22.07.2017

ҚИРҒИЗИСТОНЛИК ЖУРНАЛИСТ: МЕН КЎРГАН ТОШКЕНТ

Ўзбекистонга ҳар йили минглаб сайёҳлар ташриф буюради. Улардан бири бўлган қирғизистонлик журналист Асан Пазил ўз таассуротларини интернет саҳифаларида эълон қилди. Биз уни бироз қисқартирган ҳолда эътиборингизга ҳавола этяпмиз.

«Бизда кимнингдир уйи қишда иссиқ бўлса: «уйинг Тошкент бўлиб кетибди-ку», — деб қўйишади. Ҳозир Тошкент­нинг иссиғи жуда авжида. Ўш ҳам исийди, лекин бунчалик эмас.

Ўзбекистон пойтахти азим шаҳар экан. Борганлар билади, йўқ нарсанинг ўзи йўқ. Бинолари кўзни қамаштиради. Истироҳат боғларини-ку айтмай қўя қолай. Бозорлари тўкин. Яна супер, гипер маркетлари ҳам кўп экан. Ҳозир қаттиқ чиқинди буюмларни қайта ишловчи заводлар қуришга жиддий эътибор бошланибди.

Биз шунақа заводларни кўрдик. Artel номли завод чиқиндини қайта ишлаб музлатгич, мультиварка, телевизор, кондиционер ишлаб чиқарар экан. МДҲ давлатларига экспорт ҳам қилади. Бизда ҳам уларнинг маҳсулотларини харид қилувчилар кўп. Қайта ишлаб чиқаришга мўлжалланган бир қанча заводларнинг иши билан танишиб, чиқиндилардан керакли буюм ясай олганлари уларнинг катта муваффақияти экан, деб ўйладим.

Сайёҳликни ривожлантириш йўлида ҳам катта ислоҳотлар бошлашибди. Ўзбекис­тонликлар сўзлашувларида, суҳбатларида Президент номини ҳурмат билан тилга олишади. Буни телекўрсатувларни кўрганда ҳам, фуқаролар билан суҳбатлашганда ҳам сезиш мумкин. Самолётда учаётиб, бир журналга кўзим тушди. Унда Президент Мирзиёевнинг қарори билан сайёҳликни ривожлантиришга йўл очилгани ҳақидаги мақолани ўқидим. Бу билан нима демоқчиман: Тошкент шаҳри жуда тинч шаҳар экан. Сен сайёҳмисан, маҳаллий халқмисан, кундузи юрасанми ёки кечасими, хавфсизлигинг тўла таъминланади...

Тошкент саёҳати бошланди. «Япон боғи» деб номланган истироҳат боғига бордик. Боғнинг майдони унча катта бўлмаса ҳам, гўзал манзарага гувоҳ бўлиш мумкин. Бу жойда мусиқа ва турли  қушларнинг сайраши бир-бири билан уйғунлашиб, ҳаётнинг сокинлигини акс эттираётгандек. Бу боққа кўпроқ ёшлар келади. Асосан севишганлар.

Тошкент — тарихий шаҳар бўлиш билан бирга стратегик аҳамиятга эга ҳудуд ҳисобланади. Сабаби, шарқий томондан Қирғизистон, жанубий-ғарбдан Туркманистон, жанубий Тожикистон, шимолий Қозоғистон учун қулай. Шу сабаб, Тошкент шаҳри бошқа ҳудудларга нисбатан кўпроқ ривожланган, тараққий этган.

Бу шаҳарда завод, фабрикалар ҳам кўп қурилган. Иккинчи жаҳон уруши вақтида ҳам Тошкент кўп одамларга бошпана берган, бу шаҳар ўшанда нон шаҳри, одамийлик шаҳри рутбасига сазовор бўлган.

Айтмоқчи, айни пайтда Ўзбекистонни бошқараётган Шавкат Мирзиёев Президент бўлиши билан ўзбек ва қир­ғиз халқ­лари ўртасидаги қадимий қардошлик, дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлаш йўлида бир қатор хайрли ишларни амалга оширди. Унинг таклиф ва ташаббуси билан Қирғизистоннинг 150 кишидан иборат делегацияси Андижон шаҳрига ташриф буюрди. Ўша таркибда мен ҳам бор эдим. Кейин ўзбекистонликлар бизда меҳмонда бўлишди. Алмазбек Атамбаев ҳам Президентлар ичида биринчилардан бўлиб Ўзбекистонда бўлди. Бундай интилишларни фақат қутлашимиз, ҳар биримиз Президентларимиздан ўрнак олиб, мана шу қадимий дўст­ликни янада мустаҳкамлаш йўлида бирлашишимиз керак».

 

Темур АЪЗАМ тайёрлади.


DB query error.
Please try later.