26.12.2017

САЙЛОВ ОЧИҚЛИК, ШАФФОФЛИК ВА МУҚОБИЛЛИК ТАМОЙИЛЛАРИ АСОСИДА ЎТДИ

Жорий йил 24 декабрь куни Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман Кенгашларига сайлов бўлиб ўтди.

2017 йил 29 августда қабул қилинган «Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман Кенгашларига сайлов тўғрисида»ги қонун пойтахтимиз туманларида халқ депутатлари Кенгашларини тузиш учун ташкилий-ҳуқуқий имкониятлар яратди. Сайлов амалдаги сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ, очиқлик, шаффофлик ва муқобиллик тамойиллари асосида ўтди.

Президентимиз Шавкат ­Мирзиёев Мирзо Улуғбек туманидаги 162-сайлов участкасига ташриф буюриб, овоз бериш жараёнида иштирок этди.

Давлатимиз раҳбари таклифи билан Тошкент шаҳрида халқ депутатлари туман Кенгашлари таъсис этилди. Шу вақтгача пойтахт туманларининг фуқаролари бундай имкониятга эга эмас эди. Бу борада адолат тикланиб, Конституциямизга тегишли ўзгартиришлар киритилди. Эндиликда Тошкент шаҳри аҳолиси ҳам ўзлари сайлаган вакиллари орқали туманларни бошқаришда иштирок этади.

Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман Кенгашларига сайлов кунига пойтахтимизда катта тайёргарлик кўрилди. Мамлакатимиз сайлов қонунчилигига кўра, овоз бериш жараёнида қатнашаётган барча сиёсий партиялар ва ўзини ўзи бошқариш органлари Тошкент шаҳрининг 11 туманида ташкил этилган 330 сайлов округига биттадан номзод кўрсатди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 15 августдаги қарорига мувофиқ Тошкент шаҳрида бўлиб ўтаётган халқ депутатлари туман Кенгашларига сайлов жараёнида Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати ахборот тизими ҳуқуқий эксперимент сифатида амалиётга татбиқ этилди.

Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман Кенгашлари сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича Ягона матбуот марказида сайловнинг дастлабки натижалари эълон қилинди.

Тошкент шаҳар сайлов комиссияси раиси Ҳ.Каримов маълум қилишича, Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман Кенгашлари депутатлигига 1 минг 650 нафар номзод кўрсатилди. Сиёсий жараёнда пойтахтимизда истиқомат қилувчи 1 миллион 267 мингдан ортиқ сайловчи қатнашди. Бу сайловчилар сонининг 81,2 фоизини ташкил этди.

Дастлабки натижаларга кўра, 279 сайлов округида депутатлар сайланди. 51 сайлов округида эса такрорий овоз бериш ўтказилади. Такрорий овоз бериш амалдаги қонунчиликка мувофиқ 2 ҳафта ичида ўтказилади.

Сайлов қонунчилигининг бузилишига оид айрим ҳолатлар тўғрисидаги маълумотлар сайлов комиссияларига келиб тушмоқда. Айни пайтда ушбу ҳолатлар сайлов комиссиялари томонидан ўрганиб чиқилмоқда. Натижалар бўйича тегишли чоралар кўрилиши маълум қилинди.

Сайлов натижаларига кўра, Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман Кенгашларига Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан 114, Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партиясидан 45, Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан 41, Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партиясидан 33, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан 46 депутат сайланди. Уларнинг 65 нафари хотин-қизлар, 17 нафари эса 30 ёшгача бўлган йигит-қизлардир. Депутатлар орасида 78 иқтисодчи, 55 педагог, 45 муҳандис, 38 шифокор, 22 ҳуқуқшунос ва 41 нафар бошқа касб эгалари бор.

 

Улуғбек АСРОРОВ,

ЎзА мухбири 


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: