01.01.2018

ПРЕЗИДЕНТ МУРОЖААТНОМАСИ

2017 йилнинг энг муҳим воқеаси сифатида тарихда қолади

Муслиҳиддин МУҲИДДИНОВ, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, СамДУ профессори:

— Тарих саҳифаларига муҳрланган 2017 йил Ўзбекистон ҳаётида жуда муҳим воқеалар юз берган, тараққиётнинг янги босқичига қадам қўйган йил сифатида ёдимизда қолади. Боиси, ушбу йил тўла маънода улкан ўзгаришлар даври бўлганига, Президентимиз ташаббуси билан қабул қилинган мамлакатимизни янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясида кўзда тутилган мақсад ва вазифаларни амалга ошириш, эл-юрт фаровонлигини таъминлаш йўлида дастлабки муҳим қадамлар ташланганига гувоҳ бўлдик.

 Поёнига етган йилда инсонни эъзозлаш, одамлар қалбига йўл топиш халқ билан мулоқот тизимининг асоси этиб белгиланди. «Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат идоралари ­халқимизга хизмат қилиши керак», деган ғоя ҳаётимиздан чуқур жой олди. Мамлакат ҳаётига дахлдор қарорлар халқ билан бамаслаҳат, бевосита мулоқот асосида қабул қилинаётгани одамларнинг давлатга, жамиятга, ўз келажагига ишончини оширди.

Мамлакатимиз хорижий давлатлар, энг аввало қўшни мамлакатлар билан дўстона муносабатларни мустаҳкамлади. Марказий Осиё давлатлари билан йўлга қўйилган самимий дўстлик туй­ғуси халқларимизга ҳам кўчди. Ўзбекистон БМТ Бош Ассамблея­сининг 72-сессиясида бутун ­дунёга жамиятимизда кечаётган ўзгаришларни баён қилди, айни пайтда минтақада барқарорлик ва фаровонликни таъминлаш, инсоният олдида турган муаммолар ечимини топиш бўйича ташаббусларини илгари сурди. Буларнинг бари мамлакатимизнинг жаҳон ҳамжамияти олдидаги обрў-эътиборини мустаҳкамлаш, биз билан ҳамкорлик қилишга тайёр мамлакатлар сафини янада кенгайтиришга хизмат қилмоқда.

Президентимиз мамлакатимиз Олий Мажлисига Мурожаатномасида булар ҳақида алоҳида тўхталди. Айтиш жоизки, ушбу дас­турий маърузада бутун мамлакатимиз, халқимизнинг эртанги куни қандай бўлиши батафсил белгилаб берилди. Ўзбекистоннинг ички ва ташқи сиёсати, ҳудудларни ривожлантириш стратегияси каби барча муҳим масалалар бўйича очиқ фикрлар баён қилинди.

Ислоҳотлар қачон натижа беради? Қачонки одамларда умид уйғотса. Мурожаатномани қайта-қайта ўқирканман, кўнглимдан шундай фикр ўтди. Бундан бир йил илгари юртимизда бошланган жиддий ислоҳотларга кўниколмаганлар ҳам бўлди. Ҳаётимиз яхши-ку, бошқалардан кам эмасмиз-ку, деганлар бўлди. Аммо ўз-ўзига маҳлиё бўлиш, бизга шу ҳам бўлаверади, деган қараш билан яшаган одам — тараққиёт душманидир.

Президентимиз айтганидек, бундай эскича қарашлар билан яшаш вақти аллақачон ўтиб бўлган. Ҳаётимиз яхши бўлиши, мамлакатимиз ҳар томонлама ривожланиши учун бугун ҳаракат қилмасак эртага кеч бўлади. Бунинг учун биринчи навбатда жамиятимизда учраётган камчиликларга барҳам бериш зарур. Боиси, ислоҳ этилмаган ҳеч бир соҳада илгарилаш бўлмайди, аксинча, бир жойда депсиниб тураверади. Бу дунё тажрибасида кўп исботланган.

Шу боис ўтган бир йилда барча соҳани ривожлантириш стратегияси белгилаб олинди, одамларнинг ҳаёт сифатини, имкониятини оширишга қаратилган ташкилий-ҳуқуқий ислоҳотлар амалга оширилди. Энг асосийси, одамларда ислоҳотлар туфайли эртага ҳаёти яхши бўлишига ишонч пайдо бўлди, уларни қўллаб-қувватлай бошлади. Одамлардаги изланиш ва интилиш кучайиб, давлатга камарбас­та бўлишдек олижаноб туйғуга айланди.

Айниқса, ёшларимиз Президентимизнинг орзу-мақсадларини рўёбга чиқарувчи куч сифатида майдонга чиқаётганини, улар қалбида жўш ураётган Ватанга муҳаббат туйғусини, иштиёқни, шижоатни кўриб, қувонасан киши. Яна яшариб, шу ёшлар қаторида ғайрат билан ишлагинг, ўзингни кўрсатгинг келади.

Бугунги ёшлар ўз ватани, Президенти билан фахрланади. Уларнинг юраги садоқат, меҳр, муҳаббат ила уради. Уларнинг ёниб турган кўзида шижоат бор. Ана шундай йигит-қизларимизнинг илм-фанда, спортда ва бош­қа соҳаларда эришаётган ютуқларини кўриб ғурурланаман.

Аммо шуни ҳам очиқ айтиш керак, биз катталар бир вақтлар ёшлар таълим-тарбиясида камчиликларга йўл қўйганмиз. Бу ота-оналар ва педагогларнинг бефарқлиги сабабли юз берган. Ўтган бир йил давомида ёшларга кўрсатилган эътибор ва ғамхўрлик туфайли улар қаерда бўлмасин, юртимиздами, чет элдами Ўзбекистон ҳимоясида эканликларини қайта ҳис эта бошлашди. Ўзбекистон ёшлар иттифоқи томонидан чет элларда ўқиётган, ишлаётган ёшлар ҳаёти билан яқиндан танишиш, улар билан учрашувлар ўтказиш ўз ижобий натижаларини бераяпти. Ҳеч ким ўзини ёлғиз сезмаслиги учун амалий ишлар қилиняпти. Айниқса, Президентимиз хорижий давлатларга ташрифлари давомида турли соҳалар бўйича ўқиётган, ишлаётган ёш ватандошларимиз билан учрашгани уларнинг Ватан олдидаги қарзини узишга умидлантирди. Ана шундай ёш мутахассисларимиз юртимизга қайтиб, турли соҳаларда меҳнат қилишга киришаётганини тез-тез эшитаяпмиз. Бундан қувонмай бўладими?!

Президентимиз Мурожаатномада Ўзбекистон ёшлари халқ­аро ассоциациясини тузиш кераклигини айтди. Бундан мақсад ёшларимизни хориждаги тенгдошлари билан фаол мулоқотини йўлга қўйишдир.

Бу ёшларимиз учун жуда катта имконият бўлиб, улар ўз фао­лиятини бошлаши, тажриба алмашиши мумкин бўлади. Шунинг­дек, мазкур ташкилот Ўзбекистон ёшларининг салоҳиятини бутун дунё бўйлаб намоён этиш имконини беради. Шунинг учун ҳам 2018 йилда Самарқанд шаҳрида Марказий Осиё ёшлари форумини ўтказиш ташаббуси билдирилди.

Президентимизнинг ёшларни асраш, яшаш шароитини яхшилаш, таълим-тарбия олиши учун имконият яратиш, иш ўринлари ташкил этиш, моддий ва маънавий ҳимоя қилиш, раҳбарлик лавозимларига тайинлаш, ижодкор ва истеъдодли йигит-қизларни рағбатлантириш, Ўзбекистон ёшларини бир мақсад йўлида бирлаштириш борасида олиб бораётган эзгу ишлари дунё мамлакатларига ибрат қилиб кўрсатишга арзийди.

Менинг назаримда Президентимиз Мурожаатномаси 2017 йилнинг энг муҳим воқеаси сифатида тарихда қолади.



DB query error.
Please try later.