01.01.2018

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИ ШАВКАТ МИРЗИЁЕВНИНГ ЎЗБЕКИСТОН ХАЛҚИГА ЯНГИ ЙИЛ ТАБРИГИ

Азиз ва муҳтарам ватандошлар!

Қадрли дўстлар!

Жонажон Ватанимизга Янги — 2018 йил кириб келмоқда.

Сиз азизларни, мўътабар нуро­нийлар, меҳрибон опа-сингил­лари­мизни, азму шижоатли ёш­ларимизни, кўп миллатли бутун халқимизни ушбу қутлуғ айём билан самимий табрик­лайман.

Барчангизга сиҳат-саломатлик, тинчлик-хотиржамлик, бахту саодат ва фаровонлик тилайман.

Минг шукрки, турли муаммо ва қийинчиликларга қарамасдан, 2017 йил мамлакатимиз учун тинч, ҳар томонлама омадли ва баракали бўлди.

Биз тараққиётимизнинг янги даври, янги босқичига қадам қўй­дик. Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида белгиланган вазифаларни бажаришга бор куч ва имкониятларимизни сафарбар этдик.

Халқимизнинг фидокорона меҳнати билан 2017 йилни барча соҳаларда ёруғ юз билан якун­лашга эришдик.

Энг муҳими, давлатнинг халққа муносабати ўзгармоқда. Халқ деган тушунчанинг қадри юксал­моқда. Эл-юртга хизмат қилиш ҳаётимиз мазмунига айланмоқда.

Буларнинг барчаси одамлари­мизнинг кундалик ҳаётида ўз амалий ифодасини топмоқда. Уларнинг эртанги кунга ишончи янада мустаҳкам бўлмоқда.

Ташқи сиёсат соҳасидаги фаолиятимиз ҳам, айтиш мумкин­ки, ғоятда самарали бўлди. Айниқса, қўшни давлатлар билан муносабатларимиз янгича руҳ ва мазмун касб этмоқда.

Бу эса минтақамизда ўзаро ишонч, дўстлик ва ҳамкорлик муҳи­тини янада кучайтириш учун мустаҳкам замин бўлмоқда. Биз бу стратегик йўлни 2018 йилда ҳам изчил ва фаол давом этти­рамиз.

Фурсатдан фойдаланиб, узоқ ва яқин барча мамлакатлар халқла­рини ҳам, Янги йил байрами билан табриклаб, уларга тинчлик ва равнақ тилаймиз.

Азиз юртдошлар!

Биз Янги — 2018 йилга Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили, деб ном бердик.

Биз буюк келажагимизни айнан мана шундай юксак мақсад ва ғоялар асосида барпо этамиз.

Халқаро майдонда кескин рақобат кучайиб бораётган ҳозир­ги вақтда бу энг тўғри ва самарали йўлдир.

Шу маънода, 2018 йил Ўзбекистон тараққиётида ҳал қилувчи йил бўлади, деб айтишга барча асосларимиз бор.

Янги йилда ҳам халқимиз ҳаёт даражаси ва сифатини, барча тоифадаги аҳолимиз даромад­ла­рини оширишга алоҳида аҳамият берамиз.

Юртимизда тинчлик ва барқа­рорлик, миллатлар ва элатлар ўртасидаги тотувлик, ўзаро ҳурмат ва меҳр-оқибатни мустаҳкамлаш асосий вазифамиз бўлиб қолади.

Чет эллардаги ватандош­ларимиз билан алоқаларни кенгайтиришга янада катта эътибор қаратамиз.

Ишонаман, 2018 йилда барча­миз биргаликда, ўзимизни аямас­дан меҳнат қилиб, ўз олдимизга қўйган вазифаларни бажаришга албатта эришамиз.

Азиз ва муҳтарам ватандош­ларим!

Мана шу нурафшон дақиқа­лар­да ҳаммамиз эзгу орзу-умидлар билан Янги — 2018 йилга қадам қўймоқдамиз.

Менинг ниятим, тилагим шуки, ҳар бир оила, ҳар бир инсон мурод-мақсадига етсин!

Барчангизга дунёдаги энг катта бахт — оилавий хотиржамлик, фарзандлар, набиралар бахту камолини кўриш насиб этсин!

Юртимиз тинч, халқимиз омон бўлсин!

Янги йил барчамизга муборак бўлсин! 


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: