06.01.2018

ЎЗИМИЗ ЎЗИМИЗНИ АЛДАМАСАК, ҲАЛОЛ-ПОК МЕҲНАТ ҚИЛСАК,

кўзланган барча марраларга албатта етамиз

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатида нафақат сиёсий, ижтимоий, иқтисодий, ҳуқуқий масалалар, балки маънавий-мафкуравий, тарбиявий муаммолар, уларнинг ечимлари ҳам янгради.

Мурожаатда халқ, инсон манфаати учун кураш руҳи қаттиқ, устувор турди. Лоқайдликка қарши — дахлдорлик, ёлғонга қарши — ростлик, расмиятчиликка қарши — самимият, «ура-ура»га қарши — танқид, эскиликка қарши — янгилик, сусткашликка қарши — шиддатнинг кураши уфуриб турди. Бу руҳ Симпозиумлар саройини тўлдириб, хонадонларга, 33 миллион қалбга сингди. Миллатни ўтган бир йиллик ҳаётидан рози қилди. Кўнгилларни эртанги кунга ишонч нури билан мунаввар қилди.

 

БИЗДА АДАШГАНЛАР БЎЛМАСЛИГИ КЕРАК

Президентимиз бугунги ўта ташвишли, оғриқли масалалар — дунё минтақаларидаги қонли тўқнашув ва низоларга тўхталиб, юртимизда тинчлик-осойишталикни мустаҳкамлаш, турли хавф-хатарларга қарши курашни кучайтиришимиз шартлигини, бу курашнинг оддий, ҳар биримиз амал қила оладиган йўлларини ҳам кўрсатиб берди. Яъни «... ҳар биримиз бу масалага бефарқ бўлмасдан, ўз боламизни, ўз уйимиз, ўз маҳалламизни ўзимиз асрайдиган бўлсак, мен ишонаман, бундай бало-қазолар ҳаётимиздан албатта йироқ бўлади».

Билмаган одам адашади. Йўлда ҳам, эътиқодда ҳам. Жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш — йўловчига билмаганини билдириш, дўст киму, кулиб турган «дўст» кимлигини танитмоқ демак. Бу билимни кимдан, қаердан излаш керак? «Ҳар не истарсен, ўзингдин истагил», деган эди ҳазрат Алишер Навоий. Президентимиз бизга мана шу ҳикматнинг кўзини очиб берди. Ўзимизда сақланаётган, ҳеч бир мамлакатда йўқ 100 минглаб қўлёзмалар ўз ўқувчисига, таржимонига интизор эканини куйиниб айтди. Бу фикрлар одамни чуқур ўйлатади. Бу қўлёзмалар кимларники? Ўзимизнинг боболаримизники. Уларда буюк боболаримизнинг бармоқ излари бор. Улар кимларга аталган? Аввало, ўз авлодларига, ҳозирги ўзбекистонликларга — бизга деб ёзилган.

Бухорий, Термизий, Марғиноний, Насафий, Замаҳшарий, ­Мотуридийларнинг меросхўрлари ким? Биз. Улар бизга ўз вафотларидан 1000 йил кейин Ислом Академияси, «кичик ҳаж» дастурининг ҳуқуқларини бериб кетдилар. Шу боис, аҳли ислом Президентимизнинг бу борадаги қарорларини мамнуният ва эътироф билан кутиб олди.

Буюк аждодларимиз жаҳон мусулмонларига исломнинг аслини, исломнинг илмини, исломнинг маданиятини, исломнинг ҳуқуқини, исломнинг тилини ўргатган. Мусулмон ўлкаларнинг етук олимлари бизнинг боболаримиз билан танишликлари, уларга шогирд­ликлари билан фахрланишган. Нега энди биз ислом нималигини бировлардан ўрганишимиз керак? Бу ўзбек бўла туриб, ўзбек тилини ажнабийдан ўрганишга ўхшамайдими? Биз муқаддас ислом динини ўзимизнинг буюк уламоларимиз меросидан ўрганишимиз керак эмасми!

 

НЕГА ТАДБИРКОРЛИК РИВОЖЛАНМАЯПТИ?

Бу саволга Президентимиз «Ўзимиз сабаб», деб аччиқ ҳақиқатни айтди. «Йўл бермаяпмиз. Амалдорлар ўз манфаатларини ўйлаб, тўсиқ бўлмоқда». Келинг, мана шу ҳақиқатнинг тубига бир қарайлик.

Амалдор тадбиркорга нега аравани тортаётган чўбир от эмас, соғин сигир, деб қараяпти? Тадбиркорга қаршилик — сиёсатга қаршилик эканлиги йиллар давомида уқтириб келинди-ку! Ё айрим амалдор-бюрократлар ҳамма тушунган сиёсатни тушунмадими? Эшитмай қолишдими? Ё тадбиркор халқимизнинг боқувчиси эканлигини билишмадими? Йўқ. Билишади. Унда нега у тадбиркорни соғиб, сутини ичаяпти? Тинка-мадорини қуритаяпти? Балки у бунинг қонунга зидлигини билмас? Йўқ. Жуда яхши билади. Маълумоти — олий. Демак, тадбиркор йўлига амалдор-бюрократ қўяётган тўсиқлар билимсизликдан эмас экан. Унда гап нимада?

Амалдор маънавиятида. Бюро­крат-амалдорнинг ноинсофлигида. Инсоф, ҳалоллик, ­Ватанга, бурчга садоқат, масъулият, виждон деган фазилатлари ожизлигида. Нега ожиз? Чунки ундаги мана шу фазилатлар йиғилиб, битта душман — нафсга қарши чиқа олмаяпти. Нафсни тўхтата олмаяпти. Аксинча, нафс инсоф, ҳалоллик, виждоннинг йўлини тўсиб, эгасини жар ёқасига тортиб кетаяпти. Нега?

Чунки у мактаб, коллежда айнан шу фазилатлар билан таништирилмаган. Инсоф билан ноинсофлик, ҳалол билан ҳаром, хиёнат билан садоқат, масъулият билан бефарқлик уриштириб тушунтирилмаган. Яхшиликнинг ёмонлик устидан ғалабаси адолат эканлигига инонтирилмаган. Бунинг устига у китоб ҳам ўқимаган. Хуллас, тарбияси, маънавияти кемтик, диё­натсизлик нималигини тушунмайди. Шу тариқа у бюрократ-амалдорга айланди. Энди у Маънавият кодексидан эмас, Жиноят кодексидан қўрқади.

Эҳтимол, баъзилар «Ҳа, энди ёш бола бўлса экан, тарбияланса. Суя­ги қотиб қолган бюрократ-амалдорни қайта тарбиялаб бўлармиди?», деб ўйлар. Инсон бешикдан қабргача тарбияланади. Агар бу ишга махсус, атайлаб, пок ният билан, астойдил киришилса. Агарда 2018 йилда ҳар бир тизимда ҳар ҳафтада, биринчи раҳбарлар масъуллигида «Маънавий ўқувлар» қатъий, юксак интизом, ҳаётий мисоллар билан, сифатли ўтказилиши таъминланса, бўлади. Бугун маънавият соатлари юзаки ўтказилаётгани Президентимизнинг маънавият соҳасини ривожлантиришга бағишланган Қарорида тан­қид қилинди. Энди бундай ишлаш — жиноят. Хиёнат. Агарда биз ҳафталик маънавий ўқувларни темир интизом билан, бир ҳафта тайёргарлик кўриб, пишиқ, талабчан ўтказсак, амалдор-масъуллар уй­ғонади. Ҳа. Айнан уйғонади. Бу сўзни Президентимиз куюнчаклик билан кўп айтади. Бу бежиз эмас. Гап одамларни физиологик уйғотиш ҳақида эмас, маънавий уйғотиш ҳақида кетмоқда. Чунки ухлаган виждонни, масъулиятни, инсофни, ҳалолликни, бурчга садоқатни уйғотса бўлади. Донолардан бири айтган экан, «Одамни қайта тарбия­лаш қийин, яхшиси шундай шароит яратиш керакки, у қайтиб нотўғри иш қила олмасин, қилишга хоҳиши ҳам бўлмасин».

Маънавият одамни хиёнатдан, жиноятдан асрайди. Бунинг учун маънавий суд, маънавий жиноят, маънавий таҳлил, маънавий жазо чоралари жорий этилса, бюро­крат-амалдор жиноятдан, жазодан сақлаб қолинади. Жиноятдан сўнг эмас, жиноят арафасида тўхтатилади. Энг муҳими, у ўзини ўзи тўхтатади. Бу икки карра ютуқ. Биринчидан, мамлакатимизда тадбиркорлик бюрократиядан ҳимоя қилинади. Иккинчидан, бу — жиноятчиликнинг эрта, «юмшоқ» ва жуда таъсирчан оммавий профилактикаси бўлиб хизмат қилади. Чунки «Жамоатчилик назорати тўғрисида»ги Қонун маънавий тарбиянинг ҳам мустаҳкам ҳуқуқий заминига айланади.

Албатта, ўз навбатида тадбиркорлар ҳам инсоф, адолат, саховат, қонунга садоқат, ҳалоллик каби фазилатлар ва уларга зид ҳаракатлардан «Маънавий ўқувлар»дан маънавий сабоқ олиб борадилар.

 

ЙИЛ НОМИ

2018 йилга Фаол тадбиркорлик ва инновацион технология­ларни қўллаб-қувватлаш йили, деб ном берилишининг ўзи ҳам инновация бўлди. Президентимизнинг Мурожаатномаси Ўзбекистоннинг инновацион яшаш ва ривожланиш даврини бошлаб берди.

Инновация — янгилик. Одамнинг хаёлида, ижодида етилган, «пишган», ақлининг якуний натижаси сифатида ўйлаб топилган, жорий қилинган, киритилган, ишлаётган янгилик. Инновация — бозорга чиқариладиган янги эҳтиёжларни қондиришга қаратилган янги товар ва хизмат турлари ёки ишлаб-чиқариш самарадорлигини оширишга қаратилган янгиликларни жорий қилиш, товарларни сотишнинг янги усуллари. Луғатда «инновация» лотинча «novatio», яъни «янгилаш», «ўзгартириш» эканлиги маълум бўлади. «In» «га», «киритиш»ни, сўзма-сўз «Innovatio» — «янгилик киритишга қаратилган», деган маънони билдиради.

Фаол тадбиркорлик ва инновацион технологияларни қўллаб-қувватлаш йилининг қандай кечиши ҳар биримизга боғлиқ. Бунинг учун инновацион яшаш — ҳар биримизнинг ҳаёт тарзимизга айланиши, ҳар бир ўзбекистонлик ўз ишининг инноватори бўлиши керак. Яъни ҳар бир тадбиркор, фермер, ўқитувчи, санъаткор, журналист, талаба, қурувчи, олим, провайдер, тарғиботчи, маҳалла маслаҳатчиси «Қандай янгилик қилсам ишимнинг самараси ошади?», деб ўйлансин. Ижод қилсин, бош қотирсин. Ўз ишига кичик-кичик бўлса-да янгилик киритиб борсин. Ҳаётига янгиликлар киритиб яшасин. Ана шунда бахтнинг ўзи унга қараб келаверади.

Президентимиз олимларга мурожаат қилиб, улардан янги ғоялар кутилаётганини, уларни жорий қилиш, қўллаб-қувватлашнинг имкониятлари яратилганини айтди. Инновацияни олимлар икки қобилиятга бўлиб тушунтиришади. Новаторлик бу — янги ғояни ўйлаб топиш, кашф қилиш. Инноваторлик — янги ғояни молиялаштириб, новациядан фойда келтирадиган бозорталаб маҳсулот яратиш. Бунда инноватордан «ташкилотчилик қобилиятлари, кучли характер, ижтимоий малакаларга эга бўлиш, таваккалчилик, ўзига масъулият олиш талаб этилади». Шу ўринда бир тарихий мисол эсга тушади. Дунёдаги энг катта гонорар Рим императори Марк Аврелий томонидан шоир Оппианга берилган экан. Унинг балиқ тутиш ва ов қилиш ҳақидаги достонларининг ҳар бир сатри учун бир олтин танга ҳадя қилинган. Эътибор берилса, бу ерда улуғ бир инновацион ҳикмат кўринади. Яъни Рим императори шоирни ишқ-муҳаббат ҳақидаги достон учун эмас, одамларни балиқ тутишга, ов қилишга ўргатувчи достонлари учун рағбатлантирилган. Бу инновация билан ўз халқига балиқ тутишни ўргатиб, халқини тўйдирган экан. Бунда Оппиан — новатор, император — инноватор ролини бажарган бўлиб чиқади.

Бугунги замонда аксарият тадбиркор, ишбилармонларни инноваторлар дейиш мумкин. Чунки тадбиркор бу — ҳаммага ўхшаб, «бизга бўлаверади», «кўп қатори яшаш»­га кўнмайдиган, фаол, ижодкор, таваккал қилишга журъат, иродаси етадиган кишилар бўлишади.

Биз инновацион ривожланиш йўлига ўтаяпмиз. Инновация — келажак дегани, деди Президентимиз. Демак, ёшларимизни, хал­қимизни инновацион фикрлашга, ўйлашга, яшашга ўргатиш керак. Шу тариқа инновация маърифат, таълим, тарбия, тарғибот-ташвиқот масаласига айланиши тақозо этилади. Бунинг учун болалар боғчалари, мактаб, лицей, институтлардаги тарбиявий ишлар режасига «Инновацион тарбия» йўналишини жорий қилиш, изчил амалга ошириш керак.

 

МИЛЛИЙ ҒОЯ

Миллий ғоя — халқ орзу-ниятининг ифодаси. У қотиб қолган орзу, ният эмас. У миллий ривожланишнинг янги талабларидан келиб чиқиб янгиланиб, такомиллашиб боради. 22 декабрь миллий ғоямиз ривожида ана шундай, тарихий янгиланиш куни бўлди. Президентимиз «Миллий ғоя нима учун керак?», деган саволни ўртага ташлади. Жавобини ҳам бир ўзак жумлага жо қилиб айтди: «Ватанни севиш учун». Бу қисқа жумлада Ватан қадар кенг, катта маъно мужассам.

Барчамизни бир-биримиз билан боғлайдиган нуқта, сўз, гав­ҳар — Ўзбекистон. Барчамизнинг шахсий мақсадларимиз, бахтимизнинг макони қаер? Биз қаерда тўлиқ бахтли бўла оламиз? Ўзбекистонда. Жаҳон харитасига тикилганимизда кўзларимиз Ўзбекистон деган нуқтада учрашади. Тўхтайди. Чунки биз ўзимизни, ўзлигимизни уйимизда — Ўзбекис­тонда кўрамиз. Чунки биз — Ўзбекистоннинг фарзандларимиз. Ўзбекистон қадрини ташқарида англаган, адашган жигарбандларимиз буни яхши билишади. ­Ватан нелигини «Ўзбекистонни бир кўриб ўлсам, армоним йўқ», деб кўзда ёши шашқатор, интизорлардан сўранг. Юз алҳазар, минг алҳазар. Юз шукр, минг шукр, дейсиз. Мана шу шукронанинг ўзи ҳам ҳар биримизда Ватан севинчини уйғотмайдими?

Иккинчи жаҳон урушидан ке­йин Ватанни тиклаш, ривожлантириш учун жонини, молини, соғ­лиғини, оч, азобли меҳнатини берган япон, корейс, немис халқларининг бугунги ривожига ҳавас қилишади. Улар келажакка ишонч билан, ўз миллий ғояларини маҳкам тутиб, садоқатли меҳнат ор­қасидан бугунги фаровонликка эришганини яхши биламиз.

Бугун Ватан биздан жон, соғ­лиқ, маблағ сўраётгани йўқ. Ўзимиз маош олиб қилаётган вазифаларимизни ҳалол-пок, сифатли, натижали бажаришни сўраяпти. Агар шунга ҳам ярамасак, биз қандай фарзанд бўлдик Ватанга?!

Ўтаётган ҳар бир йил — Ўзбекис­тонга содиқ хизмат қилиш учун бизга берилган имконият. Ҳар йилнинг номи — миллий ғоямизнинг ўша йилдаги энг устувор вазифаси. Чунки шу ном остида бизни Бош мақсадга элтувчи муҳим муаммолар ҳал этилади. Миллий ғоя халқнинг ишончини кучайтириб, илҳом бериб, сафарбар қилиб, ислоҳотлар «йўлини супуриб боради». Президентимиз Мурожаатномасидан миллий ғоямизнинг 2018 йилдаги долзарб вазифалари сирасига:

— инновацион ривожланиш, яшаш маданияти, моҳиятини ўрганиш ва аҳоли, ёшларга ўргатиш;

— тадбиркорликни тарғиб қилиш, аҳоли, ёшларни тадбиркорликка рағбатлантириш;

— новатор, ватанпарвар, фидойи, инсофли, сахий, экспортёр, кўплаб иш ўринларини яратган тадбиркорларнинг тажрибасини оммалаштириш;

— ҳар бир фуқарони ўз-ўзига «Мен Ватаним Ўзбекистонни қандай севаман?», деган саволни беришига даъват қилиш;

— жиноятчилик, диний экстремизм ва террористик ҳаракатларга адашиб қўшилиб қолиш, миллий қадриятларга эътиборсизлик, эрта турмуш қуриш, оилавий ажралишлар каби салбий ҳолатларнинг олдини олишга халқимизни сафарбар қилиш талаб этилмоқда.

Ислоҳотлар самараси шахс маънавиятига бориб, тақалар экан, Ҳаракатлар стратегияси мукаммал амалга ошиши учун миллий характеримизга ҳам инновациялар киритишимиз тақозо этилмоқда. Бу халқимиз характери (маънавияти)ни кучайтиради. Илмий педагогик-психологик тадқиқотлар ўтказиб, ҳозир қайси фазилатларимиз кучли-ю, қайсилари кучсиз? Қандай маънавий иллатларни қуритишимиз керак? (ҳасад, кўролмаслик, исрофгарчилик, лоқайдлик, меҳрсизлик, ғийбат...), «Ўзбекистонни инновацион ривожлантириш учун қандай фазилатларни кучайтириш, қайси иллатларга чек қўйишимиз керак?», деган саволларга холис, илмий жавоблар керак. Президентимиз «Курашга тайёр турган, курашган одам ютади», деди. Биз бу сўзларни миллий ғоямиз амалиётида «маънавий иллатларга қарши курашга тайёр, курашган одам ютади», тамойили, деб амал қилишимиз шарт.

Ана шунда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар маънавиятдаги, миллий характеримиздаги ислоҳотлар билан қўллаб-қувватланади. Бунинг учун шу пайтгача амалда бўлиб келган «Маънавиятни ўлчаб бўлармикан?», деган иккиланишдан ҳам воз кечишимиз керак. Бунда ҳам «Илмдан ўзга нажот йўқ ва бўлмағай» (Имом Бухорий). Яъни нима бор бўлса, намоён бўлади. Нима намоён бўлса, уни ўлчаш, баҳолаш, динамикасини аниқ кўрсатиш мумкин. Шу мақсадда Республика Маънавият ва маърифат маркази томонидан «Ҳудудларда маънавий-маърифий муҳит Харитаси» жорий қилинмоқда. Дастлабки натижалар тақдим этилмоқда. Бу ҳам ўзига хос инновация бўлди, дейиш мумкин. Бир мисол. Бухоро вилоятида ўтказилган «Авлодлар учрашувлари» тадқиқот-тар­ғибот тадбирлари маънавий инновация — маънавий янгиланиш илмий-амалий асосга қўйилса, реал натижалар бериши тасдиқланди.

Президентимиз Мурожаатномасида ёшлар тарбияси ҳақидаги ягона фан — педагогикага аниқ ижтимоий буюртмалар берилди:

«Майли, тажрибаси камроқ бўлса ҳам миллатни, мамлакатни севадиган ёшлар керак»,

«Бизга ватанпарвар журналист­лар керак»,

«Элчи ватанпарвар бўлиши керак»,

«Миллий ғоя нимага керак? ­Ватанни севиш учун керак»,

«Ватан туйғусисиз ўтирганлар кетади»,

«Улуғ ижодкорлар меросини халқ­қа етказиш ватанпарварликка катта таъсир кўрсатади»,

«Таълим-тарбия сифатини янги босқичга кўтаришимиз керак»,

«Маънавий таҳдидларга қарши курашни кучайтириш керак»,

«Аскар ва офицерларнинг маънавий ва руҳий тайёргарлик даражаси бугунги тез ўзгараётган давр талабларидан ортда қолаётганини қайд этиш лозим».

Биз ҳар биримиз бу даъватлар мағзини чақиб, ўзимизга керакли хулосалар чиқариб олишимиз керак бўлади.

...Президентимизнинг тўрт соат давом этган нутқида халқимиз, бутун жаҳон Президентимиз сиймосида Ўзбекистоннинг олдинга — 2018 йилга тикилган ўткир нигоҳини, метин қатъиятини, букилмас иродасини, буюк имкониятларини, қаттиқ ишончини, толмас мунтазамликни кўрди. Куч олди. Илҳом олди. Бугун халқимиз 2018 йилга дадил ва ишонч билан Президентимизнинг мана бу даъватини чуқур англаб, дилига тугиб кириб бораяпти:

«Ўзимиз ўзимизга хиёнат қилмасак, ўзимиз ўзимизни алдамасак, ҳалол-пок бўлиб меҳнат қилсак, мен аминман, кўзлаган барча марраларимизга албатта етамиз».

 

Муҳаммаджон ҚУРОНОВ 


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: