01.01.2018

ОҒИР АТЛЕТИКА:

жаҳон чемпионатида юқори натижага эришган спортчилар тақдирланди

Оғир атлетика бўйича 2017 йилнинг 28 ноябрь — 6 декабрь кунлари АҚШнинг Анахайм шаҳрида бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида Ўзбекистон терма жамоаси 10 нафар спортчи билан иштирок этиб, 5 медалга сазовор бўлган эди. Мазкур нуфузли мусобақада Достон Ёқубов олтин медални қўлга киритган бўлса, ёшлар ўртасида икки карра жаҳон чемпиони Фарҳодбек Собиров кумуш, Иван Ефремов кумуш ва бронза, ­Адҳамжон Эргашев бронза медалига сазовор бўлишди.

Натижада Ўзбекистон терма жамоаси 54 мамлакат вакиллари орасида учинчи ўринни эгаллади. Президентимиз Шавкат Мирзиёев фармойиши билан мазкур мусобақада муваффақиятли иштирок этган спортчилар бир марталик пул мукофотлари билан тақдирланди.

— 1995 йилда Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани Сойлиқ қишлоғида туғилганман, онам Иномова Мавлуда уй бекаси, — дейди оғир атлетика бўйича жаҳон чемпиони Достон Ёқубов. — Мен жаҳон чемпионатидаги ғалабамни онамга бағишлайман. Чирчиқ олимпия захиралари коллежини тамомлаганман. Бугунги кунда Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия институтининг 4-курс талабасиман. Фарҳод Мирзажоновнинг қўл остида шуғулланиб келаман. Улар спортчиларнинг қобилиятини кўра олади. Менинг барча эришган ютуқларимда устозимнинг ҳиссаси катта. 2017 йил давомида тўртта йирик мусобақада иштирок этдим. Хусусан, IV «Ислом бирдамлик ўйинлари»да бронза, Ёпиқ иншоотларда ва жанг санъатлари бўйича V Осиё ўйинларида кумуш медални қўлга киритдим. АҚШнинг Анахайм шаҳрида ўтказилган жаҳон чемпионати 2017 йилдаги сўнгги йирик турнир бўлди. Президентимизнинг рағбатидан сўнг 2018 йил бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатида, 2020 йил Токиода бўлиб ўтадиган олимпия ўйинларига йўлланма олиб, олимпия чемпиони бўлиш ниятидаман.


— 2017 йил мен учун омадли келди, — дейди оғир атлектика бўйича жаҳон чемпионатининг бронза медали соҳиби Адҳамжон Эргашев. — Хусусан, Малайзиянинг Пенанг шаҳрида ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида ҳамда Япониянинг Токио шаҳрида ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионатида олтин медални қўлга киритдим. АҚШнинг Анахайм шаҳрида бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида учинчи ўринни эгалладим. 2018 йилда ҳам бизни кўплаб йирик мусобақалар кутиб турибди. Хусусан, Ўзбекистонда иккита катта турнир бўлиб ўтади. Урганчда ёшлар ва ўсмирлар ўртасида Осиё чемпионати бўлса, Тошкентда 20 ёшгача бўлган спортчилар ўртасида жаҳон чемпионати ташкил этилади. Шунингдек, Индонезияда Осиё ўйинлари ҳам бўлиб ўтади. 2018 йилда 2017 йилги натижаларимдан ортиқроқ ютуқларга эришаман.

Президентимизнинг спортчиларга бўлган эътибори бизга жуда катта мадад бўлмоқда. Бундай рағбатдан сўнг мусобақаларда бор кучимиз билан курашгимиз келади. Бу ишончни ке­йинги бўладиган турнирларда, хусусан, 2020 йилги ёзги Олимпия ўйинларида юксак даражада оқлашга ҳаракат қиламиз.

 

Шаҳбоз САИДОВ

ёзиб олди.



DB query error.
Please try later.