22.08.2017

ТИББИЙ ХИЗМАТ СОҲАСИДА ЎЗГАРИШЛАР БОРМИ?

Парламент Қонунчилик палатасида Аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш ва дори воситалари таъминотини янада яхшилаш, соҳадаги қонунчиликни амалиётга самарали татбиқ қилиш борасидаги ишларни мувофиқлаштириш бўйича комиссия матбуот анжумани ўтказди.

Тадбирда қуйи палата депутатлари оммавий ахборот воситалари вакилларига комиссиянинг фаолияти хусусида батафсил маълумот беришди. Таъкидландики, бугунги кунга келиб қишлоқ врачлик пунктларининг тўлиқ хатлови ўтказилиб, оптимизация қилинган. Қонунчилик палатаси депутатлари иштирокида халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг сессиялари ўтказилиб, уларда соғлиқни сақлаш муассасаларининг тегишли раҳбарлари ўз фаолияти ҳақида маълумотлар тақдим этишган. Мазкур амалиёт тиббиёт муассасаларининг халқ олдида ҳисобдорлиги тизимини шакллантириш имконини берди.

Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туманидаги 47-оилавий поликлиника негизида моддий-техник базаси мустаҳкам, зарур дастурий таъминотга эга замонавий компьютер ускуналари билан жиҳозланган намунавий тиббиёт муассасасини ташкил этиш бўйича амалий ишлар олиб борилган.

Бундан ташқари, давлатимиз раҳбари топшириғига асосан комиссия аъзолари Жиззах ва Наманган вилоятлари аҳолисига кўрсатилаётган тиббий хизмат ҳолатини ўрганишди. Соғлиқни сақлаш муассасалари иши хусусида маълумотлар бериш йўли билан фуқароларнинг тиббий маданиятини ошириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилаётгани қайд этилди.

Анжуман давомида аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш соҳасидаги муаммо ва камчиликларни бартараф этиш борасида қилиниши зарур бўлган ишлар кўп экани таъкидланди. Президент Виртуал қабулхонаси ва халқ қабулхоналарига фуқаролардан келиб тушаётган мурожаатларда ҳануз соғлиқни сақлаш соҳасидаги муаммолар кўтарилмоқда.

Шунингдек, малакали кадрлар етишмаслиги ҳам долзарблигича қолмоқда. Амалиётда соғлиқни сақлаш муассасалари фаолияти устидан жамоатчилик ва депутатлик назорати самарали йўлга қўйилмаяпти. Масалан, Андижон ви­лоя­тининг Булоқбоши тумани, Хоразм вилоятининг Янгиариқ тумани, Сурхондарё вилоятининг Қизириқ тумани ва бошқа қатор ҳудудларда тегишли тиббиёт муассасалари раҳбарлари ўз фаолияти ҳақида фуқароларнинг ўзини-ўзи бош­қариш органлари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига маълумот тақдим этишда камчиликлар кузатилмоқда.

Комиссия аъзолари қайд этганидек, тиббиёт муассасаларини моддий-техник жиҳатдан жиҳозлаш, дори воситалари билан таъминлаш, аҳолининг тиббий маданиятини ошириш, шунингдек, соҳанинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш доирасида яна кўплаб ишлар қилиниши лозим.

Белгилаб берилган вазифалар ҳисобга олинган ҳолда комиссия таркиби янгиланди. Шунингдек, ҳудудий ишчи гуруҳларининг янгиланган таркиби тасдиқланди. Бундан ташқари, комиссия тўғрисидаги низомнинг янги таҳрири, шу билан бирга унинг 2017 йилнинг август-декабрь ойлари учун иш режаси тасдиқланди. Бунда Президентимизнинг тегишли қарор, фармон ва фармойишларида белгилаб берилган вазифалар ижросини ўрганиш бўйича ишларни фаоллаштиришга алоҳида эътибор қаратилди. Шу куни бўлиб ўтган Қонунчилик палатаси мажлисида комиссия фаолиятига оид тегишли қарорлар қабул қилинди.

Матбуот анжуманида тиббиёт муассасалари фаолиятига оид журналистлар саволларига Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан жавоб берилди.

 

Ўз мухбиримиз.



DB query error.
Please try later.