28.12.2017

ХАЛҚ АРДОҒИДАГИ МУТАФАККИР

Бутун ҳаётини адабиёт, маданият, маърифатга бағишлаб келаётган камтарин олим Иброҳим Ғафуровнинг ҳайратангиз заҳматкашлиги, фидойилиги таҳсинларга лойиқ, ҳавас қилгулик, ибрат олгулик. Агар олим ёзган, ўгирган китоблари, матбуотда бот-бот чиқиб турган мақола, эсселари, эфир, экрандаги суҳбатлари тўплам ҳолида устма-уст тахланса, бўйидан ҳам баланд пирамида пайдо бўларди...

Иброҳим Ғафуров, энг аввало, моҳир адабиётшунос, нуктадон мунаққид. «Истеъдоднинг олмос қирралари», «Ўртоқ шоир», «Ёнар сўз», «Юрак — аланга», «Ям-яшил дарахт», «Ўттиз йил изҳори», «Ҳаё — халоскор», «Мангу латофат», «Паривашлар мажлиси» каби китоблари, мақола, эссе, мансуралари аллақачон ўқувчилар оммаси онги, қалбидан ўрин олган. Мумтоз ва замонавий адабиётнинг у ёзмаган, фикр айтмаган, муносабат билдирмаган намояндаси, муаммоси деярли йўқ, деса бўлади. Биргина «Ҳаё — халоскор»да ­«Навоий — бизнинг огоҳлигимиз» рукни остида ўн бешта мақоласи, Аҳмад Яссавий, Сўфи Оллоёр, Лутфий, Бобур, Хожа Аҳрор, Бобораҳим Машраб ҳақидаги катта-кичик тадқиқотлари ўрин олган, бошқа китоб­ларида Чўлпон, Қодирий, Фитрат, Беҳбудий каби корифейлардан тортиб Муҳитдин Абдусамад, Шодмонқул Салом, Меҳриноз Аббосовага қадар ёш ижодкорлар асарлари таҳлилга тортилган.

Саид Аҳмадни прозанинг шоири деб атаган, китоб бағишлаган олимни адабиётшунослик, танқидчиликнинг шоири деб бемалол айтиш мумкин. Ҳа, Иброҳим Ғафуров нима ёзса, нима ҳақида ёзса, шоир бўлиб ёзади, яйраб-яйратиб, сайраб-сайратиб ёзади, бош­қачароқ айтилса, ёзма битик, нақшлари, оғзаки нутқ, ҳикоятлари бири бирини тўлдирувчи, бойитувчи, безовчи, тақозо этувчи илмий-бадиий-фалсафий-публицистик асар янглиғ жаранглайди, ўзига ром этади.

Иброҳим Ғафуров тасдиқловчи, кашф этувчи, асардан ёруғлик, нур қидирувчи, истеъдод аломатлари, маҳорат нуқталарини топувчи, самимий, илиқ сўзлари билан ижодкорни руҳлантирувчи танқидчилар сирасидан. Тошкент шаҳрида, Навоий вилоятида юбилейолди учрашувларида бўлганимда, бир қанча ижодкорлар Устоз ўзига «оқ йўл» тилагани, илк машқларини кўриб маслаҳатлар бергани, китобларига сўзбоши, тақризлар ёзганидан ғоят миннатдор эканини айтишди, ғойибона устоз деб билганларнинг дил изҳорларини матбуотда ўқидим.

Иброҳим Ғафуров сермаҳсул, моҳир публицист. Ноширлик, муҳаррирлик пайтлари кўп ёзган, кейин ҳам танаффус қилмай, тиним билмай ижод қилиб келаётибди. Энг севимли жанри — мақола. ««Миллатнинг биллурлашуви», «Фикр моддалари», «Ҳаё — халоскор» — бу жанрнинг етук намуналари. Муаллиф «Ҳаё — халоскор»да адаб — одамийликнинг ўзаги, адабнинг илиги эса — ҳаё эканлигини, ҳаё — ор-номус, ҳамият, орият, шаън, уят сингари тушунчалар қаторида туришини таъкидлайди. «Ҳаё фақат ахлоққагина эмас, сиёсатга ҳам алоқадордир, — деб ёзади публицист. — Сиёсатда ҳаёсизлик бети қаттиқлик, охир-оқибат тоталитаризм, якка ҳукмронлик, империализм, фашизмга олиб борди. Ўзга ерларни босиб олишларда, баъзи юртларга қўшин киритишда, жаҳон миқёсида ғавғолар қўзғашларда сиёсий беҳаёлик ётади...»

Табиатдаги ўлчоғлик, мувофиқликни, ҳар бир нарса ҳарир пардасига ўралганини эслатиб, ёзади: «Номусни дарахтдан ўрганинг! Қаранг, у ҳаёт шарбатлари югураётган танасини қандай парда қобиқ билан ўрайди. Бир жойда кесилса, дарҳол шу кесилган ўринни қобиқ билан беркита бошлайди». Маънавият, одоб, тарбияга айни дахл­дор мисол, огоҳ бу.

Публицист катта мақола, маърузаларидагина эмас, кичик лавҳаларига ҳам катта, салмоқли маъно юклашга уста. Бор-йўғи 9 сатрлик «Қисинчоқ Ганди» мансурасида ҳинд арбобининг ёшлигида жуда тортинчоқ бўлгани, болалардан ўзини олиб қочгани, бирдан-бир дўстлари дарс­лари ва китоблари бўлгани, кейин иқтисод қилишга, қисқа ва лўнда сўзлашга ҳаракат қилгани ҳақидаги ҳикояси келтирилади. Бошда ҳайрон бўласиз, бу нарсани бошловчи журналист ҳам ёзиши мумкин-ку. Лекин охирги жумла — бамисоли таранг тортилган ёйнинг нишонга теккан ўқи — матнга улуғвор маъно, салмоқли умумлашма беради: «Қисинчоқ Ганди қисинишдан қутқарди Ҳиндистонни!». Фақат Гандига эмас, ­миллатининг фидойи раҳбарлари, жасур курашчиларига ҳам дахл­дор ўткир гап.

Иброҳим Ғафуров ижоди баландпарвоз ибора, тизгинсиз эҳтирослардан, қўш ундовли дабдаба, қўш саволли дағдағалардан холи, босиқ, вазмин, ўйчан, ўқувчини ижодий ҳамкорликка, бирга фикрлашга, мулоқотга чорлайдиган публицистика, сокин оқаётган, туғён, гирдоблари ичидаги дар­ёга ўхшайди.

Достоевский, Нитше, Жойс, Маркес, Айтматов ва бошқа маш­ҳур сиймоларнинг шоҳ асарларини она тилимизга моҳирони ўгириш Иброҳим Ғафуровни жамоатчиликка янада кенг танитди. Илк таржима асари — ­Хемингуэйнинг «Чол ва денгиз»и эди. Қисса қаҳрамони Сантяго катта, кучли, қайсар балиқ билан курашда тоқат, матонат, маҳорат кўрсатиб ғалаба қозонган бўлса, таржимонимиз ҳам мураккаб асарлар, оғир матнлар, кўртугун жумлаларни она тилига ўгиришда шундай сабр, топқирлик, маҳорат кўрсатиб муваффақиятларга эришди. Унинг ҳар бир ўгирмаси, «Таржима назарияси», «Таржимон мутахассислигига кириш» китоблари, назарий ишланмалари, «Замон ва таржима», «Таржимада фаросат, ҳафсала ва синчковлик», «Қуръон» таржимаси тажрибаларидан», «Нардасен, оҳ, Нардасен» каби мақолалари ушбу соҳа билан шуғулланувчилар, мутахассислар учун ўзига хос сабоқ мактаби бўлаётир.

У китоб, мақолаларида узоқ тарихдан тортиб бугунги кунгача жаҳон бадиий сўз қалъаларини ўзбек сўзи билан ишғол қилган моҳир таржимонларни ва таржимашунослик фанига ҳисса қўшган таниқли олим, мутахассисларимизни бирма-бир санаб ўтади. Ҳайратомуз, гўзал таржималардан мисоллар келтирган олимнинг ўзи ҳам таржиманинг ҳайратомуз, гўзал намуналарини яратади. Файласуф шоир Фридрих Нитшенинг «Зардушт таваллоси» асарини, Жойснинг қайта-қайта ўқилмаса тушуниш, ўзлаштириш қийин романи — «Улисс»ни ўзбек тилига ўгиради. Етук олим, таржимон фаолиятидан бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби Иброҳим Ғафуров қутлуғ саксон ёшини «Айюб нидоси» ва «Олтин қозиқ» китоблари, янги ижодий режалар билан кутиб олмоқда.

 

Сайди УМИРОВ,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси.



DB query error.
Please try later.