29.08.2017

ОЛАМ УЗРА ЯНГРАЙВЕР, «ШАРҚ ТАРОНАЛАРИ»

Самарқанд шаҳрида 28 август куни «Шарқ тароналари» XI халқаро мусиқа фестивалининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

Шу кунларда турли халқлар вакиллари ва маданиятлар учрашган манзил — Самарқандда қўшалоқ байрам шукуҳи кезмоқда. Ватанимиз мустақиллигининг 26 йиллик байрами ва «Шарқ тароналари» халқаро мусиқа фестивалига кўрилган пухта тайёргарлик шаҳарга ўзгача файз ва чирой бахш этган. Сўлим боғ ва хиёбонлар, нурафшон кўчалар таровати, турфа гуллар ифори ҳар қандай кишига янада кўтаринкилик бағишлайди. Жаҳоннинг турли минтақаларидан келган турфа одамлар чеҳрасидаги мамнунлик, ўзаро самимий муносабат Самарқандда катта байрам бошланаётганидан дарак беради.

...Бибихоним масжидида бир гуруҳ хорижлик меҳмонлар юрибди. Ранг-рўйи, тили, кийиниши ҳар хил. Лекин юз-кўзларида бир хил ифода: хотиржамлик, мамнунлик ва самимият. Улар «Шарқ тароналари»да иштирок этиш учун Ҳиндистон, Австралия, Германия ва Эквадордан келишган. Австралиянинг «Zulya and the children of the underground» жамоаси созандаси Колин Филлип Жоннинг айтишича, у бу ерга ҳали шаҳар тонг либосини киймасдан олдин келибди. Сабаби билан қизиқдик.

— Маҳаллий аҳоли қуёш нурлари ­дастлаб ушбу мадраса гумбазига тушади, Самарқандда тонг Бибихоним масжидидан бошланади, дейишди. Буни ўз кўзим билан кўрмоқ учун келдим. Жуда ажо­йиб манзара. Бунақасини бошқа жойда учратмайсиз. Неча асрлар аввал буюк Соҳибқирон Амир Темур ҳам тонгни ҳозир биз турган жойда, ўз ёрига атаб қурдирган мана шу маҳобатли иморат пештоқига термулиб кузатган бўлса не ажаб! Ҳайратим чексиз. Бу афсонавий шаҳар ҳақида баъзи нарсаларни эшитгандим. Лекин бу ерда билганларим, кўрганларим бир олам. Эшитгандан кўра кўрган афзал, деганлари ростлигига яна бир бор амин бўлдим. Мамлакатингиз менда катта таассурот қолдирди. «Шарқ тароналари» бутун дунё санъаткорларининг ўзига хос байрами. Унда иштирок этаётганимдан фахрланаман.

Бугун Самарқандга келган киши ана шундай байрамона, дўстона муҳитнинг гувоҳи бўлмоқда. Бу ерда Биринчи ­Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан 20 йил аввал асос солинган «Шарқ тароналари» халқаро мусиқа фестивали ўн биринчи бор ўтказилмоқда.

Ҳар икки йилда ташкил этилаётган «Шарқ тароналари» халқаро мусиқа фестивали жаҳон аҳлининг ўзаро маданий мулоқотга бўлган эҳтиёжини рўёбга чиқаришда беқиёс восита бўлиб хизмат қилаётир.

28 август, соат 19:10. Самарқанд, Регистон майдони.

Шердор, Тиллакори, Мирзо Улуғбек мадрасалари гулгун шафақ ёғдусида янада гўзал ва салобатли кўринади. Бетакрор амфитеатр ҳосил қилган бу муҳташам обидалар анжуманга ўзгача руҳ, улуғворлик бағишлаган. Майдон «Шарқ тароналари» халқаро мусиқа фестивалининг тантанали очилиш маросимига йиғилган томошабинлар билан гавжум. Улар орасида анжуман қатнашчилари ва меҳмонлари, санъат ихлосмандлари, мусиқашунос олимлар, чет эллик ва маҳаллий журналистлар, сайёҳлар бор.

Фестиваль иштирокчилари ва томошабинлар Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевни қарсаклар билан кутиб олади.

Карнай-сурнай, ноғора садолари ­янграйди.

Сўз Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга берилади.

Давлатимиз раҳбари «Шарқ тароналари» халқаро мусиқа фестивали иштирокчилари ва меҳмонларини қутлар экан, мазкур анжуманнинг чуқур инсонпарварлик руҳи ва фалсафаси, халқлар ўртасида дўстлик ришталарини мустаҳкамлаш, маданий мулоқотни ривожлантириш, мумтоз мусиқа анъаналарини асраб-авайлашдаги аҳамияти ҳақида тўхталди, фестиваль ишига муваффақият тилади.

Халқаро мусиқа фестивалининг очилишига бағишланган театрлаштирилган концерт дастури бошланади. Майдон узра сеҳрли куй таралади. Оҳанг секин-аста бутун вужудингизга кириб боради. Бу оройишнинг қиёси йўқ. Мусиқа измидасиз. Сеҳрли оҳанг таъсирида илиқ хотиралар ёдга тушади, баъзан умрингиз бино бўлиб бормаган масканларни тасаввурингизда гавдалантиради. Бу куй сеҳри, оҳанг завқи, мусиқа қудратидир.

Дунё халқларини бирлаштирадиган бундай фестиваль нима учун айнан Самарқандда ўтказилади? Бу саволга тарихнинг ўзи инкор этиб бўлмайдиган мисоллар билан жавоб берган.

Манбаларда қайд этилишича, Ғарб ва Шарқ ўртасидаги савдо-сотиқ, маданий алоқалар айнан Самарқанд орқали амалга оширилган. Бу шаҳар ана шу икки қитъани боғлаган Буюк ипак йўлининг маркази ҳисобланган. Шаҳар савдогарлари Хитой, Эрон, Миср, Ҳиндистон, Византия билан савдо-сотиқ қилган. Айнан шу ерда Мағриб ва Машриқ маданиятлари ўзаро туташган, бир-бирини бойитган. Шу боис Ғарбда — Рим, ­Шарқда — Самарқанд деган ибора пайдо бўлган. Бу икки шаҳар инсоният тақдирида буюк ўзгаришлар қилгани учун «Боқий шаҳар» номини олган.

Буюк аждодимиз Амир Темурнинг Мовароуннаҳрга ҳукмдор бўлиши Самар­қанд тарихида янги саҳифа очган. Амир Темур ва темурийлар ҳукмронлиги даврида Самарқанд салтанат пойтахти сифатида Шарқнинг энг гўзал шаҳри бўлиш билан бирга, йирик иқтисодий, сиёсий, маданий марказга айланган.

Шаҳар қалъаси ичида икки муҳташам қаср — Кўксарой ва Бўстонсарой, ҳунармандлик устахоналари, савдо расталари, карвонсаройлар, шифохоналар ва бошқа маданий-маиший бинолар қурилган. Боғи Беҳишт, Боғи Дилкушо, Боғи Шамол, Боғи Баланд ва бошқа боғларнинг довруғи дунёга таралган. Бибихоним жомеъ масжиди, Амир Темур мақбараси, Шоҳи Зинда мажмуаси, Мирзо Улуғбек мадрасаси каби кўплаб машҳур меъморий обидалар ҳамон бутун дунёдан сайёҳларни ўзига мафтун этиб келмоқда.

Замонасининг улкан илмий марказларидан бири бўлган Самарқандда ­Мирзо Улуғбек, Хожа Аҳрор Валий, Қозизода Румий, Али Қушчи, Шарафиддин Али Яздий, Давлатшоҳ Самарқандий, ­Алишер Навоий, Абдураҳмон Жомий сингари буюк аждодларимизнинг қадам излари бор. Не-не буюк давлат арбоблари, саркардалар, ижодкорлар бу шаҳри азимни зиёрат қилган.

...Ўзбек мумтоз ашулалари тизгинсиз хаёлларни тартибга солади, жозибадор рақслар кўнгилларга завқ-шавқ бағишлайди. Томошабинлар дилтортар ашулаларга жўр бўлиб, рақс тушади.

Юртимизда мусиқа санъати қадимдан ривожланган. Тарихчи Шарафиддин Али Яздий «Зафарнома» асарида Амир Темур даврида ўтказилган мусиқий анжуманлар ҳақида ёзар экан, шундай қайд этади: «Яхши овозли хонандалар куйлашни бошлаб, ғазалу нақш айтур эрдилар. Ва турку уйғур, мўғул ва хитойу араб ва ажамдин ҳар ким ўз расми билан нағма айтур эрди».

— «Шарқ тароналари» фестивалини ҳар гал орзиқиб кутамиз, — дейди самарқандлик меҳнат фахрийси Тўлқин Аҳмаджонов. — Бу фестиваль дунё санъат аҳли байрами, халқимизнинг меҳмондўстлиги ва тинчликсеварлиги рамзига айланди. «Шарқ тароналари» санъат воситасида барча халқларни дўстликка, ҳамжиҳатликка даъват этмоқда. Шунинг учун ҳам фестивални сайёрамизнинг барча қитъаларида биладилар, севадилар, кутадилар.

Фестивалнинг нуфузи ортиб, иштирокчилари географияси тобора кенга­йиб бормоқда. Кўплаб мамлакатлар, халқ­аро ташкилотлар, машҳур санъат намояндалари унда қатнашишни ўзлари учун шараф, деб билади. 1997 йилда ўтказилган биринчи фестивалда 31 мамлакат вакиллари қатнашган бўлса, бу йилги анжуманга 60 га яқин давлат санъаткорлари ташриф буюрди. Фестиваль ЮНЕСКО шафелигида ўтказилаётгани ҳам анжуманнинг юксак мақом ва нуфузини кўрсатади.

...Маросим авжида. Мумтоз ашулалар, фольклор намуналари, завқли рақс­лар дилларни жўштиради. Шўх куй-қўшиқлардан завқланган томошабинлар санъаткорларга жўр бўлади.

— «Шарқ тароналари» халқлар ўртасида тинчлик ва дўстлик ришталарини мустаҳкамлаш, маданий алоқаларни янада кенгайтиришга хизмат қилаётгани билан дунёдаги энг нуфузли фестиваллар сирасига киради, — дейди Эквадорнинг «Chotаmadre» мусиқий жамоаси аъзоси Эдгар Эдуардо. — Ўн биринчи марта ўтказилаётган ушбу халқаро мусиқа фестивали жаҳоннинг турли минтақаларидан келган мусиқачилар, созандаю хонандаларни бир ерга жамлади. Барчага ўз маҳоратини намойиш этиш учун тенг имконият яратди. Ўзбекистонда бундай фестивалнинг ташкил этилгани таҳсинга лойиқ. «Шарқ тароналари» йирик халқаро тадбир сифатида анъана тусига киргани ҳам юртингизда маданият ривожига алоҳида эътибор қаратилаётганидан яққол далолат беради.

«Шарқ тароналари» жаҳон халқлари миллий мусиқа санъатида эришилган ютуқларни асраш ва ривожлантиришга хизмат қилмоқда. Санъат орқали халқлар ўртасида дўстлик ва маданий алоқаларни мустаҳкамлаш, инсонларни эзгу ғоялар атрофида жипслаштириш, истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш, халқ­аро ижодий алоқаларни янада мустаҳкамлашда муҳим омил бўлмоқда.

Халқаро мусиқа фестивали қатнашчилари Регистон майдонидаги асосий саҳнадан ташқари, Самарқанд шаҳридаги қатор маданий-маърифий муассасалар, Оқдарё, Самарқанд, Пастдарғом, Жомбой туманларида ҳам концерт дастурлари намойиш этмоқда. Самарқанд шаҳридаги истироҳат боғлари ва хиёбонлар, театрлар, маҳалла гузарлари, болалар мусиқа ва санъат мактабларида учрашувлар ўтказилмоқда.

 

Бекзод ҲИДОЯТОВ,

Ғолиб ҲАСАНОВ,

ЎзА махсус мухбирлари.



DB query error.
Please try later.