09.01.2018

САЙЛОВнинг якуний натижалари эълон қилинди

Жорий йилнинг 24 декабрь куни ўтказилган Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман Кенгашларига бўлиб ўтган сайловнинг якуний натижалари эълон қилинди.

— Мазкур сайловда Тошкент шаҳрида рўйхатга олинган 1 миллион 560 мингдан зиёд сайловчининг 1 миллион 267 мингдан ортиғи иштирок этди, — дейди Тошкент шаҳар сайлов комиссияси раиси Ҳамид Каримов. — Бу сайловчилар умумий сонининг 81,2 фоизини ташкил этади. Ушбу сайлов фуқароларнинг фаоллиги, сиёсий ва ҳуқуқий етуклиги тобора юксалиб бораётганини яна бир бор намоён этди. Сайлов пойтахтимиз аҳолисининг демократик ҳуқуқий давлат ва кучли фуқаролик жамияти барпо этиш йўлида ҳамжиҳатлигини кўрсатди.

Овозларни санаб чиқишда депутатликка номзодлар кўрсатган сиёсий партиялар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан 4 минг 4 юздан ортиқ кузатувчи, ваколатли вакиллар, оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.

Якуний натижаларга кўра, ташкил этилган жами 330 сайлов округидан депутатлар тўлиқ сайланди. Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман Кенгашларига Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон либерал-демократик партиясидан 137 нафар (41,5 фоиз), Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партиясидан 54 (16,4 фоиз), Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан 49 (14,8 фоиз), Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партиясидан 37 (11,2 фоиз), шунингдек, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан 53 (16,1 фоиз), нафар фуқаро депутат этиб сайланди.

Сайланган 330 нафар депутат ҳақидаги маълумотларни таҳлил қиладиган бўлсак, уларнинг 76 нафари аёл ҳамда 254 нафари эркак. Шунингдек, депутатларнинг 20 нафарини 30 ёшгача, 195 нафарини 30 ёшдан 50 ёшгача, 115 нафарини 50 ёшдан юқори бўлганлар ташкил этади.

Бундан ташқари, ушбу сайланган депутатлар ўз ваколатларини 2019 йил мамлакатимизда ўтказиладиган маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органларига навбатдаги сайловгача амалга оширади.

 

Тоштемир ХУДОЙҚУЛОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.