билан ўзаро ҳамкорлик бўйича ишлар олиб борилмаган эди. 

Учинчидан, маҳаллий бюджетлар маблағларини ҳарбий қисмлардаги устувор аҳамиятга молик лойиҳаларни молиялаштириш учун жалб қилиш бўйича амалий механизм йўқ эди. Бу ҳол ҳарбий-ватанпарварлик, ҳарбий хизматчиларни ижтимоий ҳимоя қилиш, ҳарбий инфратузилмаларни ривожлантириш билан боғлиқ масалаларни тез ва самарали ҳал этиш имконини бермас эди. 

Тўртинчидан, энг ёмони, ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик ва маънавий-ахлоқий қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялаш ва ўқитиш, навқирон авлодимизни бизнинг халқимизга мутлақо бегона бўлган бузғунчи ғоялардан ҳимоя қилиш масалаларига зарур даражада эътибор қаратилмади. 

Айниқса, диний экстремизм ғояларига берилиб, йўлдан адашган ёшларни соғлом турмуш тарзига қайтаришда биз Қуролли Кучлар сафида хизмат қилаётган аскар ва офицерларимизнинг салоҳиятидан фойдалана олмаяпмиз. 

Ҳолбуки, Ватан ҳимоясида тобланган мард ўғлонларимиз ўзининг мардлик ва жасурлик фазилатлари, юксак ватанпарварлик туйғуси билан обрў-эътибор қозонган ҳарбий хизматчиларимиз ёшларга ҳар томонлама ибрат ва ўрнак намунаси бўлиши мумкин. 

Бир фикрни ҳеч қачон унутмаслигимиз керак: армияни моддий жиҳатдан барча замонавий зарур техника ва жиҳозлар, қурол-яроғлар билан таъминлаш мумкин. Аммо шахсий таркиб маънавий жиҳатдан заиф бўлса, яъни, аскар ва офицерларимизда жанговар руҳ, Ватанга меҳр ва садоқат, унинг тақдири учун масъулият бўлмаса ёки уларнинг ўртасида бепарволик ҳукм сурса, бундай ҳолат ниҳоятда нохуш оқибатларга олиб келиши мумкин. 

Бугунги йиғилишнинг барча иштирокчилари ва жойлардаги давлат ҳокимияти органлари раҳбарлари ушбу масалани улкан ҳаётий аҳамиятга эга, мамлакатимиз ва фуқароларимиз хавфсизлигига, миллий армиямизнинг мудофаа қобилиятига бевосита таъсир кўрсатадиган ўта муҳим вазифа сифатида қабул қилсин. 

Бешинчидан, ёш авлодимизда қатъий ҳаётий позиция ва Ватанимиз тақдири учун юксак масъулият туйғусини шакллантириш алоҳида муҳим аҳамиятга эга. Шуни ҳисобга олиб, мамлакатимизда ўрта мактабдан бошлаб олий ўқув юртларигача қамраб оладиган узлуксиз ҳарбий таълим ва ватанпарварлик тарбияси бўйича ўзига хос ноёб ва яхлит тизим яратилмоқда. Ушбу тизим мутлақо янги Қуролли Кучлар академиясини шакллантиришни, ҳарбий билим юртлари, лицей ва коллежлар фаолиятини такомиллаштиришни, “Темурбеклар мактаби” ҳарбий академик лицейлари ташкил этишни кўзда тутади. 

Айни вақтда, айтиш жоизки, кўрилаётган чора-тадбирларга қарамасдан, ҳарбий кадрларни тайёрлаш тизими замон талабларига тўлиқ жавоб бермайди. Бунинг сабаби – айрим мансабдор шахслар, масаланинг моҳияти ва аҳамиятини етарли даражада тушунмагани билан боғлиқ десак, тўғри бўлади. 

Академияда ўқув жараёнини ташкил қилишда эскича ёндашувлар ҳали ҳам бартараф этилмаган. Бундай ҳолат билан муроса қилиб бўлмайди. Биз бу масалада доимо замон билан бирга қадам ташлашимиз, керак бўлса, ундан олдинда юришимиз зарур. Академияда ва бошқа ҳарбий ўқув юртларида замонавий шарт-шароитларни хўжакўрсинга яратганимиз йўқ. Аксинча, курсантларимиз ва тингловчиларимиз таълим соҳасида энг илғор, инновацион билим ва кўникмаларга эга бўлиши зарур. Мана, бизнинг асосий мақсадимиз. 

Бундан ташқари, ҳарбий қўшинларни замонавий техника ва қурол-яроғ билан таъминлаш масаласининг долзарб аҳамиятга эга эканини ҳисобга олиб, юқори малакали офицер