23.12.2017

ИСТЕЪДОДЛИ ЁШЛАР — МАМЛАКАТ ТАЯНЧИ

Куни кеча Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетининг Касб таълими факультети кўргазмалар зали санъатсевар мухлислар, томошабинлар билан гавжум бўлди, ҳаяжонларга тўлди. Бу ерда университет талабалари томонидан тақдим этилган компьютер графикаси, дизайн, либос дизайни, тасвирий санъат, меҳнат таълими, информатика ва ахборот технологиялари ишланмалари бўйича бир ойдан буён давом этаётган танлов якунига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.

— Мамлакатимиз Президенти Шавкат ­Мирзиёев томонидан 2017 йил 14 августда қабул қилинган «Маданият ва санъат ташкилотлари, ижодий уюшмалар ва оммавий ахборот воситалари фаолиятини янада ривожлантириш, соҳа ходимлари меҳнатини рағбатлантириш бўйича қўшимча шароитлар яратишга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарор ижод аҳлига, айниқса, истеъдодли ёшларга жуда кенг имкониятлар очиб берди, — дейди Республика истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш ­«Улуғбек» жамғармаси раҳбари, академик Оқил Салимов. — Ўзининг бадиий, ижтимоий-сиёсий руҳдаги ижодий асарлари билан халқимиз маънавиятини юксалтиришга муносиб ҳисса қўшаётган шоир ва ёзувчилар, рассомлар, маданият ва санъат ходимлари меҳнатини рағбатлантиришга эътибор кучайтирилди, уларга қўшимча шароитлар яратиб беришдек кенг қамровли ишлар бошланди.

Жамғармамиз кўп йиллардан буён республикамиздаги олий ва ўрта махсус таълим муассасалари, Халқ таълими вазирлиги билан ҳамкорликда мамлакатимизнинг энг чекка ҳудудларида яшаётган истеъдодли ёшларни топиш ва уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида доимий равишда олимпиадалар, спорт мусобақалари, фан ва таълим фестиваллари ўтказиб боради.

Мазкур қарор асосида бир ой илгари Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетининг Касб таълими факультети, «Тасвирий санъат ва уни ўқитиш методикаси» кафедраси, Ёшлар иттифоқи бошлан­ғич ташкилоти мураббийлар кенгаши, Хотин-қизлар қўмитаси, Маънавий-маърифий ишлар ва иқтидорли ёшлар билан ишлаш бўлими ҳамкорлигида «Биз гўзаллик ва эзгулик учун ишлаймиз» мавзусида танлов бошланган эди. Унда университет талабаларининг рангтасвир суратлар, ҳайкалтарошлик, либос дизайни намуналари кўргазмаси қарийб бир ой давом этди. Сабаби, кўргазма зали катта бўлишига қарамасдан, талабалар томонидан топширилган ижод намуналари шунчалик кўп бўлдики, уларни ҳар икки-уч кунда алмаштириб, навбатдагиларини қўйишга тўғри келди.

Энг қизиғи, кўргазмага келган санъат шайдолари, мухлислар талаба-ёшларимиз томонидан чизилган суратларнинг кўпини сотиб олишди. Қаранг, улар ҳам кўргазмада қатнашишди, ҳам сотилган суратлари учун маълум миқдорда маблағга эга бўлишди. Энди ана шундай танловларни иложи борича кўпроқ ўтказиш ҳаракатидамиз.

Узоқ йиллар давомида ўсиб келаётган ёш авлодга меҳнат ресурси сифатида қаралиб келингани боис, мактаб ўқув режаларида бадиий таълимнинг ўрни илмий ­хулосалар асосида белгиланмаган, кўнгил очувчи фан сифатида муносабатда бўлинган. Ҳолбуки, ўша даврда ҳам АҚШ, Германия, Англия, Франция каби мамлакатларда тасвирий санъат 1-синф­дан тортиб 12-синфгача ҳафтасига 2 соатдан 5 соатгача, Япония, Покис­тон, Миср, Эфиопия, Ҳиндистон каби давлатларда биздагига қараганда 2-3 баробар кўп ҳажмда ўқитилган. Маълумки, маънавий тарбияда тасвирий санъатнинг тутган ўрнини ҳеч бир нарса билан алмаштириб бўлмайди. Бадиий диднинг ўсиши, инсон маънавияти ва дунёқарашининг шаклланишида тасвирий санъатнинг таъсир кучи беқиёсдир.

— Тасвирий санъат ва бадиий меҳнат ёшларда маънавий маданият­нинг ажралмас қисми ҳисобланган бадиий ва ахлоқий маданиятни шакл­лантиришга хизмат қилади, — дейди Касб таълими факультети декани Яшин Исмадиёров. — Талабаларда бадиий билимлардан таш­қари тасвирий малакаларни ҳам шакл­лантиради, кузатувчанлик, кўз хотираси, чамалаш қобилияти, образли тасаввур каби кўникмалар ўстирилиб борилади. Энг муҳими, уларда ижодкорлик, мустақиллик, ташаббускорлик, бадиий эстетик дид каби хислатлар ривожланади...

Ўзбекистон ҳудудига мансуб қадимги рангтасвир санъати ўзига хос бебаҳо намуналарга эга. Факультетда Афросиёб, Бешиктепа рангтасвир санъати, Варахша санъати, ўтмишдаги машҳур мусаввирларнинг иш тажрибаси, билими ва меросидан фойдаланган ҳолда талабаларга сабоқ берилмоқда.

Кўргазмани томоша қилаётган мухлислардан бири Бахтиёр ­Жўраев шундай дейди:

— Мен санъат соҳасига ихтисослашган мутахассисман, ёш рассомлар, дизайнер ва ҳайкалтарошларнинг ижодий ишларини кўриб, тўғриси, жуда ҳаяжондаман. Уларнинг ҳар бир ижод намунаси мукаммал асар даражасига етган. Бу ерда шундай иқтидорли ёшлар таълим-тарбия олаётганидан, улар эртага жамиятимизнинг фаол иштирокчиси бўлиб етишишидан хурсандман.

Республика истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш «Улуғбек» жамғармасининг фаолияти серқирра. 2017 йилнинг апрель-май ойлари давомида жамғарма Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети билан ҳамкорликда қатор вилоятлар кесимида математика, физика, биология ва кимё фанларидан университет олимпиадалари ташкил этди.

Дастлаб Самарқанд давлат университетида бошланган олимпиадада Самарқанд, Навоий, Бухоро вилоятлари умумтаълим мактаблари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари иштирок этдилар.

Қарши давлат университетида ўтказилган олимпиадада Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятлари, Урганч давлат университетида Қорақалпо­ғис­тон Республикаси ва Хоразм вилояти, Қўқон давлат педагогика инс­титутида Наманган, Андижон, Фар­ғона вилоятлари, Ўзбекистон Миллий университетида Тошкент шаҳри, Тошкент, Сирдарё, Жиззах вилоятлари умумтаълим мактаблари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари иштирок этдилар.

Улардан дастлабки учта ўринга сазовор бўлган истеъдодли ўқувчилар академик лицейларга имтиёзли равишда ўқишга қабул қилинди ҳамда жамғарма томонидан моддий ва маънавий рағбатлантирилди.

— Мен ҳозир 88 ёшдаман, — дейди жамғарма раиси, академик Оқил Салимов. — Лекин юртимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларни, ободончилик ва бун­ёдкорликларни, ёшларимизга, кекса-нуронийларимизга кўрсатилаётган эътибор, ғамхўрликларни кўриб, қўл қовуштириб ўтиришга виждоним йўл қўймайди. Ватанини ўйлаган, мус­тақиллигимизни мустаҳкамлашга бел боғлаган ҳар бир инсон шундай бўлиши керак, деб ўйлайман.

Биз ёшларимиз учун ахлоқий тарбия ва ибрат намунасини яратиш мақсадида халқимизнинг ифтихори бўлган, миллий маданиятимизнинг ривожланишига улкан ҳисса қўшган, қомусий билимдон Имом ат-Термизий, ал-Бухорий, Баҳовуддин ­Нақшбанд, Аҳмад Яссавий, ал-Хоразмий, Беруний, Ибн Сино, Амир ­Темур, Мирзо Улуғбек, Бобур сингари алломаларимизнинг ҳаёти ва ижоди ноёб миниатюралар билан безак берилган «Саодат йўли», деб номланган уч тилдаги китоб нашр қилиб, олий ва ўрта махсус таълим муассасаларига, мактабларга бепул тарқатдик. Шу кунларда эса юртимизда етишиб чиққан 64 нафар алломамизнинг ҳаёти ва ижодига бағишланган китобни нашрга тайёр­лая­пмиз...

Тўрт йўналишда бўлиб ўтган танловда ҳакамлар ҳайъати томонидан ғолиб деб топилган иқтидорли талабалар — Умарали Тўхташев ва Ҳасан Бегимқуловлар Навоий номидаги давлат стипендиясига муносиб кўрилди. Дилшод Тожиев ҳамда Мухлиса Тўхташевалар «Startap» танлови ғолиби бўлишди. «Биз гўзаллик ва эзгулик учун яшаймиз» мавзусида 3-курс талабаси Моҳира Абдуллаева, «Инсон ҳаётга бахт-саодат учун келади» мавзусида 2-курс талабаси Муродилло ­Ражабов, «Умримизнинг ҳар дақиқаси ғанимат», ­«Талабалик даврим — ижодкорлик даврим» мавзулари бўйича 3-курс талабаси Хадича ­Шораҳматова ва 1-курс талабаси Мадина Амировалар биринчи ўринга сазовор бўлишди. Ҳайкалтарошлик, тасвирий санъат асарлари яратган, бадиий лойиҳалаштириш ва конструкциялаш ишлари учун турли номинациялар бўйича ғолибликни қўлга киритган истеъдодли ёшларга «Улуғбек» жамғармасининг мукофотлари ҳам топширилди.

 

«Ўзбекистон овози» мухбири

Нуруллоҳ ДОСТОН ёзиб олди.



DB query error.
Please try later.