19.12.2017

ЯХШИ ЯШАШ УЧУН ИНТИЛИШ

албатта қўллаб-қувватланиши керак

24 декабрь куни Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман Кенгашларига сайлов ўтказилиши мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги муҳим воқеалардан биридир. Янги ташкилий-ҳуқуқий шароитда ўтказилаётган сайлов пойтахтимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда, ҳудудларда демократик ислоҳотларни жадаллаштиришда катта аҳамиятга эга. Бу ҳақда Тошкент шаҳар партия ташкилоти мутасаддиларининг фикри қандай? Сайловга тайёргарлик жараёнлари қай тарзда олиб бориляпти? ЎзХДП номзодлари қайси ижтимоий масалаларни кўтариб чиқмоқда?..

 

Ҳайдар БОБОХОНОВ, ЎзХДП Тошкент шаҳар кенгаши раиси:

— Шаҳримиз туманларида халқ депутатлари Кенгашларининг тузилиши аҳолини ўйлантираётган масалаларнинг илдизига етиб бориш, депутатлик ва жамоатчилик назоратини янада кучайтириш, маҳаллий давлат органлари раҳбарларининг ўз фаолияти тўғрисида ҳисоботлари ва ахборотларини эшитиш, ҳудудларни ривожлантириш бўйича муқобил таклифларни шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади.

Туман Кенгашлари тузилиши натижасида туманлар миқёсидаги масалаларни чуқур ва танқидий-таҳлилий нуқтаи назардан кўриб чиқиш, хулосаларни умумлаштириш, пухта ва пишиқ таклифлар ишлаб чиқиш имкони ортади. Бунда нафақат аҳолини ташвишлантириб келаётган масалалар атрофлича кўриб чиқилади, маҳаллий бюджет, ҳудудларни ривожлантиришнинг истиқболга мўлжалланган дастурлари ишлаб чиқилади ва қабул қилинади. Демак, ушбу сайлов пойтахт туманлари ривожида ҳал қилувчи аҳамиятга эга.

Кўриниб турибдики, мазкур ижти­моий-сиёсий жараён сиёсий партияларнинг жамиятдаги ўрнини ҳам белгилаб беради. Сайловдан кейин ҳар бир туман Кенгашида партиямиз гуруҳларининг тузилиши биз учун принципиал аҳамиятга эгадир. Партиямизнинг электорат манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги ташаббус ва амалий ҳаракатлари кучайиши кўп жиҳатдан ана шу омилга боғлиқдир.

Шунинг учун айни кунларда депутатликка кўрсатилган номзодлар ҳудудларда сайловолди тарғибот ишларини қизғин олиб боряпти. Партиямиз Сайловолди дастурига тўхталадиган бўлсак, унда кам таъминланган оилаларни манзилли ижтимоий ҳимоялаш, меҳнатга лаёқатли фуқароларни муносиб ҳақ тўланадиган барқарор иш ўринлари билан таъминлаш, аҳолига юқори сифатли ва мақбул тиббий ёрдам кўрсатишни янада яхшилаш, шунингдек, демократик ҳуқуқий давлат ва очиқ фуқаролик жамиятини шакллантиришга оид қатор таклифлар илгари сурилган. Улар ислоҳотларнинг ижтимоий самарадорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этади.

Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш давлат ва жамият олдида турган энг муҳим, энг долзарб вазифалардан ҳисобланади. Одамларнинг ҳаётга қараши, турмуш тарзи ва кайфияти, амалга оширилаётган ислоҳотларга муносабати улар қай даражада ижтимоий ҳимояланганлиги билан бевосита боғлиқ. Шундан келиб чиқиб, партиямиз Сайловолди дас­турида аҳолининг эҳтиёжманд қатлами манфаатларини ҳимоя қилиш масаласи устувор йўналиш этиб белгиланган.

Бизнингча, кучли ижтимоий сиёсат бир қатор масалаларни қамраб олади. Аввало, меҳнатга лаёқатли аҳолининг муносиб ҳақ тўланадиган иш топишга интилишини қўллаб-қувватлаш, уларнинг шахсий ташаббускорлиги ва тадбиркорлигини рағбатлантириш керак. Шунингдек, пенсионерлар, меҳнатга лаёқатсиз ногиронлар, боқувчисини йўқотганлар, аҳолининг меҳнат қила олмайдиган бош­қа ижтимоий гуруҳлари ҳаётий эҳтиёжларини тўлақонли қондиришни кафолатловчи пенсия таъминоти ва ижтимоий нафақаларнинг самарали тизимини вужудга келтириш долзарб аҳамиятга эга.

Ушбу вазифаларни ҳал этиш иқтисодий ривожланиш ва ижтимоий сиёсатнинг устувор йўналишларини танлашда давлатнинг тартибга солувчилик ролини янада мустаҳкамлашни талаб этади. Бу иқтисодий ислоҳотлар ижтимоий самарадорлигининг зарурий шарти ҳисобланади.

Ўзбекистон ХДП мамлакатимизнинг ўсиб бораётган иқтисодий салоҳиятидан аҳолининг барча қатламлари, шу жумладан, унинг кам таъминланган гуруҳлари турмуш даражасини яхшилаш учун фойдаланишга қаратилган стратегик йўналишни фаол қўллаб-қувватлайди. Бизнинг дастуримиз аҳолининг ижти­моий фаоллигини ошириш, иқтисодий даромадларини кўпайтириш масалаларини ўз ичига олади. Депутатликка номзодларнинг дастурлари ҳам ушбу ёндашув асосида шакллантирилган.

 

Сергели туманидаги 21-Иттифоқ сайлов округидан депутатликка номзоди кўрсатилган Мирзоҳид Хидиров ўз дас­турида аҳолининг ижтимоий ҳимоя­си билан боғлиқ бир қатор долзарб масалаларни илгари сурган. Ундаги мақсад ва режалар халқчил бўлиб, аҳолининг ижтимоий муҳофазага муҳтож қатлами манфаатларига мос келади. Яъни, унда янги иш ўринлари яратиш, боқимандалик кайфиятини бартараф этиш, фаол ҳаёт тарзини қўллаб-қувватлаш каби йўналишлар қамраб олинган.

Маълумотларга кўра, Сергели туманида 128 кам таъминланган оила бор. Номзодимиз кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам ва ижтимоий нафақаларни тўлаш тизимини такомиллаштириш, шунингдек, якка тартибдаги меҳнат фаолиятини микрокредитлаш ва микромолиялаш тизимининг самарадорлигини янада ошириш ва ислоҳ қилиш тарафдори.

Агар мушоҳада қилиб кўрадиган бўлсак, номзодимиз илгари сураётган ушбу масала ўзининг чуқур ҳаётий асосларига эга. Ундан кўзланган асосий мақсад одамларнинг ишлашга, муносиб ҳаёт кечиришга интилишини қўллаб-қувватлаш ҳисобланади. Бу ҳар биримизнинг оиламиз, яқинларимиз турмуш фаровонлигига хизмат қиладиган омиллардир. Айтайлик, кам таъминланган оила аъзосида ишлаб чиқаришнинг қайсидир турида иш бошлаш учун режа, ғоялар бор. Лекин уларни амалга ошириш учун у етарли маблағга эга эмас. Агар унинг меҳнат фаолия­тини қўллаб-қувватлаб, молиявий жиҳатдан қўмак кўрсатилса, у ўз ишини йўлга қўяди, оиласи фаровонлигига улуш қўшади. Бундай оилалар қанча кўпайса, жамиятда боқимандалик кайфиятига ўрин қолмайди.

Ҳар бир одам меҳнат қилишга, муносиб ҳаёт кечиришга ҳақли, албатта. Бу инсоннинг энг бирламчи, устувор ҳуқуқидир. Лекин ҳаёт тақозоси, турли омиллар сабаб ҳаммада ҳам бундай имконият бўлмаслиги мумкин. Шунинг учун давлат ва жамият эҳтиёжманд кишиларнинг интилиши ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаши, уларга ҳар томонлама мадад бериши зарур. Халқимиз тарихи ва турмушидаги юксак анъаналаримиз шуни тақозо қилади.

 

Учтепа туманидаги 18-Боғистон сайлов округидан депутатликка номзод Бахтиёр Абдуллаевнинг дастурида ҳам ана шу масалаларга чуқур эътибор қаратилган.

Хусусан, номзод дастурида ижтимоий қўллаб-қувватлашни боқимандалик кайфиятини тугатишга йўналтириш, фуқароларнинг ижтимоий-иқтисодий фаоллигини ошириш, уларнинг бу борадаги ташаббусларини қўллаб-қувватлаш масалаларига алоҳида урғу берилган. Бу таклифлар тараққиётимизнинг бугунги бос­қичида жуда долзарб аҳамиятга эга.

Номзодимиз фикрича, аҳолининг манзилли ижтимоий ҳимоясини таъминлашнинг энг самарали шакли, бу шубҳасиз, уларни иш, барқарор даромад манбаи билан таъминлашдир. Шу тамойилдан келиб чиқиб, унинг дастурида қатор долзарб масалалар ўрин олган.

Жумладан, номзод муносиб иш ҳақи тўланадиган бар­қарор иш ўринларини тақдим этаётган корхоналарда меҳнатга лаёқатли аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича саъй-ҳаракатларни фаоллаштириш таклифини илгари сурмоқда. Унинг фикрича, ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳаларига мамлакатда мавжуд бўлган бўш меҳнат ресурсларини фаол жалб қилиш иқтисодий ўсишнинг муҳим омили ҳисобланади.

Жамиятда шундай инсонлар борки, жисмоний имконияти чекланган бўлишига қарамасдан меҳнат қилиб, яхши ҳаёт учун интилади. Уларнинг бу ҳаракати, албатта, қўллаб-қувватланиши керак. Айниқса, ногиронларнинг ижтимоий мослашувини таъминлаш мақсадида ногиронлар меҳнат қилиши учун ихтисослашган корхоналар ташкил этишнинг аниқ механизмларини ишлаб чиқиш, жумладан, давлатнинг марказлашган сармоялари ҳисобидан бундай корхоналар тармоғини ривожлантириш чораларини кўриш, йирик корхоналарга касаначилик иш жойларини ташкил этиш бўйича мажбурий квоталар белгилаш ижтимоий муҳофазани таъминлашда муҳим аҳамиятга эга бўлади. Номзодимиз шу таклифни илгари сурар экан, қўлидан иш келадиган жисмоний имконияти чекланган фуқароларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳаётга қизиқишини ошириш мақсадини ҳам кўзда тутади. Имкон доирасида меҳнат билан банд бўлишга ҳаракат қилиб, оиласи фаровонлигига ҳисса қўшишга интилаётган инсонларга далда бўлиш, уларнинг бандлигини таъминлашга яқиндан туриб кўмаклашиш эса бугунги куннинг энг долзарб вазифаларидан бири.

Ишли, турмуш даражаси кўнгилдагидек бўлган одам эртасидан кўнгли тўқ яшайди. Шу маънода изоҳлайдиган бўлсак, аҳолининг ижтимоий муҳофазасини кучайтириш учун, аввало, одамларга меҳнат қилиш имкониятини бериш керак. Бунинг учун бандлик дастури ва бошқа ижтимоий-иқтисодий дастурларнинг ижросини қатъий таъминлаш талаб этилади. Халқ демократик партия­сидан кўрсатилган номзодларнинг дастурлари шу жиҳатлари билан аҳамиятлидир.

Партиямиз таълим ва соғлиқни сақлаш, суд-ҳуқуқ, уй-жой ва коммунал хизматлар кўрсатиш тизимини янада ислоҳ этишга эътибор қаратади.

 

Шайхонтоҳур туманидаги 25-Бўстон сайлов округидан депутатликка номзод Ирода Абдуллаеванинг дастури ҳам партиямизнинг мазкур йўналишлардаги устувор ғояларига асосланади.

Депутатликка номзод мустақил ҳаётга кириб келаётган ёшлар, ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар, касб танлаши, таълим олиши ва ўқув муассасаларини битиргач, албатта, биринчи иш ўринларига эга бўлиши, бунинг учун адолатли шарт-шароитлар яратиш зарур, деган таклифни илгари суряпти. Депутатликка номзод ўз дастурида долзарб масалаларни кўтарган. Чунки таълим-тарбия, банд­лик масаласи мамлакат келажагини белгиловчи асосий омиллардан биридир.

Шайхонтоҳур туманида 9 касб-ҳунар коллежи, 3 академик лицей фао­лият юритмоқда. 2016-2017 ўқув йилида уларни 3764 нафар йигит-қиз тамомлади. Очиғини айтиш керак, улар орасида ҳали-ҳамон иш қидираётганлар бор. Номзодимиз фикрича, битирувчиларни иш билан таъминлаш кечиктириб бўлмайдиган вазифадир.

Катта ҳаётга кириб келаётган ёшларни ишга жойлаштириш масаласини улар ўқишни битириш арафасида эмас, балки таълим масканига ўқишга кириши билан бошлаш керак. Масалан, корхона ва ташкилотлар эҳтиёжларидан келиб чиқиб, ўрта махсус маълумотга эга бўлган кадрлар тайёрлаш амалиётини янада ривожлантиришни замоннинг ўзи талаб қиляпти. Бунда корхона ва ташкилотларнинг ўқувчилар ишлаб чиқариш амалиётини самарали ташкил этиш борасидаги масъулиятини ошириш зарур, дейди депутатликка номзод.

Номзодларимиз дастурларидан ўрин олган ғоялар пойтахтимиз тараққиётини янги бос­қичга олиб чиқиш, ижти­моий-иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш, аҳоли турмуш даражасини янада яхшилаш каби эзгу мақсадлар билан суғорилган. Сайловчиларни ушбу ғоя­ларни қўллаб-қувватлашга, номзодларимизга овоз беришга чақирамиз.



DB query error.
Please try later.