17.08.2017

ТЎЙЛАРИМИЗНИ ИХЧАМ ВА КАМТАРОНА ЎТКАЗАЙЛИК

Сафар ОСТОНОВ,

«Ўзбекистон овози»

ва «Голос Узбекистана»

газеталари Бош муҳаррири:

— Ҳурматли давра суҳбати иштирокчилари, хабарингиз бор, яқинда Президентимиз ижод аҳли билан бўлган учрашувда жамиятимизда мавжуд бўлган бир қатор ўткир муаммолар ҳақида фикр юритиб, хусусан бугунги тўйларимизда дабдабабозлик, исрофгарчиликлар бўлаётгани, турли-туман иллатлар ўйлаб топилаётгани ҳақида куйиниб гапирди. Аччиқ мисолларни келтирди. Миллий қадриятларимиз, маданиятимизга ёт бўлган бу иллатларга бутун жамоатчилик эътибори қаратилди. Бугунги давра суҳбатимиз ана шу долзарб, оғриқли мавзуга бағишланади.

Тошкентда тўйдан олдин мебель олиш қиз томоннинг зиммасига юкланади. Ҳозир бу иллат вилоятларга ҳам етиб борди. Узоқ қишлоқларда ҳам қиз томондан мебель талаб қилиш кучайиб бор­япти. Кўп келишмовчиликлар ана шундан бошланаяпти. Вилоятларимизда «ўзига хос удумлар» пайдо бўлаяпти.

Президентимиз маърузасида таъкидлаганидек, тўй бир одамнинг, оиланинг шахсий иши эмас. Тўй — бу тарбиявий масала, тўй — бир оиланинг қандай яшаб кетишига таъсир қиладиган, тақдирини ҳал этадиган масала.

Қудалар ўртасидаги келишмовчиликлар кўпинча тўйдан олдин бошлан­япти. Тўй ўтади, низо бошланади. «Олиб келган мебели арзон экан, менга ёқмади, машинадан туширманг, орқага қайтаринг», — дейди куёв бўлмишнинг онаси... Президентимиз айтганидек, кўп одамлар тўйдан кейин инсульт ёки инфаркт бўлаяпти. Бу фожиаларга бефарқ қараш, эртага оғир оқибатларга олиб келади.

Бу иллатлар, дабдабабозликлар пайдо бўлишининг сабаби нимада? Уларни бартараф этиш учун нималар қилмоғимиз керак? Қандай механизмларни таклиф эта оламиз? Тўй-маъракаларимизни ким тартибга солиши керак?

Абдулҳамид ЖУМАНОВ, Шайхонтоҳур тумани, «Ўзбекистон» маҳалласидаги Доруссалом жомеъ масжиди

имом хатиби:

— Президентимизнинг тўйлар ҳақидаги фикрларидан ҳаммамиз хулоса чиқариб олишимиз керак.

Яхши урф-одатларимиз кўп. Аммо тўй қилиш бўйича аниқ мезонлар, тавсиялар йўқлиги учун ҳамма ҳар томонга тортиб кетяпти. Натижада ҳар хил ортиқча харажатлар пайдо бўла бошлади.

Тўй қандай даражада бўлишини ҳар икки қуда келишиб белгиласа, яхши бўларди. Бугун соф  урф-одатларимиздан, миллийлигимиздан келиб чиқиб, маҳалла фуқаролар йиғини, оқсоқоллар, депутатлар бамаслаҳат муайян бир қоидани ишлаб чиқсак, тўйларни тартибга солишга хизмат қилади, деб ўйлайман.

Барча миллий анъаналаримиз замирида, яхшилик, эзгу-мақсад, чиройли шакл, кўриниш бўлган. Лекин орадан вақт ўтиши билан айримлар тўқликка шўхлик, ўзини кўрсатиш, мақтаниш учун янги одатларни ўйлаб топа бошлади. Масалан, чилла нима дегани? Чилладан мақсад — янги келин-куёвни ҳимоя қилиш бўлган. Унинг замирида куёв кечаси кўча-кўйда юрмасин, кўпроқ аёлининг ёнида бўлсин, чунки келин оилага янги келган, унга ўргансин, ўзини ёлғиз сезмасин, деган эзгу мақсад ётади. Келин бўлмиш 40 кун давомида куёвнинг уйидаги муҳитга, оиласига, янги даврага кўникиб, бемалол яшайдиган бўлади. Ҳозир бу қадриятга ҳам ҳар хил нотўғри тушунчалар аралашиб кетди.

Тўғриси, ҳаммамиз тўйларда қатнашамиз, ортиқча ҳашамларни биламиз, қоралаймиз ҳам, лекин шу салбий одатларни ўзимиз ҳам такрорлайверамиз. Фалон пул тўлаб тўйга жалб этилган қатор-қатор машиналарнинг кўчаларда қатновга халақит бериб, авария ҳолати туғдиришидан тортиб, тинимсиз сигнал чалиб, одамларнинг ғашига тегишига ҳам бефарқ қараймиз. Келинимизнинг европалашган кийимларига қарашга одам уялади. Ёки келин-куёвнинг тўйхонада бир-бири билан, ҳатто қайнона-қайнотаси билан вальс тушиши, келиннинг тўйда ашула айтиши қайси миллийлик, мусулмончилик ўлчовларига тўғри келади?

Яна бир оғриқли масала бор. Илгари келинларимизда шарқона иффат, одоб-ҳаё, ийманиш бўларди. Бугун тўйларда келиннинг «гул отиши» одат тусига кирди. Ким ўйлаб топди, бундай уятсиз ҳаракатларни... Келин-куёвнинг тўйда бирга рақсга тушиши кўнглимизни ғаш қилиб келарди. Ҳа, энди ёшларда, деб лоқайд қарардик. Бугун улар «танца» тушишяпти. Бизга нима бўлди ўзи, деб ўйланиб қолаяпмиз. Булар ахлоқ-одобимизга ёт эмасми, «оммавий маданият» кўриниши эмасми?.. 

Саидкарим АБДУВАЛИЕВ,

Юнусобод туман «Ифтихор» маҳалласи раиси:

— Ҳозир ресторанларда ўтказилаётган тўйларда одам бошига ўртача 165 минг сўм тўланяпти. Бу нима деган гап? Бунча маблағни кимнинг чўнтаги кўтаради-ю, кимники кўтармайди? Ўзингиз ўйлаб кўринг, бир одам 3 соат давом этадиган тўйда қанча таом истеъмол қилиши мумкин? Бундан ташқари, ресторан менюсида яна ҳар хил қимматбаҳо ов­қатлар тавсия қилинмоқда. Агарда улар ҳам дастурхонга қўйиладиган бўлса, нарх яна ошиб кетаверади. Шунча пул сарфлаш ўрнига тўй ихчамлаштирилган ҳолда қилинса, дастурхонга ортиқча нарсалар қўйилмаса яхши эмасми?

Биз ҳозир тўйларни ихчам ҳолда маҳалланинг ўзида ўтказишга эришдик. Бунинг учун махсус тўй комиссиямиз бор. Тўй қиладиган фуқароларимиз бир тўхтамга келганидан кейин келин-куёвнинг ота-онасини маҳаллага чақириб, тўйни меъёрида ўтказишга келишиб оляпмиз. Мақсадимиз — тўйдан кейин бўладиган жанжалларнинг олдини олиш. Маҳаллада айнан ана шу тежаб қолинган пулни келин-куёвнинг кам-кўстини бутлашга йўналтираяпмиз. Маҳалламизда бирорта ҳам ажралишлар йўқ.



Шаҳноза НИЗОМОВА,

Учтепа туман «Боғичинор» маҳалласи хотин-қизлар қўмитаси раиси:

— Тўй бошланишидан олдин фотиҳа, унаштирув сингари маросимлар бор. Ҳар битта тадбирга камида 6 тадан тоғора олиб борилиши керак. Шунингдек, келинга, яқин қариндошларига сарпо кийдирилади. Қаранг, битта оқ ўрар ва фотиҳа тўйга қанча харажат қилинади. Энди, шунга яраша, қиз томон куёв томонидан келган 6 та тоғорага камида 10 та тоғора билан жавоб қайтариши керак. Бу нимани англатади? Манманлик, маърифатсизлик эмасми? Ортиқча харажат, ортиқча ҳаракат, исрофгарчилик эмасми? Агар уларни ихчамлаштирсак, келин томонга ҳам, куёв томонга ҳам яхши бўлади-ку. Нега ҳеч қандай маъно-мазмунсиз одатларни ўйлаб топиб, бир-биримизни қийнаймиз, ортиқча муаммо туғдирамиз. Бу ташвишлар келин-куёв бахтига хизмат қилмайди-ку. 





Гулчеҳра УМАРОВА,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими:

— Биринчи навбатда биров учун яшашни йўқотишимиз керак. Фалончининг тўйи зўр бўлди, писмадончининг тўйида мана бундай бўлибди, деган мақтовлар кимга керак? Иккинчидан, бундай дабдабаларни пули бор одамлар келтириб чиқаряпти. Президентимиз айтганидек пул топса-да, ақл топмаганлар қиляпти. Тўғрисини тан олишимиз керак, пули йўқ одам ҳеч қачон 5 та тоғорани қуда томонга 10 та қилиб қайтаролмайди.

Келиннинг қўлига тилла тақиб қўйишни, сарполарни тасаввур қилиб бўлмайдиган даражада кўпайтиришни пули бор одамлар қилади. Кейин буларнинг азобини оддий одамлар тортади. Чунки, уларнинг фарзандлари ҳам шундай бўлишини талаб қилади. Ота-она нима қилади — қийналса-қийналади, лекин фарзандим бошқалардан кам бўлмасин, дейди.

Илгарилари бунақа бачканабозликлар бўлмаган. Қизга битта яхши кийим кийдириб, яхши тилаклар тиланиб, остонадан куёвникига кузатиб қўйилган. Келин салом, куёв навкар, чилла сингари маросимларимиз ҳам меъёрида бўлган. Тоғораларнинг кўпайиши, келин нав­кар, гул отиш, келин-куёвнинг тўйда намойиш этадиган «ишқий» муносабатлари, беҳаё юриш-туришлари миллий қадриятларимизни ерга уришдан бош­қа нарса эмас. Буларнинг ҳаммасидан «оммавий маданият»нинг ёқимсиз ҳиди келяпти.

Тўйлардаги бугунги иллатлар келиб чиқишининг асосий
сабаблари нимада?

Собир МЎМИНОВ,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист:

— Буларнинг барчасига сабабчи ўзимиз. Яъни, аёллар томонидан йўл қўйиладиган исрофгарчиликларга аёллар, эркаклар томонидан йўл қўйиладиган камчиликларга эркаклар сабабчи. Биринчи навбатда, уларнинг ҳаммасини инсофга чақириш керак.

Маърифатдан, дин-диёнатдан оз-моз хабари бор, илмли инсон мақтанишни ёмон кўради ва ақлсиз ишларни қилишга уялади. Бу иллатларга илмсизлик, савиясизлик сабабчи. Кейин бечора отанинг қийналиб, кечаси-ю-кундузи ишлаб, топиб келганини осонгина сарфлаётган хонадон соҳибаси сабабчи. Фалончи мана бунақа қилибди, фалон тўйда ана ундай бўлибди, деб эшитиб, шуларга тенглашишга, улардан ошириб юборишга интилишади. Бу  иллат, мени кечирасизлар, юқумли касалликка ўхшаб бир зумда тарқалиб кетяпти...

Илгари оила бошлиғи, хонадон эркаги ош ёки никоҳ тўйини элдан баландроқ қилиб ўтказишни ўзига уят деб билган. Ҳозир эркаклар ҳам ё майдалашиб кетган, ёки мақтанадиган бошқа нарсаси қолмаган, деган хаёлга борасан, киши.

Шунинг учун мақтанмоқчи бўлган, ёки осон пул топган, ёки қийинчилик билан топган пулининг қадрига етмаган, кимдандир қолмай, деб тўй қилаётган валломатни эл-улус бундай ёнига ўтқазиб, озгина ақлини киритиши керак. Фалончидан қаерим кам, деб эрини эговлаб турган аёлларимизни ҳам маърифатли аёлларимиз инсофга чақириши керак.

Бу ерда яна учинчи шахс иштироки борки, у оила сармояси, ота-она имкониятини ҳисобга олмасдан, «менга мана бу нарсани қилиб берасиз», деб отасига гапини ўтказадиган, онасини менсимайдиган фарзандлар кўпайиб бораётгани одамни қаттиқ ташвишлантиради. Буларнинг ҳаммаси — ўша оилада маънавий тарбия етарли бўлмаганидан далолат беради. Уларга биринчи нав­батда оилада, маҳаллада, мактабда бу масалалар бўйича сабоқ бериш керак. Турли жамоат ташкилотлари бор, ёшлар тарбиясига масъул бўлган. Улардан нима иш қилишаётганини сўрайдиган пайт келди.

Абдулҳамид ЖУМАНОВ:

— Бизда тўй ҳақида битта нотўғри тушунча пайдо бўлиб қолган. Нима эмиш, тўй — бу қарз, ҳамма олди-бердилар қарз эмиш. Тоғора келдими, тоғора қайтариш, сарпо қилдими, сарпо қайтариш шартмиш. Баъзи одамлар тўёна йиғиб олиш ниятида дастурхон ёзиши ҳам бор гап. Холислик, самимият йўқ. Аслида тўйдан мақсад — ёш келин-куёвнинг турмуш қурганини эълон қилиш холос, бошқа нарсани таъма қилиш керак эмас. Бу катта иллатлардан биттаси. Демак, бу ерда ғаразли мақсад, нотўғри тушунча турибди. Масалан, мен сизга яхшилик қилиш орқасидан ниманидир кутаман, бу мутлақо бўлмайдиган иш. Динда, шариатда бировга ҳадя бериш, бировни холис таомлантириш, яхшилик қилиш остида ҳеч қанақа таъма кўзда тутилмайди.

Шу ўринда тўйларга беш-ўнталаб санъаткор таклиф этиш, тўйни концертга айлантириб юбориш ҳоллари ҳақида ҳам фикрлашсак...

Собир МЎМИНОВ:

— Қадимдан тўйларимизга тўй эгаси қайси сан­ъаткорни яхши кўрса, ўшани олиб келган. Тўйда айтиладиган қўшиқлар ҳам тўйга мос бўлган. Маъноли-мазмунли, кишига маънавий озиқ берадиган, кўнгилни яйратадиган қўшиқлар айтилган. Бугунги тўйларда шуларга ҳам эътибор берилмай қўйди. Ҳаттоки тўйларга ҳар томонлама маданиятли санъаткор эмас, балки ҳамманинг қўшиғини фонограмма орқали худди ўзиникидек қилиб айтадиган отарчилар кўпроқ таклиф қилиняпти.

Тўй — бу тарбия, тўй — бу тарғибот. Тўйда миллий урф-одатларимиз, миллий қўшиқларимиз намойиш қилинса, бу ёшлар тарбиясига ҳам ижобий таъсир қилади.

Менинг кузатишларимдан хулосам шуки, келиннавкар, вальс тушиш ва шу каби бошқа дабдабаларнинг оммалашиши негизи тўй бюроларига бориб тақалади. Тўй ҳаракатини бошлаб, келин-куёв учун машина буюртиришга тўй бюросига борсангиз, сизга турли-туман, янги-янги «маросимлар»ни таклиф қилишади, тиқиштиришади, қизиқтиришади...

Ҳозир ҳамма замонавий тўйлар шунақа ўтказилади, «севги тарихи» эсдалик бўлиб қолади, келиннинг дугоналари бир хил кийимда бўлса, чиройли бўлади, тортнинг «ўзи юриб» келадиганини олиб келамиз ва ҳоказолар деб бошингизни айлантиришади. Бу таклифларни эшитганидан кейин кўплар «майли» деб юборганини ўзи ҳам сезмай қолади. Аслида улар тўйингиз чиройли, мазмунли ўтишини ўйлашаётгани йўқ, уларнинг дарди турли тадбирларни кўпайтириб, кўпроқ пулингизни олиш.

Ҳатто хориж мамлакатларининг турли хил иллатларини тўйларимизга тиқиштираётганлар ҳам аввало тўй бюролари. Уларни назорат қилувчи ташкилот йўқ. Эътироз билдирсангиз, сизга лицензиясини рўкач қилади...

Муқаддам РАСУЛОВА,  Олмазор туман ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси:

— Ҳозир ёшларимиз ижтимоий тармоқларга кўп киради. Уларда эса йўқ нарсанинг ўзи йўқ. Билимли йигит-қизлар яхши билан ёмонни фарқлайди. Аммо мустақил фикри йўқ, ғўр ёшлар онги заҳарланади. Тармоққа қўйилган, манманликнинг яққол намойиши бўлган тўйлардаги исрофгарчиликларни, бойвачча ота-онанинг арзандаси бўлган келин-куёвларнинг қимматбаҳо мебель жиҳозларига, минг хил турдаги кийим-кечакларига, минган энг сўнгги русумдаги машиналарига ҳаваси келади. Вақти келиб, ўзининг тўйини ҳам шундай ўтказишини ота-онадан талаб қилади. Ҳатто айрим таниқли санъаткорлар фарзандларининг дабдабали тўйлари ҳам интернет сайтларига  жойлаштирилмоқда...







Собир МЎМИНОВ:

— Ижтимоий тармоқларда ўзини реклама қилиб юрган санъаткорлар, хонандами, актёрми ёки бошқами, у билан икки оғиз савол-жавоб қилинг, шу одамнинг савияси, дунёқараши, фикрлаш даражаси қандай эканлигини биласиз. Буларнинг ҳаммаси саводсизликдан, фикр­сизликдан, китоб ўқимаганликдан, устоз кўрмаганликдан келиб чиқади. Одам қайсидир бир соҳада ном чиқариб, машҳур бўлиши мумкин, лекин унда маданият, маънавият бўлмаслиги мумкин. Билим-савия йиллаб, мисқоллаб йиғилади.

Муқаддам РАСУЛОВА:

— Тўйларимизнинг дабдабага айланиши сабабларидан бири — тўй маҳалладан чиқиб кетди. Бир пайтлар ҳамма тўйни уйида қилар эди. Маҳалладан самовар, қозон олиб келинар эди, тўй эгаси маҳалла фаолларини маслаҳатга чақирарди. Ҳозир шаҳарнинг бу четида яшаётган тўй эгаси шаҳарнинг у четидаги данғиллама рес­торанда тўй қилади, буни ҳатто маҳалла фаоллари ҳам билмай қолади. Майли, бугун замон ўзгарди, муҳташам тўйхоналар хизматимизга тайёр. Энди тўй-ҳашамлар комиссиясини маҳаллаларда қайтадан тиклаш керак. Аввал бор эди. Жамоатчилик барибир катта куч. Шунингдек, аҳоли ўртасида маънавият тарғиботини доимий олиб боришимиз керак. Барчамиз маҳалла, хотин-қизлар, ёшлар ташкилоти, ОАВ бир бўлиб мана шу ишни қилишимиз, аҳоли онгига етказишимиз керак. 

Шаҳодат ИНОFОМОВА,

ЎзХДП Олмазор туман кенгаши «Фаол аёллар» қаноти етакчиси:

— Боя тўғри айтилди, ҳозир дабдабали тўйлар рекламаси кучайиб кетяпти. Тўй бюроси деган фирмалар кўпайиб кетган, ҳамма ортиқча сарф-харажатларни ўшалар ўйлаб топаяпти. Пули бор бойвачча улар томонидан таклиф этилган бачкана хизматларни қабул қилади, жарақлатиб пулини тўлайди. Иқтисодий имконияти камроқ куёв томон ана шу тўй бюроси томонидан қилинган хизматларни чўнтаги кўтармайди, бундан келиннинг олдида ҳижолат бўлади. Қарз кўтариб бўлса ҳам, тўйи бошқалардан кам бўлмаслигига интилади, яқинларидан қарз олишга мажбур бўлади. Бундан ким азият чекади? Албатта биринчи навбатда ота-она, ёш оиланинг ўзи. Чунки тўйдан кейин оилада муаммолар пайдо бўлади... Булар ҳақида кўпроқ гапиришимиз, тарғиботни кучайтиришимиз керак.

Кўриб-билиб юрибмиз, бадавлатроқ одам ёки машҳур санъаткорнинг дабдабали тўйи дарҳол интернетга қўйиляпти. Ҳозир ҳамманинг қўлида телефон бор, интернетдан кўради, кейин шундай тўйларга айрим ёшлар ҳавас қилади-да! Нега биз бунга томошабинмиз? Уларга қарши тарғибот ишларини олиб боришимиз керак.

Абдулҳамид ЖУМАНОВ:

— Тўй масаласида шариатда ҳеч қандай олди-берди, пул-маблағ аралашган жойи йўқ. Афсуски, пул билан боғлиқ ҳар хил иллатлар ҳамон яшаб келаяпти. Масалан, сут пули нима дегани? Чуқурроқ суриштириб борсангиз, авомнинг тушунчаси онаси фарзандига сут эмизгани учун бериладиган пулдан нарига ўтмайди. Буни чуқурроқ тушунтириб берадиган одамнинг ўзи йўқ. Биринчидан, она сутининг баҳоси бўлмайди, у асло пул билан ўлчанмайди. Иккинчидан, куёвга сут пулини тўлаш мажбурий эмас. Қалин масаласи ҳам мажбурий эмас, қадимий урф-одатларимиздан келиб чиқадиган бўлсак, бу келин томонга тўй-харажатларини енгиллатиш маъносида ўзига хос кўмак бўлган.

Агар маълум миқдордаги маблағ ҳақиқатдан ҳам кўмак мақсадида бериладиган бўлса, бу жуда яхши одат. Сиз қиз ўстирдингиз, улғайтирдингиз, энди тўй қиляпсиз, шуни олиб, кам-кўстларга ишлатарсиз, дейилса, бу бошқа гап. Лекин мажбуриятга айланса, фалон пул берасан, деб туриб олинса, бу бир томонни қийнаш, машаққатга солиш бўлади.

Дабдабали, ном чиқаришга қилинаётган тўйларнинг асосий сабаби — ҳирс. Ҳирс бор экан, тўйдаги исрофгарчиликни меъёрга солишнинг имкони йўқ. Ҳирсни меъёрга солиш керак. «Шундай тўй қилгинки, одамлар умрбод эслаб юришсин, йиллаб гапиришсин. Кимдан каминг бор, сендан камбағалроқ одам ҳам данғиллама тўй қилмоқда, одамлар олдида обрўйингни кетказма», — деб, ҳирсимизни уй­ғотишади.

Бу иллат — ҳирс. Ҳирсни тарбиялаш керак. Ҳирсни ўлдириш керак. Ҳирсни йўқотсак, ҳамма иллатлар барҳам топади.

Саидкарим АбДУВАЛИЕВ:

— Келин-куёвни тўй куни олиб юрадиган иномарка машиналари русумига қараб баҳоланади. Энг пасти 50 доллардан бошланади.  Ўртачаси 400 доллар, энг қиммати 800 долларгача бор. Бу турган-битгани ортиқча сарф-харажат.

Маҳалламиз ҳудудида 447 хонадон бор. Энди, ҳаммага тўйингни тартибли, содда-чиройли қилиб ўтказгин, десангиз, сенинг нима ишинг бор, дейдиганлар ҳам топилади. Ҳозир айнан мана шу нарсаларга қарши курашиш масаласида ФҲДЁдан ўтишда маҳалладан маълумотнома олиб келиш кераклиги ҳақида кўрсатма бўлди. Бу нима дегани? Демак, бундан буён биз ҳамма тўйлардан хабардор бўламиз. Тўйни қаерда қиляпсиз, неча кишини чақиргансиз, қандай ўтказмоқчисиз, деб сўрай оламиз. Маҳалладаги ўзига тўқ оила тўйни сал ихчамроқ қилса, ундан бошқалар ҳам ибрат олади. 

Тўй меники, ўзим биламан, сен аралашма дейдиганлар ҳам бор деяпмиз. Бундайларни тартибга чақириш учун нима қилмоқ керак?

Ҳанифа САИДАЗИМОВА,

Учтепа тумани «Бешқайрағоч» маҳалла фуқаролар йиғини раиси маслаҳатчиси:

— Маҳалламизда 8056 нафар аҳоли истиқомат қилади. Ҳудудимизда 22 кўча бор. Мана шу кўчаларда обрўли, кўпни кўрган инсонлар яшайди. Маҳалламиздаги қайноналар кенгашига катта ҳаёт тажрибасига эга бўлган онахонларимизни сайлаб қўйганмиз.

 Маҳаллада тўй қиладиган инсонлар кўчабоши ҳамда фаол онахонларимиз, поликлиникадаги шифокорларимиз билан бамаслаҳат иш тутишади. Мана шу яқин кунлар ичида маҳалламизда 12 та тўй бўлди. Тўй қилганларнинг икки нафари ҳақиқатдан гапимизга қулоқ солмайдиган кишилар эди. Улар барибир айтганимизга кирмай, ўзини билганидан қолмай, дабдабали тўй қилмоқчи бўлди. Уларни чақиртириб, ўртага олиб, тушунтирдик, тартибга олдик, бошқа иложлари қолмади. Агар маҳаллани ҳурмат қилмаса, тан олмаса, унда биз ҳам шунга яраша муносабатда бўлишимизни айтдик.

Фаол онахонларимиз турмушга чиқаётган қизларимиз билан суҳбат ўтказишяпти. Ўзига хос тарзда тушунтириш ишлари билан тўйларимизни ихчам, ортиқча сарф-харажатсиз ўтказиш масаласида тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бораяпмиз. Бунинг озми-кўпми самараси бўляпти. Мана, яқинда маҳалламизда яна битта тўй бўлиб ўтади. Шу хонадон келин тарафга мебель олдирмади. Ҳамма харажатларни қудалар биргаликда бамаслаҳат қилишга келишиб олишди. Айтмоқчиманки, қудалар ҳамжиҳатлиги оғиз бирликдан, бир-бирини тушунишдан, муросаи-мадорадан келиб чиқади.

Абдулҳамид ЖУМАНОВ:

—      Ўзини бошқалардан юқори қўядиган, манманликка берилган инсонларни то улар шу йўлдан қайтмагунича, яхшиликка чақираверишимиз керак. Улар бўлди, бу фикримдан қайтдим, демагунча, чақириб суҳбатлашишдан чарчамаслигимиз лозим. Чунки ҳамманинг тушуниши, қабул қилиш даражаси ҳар хил бўлади.

Биз тарғибот-ташвиқотни, тушунтириш ишларини тўхтатмаслигимиз керак. Кимнидир жаримага тортиш, жазолаш қочмайди, унга улгурамиз. Лекин тарғибот-ташвиқот ишларини тўхтатиб қўймаслигимиз керак. Бўлди, бунга гап таъсир қилмас экан, деб осон таслим бўлиш ярамайди.

Маҳаллада қайсар, ўз билганидан қолмайдиган инсонни керак бўлса, ўша ҳудуднинг имоми яхшиликка чақирсин. Агар у инсон бунга қулоқ солмаса, шаҳар имомидан илтимос қилиб, уни бу ишга жалб қилиш керак. Бу ҳам етарли бўлмаса, мусулмонлар идорасидан имомларни таклиф қилиб, тушунтириш ишларини олиб бориш керак. Бунда ҳам етарли бўлмаса, бошқа таркибда комиссия тузиб, тарғибот-ташвиқот ишларини давом эттиравериш мақсадга мувофиқ бўлади, деган таклифни айтган бўлардим. Кимнингдир гапи барибир ўша одамга таъсир қилади.  

Нима деб ўйлайсизлар, балки тўйхона эгаси ҳам тўй ўтказаётган одамга меъёридан ортиқ нарсаларга рухсат бера олмайман, дейиши мумкин-ку! Масалан, бундан икки йил аввал бир тўйда қатнашгандим. Ўша тўй анча дабдабали ўтган. Дастурхон жуда тўкинлигидан бир қарич бўш жойнинг ўзи йўқ. Спиртли ичимликларнинг тури ҳам кўпдан кўп эди...

Мактуба АРИПОВА,

Учтепа тумани ҳокими ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси:

— Президентимиз тўйларимиздаги исрофгарчиликлар ҳақида гапираркан, пул топиб ақл топмаган айрим маънавий савияси паст кимсалар турли-туман одатларни ўйлаб топаётганини танқид қилди. Афсуски, бундайлар оз эмас. Уларнинг ишлари жаҳолат аслида. Жаҳолатга қарши маърифат билан кураш олиб бориш кераклиги ҳаммамизга маълум.      

Туманимизда тўйларни ихчам ва замонавий қилиб ўтказиш бўйича жамоатчилик кенгаши, назорат гуруҳини тузганмиз. Улар тўйхоналарга бориб, таомномалар билан танишиб чиқ­япти. Мана, масалан, яқинда бир тўйхонага бордик. Шахсан ўзим таомномани олиб кўрдим. Уч хил экан. Бири 130 минг сўмлик, бош­қаси 100 минг сўмлик, арзони 65 минглик экан. Уларга «Менга 30 минг сўмлиги керак эди», десангиз, «Бизда бунақаси йўқ», дейишади.

Ёки бўлмаса, 150 нафар меҳмоним бўлади, десангиз, йўқ, биз 300 кишилик жой билан тўйни ўтказишимиз мумкин, деб рад жавобини беришади. Бу ҳолатлардан норози бўлиб, бизга ариза билан мурожаат қилаётганлар бор. Жамоатчилик кенгаши назорат гуруҳини тузганимизни эшитиб хурсанд бўлаётганлар ҳам бор. Энди тўй қилганда қийналмас эканмиз, яхши ўйлабсизлар, деганлар ҳам бор. Шунинг учун тўйхоналаримиз фаолиятини жиддий назоратга олишимиз керак.

Бахтиёр НОСИРОВ,

Юнусобод туман «Туркқўрғон» маҳалла фуқаролар йиғини раиси:

—      Ўзбекчилигимизда оила муқаддас саналади. Ҳамма нарса оиладан бошланади. Оилада тарбия масаласида бироз бўшлиқ пайдо бўлиб қолди. Буни очиқ тан олиб, қарши чораларини кўришимиз керак. Агар оилада тарбияни яхшиласак, ҳамма масалага ечим топа оламиз. Айнан тўйлардаги иллатлар билан ҳам самарали кураша оламиз. Шу кунларда туманимизда икки-уч йиғинда бўлдим. Одамлар Президентимизнинг тўй-ҳашамларни ўтказиш масаласидаги тан­қидий фикрларини жуда ўринли, деб қўллаб-қувватлашмоқда. Тўғриси, бу иллатлар дард бўлиб турибди. Одамлар ҳатто кредит олиб тўй қилаяпти. Катта тўй қилмасам бўлмас экан, деб хонавайрон бўлаётганлар ҳам бор.

Президентимиз маърузасида ана шу аччиқ ҳаётий ҳақиқатлар айтилди. Мен шундай хулосага келдим, биз кўп иллатларга кўникиб қолган эканмиз. Лоқайдлик яхшиликка олиб келмайди.

Андижон, Фарғона, Наманган вилоятларида тўйдан кейин келиннинг ота-онаси 40 кун мобайнида куёвнинг уйига 3 маҳал ов­қат ташир экан... Бу қанақа удум, буни қандай баҳолаш мумкин?  


Абдулҳамид ЖУМАНОВ:

— Исрофнинг ҳар қанақа кўриниши динда ман қилинади. Ҳаттоки, садақани ҳам ҳаддан ташқари кўп бериш ўша одамнинг муҳтожликка олиб келишига сабаб бўлса, бу ҳам исроф саналади.  Ортиқча юкни зиммамизга олишимиз ўзимизни ҳалокатга ташлаш билан баробар бўлади. Бой ёки камбағал бўлишидан қатъи назар, бу нарса ҳаммага оғир келади, ёки ҳеч бўлмаса, малол келади.

Водийда келин томоннинг тўйдан кейин
куёвнинг уйига 40 кун мобайнида овқат ташиши ачинарли ҳол. Одамнинг йўлдан адашиб кетиши шу даражага бориши керакми? Адашиш шунақанги нарсаки, у одамни хунук, кулгили ҳолатга солиб қўяди. Ташқаридан қараган одам унинг бу ҳолатига фақатгина ачинади.

Менинг 3 нафар қизим бор. Уларни ўстирсам, ул­ғайтирсам, турмушга бериб юборсам-да, ке­йин орқасидан овқат ташиб юрсам, яна овқатинг сифатига эътироз билдирса, одамнинг устидан кулиш, таҳқирлаш, қадр-қимматини ерга уриш эмасми? Қизингизни олганим учун бўйнингизни эгиб юринг, дегандек бир нарса бу, уят бу.

Ҳозир шу ерда ўтирган давра суҳбати иштирокчиларининг фикри бир жойдан чиқяпти. Телевидение, радио ва матбуотда одамларнинг фикри бир жойдан чиқади, ҳамма чиройли гапиради, лекин амалда ҳеч нарса кўринмаяпти. Ким қиляпти бу данғиллама тўйларни? Нега
исрофгарчиликларга йўл қўйилаяпти? Чунки тарғибот изчил эмас, амалий чора кўрмаяпмиз. Гапимиз бошқа, қилган ишимиз бошқача бўлиб қоляпти.

Давра суҳбатида Юнусобод туман, Шайхшивли маҳалла фуқаролар йиғини раиси Асатулла Тўлаганов, «Янгиариқ» маҳалла фуқаролар йиғини раиси Равшан Исломов, Олмазор туманидаги 111-умумтаълим мактаби ўқитувчиси Назира Тошева, «Чаманбоғ» маҳалла фуқаролар йиғини раиси Муқаддас Ҳидоятова ва бошқалар ҳам ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди.

Ҳозир «Ёшлар — ёшларга» деган ташаббус кенг қулоч ёймоқда. Энди кексалар — кесаларга, аёллар — аёлларга, деган ташаббусларни ҳам бошлаш керакдир? Бир хил масалалар борки, эркаклар аёлларга гапира олмайди, тушунтира олмайди. Лекин аёллар бир-бирига тушунтира олади. Кексалар орасида ҳам тушунадиган ва тушунмайдиган қатлам бор. Тенгқур тенгқурга гапирса, тушунади.

Нуриддин АМИНЖОНОВ, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими:

— 1972 йилда уйланганман. Ўша вақтда республика радиосида ишлардим. Уйланган йилим тўйларда овоз кучайтиргич қўйилмасин, деган қарор чиққан. Шу қарордан сўнг маҳалламизда биринчи тўй меники бўлган. Маҳалламиз раиси тўйни овоз кучайтиргичсиз ўтказишга мени кўндирган. Ваҳоланки, энг овози баланд техник воситаларни олиб келишим мумкин эди. Ўзбекистондаги кўпчилик машҳур артист­лар мен билан бирга ишлашган, бирортасини тўйга хизматга таклиф қилмаганман.

Бизда қадимдан оқсоқоллар гапи гап бўлган. Момоларимиз гаплари оналаримизга ўтган. Бугун ҳам кексаларимиз маслаҳатларидан фойдаланмоқ керак бўлади.

Кўп нарсани йўқотдик, дедик, энг йўқотган нарсамиз нима? Тўйларда ижро қилинадиган, асл қадриятларимиз ҳисобланган қўшиқларимизни ҳам йўқотдик.

Шовқин-суронли мусиқаларга чек қуйиш керак. Қўшиқларнинг мусиқасини баланд қўйишнинг сабаби, унинг сўзида маза-матра йўқ. Шу камчилигини яшириш учун овоз кучайтиргични баланд қилиб қўйишади.


Муқаддам РАСУЛОВА:

— Келиннинг сепини чегарадан чиқиб кетмаган ҳолда тўрт фаслга мослаб кийим қилиб беришимиз керак. Сабаби, бир йилдан кейин келинимиз ҳомиладор бўлади ва бошқа кўйлаклар унга сиғмай қолади. Натижада ортиқча кийимнинг аксарият қисми кийилмай қолиб кетади.

Ҳамма ўз фарзандини севади, шунинг учун айрим ота-оналар қизига қанча кўп кийим қилса, шунча ҳузурланади. Лекин бу ортиқча исрофгарчилик ва ортиқча пул сарфлаш бўлади. Ўзим ҳам биринчи қизимни турмушга берганимда ҳавас ёки тажрибасизлик туфайлими, сепига ҳаддан ташқари кўп кийим қилиб бергандим, кўп кийилмади.

Ота-она фарзандни болалигидан ҳалол, камтар қилиб тарбиялашга эътибор қаратиши керак. Ҳозир айрим ота-оналар қизларини узатаётганда сепига мутафаккир адибларимизнинг китобларини қўшиб беришяпти. Буни анъанага айлантиришимиз керак.
Алишер Навоий ёки Абдулла Қодирий сингари улуғ адибларимиз асарларини келиннинг сепига қўшсак, ибратли анъана бўлади.

Сафар ОСТОНОВ:

Тўй — халқимизнинг азалий қадриятларидан ҳисобланади. Ўзбекчиликда тўй оиланинг энг азиз орзуларидан биридир. Ҳар бир ота-она фарзанд ўстирсам, тўйини қилсам, деган орзу ният билан яшайди. «Илоҳим ҳаммамизни тўйга етказсин», деб дуо қилинади.

Никоҳ тўйи ҳар бир инсон ҳаётидаги бахтли, тарихий воқеа. Тўйни ҳеч ким таъқиқламоқчи эмас.

Фақат тўйларимиз чиройли, маданиятли ўтсин, сарф-харажатлар меъёрида бўлсин, ота-оналар қийналиб қолмасин, исрофгарчиликларга йўл қўйилмасин, дейилмоқда.

Ота-оналар эътибори тўйни дабдабали қилиб ўтказишга эмас, ўзига муносиб куёв ва келин танлашга, фарзандлари бахтини ўйлашга қаратилиши керак дейилмоқда.

Агар тўй-маъракаларда бугун авж олаётган иллатларга қарши жиддий курашилмаса, маънавий-маърифий тар­ғибот ишлари изчил, таъсирчан олиб борилмаса, эртага янада оғир муаммолар пайдо бўлиши мумкин.

Тўқликка шўхлик, мақтанчоқлик, исрофгарчиликлар, дабдабабозлик, бир сўз билан айтганда, нодонлик ва ношудликларнинг олди олинмаса, бу иллатлар, маърузада айтилганидек, миллатимизни маънавий таназзулга етаклайди.

Бугунги давра суҳбатидан мақсадимиз битта: Тўйларимиз камхарж, ихчам, чиройли, маъно-мазмунли, маданиятли ўтсин. Ёшларимиз бахтли бўлсин!

ТАҲРИРИЯТДАН: Давра суҳбатида тўй-маъракаларимиздаги камчилик ва нуқсонларнинг айримлари ҳақида фикр юритилди, баҳоли қудрат таклифлар айтилди. Аммо бу муаммоларни бартараф этиш осон эмас, албатта. Бунинг учун таъқиқ ва чекловлардан кўра, тарғибот ишлари кўпроқ самара беради. Шу боис, мавзуни давом эттирамиз, сиз, азиз газетхонларнинг фикр-мулоҳазаларингизни кутамиз.

Айниқса, ЎзХДПдан сайланган депутатлар, партиямиз фаоллари бу масалага алоҳида эътибор қаратиши лозим, деб ҳисоблаймиз. Чунки тўй — ижтимоий масала. Ким ўзарга тўй қилиш аҳолининг кам таъминланган қатлами учун оғир кечиши табиий.

Тўйларимизга эътиборни ижтимоий ҳимояга, маънавиятга, қудаларнинг аҳиллиги, ёшларнинг бахтли бўлишига, жамиятда соғлом муҳитни мустаҳкамлашга эътибор, деб тушунмоғимиз зарур.

«Ўзбекистон овози» мухбирлари

Нуруллоҳ ДОСТОН, Абдусалим МАҲМУДОВ, Шаҳбоз САИДОВ

ёзиб олди.



DB query error.
Please try later.