06.01.2018

ДЕМОКРАТИЯ ҚАЕРДАН БОШЛАНАДИ?..

Эркин фикр билдириш, дадил таклиф айтиш масалаларида ҳурматли парламент аъзолари ўрнак кўрсатиши, намуна бўлишини ҳаммамиз кутяпмиз

Мамлакатимизда кейинги бир йил давомида қабул қилинган фармон ва қарорлар, турли соҳа мутасаддилари иштирокидаги видеоселектор йиғилишлари, Президентнинг ҳудудларга ташрифи чоғида фаоллар билан ўтказилган йиғилишларда билдирилган таҳлилий-танқидий фикрлар кўплаб ҳаётий муҳим масалаларда замон шиддатидан орқада қолиб кетаётганимизни кўрсатди. Қайси соҳа ёки тармоқдаги ҳолат таҳлил қилинмасин, янгича ёндашув, эркин фикр, янги ғоя, ривожланишимиз, ўсишимизга хизмат қиладиган таклифлар йўқлиги афсус билан таъкидланмоқда.

Нега бундай бўлди? Қачон бу аҳволга тушиб қолдик? Эркин фикр билдириш, таклиф бериш бўйича қаҳатчилик вужудга келдими? Нима учун?..

Катта-кичик раҳбарлар бир муддат халқ билан мулоқот қилишни эсдан чиқариб қўйгани, давлат идоралари оддий одамлардан узоқлашиб кетгани, оммавий ахборот воситалари жамиятдаги оғриқли муаммоларга эътибор бермай қўйгани бир неча бор қайд этилди. Агар эътибор берсак, бу камчиликлар эркин фикр билдириш, таклиф айтиш иштиёқини сўндиради, ҳеч бўлмаганда, бу табиий инстинктнинг ривожланишига тўсқинлик қилади. Бундай шароитда одамларни эркин фикрлаб яшашга ўргатиш, демократик жамият қуриш йўлидан кетаётганимизга ишонтириш, уларни фаолликка ундаш осон иш эмас. Бунинг учун аввало нима керак?.. Ўрнак керак, намуна керак.

Президентнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида ва парламент аъзолари, сиё­сий партиялар вакиллари билан ўтказилган видеоселектор йиғилишида билдирилган фикр ва таклифларни жамлаб, уларнинг моҳиятига эътибор қаратсак, давлат раҳбари ҳурматли сенатор ва депутатларимиздан нимани кутаётгани аён бўлади.

Демократик тартиб-таомиллар, очиқ баҳс-мунозаралар биринчи бўлиб қаерда намоён бўлиши керак? Одамларни ўйлантираётган муаммоли масалалар энг аввало қаерда муҳокама қилиниши керак? Демократияни, халқ манфаатини ҳаммадан кўпроқ ҳимоя қилиши керак бўлган олий орган қайси?.. Албатта, бу йўналишдаги саволларнинг барчасига Олий Мажлис, парламент аъзолари деган тўртта сўз билан жавоб бериш мумкин.

«Демократия қаердан бошланади — парламентдан бошланади. «Парламент — демократия мактаби», деймиз. Шундай экан, миллий парламентимиз ҳақиқий демократия мактабига айланиши керак. Бу борада сиз, ҳурматли депутат ва сенаторлар барчага намуна бўлишингиз зарур. Чинакам баҳс-мунозара, принципиал тортишувлар аввало шу ерда — парламент минбарида бўлиши керак».

Мурожаатномада парламентда ҳеч кимга фойдаси тегмайдиган йиғилишлар соатлаб давом этаётгани қаттиқ ­танқид қилинди. Афсуски, бу айни ҳақиқат. Охирги вақтларда парламентимиздаги йиғилишларнинг аксарияти телевидение­да кўриниш учун, матбуотда чиқиш учун, гўёки фаол ишлаётгандек кўриниш учун ташкил қилинаётгандек тасаввур уйғотмоқда.

Сиёсий партиялар раҳбарларининг электоратни ўйлантираётган муҳим масалалар бўйича телевидение орқали аниқ-равшан ўз позициясини билдирмаётгани, партия раҳбарлари матбуотда чиқишдан қўрқадими, деб таъкидланганидан кейин фракциялар фаолиятида бироз жонланиш сезилди. Лекин бу жонланиш, фаоллик кутилган даражага кўтарила олмаяпти.

Бу ҳолат депутатлар, қўмита ва фракцияларнинг ҳисоботларида, матбуот ва телевидениедаги чиқишларида ҳам кўзга ташланяпти. Қанчалик аччиқ бўлмасин, биз буни афсус билан таъкидлашга мажбурмиз.

«Бунча марта йиғилиш ўтказилиб, уларда бунча масала муҳокама қилинди. Бунча телевидениеда, яна бунча матбуотда чиқиш қилинди...» Ўйлаб кўрайлик, бундай мазмундаги ҳисоботлардан кимга нима фойда?..

Парламентнинг демократия мактабига айланиши кўп жиҳатдан ОАВ билан қандай даражада муносабат ўрнатилишига боғлиқ, десак, бу гапнинг ҳеч муболағаси йўқ.

Парламентда қайси масала қандай муҳокама қилинаётгани, депутатлар қандай фикр билдираётгани, қандай ташаббус билан чиқаётганидан сайловчилар қандай хабар топади? Агар парламент аъзоси ОАВда ўз мустақил позицияси, таклифи билан чиқмаса, депутатлар парламентнинг муҳташам биносида кун бўйи нима билан машғул эканини тасаввур қилолмаса, ҳаётимизни ўзгартиришда парламентнинг аҳамияти айнан нимадан иборат эканини тушуниш учун етарли маълумотга эга бўлмаса, одамлар қандай қилиб депутатларга ишонади? Уларнинг нимасидан ўрнак олади?..

Очиғини айтиш керак, ОАВ вакиллари янги қабул қилинган қонунлар, жамиятнинг турли соҳаларини ислоҳ қилиш билан боғлиқ фармон ва қарорлар, мамлакат миқёсидаги муҳим воқеа-ҳодисалар ҳақида депутатларнинг фикри, муносабатини билишга кўпинча қийналади.

«Биз телевидение орқали фақат 10-15 та депутат ва сенаторни кўрамиз, холос. Уларнинг 85 фоизи «ойнаи жаҳон»да деярли кўринмайди. Депутат ва сенаторлар халқ вакиллари бўлганидан кейин доимо халқ олдида чиқиши, одамлар уларни таниши, олиб бораётган ишларидан хабардор бўлиши керак эмасми?»

Матбуот ходимларини анча пайтдан бери ўйлантириб келаётган муаммолардан бири ҳам шу масала билан боғлиқ. Тўғри, таҳририят билан боғланиб, «менда фикр бор, бир муҳим масала бўйича муносабат билдирмоқчи эдим», деб ташаббус билан чиқадиган депутатларимиз ҳам оз эмас. Биз бундай депутатларимиз сафи кенгайишидан мамнун бўламиз.

Лекин, афсуски, аксарият депутатлар қонун ва қарорлар, мамлакат миқ­ёсидаги муҳим масалалар ҳақида сўз юритганда, асосан умумий, баландпарвоз гаплар билан чекланиб қолади. Шундай ҳолатларни кўриб, фикр айтишга интилиш эмас, тайёр гаплардан фойдаланиш одатга айланиб қолмаяптими, деган хавотир уйғонади кишида.

«Номимдан бир мақола тайёрлаб берсангиз... Ҳа, энди биз иқтисодчи ёки юрист, чиройли гапиролмаймиз-да, сизлар, нима дейди, сўз одами, амаллаб келиштириб юборинглар, илтимос...» Шундай мурожаатлар бўлганда, турли даражадаги депутатларга, партия фаолларига умумий гаплар билан матбуотда чиқиш қилиб бўлмаслигини, фикрлар, факт ва рақамлар бўлса, уларни қоғозга тушириб, «эга-кесими»ни тўғирлашга ёрдам беришимизни, ўқувчилар депутатдан аниқ масала бўйича аниқ фикр, таҳлил ёки таклиф кутишини, бировнинг номидан мақола ёзиш муаллифлик ҳуқуқига зид ҳаракат эканини тушунтиришга уринамиз. Очиғи, бу жараён бироз қийин кечмоқда.

Демократия ҳақидаги идеал тасаввуримиз билан демократия учун амалда бажараётган ҳаракатларимиз ўртасида катта фарқ бўлмаслиги керак. Айрим ҳолларда шундай ҳам бўладики, депутатлар парламентдаги йиғилиш пайтида билдирган танқидий-таҳлилий фикрлари матбуотда чоп этилишини қўллаб-қувватламайди. «Келинг, битта-яримтани хафа қилиб қўймайлик, танқидий жойларини олиб ташлайлик, ноқулай аҳволда қолиб юрмай яна», деган мазмундаги илтимослар ҳам учраб туради. Энг ёмони, мухбир ҳам буни осонгина маъқуллайди, тинчликни ўйлайди. Ҳақиқатдан кўз юмилгани кейинчалик ҳеч кимни безовта қилмайди. Натижада матбуотдаги ахборот ҳам, депутатнинг фикри ҳам «жон»сиз чиқади.

Шундай пайтларда ўйлаб ўйингга етолмайсан: ҳақиқат муҳимми ёки юзхотирлик, деган савол қаршимиздан чиқиб қолганида, жавоб беришга, маъқул йўлни танлашга нима учун бунчалар қийналиб қоламиз?..

Ким-ким, лекин парламент аъзоси бўлиб сайланган, халқ вакили, деган юксак мақомга лойиқ кўрилган инсон қанчалик қийин бўлмасин, халқ ва ҳақиқат томонида туриши зарур. Бу гап қанчалар жозибали бўлиб туюлмасин, давлат раҳбари, жамоатчилик депутатлардан ана шундай қатъият ва жасоратни кутяпти.

 Ҳар гал Олий Мажлис биносига кирар эканмиз, умумий мажлислар ўтказиладиган улкан зал маҳобати, кўзни қамаштирувчи қандиллар тароватида халқ сайлаган парламентнинг салоҳияти ва қудратини сезгандек бўламиз. Мана шу ерда мамлакат ва халқ тақдири билан боғлиқ қарорлар қабул қилиниши ҳақида ўйлаганимиз сари ҳаяжонимиз ошади. Ўзбекистонимизнинг ҳар бир фуқароси бу муҳташам ва мўътабар даргоҳда ишончни, шижоатни, эзгу умидни ҳис этишни, парламент — демократия мактаби эканига амин бўлишни, шуни ўз кўзи билан кўришни истайди.

 

Тўлқин ТЎРАХОНОВ


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: