28.12.2017

ЎЗБЕКИСТОННИНГ ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ

Мўмин ҚОДИРОВ, Самарқанд давлат университети астрономия кафедраси мудири:

— Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасини эшитиб, ўқиб, мамлакатимизда қисқа даврда таълим ва илм-фан йўналишларида амалга оширилган ишлар кўлами кўз ўнгимдан ўтди. Олий таълим ва академик фан соҳасидаги ислоҳотлар, нуфузли олим ва академикларга бўлган давлат миқёсидаги муносабат биз илм аҳлини янада шиддат билан ишлашга, ўз фаолиятимизни бугунги замон талабларидан келиб чиққан ҳолда қайта кўриб чиқишга ундамоқда.

Президентимиз томонидан 2018 йилни — Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қуввватлаш йили, деб эълон қилиниши мамлакатимиз иқтисодиёти инновацион ривожланиш йўлини қатъий танлаганининг тасдиғидир. Инновацион билим, инновацион илм-фан ва технологияларни ўзлаштирмаган шахс фаол тадбиркор, интеллектуал маҳсулот ишлаб чиқаришга қодир эмас. Давлатимиз раҳбари — Инновация — бу келажак дегани, деб бежиз урғу бермади. Ўзбекистонда Инновацион ривожланиш вазирлигини ташкил этилиши мамлакатни интеллектуал ва технологик салоҳиятини янада ошириш, инновацион ғоялар ва технологияларни ишлаб чиқиш ва жорий этиш, хусусан, илмий-экспериментал ихтисослаштирилган лабораториялар, юқори технологик марказлар, технопарклар ва бошқа инновацион тузилмалар ташкил қилиш учун чет эл инвестицияларини киритиш, илмий тадқиқот ва инновация фаолиятига иқтидорли ёшларни кенг жалб этиш мамлакат инновацион ривожланишининг асосий йўналишлари этиб белгиланиши бу соҳадаги ишлар бос­қичма-босқич олиб борилаётганидан далолат беради.

Бугунги кунда мамлакатлар тараққиётини, инсониятнинг тобора ошиб бораётган моддий ва маънавий эҳтиёжларини инновацион иқтисодиётсиз тасаввур этиб бўлмайди. Ўз навбатида инновацион иқтисодиётнинг пойдеворини инсон капитали, яъни инновацион билим ва технологияларни эгаллаган мутахассисларни тайёрлайдиган инновацион олий таълим муассасалари ва илмий тадқиқот институтлари ташкил қилади.

Ҳар қандай ислоҳотдан кўзланган мақсад инсон манфаатлари бўлиб, бу ислоҳотларнинг ҳаракатга келтирувчи куч олимлар, таълим ва илм-фан намояндалари эканлиги давлатимиз раҳбарининг Мурожаатномасида алоҳида таъкидланди. Ҳақи­қий олимлик, ҳақи­қий ижодкорлик — бу игна билан қудуқ қазишдек машаққатли иш. Буни билган одам билади, билмаган билиб олиши зарур, деб урғу берилиши, олимларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш давлат сиё­сати даражасига кўтарилиши бутун таълим ва илм аҳлининг орзу-умидларини рўёбга чиқишидир. Диққатга сазовор яна бир жиҳат, Президентимиз нафақат Ўзбекистонда истиқомат қилаётган ёшлар, шунингдек, турли сабаблар билан чет мамлакатларда яшаётган, ўзининг интеллектуал бойлиги билан мамлакатимиз тараққиётига ҳисса қўшаётган олимлар, муҳандис ва технологларни юртимизга қайтариш, уларнинг илмий-техник салоҳиятларидан унумли фойдаланишнинг самарали механизм ва йўлларини яратишга ҳам алоҳида аҳамият берди. Шу муносабат билан чет элларда яшаётган ва ишлаётган ватандошларимиз билан ўзаро ҳамкорлик соҳасида давлат сиёсати концепциясини ишлаб чиқишни таклиф этди.

Бу соҳада Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва нуфузли олий таълим муассасалари, Фанлар академия­си ва унинг таркибидаги илмий тадқиқот институтлари томонидан чет элларда ишлаётган олимлар ва технологларни чақириш, мамлакат илм-фанини жаҳон интеллектуал майдонига интеграллашувини чуқурлаштириш бўйича бир қатор манзилли ишлар бошлаб юборилди.

Самарқанд давлат университетида ҳам Жанубий Корея, АҚШ, Франция, Россия, Ҳиндистон каби мамлакатлардаги ватандошлар ва улар ишлаётган университет ва институтлардаги илғор интеллект эгалари билан учрашувлар ташкил қилиш, ходимлар ва талабалар малакасини ошириш, ҳамкорликда инновацион тадқиқотлар ўтказиш бўйича қатор тадбирлар белгиланди. Университетимиз ўқув биноларидан бирининг чет эллик талабалар ўқиши учун реконструкция қилиниши, махсус ётоқхона қурилиши, замонавий ахборот коммуникация технологиялари билан жиҳозланиши, илғор технологияларга асосланган илмий лабораториялар ташкил қилишнинг режалаштирилиши давлатимизнинг таълимга, илм-фанга бўлган эътиборининг бир кўриниши, холос.

Ўрни келганда таъкидлаш жоизки, 2017 йилда биргина бизнинг олий таълим муассасамизда 4 докторлик диссертацияларини ҳимоя қилувчи Илмий кенгаш очилди. Шу йилнинг ўзида 15 дан ортиқ ёшларимиз фалсафа докторлиги ва фан докторлиги диссертацияларини ҳимоя қилишди, иқтидорли ёшларимиздан бир нафари Ўзбекистон Республикаси Президенти номидаги Давлат стипендияси ҳамда 7 нафари Улуғбек, Навоий ва Ислом Каримов номидаги Давлат стипендиялари соҳиби бўлишди, 11 нафар талабамиз Республика фан олимпиадасида сов­ринли ўринларни эгаллади. Реал иқтисодиёт тармоғини ривожлантиришга қаратилган янги таълим йўналишлари очилди, ўқув-маъмурий биномиз реконструкция қилинди, спорт зали қурилди. Янги типдаги талабалар ётоқхонаси тугалланиш арафасида, 500 дан ортиқ компьютер, 100 га яқин видеопроектор ва электрон доскалар билан ўқув хоналар жиҳозланди, физика, химия ва биология таълим йўналишлари Германия­да ишлаб чиқарилган ўқув лаборатория асбоб-ускуналари билан бойитилди.

Мурожаатнома изчиллиги, мамлакатимизнинг ички ва ташқи сиёсатдаги собитқадамлиги, барча ислоҳотлар марказида энг аввало, инсон манфаатлари, халқимизнинг жаҳон ҳамжамиятига юз тутиши, эркинлик ва демократик тамойилларга йўғрилганлиги билан ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Мухтасар айтганда, юртдошларимиз Мурожаатномани тарихда биринчи маротаба халқ олдидаги ҳисобот, давлат ва жамият тараққиётини белгиловчи янгича концептуал ёндашув — туб бурилиш сифатида кутиб олди.



DB query error.
Please try later.