26.12.2017

ЯНГИ ФИКР, ЯНГИ ҒОЯГА, ИННОВАЦИЯГА ТАЯНГАН ДАВЛАТ ЮТАДИ

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Ўзбекистон ХДП фракцияси йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти ­Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси мазмун-моҳияти, унда билдирилган танқидий-таҳлилий фикрлар, илгари сурилган ташаббус ва таклифлар, белгилаб берилган устувор вазифалар атрофлича муҳокама қилинди.

Йиғилишда Ўзбекистон ХДП фракцияси раҳбари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари Ҳотамжон КЕТМОНОВ маъруза қилди.

 

— Бутун Ўзбекистон аҳли ва жаҳон ҳамжамияти катта қизиқиш ҳамда эътибор билан кузатган муҳим сиёсий воқеа — Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида белгиланган устувор вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида йиғилиб турибмиз, — деди партия етакчиси. — Мурожаатнома юртдошларимиз ҳамда эксперт­лар томонидан қизғин муҳокама қилинмоқда ва унда кўтарилган масалалар якдиллик билан қўллаб-қувватланмоқда. Биз жаҳон ҳамжамиятида эгаллаган ўрнимизни янада мустаҳкамлаш йўлидаги очиқлик ва ошкоралик сиёсатининг тўлиқ тарафдоримиз.

Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида амалга оширилган тизимли ислоҳотлар натижаси шуни кўрсатяптики, бундан буён мамлакат ҳаётига доир ҳар бир қарор ­халқимиз билан маслаҳатлашиб, бевосита мулоқот асосида қабул қилинмоқда. «Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат идоралари халқи­мизга хизмат қилиши керак» деган ғоя эса бу борадаги фаолиятимиз мезонига айланмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари ва Виртуал қабулхонасига жуда қисқа муддатда бир ярим миллиондан зиёд фуқаро мурожаат қилгани ва қанча-қанча одамнинг йиллар давомида ҳал этилмаган муаммолари ижобий ечилгани мамлакатимизда халқ ҳокимияти номига эмас, амалда жорий этилаётганини кўрсатади.

Мурожаатномада якунланаётган йил давомида фан, таълим, маданият, спорт, халқаро ҳаёт ва бошқа кўплаб соҳаларда эришилган амалий натижалар аниқ мисоллар, фактлар, рақамлар билан чуқур таҳлил асосида очиб берилди. «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» Давлат дастурини амалга оширишда муносиб иштирок этган давлат ва нодавлат ташкилотлар, хўжалик бирлашмалари ва компанияларга, бу эзгу ишга ҳисса қўшган барча инсонларга самимий миннатдорчилик билдирилди. Албатта, Президентнинг бундай эътирофи ҳар биримизни янги марраларни забт этишга ундайди, илҳом бағишлайди.

Бироқ шу билан бирга, Мурожаатномада қатор масалалар ҳам очиқ-ойдин баён қилинди. Жумладан, ­ислоҳотларнинг бугунги ҳолати, мавжуд камчиликлар, масалага маъсулият билан ёндашмаётган маъсул раҳбарлар очиқ ва ошкора айтилиб, уларнинг фаолиятига холис баҳо берилди. Бинобарин, биз яқин ўн йиллар давомида Ялпи ички маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми бармоқ билан саноқли давлатлар қаторида мамлакатимизда ҳам 8 фоизни ташкил этади, деб ўзимизни ишонтириб, алдаб келдик. Аслида эса бутунлай бошқача, яъни дунёдаги 187 та мамлакатнинг ичида Ўзбекистон бу борада 134 ўринда экан. Соғлиқни сақлаш тизими ҳам жаҳондаги айрим илғор мамлакатлардан олдинда дейиш­дан чарчамадик, аслида эса бу борадаги мавжуд муаммоларнинг охири кўринмаяпти...

Дунёнинг мана-ман деган давлати ҳам йилига 1 миллионга яқин янги иш ўрни яратишга қийналаётган бир вақтда, биз ҳар йили салкам бир миллион янги иш ўрин яратдик, деб ўзимизни алдаб келдик. Аслида бундай натижага эришилганда, дарҳақиқат, бугунги кунда мамлакатимизда ишсизлар сони сезиларли равишда камроқ бўларди...

2018 йилнинг Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили деб белгиланиши зиммамизга катта вазифалар юклайди.

Мурожаатномада таъкидланганидек, янги фикр, янги ғояга, инновацияга таянган давлат ютади. Инкор этиб бўлмас бу ҳақиқатни инсоният тарихидан яхши биламиз. Президентимиз танлаган бу ишончли йўл ва унга асосланиб эълон қилинган янги йил Ўзбекистонда туб ривожланиш даврини бошлаб беришига шубҳа йўқ.

Яратувчанлик иқтидори миллатимиз қонида бор. Ана шу салоҳиятга, ана шу иқтидорга давлат томонидан кенг йўл очилиши, унинг барқарор ривожланиши қонунан мустаҳкамланишини халқимиз ва кенг жамоатчилик чин дилдан қўллаб-қувватлайди.

Президентимиз келгусидаги ­ислоҳотлар самарасини оширишда парламент, депутат ва сенаторларнинг ўрни ва ролига алоҳида тўхталиб, бу борада билдирган фикрлари биз — парламент аъзоларидан ўз ишимизни танқидий кўриб чиқишни талаб қилади.

Бу ўринда давлат раҳбари жорий йил 12 июлда Олий Мажлис аъзолари билан бўлиб ўтган учрашувда парламентимиз ҳақиқий демократия мактабига, ислоҳотларнинг ташаббускори ва асосий ижрочисига айланиши зарурлиги алоҳида таъкидлангани, амалий чора-тадбирлар дастури тасдиқланганини эслатиб ўтди.

Бироқ бу дастур ижросидан халқи­миз қандай наф кўргани, қайси депутат ёки сенатор одамларимизнинг оғирини енгил қилишга, соғлиқни сақлаш, экология, коммунал хўжалик, таълим ёки бошқа соҳаларда уларни қийнаётган муаммоларни ҳал қилишга қандай ҳисса қўшгани ҳақидаги саволлар очиқ қолаётгани, бу борадаги аниқ мисолларни халқи­миз ҳаётда ҳам, матбуот ва телевидениеда ҳам кўрмаётганлиги ҳақиқат эканлигини афсус билан айтиб ўтилди. Депутатлар, сенаторларимиз уйғониши керак, бу — ҳаёт талаби, деган гаплар гаплигича қолиб кетгани маълум қилинди.

Бизнинг фаолиятимизга рўй-рост баҳо берадиган бир фактнинг ўзи менимча ҳеч қандай изоҳга ўрин қолдирмаса керак, деб ўйлайман.

Хусусан, 2017 йил давомида 136 та қонунчилик ташаббуси билдирилган бўлса, шундан 27 таси депутатларга тегишли экани, улар ҳам асосан амалдаги қонунларга Президент фармон ва қарорларидан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар киритишдан иборат бўлганлиги депутатларимиз қандай фаолият юритаётганини яққол кўрсатмоқда. Айниқса, парламент ҳеч бўлмаганда аниқ бирон-бир соҳани тубдан яхшилаш, ривожлантиришга қаратилган қонун ёки қонуности ҳужжатини ишлаб чиқиш бўйича иш ташкил эта олмаётгани ачинарли ҳол эканлиги Мурожаатномада очиқ-ойдин кўрсатиб ўтилди.

Ҳар бир депутат ўзининг бир йиллик ишини таҳлил қилса, хулоса учун шунинг ўзи етарли бўлади. Ҳозир фракциямизнинг ҳисоботини тайёрлаяпмиз, лекин очиғини айтиш керак, қийналяпмиз.

Яна бир ачинарли ҳолат — аксарият ҳолларда бирон-бир масалани аниқ ҳал этмайдиган, бир-бирига тўғри келмайдиган қонун ва қонунос­ти ҳужжатларини қабул қилиш амалда кўплаб муаммолар туғдираётгани алоҳида таъкидлаб ўтилди. Ҳуқуқни қўллаш амалиётига таъсир кўрсатмайдиган, ижро механизмларига эга бўлмаган, таъбир жоиз бўлса, «ўлик» қонунлар кимга керак, деган савол қатъий қўйилди. Ана шундай салбий ҳолатларни бартараф этиш мақсадида Қонунчилик ва норматив ҳужжатлар ижодкорлигини такомиллаштиришга доир концепция ишлаб чиқиб, амалга ошириш таклифи киритилди.

Халқ дарди, ташвиши билан яшаш, ҳар бир воқеъликка сиёсий ҳушёрлик ва ҳозиржавоблик билан муносабат билдира олиш салоҳиятига эга бўлишни депутат ва сенаторлардан бугун ҳаётнинг ўзи талаб қилмоқда. Тўғриси, бу борада ҳам биз талаб даражасида иш ташкил эта олганимиз йўқ. Биз асосан расмий йиғилишлар ўтказиш билан овора бўлиб қолганимиз ҳам бор гап.

Афсуски, қониқарсиз аҳвол фақат парламентнинг ўзида эмас. Аччиқ ҳақиқат бўлса ҳам тан олиш керакки, маҳаллий Кенгашларимиз фаолиятини ҳам ижобий баҳолаб бўлмайди.

Маҳаллий Кенгашлар ўз фаолиятида аниқ ижобий натижаларга эришиш эмас, балки рақамлардан иборат ҳисоботлар топшириш билан маш­ғул бўлаётгани, аслида эса жойлардаги ҳақиқий аҳвол бу ҳисоботлардан анчайин йироқ эканлиги маълум бўлмоқда. Жойларга чиққанимизда намунали кенгаш қиламиз дедик, ҳатто қилдик, деб мақтандик. Қани натижа? Ташкилотларни муҳокама қилиш дедик, депутатлик сўровлари дедик, қани натижа?..

Юқори натижага эришган бирон бир маҳаллий Кенгашнинг йўқлиги Президентимиз томонидан куюнчаклик билан айтиб ўтилди.

Бу фикрлар, албатта, бизни ташвишга солади. Шундан келиб чиқиб, ўз фаолиятимизда туб бурилиш ясамас эканмиз, Марказий Кенгаш ва фракциямизни ҳамда ҳар биримизнинг аниқ иш режамизни ишлаб чиқмас эканмиз, кўзланган мақсадга эришишимиз қийин. Эртага олиб борилаётган ислоҳотларда фаол қатнаша олмаймиз, дея таъкидлади фракция раҳбари.

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциямиз ва жойлардаги депутатлик бирлашмалари олдига қуйидаги йўналишларда вазифалар қўйилмоқда.

Биринчидан, жорий йил 12 июлда Президентимизнинг Олий Мажлис аъзолари билан бўлиб ўтган учрашувидан сўнг ишлаб чиқилган Чора-тадбирлар дастури ижросини бандма-банд қайта танқидий кўриб чиқиш. Мурожаатномада билдирилган тан­қидий фикр­лар ва киритилган таклифлар асосида Чора-тадбирлар дас­турини янада такомиллаштириш.

Иккинчидан, Президент Мурожаатномаси мазмун-моҳиятини ва унда белгиланган устувор вазифалар аҳамиятини қуйи тизимга тўлиқ ва тушунарли, батафсил етказиш. Бу борада 2017 йил январь ойидан бошлаб шаҳар ва туманлар Кенгашларида амалий ўқув семинарларини ташкил этиш бўйича алоҳида график ишлаб чиқиш.

Учинчидан, қонуннинг бирдан-бир манбаи ва муаллифи том маънода халқ бўлиши шарт, деган фикр­дан келиб чиқиб, ҳар бир қонун лойиҳаси юзасидан фикр ва таклифларни қуйидан — фуқаролардан, жойлардаги халқ депутатлари Кенгашларидан олиш тартибини кенг жорий этиш мақсадида Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши ва фракция­си қошида Ахборот-таҳлил ва ташаббускорлар гуруҳини ташкил этиш. Бу гуруҳ ҳар ой якунида фракция ва Марказий Кенгашга аниқ, амалий таклифлар киритиб бориши белгилаб қўйилиши, таклифлар фракция ва Марказий Кенгаш кенгайтирилган йиғилишларида кўриб чиқилиши керак.

Тўртинчидан, Ўзбекистон ХДП фракция раҳбарияти 2018 йилдан бошлаб депутатларнинг қонун ижодкорлигига қўшган ҳиссаси, вақтдан унумли фойдаланган ҳолда аҳоли билан ўтказган учрашувлари, киритган амалий таклифлари, ижтимоий-сиёсий ҳаётдаги фаоллиги ва шахсий ташаббускорлигини баҳолаб бориш мақсадида мунтазам равишда мониторинг ишларини олиб боради.

Бешинчидан, ҳар бир ҳудудга бириктирилган Марказий Кенгаш аъзолари фаолияти танқидий кўриб чиқилади. Шундан келиб чиқиб, Марказий Кенгаш ҳудудлар кесимида йўл харитасини ишлаб чиқиб, 2018 йил учун чораклик иш режаларини ишлаб чиқади.

Олтинчидан, Ўзбекистон ХДП фракцияси, Марказий ва ҳудудий кенгашлар фаолиятини ОАВда кенг ҳамда тизимли ёритиб бориш мақсадида чораклик медиа-режалар ишлаб чиқилади. Унда ҳар бир депутат, кенгашлар фаоллари, партия аъзолари, масъул ходимларнинг ОАВда чиқишлари мавзулари, муддати, масъуллари билан аниқ белгилаб қўйилади.

Мониторинг хулосалари ҳар ой якунида фракция ва Марказий Кенгаш йиғилишларида муҳокама этилади.

Фуқаролар давлат ва жамият ҳаётига дахлдор муҳим масалалар бўйича ўз фикрларини билдиришлари учун интернет тармоғида «Менинг фикрим», деб номланган махсус портал ташкил этиш мақсадга мувофиқлиги инобатга олиниб, Ўзбекистон ХДП сайтида ҳам худди шундай саҳифани жорий қилиш ва ундан самарали фойдаланишни йўлга қўйишни таклиф этаман.

Президентимиз билдирган ишонч­ни оқлаш учун сизу бизда салоҳият, тажриба етарли, деб ўйлайман. Давлат раҳбари томонидан билдирилган танқидий фикрлардан тегишли хулоса чиқариб, астойдил ва сидқидилдан меҳнат қилсак, халқимиз билан ҳамнафас яшаб, одамларнинг оғирини енгил қилишга ўз ҳиссамизни қўшсак, кўзланган мақсадга эришамиз, деди партия етакчиси.

Фракция йиғилишида депутатлар фаоллигини кучайтириш, аниқ натижалар учун ишлаш бўйича танқидий фикр­лар, амалий таклифлар билдирилди.

 

Ўз мухбиримиз



DB query error.
Please try later.