19.08.2017

ЎЗБЕКИСТОН ДОИМО ҚАЛБИМ АРДОҒИДА

Бугун тезкор, айни пайтда мураккаб бир даврда яшаяпмиз. Тинчликсевар ва бағрикенг ўзбек халқи эса тараққиёт йўлидан янгича шахд билан одимламоқда. Ушбу жараёнда ғанимлар турли иғво-фасодлар тарқатса, дўстларимиз ютуқларимиздан қувонмоқда.

Бугунги суҳбатдошимиз ана шундай холис ниятли дўстлардан бири, асл келиб чиқиши Афғонистон ўзбекларидан, ҳозирда Швеция фуқароси, кўп йиллар давомида Тошкент давлат юридик ва Ислом университетларида ёшларга маърифат зиёсини тарқатган инсон, профессор Абдулҳаким Шаръий ЖУЗЖОНИЙ бўлади.

 

— Авваламбор, таҳ­ририя­тимизга хуш келибсиз, устоз! Суҳбатимизни аввало, халқларимиз бирлиги, дўстлиги тарихидан бошласак...

— Жуда маъқул. Афғонистон ва Ўзбекистон азалдан дўстона муносабатда бўлган. Иккала халқнинг кўп жиҳатдан маданияти, тарихи, адабиёти муштарак. Ўзбекистон ва ­Афғонистон халқларини бир умрга боғлаб турадиган шундай ришталар борки, уларни ҳеч ким уза олмайди. Улар олтин кўприклар, деб аталади. Бу олтин кўприкнинг биринчиси Ҳазрат Алишер Навоий бўлса, иккинчиси Заҳириддин ­Муҳаммад ­Бобурдир.

Афғонистон заминида жойлашган бу икки улуғ сиймонинг табаррук қадамжолари қайта таъмирланишида, обод қилинишида, муаззам бир зиё­ратгоҳга айлантирилишида Ўзбекистон халқи ва раҳ­бария­тининг улкан ҳиссаси бор.

Ўзбекистонда тузилган ­«Бобур» халқаро фонди, унинг жонкуяр раҳбари Зокиржон Машрабов бошчилигидаги экс­педиция аъзоларининг ҳо­зирда ҳам афғон заминида олиб бораётган саъй-ҳаракатлари таҳсинга лойиқ. Айни пайтда бу файзли масканлар инсонлар билан гавжум.

Учинчи олтин кўприк, бу – Таҳор вилояти Ишкамиш туманида жойлашган Бобораҳим Машрабнинг қабри ва ўзидан қолдирган ирфоний ҳамда лирик асарларидир.

 Устоз, шахсан сизни қандай хотиралар Ўзбекис­тон билан боғлаб туради?

— Мен биринчи марта Ўзбекистонга 1963 йилда ­келганман. Ўшанда Тошкент мўъжазгина, чиройли бир кент эди. Шаҳар бир нечта ­тарихий ансамбл, шунингдек, Алишер Навоий номидаги академик театр, Муқимий номидаги мусиқали театри, асосий кўча ҳисобланган Алишер Навоий кўчаси қатор кўп қаватли ­бинолардан ташкил топгандек эди менинг тасаввуримда.

Иккинчи бор юртингизга 1978 йилда келиш насиб этди. Бу ташрифимда ўша пайтдаги республиканинг раҳбари Шароф Рашидов билан учрашишга муяссар бўлдим. Кенг мушоҳадали, теран ва самимий фикрлар эгаси, шу билан бирга, босиқ, мулоҳазакорлиги шундоқ юзларидан кўриниб турган бу инсон билан мулоқотимиз анчага чўзилгани ҳамон ёдимда.

Умуман, Шароф Рашидов замонавий Тошкентнинг асосчиси эди. Биргина мисол. Ўша мураккаб даврда ўн бешта ­иттифоқдош республикалардан бор-йўғи 3-4 тасида бўлган метрони Тошкентда ҳам қурдириш ўз-ўзидан бўлмаган. Бунинг учун каттагина жасорат, донолик ҳам талаб этиларди.

Шароф Рашидов бошқаруви даврида қуриб битказилган, икки халқнинг борди-келдисига хизмат қилаётган Ҳайратон ва Термиз дўстлик кўпригининг аҳамия­ти катта.

1991 йилда Тошкентда бўлиб ўтган бутун туркистонликларнинг форумида қатнашдим. Форумдан мақсад чет элда яшаётган туркистонликларни Ўзбекистоннинг мустақиллиги ва янги бошлаган ­тарихий ислоҳотлари билан ­таништириш эди. Ўшанда мен илк маротаба Биринчи ­Пре­зи­дентингиз Ислом ­Каримов билан танишиб, ёнида ўтирдим ва Олий Кенгаш залида ўтказилган йиғилишда нутқ сўзлаб, халқингизга ўз табригимни изҳор этдим. ­Эртаси куни Алишер ­Навоий ҳайкалининг очилиш маросимида қатнашиб, улуғ шоирга аталган шеъримни ўқидим.

Ҳа, дарвоқе, шулардан ­ғоят таъсирланиб, 1991 йилда ­Афғонистонда «Мустақил Ўзбекистон тараққиёт йўлида» номли катта мақола чоп эттирган эдим.

Қарангки, орадан қарийб 26 йил ўтди. Бу давр мобайнида Ўзбекистон мустақил тараққиёт йўлига чиқиб олди.

— Бу галги сафар таассуротлари ҳақида сўзлаб берсангиз...

— Юртингизга бу галги ташрифимда кўплаб қизиқарли воқеаларнинг гувоҳи бўлдим. Ҳаммасини бир бошдан айтақолай. Қадрдон дўстларимнинг таклифи билан Бухоро, Навоий ва Самарқанд вилоятларига бориш, у ердаги бағрикенг инсонлар, олий ўқув юртларида таҳсил олаётган талаба-ёшлар билан учрашиш, суҳбатлашиш насиб этди.

Бухорои шарифни қаранг, шаҳар тамоман ўзгарибди. Жуда ҳам катта ободонлаштириш ишлари амалга оширилибди. Одамлари-чи? Ҳазрат Абдураҳмон Жомий таъбири билан айтганда, «Ҳар қаричи гавҳарга тўла» диёрнинг дуру зумрадлари бўлган бухороликларнинг қалблари маърифат зиёси билан лиммо-лим.

Навоий вилоятини айтмайсизми? Шаҳарда замонавий саноат корхоналари, турли-туман бизнес, бозор инфратузилмаларидан ташқари, маданий-маърифий йўналишдаги мажмуалар барпо этилибди, кўпгина муқаддас қадамжолар қайтадан таъмирланиб, ободонлаштирилибди, шаҳарга файзу барака кирибди. Бир сўз билан айтганда, кент ҳазрати Алишер Навоий номига муносиб тарзда чирой очибди.

Шу ўринда бир гапни айтиб ўтмасам бўлмайди. Ўзбекистонда ягона миллий темир йўл инфратузилмаси яра­тилгани шарофати билан ­Тош­кент­дан то Бухорогача ­«Афросиёб» тез юрар поездида бор-йўғи тўрт соат йўл юрдик. Ундан Навоий орқали Самар­қандга қайтдик.

Маълумки, темир йўллар давлатлар ўртасида ўзаро манфаатли алоқалар, барқарорлик ва тинчликни сақлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилади. Шу маънода, ҳозирда Мозори Шарифдан то Ҳиротгача темир йўл қурилиши режалаштирилган. Айтишларича, бу йўлни ўзбекистонлик мутахассислар қуришади.

Навбатдаги манзилимиз дунёнинг марварид кентларидан саналмиш – Самарқанд бўлди. Бу ердаги маҳобатли тарихий обидалар, ансамбллар ва уларнинг ҳозирги замонавий, бежирим бинолар билан уйғунлигини кўриб, роса ҳавасингиз келади.

Самарқандда Ислом Каримов қабрини зиёрат қилдик. Мени лол қолдирган ҳолат шу бўлдики, зиёратга келаётганларнинг охири кўринмайди. Етти ёшдан тортиб, то етмиш ёшгача бўлган кишилар. Улар бу жойга келиб, мана шундай тинч ва обод ҳаёт учун миннатдорликларини билдиришмоқда. Бу чуқур эҳтиром ва юксак маънавият белгиси, деб ўйлайман.

Мен аминманки, ўз раҳбарини ардоқлаган, унинг ортидан эргашган халқнинг эртаси албатта порлоқдир. ­Чунки шу халқини ўйлаб, унинг тинч­лигию равнақи йўлида тинмай, фидойи меҳнат қилаётган раҳбарларнинг қадрига етган халқ ҳеч қачон кам бўлмаган.

Юртингизнинг турли ҳудудларидаги бунёдкорликларни ўз кўзим билан кўрарканман, бу ўзгаришлар тимсолида мен эртанги Ўзбекистон тараққиётининг сиймосини кўрдим, десам тўғри бўлади.

— Ўзбекистоннинг янгича тараққиёт йўлини қандай баҳолайсиз?

— Биласизми, Ўзбекистон заминида янги, истиқлол насл­лари кўкарибди. Мустақиллик даврининг болалари. Уларнинг теран фикрлари, ғайрат-шижоати, интилишлари, ўз олдига қўйган орзу мақсадлари мени ниҳоятда ҳайратлантирди. Асосийси, улар эртанги кунига қаттиқ ишонишади. Кичкина мисол. Ўзбекистонда Алишер Навоий номидаги ўзбек тили ва адабиёти университети ташкил этилибди. Бундай университетлар дунёда у қадар кўп эмас.

Бугунги ислоҳотлар шиддати ва амалга оширилаётган ишлар суръати ҳар қандай кишининг диққатини ўзига тортади. Албатта, бунинг замирида улуғ ният, буюк мақсадлар борлигини сезиш қийин эмас. Биргина жорий йилнинг Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили деб аталишида қанча маъно бор.

Мени хурсанд қилган яна бир ҳолат шундай бўлдики, мамлакатингиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётида ёшларнинг ўрни беқиёс. Уларни бош­қарувнинг барча жабҳаларида кўрасиз. Улар учун юзлаб алоҳида клублар, турли ижодий, илмий тадқиқот ­мар­казлари ишлаб турибди. Мана, яқинда Президентингиз фаол ёшлар билан учрашув ўтказди. Ўзбекистон Ёшлар иттифоқининг мақоми оширилди. Бу ҳам ўйлайманки, ёшларингизга берилган улкан имконият, катта эътибор натижасидир.

Яна бир муҳим жиҳат. Ўзбекистоннинг мавқеи хал­қ­аро майдонда ҳам юксалиб бормоқда. Бунда, албатта, Ўзбекистоннинг тинчликсевар ташқи сиёсатини изчил олиб бораётган Президент Шавкат Мирзиёевнинг хизматлари катта. Остона шаҳрида бўлиб ўтган Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо мамлакатлар саммитида давлатингиз раҳбари илғор бир фикрни олға сурди, яъни терроризм ичида тинчлик бўлмайди, бутун дунё терроризмга қарши курашиши кераклигини таъкидлади. Дарҳақиқат, Афғо­нис­тонда тинчлик ўрнатилиши минтақа учун, бутун дунё учун жуда муҳим. Афғонистонда тинчлик ва барқарорлик бўлмас экан, бутун минтақада тинчлик ва барқарорлик бўлмайди. Бу йўлда биз ҳар қандай ҳамкорликка тайёрмиз, дейилди. Президентингизнинг чиқишини диққат ­билан эшитарканман, мен ­Аф­ғонистон замини фарзанди сифатида бу фикрни чин дилдан қўллаб-қувватлайман. Тинчлик бўлса, ободончилик бўлади, тараққиёт бўлади, барқарорлик бўлади.

Яқинда Швецияга Афғо­нис­тондан мингга яқин муҳожир, жумладан, ёш болалар ҳам эмиграция қилинди. Ўша болаларнинг ота-онаси менинг наслим тирик қолсин, деб ўз зурриётларини бош­қаларга бериб юборишга мажбур бўлишмоқда... Бу катта фо­жиадир. Лекин яхшиликка бўлган умидимизни ҳеч қачон сўндирмаслигимиз керак.

Эзгулик йўлида ҳормай-толмай хизмат қилаётган бағрикенг ва тинчликсевар Ўзбекистон халқига, унинг раҳбарига Яратгандан битмас-туганмас куч-қувват, ғайрат-шижоат тилайман. Ўзбекистон доимо қалбим ардоғида. Сизларга омад, бахт-саодат ҳамиша ёр бўлсин!

 

«Ўзбекистон овози» мухбири

Обиддин МАҲМУДОВ

суҳбатлашди.



DB query error.
Please try later.