19.12.2017

Ўзбекистон Республикасининг ривожланиш Давлат дастурларини шакллантириш ва молиялаштиришнинг янги тартибини жорий этиш тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

Мамлакатда йирик инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш, замонавий юқори технологияли ишлаб чиқариш объектларини барпо этиш мақсадида иқтисодиётни жадал ривожлантириш, чет эл инвестицияларини фаол жалб қилиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга, мазкур соҳадаги фаолиятнинг самарадорлигига, энг аввало, мавжуд ресурслардан нооқилона фойдаланиш, инвестиция дастурига киритилган лойиҳаларнинг иқтисодий жиҳатдан мақсадга мувофиқлиги ва рентабеллиги юзаки ўрганилганлиги билан боғлиқ қатор камчиликлар салбий таъсир кўрсатмоқда.

Амалдаги ресурсларни, шунингдек, инвестиция­лар, энг аввало, хорижий инвестицияларни жалб этишнинг реал имкониятларини инобатга олган ҳолда иқтисодиёт тармоқлари ва ҳудудларни узоқ муддатли ривожлантириш концепцияси мавжуд эмас. Бунинг оқибатида иқтисодий жиҳатдан истиқболли бўлмаган лойиҳаларни ташаббус қилиш, молиявий маблағларни самарасиз сарфлаш ҳолатлари мавжуд бўлиб, бу охир-оқибатда, умуман, мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлигини пасайтиришга олиб келади.

Мазкур ҳолатлар инвестиция дастурларини шакл­лантириш тартиби, уни молиялаштириш механизм­ларини тубдан қайта кўриб чиқишни, амалга оширишга таклиф этилган лойиҳаларни танлаб олишнинг шаффофлиги ва самарадорлигини оширишни талаб қилади.

Ривожланиш давлат дастурла­рини шакллантириш тартибини янада такомиллаштириш, лойи­ҳаларни молиялаштириш ва танлаб олишнинг самарадорлиги ва шаффофлигини таъминлаш, шунингдек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта ус­тувор йўналиши бўйича Ҳара­катлар стратегиясида белгиланган вазифаларга мувофиқ:

1. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлигининг:

марказлаштирилган манбалар маблағлари ҳисобидан молиялаш­тириладиган, шу жумладан, ҳудудлар ва иқтисодиёт тармоқ­ларини ривожлантириш бўйича лойиҳаларни Ўзбекистон Респуб­ли­каси Президенти томонидан тасдиқланадиган Ўзбекистон Республикасининг ривожланиш давлат дастурлари (кейинги ўринларда ривожланиш давлат дастурлари деб юритилади) асосида амалга ошириш тартиби­ни жорий этиш;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистон Республикасининг ривожланиш давлат дастурларини молиялаштириш жамғармасини (кейинги ўринларда Жамғарма деб юритилади) ташкил этиш ҳақидаги таклифлари қабул қилинсин.

2. Белгилаб қўйилсинки:

ривожланиш давлат дастурла­рига киритилган, молиялашти­ришнинг марказлаштирилган манбалари белгиланган лойиҳа­ларни молиялаштириш фақат Жамғарма орқали амалга оши­рилади;

Жамғарма маблағлари Ўзбе­кистон Республикаси Марказий банкидаги ҳисобварақларда жам­ланади;

Жамғарманинг ижро этувчи органи ва маблағларининг тасар­руф этувчиси Жамғарманинг иж­ро этувчи дирекцияси ҳисобла­нади;

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – Инвес­тиция­лар, инновацион ривожлан­тириш, эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари фаолия­тини мувофиқлаштириш, туризм масалалари комплекси раҳбари Жамғарманинг ижро этувчи ди­ректори ҳисобланади;

Жамғарманинг ижро этувчи директори ва унинг ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш шартлари Жамғарма Кузатув кенгаши томонидан белгиланади.

3. Қуйидагилар Жамғарма маблағларини шакллантириш манбалари этиб белгилансин:

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва давлат бюджетдан ташқари жамғарма­ларнинг ривожланиш давлат дастурларига киритилган лойиҳа­ларни молиялаштириш учун мўлжалланган маблағлари;

Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғар­масининг ривожланиш давлат дастурларини амалга ошириш учун ажратилган маблағлари;

Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати кафолати билан жалб этиладиган чет эл кредитлари;

Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати қарорлари билан белгиланадиган бошқа манбалар.

4. Қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикасининг ривожланиш давлат дастурларини шакллантириш тартиби тўғриси­даги низом 1-иловага мувофиқ;

Жамғарма Кузатув кенгаши­нинг таркиби 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

5. Белгилаб қўйилсинки:

ривожланиш давлат дастурлари тегишли ривожланиш концеп­циясини ҳисобга олган ҳолда тасдиқланадиган, узоқ муддатли истиқболда, қоида тариқасида, 10-15 йилда Ўзбекистон Респуб­ликасининг тармоқ, ҳудудий ва мақсадли ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг устувор йў­налишларини амалга ошириш бўйича комплекс кўринишни ва стратегик вазифаларни жамлаган тармоқ, ҳудудий ва мақсадли лойиҳалар портфели асосида шакл­лантирилади;

ривожланиш давлат дастурла­рини ишлаб чиқиш ва реализация қилиш бўйича ишларни мувофиқ­лаштириш Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси томонидан Иқтисодиёт вазирлиги билан биргаликда Ўзбекистон Республи­каси Бош вазирининг ўринбосари – Инвестициялар, инновацион ривожлантириш, эркин иқтисо­дий ва кичик саноат зоналари фаолиятини мувофиқлаштириш, туризм масалалари комплекси раҳбарининг бошчилигида амалга оширилади;

ривожланиш давлат дастурла­рини молиялаштириш учун мўлжалланган номарказ­лаш­тирилган инвестициялар Жамғар­ма­да ҳисобга олинади;

ривожланиш давлат дастур­ларини тасдиқлаш Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузури­даги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлигининг улар бўйича ижобий хулосаси бўлган ҳоллар­дагина амалга оширилади;

марказлаштирилган манбалар ҳисобидан молиялаштириладиган лойиҳаларни ривожланиш давлат дастурларига киритиш Жамғарма Кузатув кенгашининг ижобий қарори бўлган ҳоллардагина амалга оширилади;

ривожланиш давлат дастур­ларини молиялаштириш учун тижорат банкларининг кредит­лари лойиҳаларнинг лойиҳа-смета ҳужжатлари ва бизнес-режалари пухта ва ҳар томонлама ўрганил­гандан сўнг, шунингдек, тижорат банки кредит қўмитасининг ижобий қарори мавжуд бўлган ҳолларда тақдим этилади.

6. Иқтисодиёт вазирлиги ва Молия вазирлиги икки ҳафта муддатда Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузури­даги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлигига ривожланиш давлат дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш бўйича ишларни ташкил этиш учун зарур бўлган маълумотлар базалари ва бошқа ахборотлар тақдим этилишини таъминласин.

7. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, бошқа ман­фаат­дор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муд­датда:

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига Жамғарма фаолиятини ташкил этиш тўғри­сида Ҳукумат қарори лойиҳасини;

Ўзбекистон Республикаси Президенти девонига ривожла­ниш давлат дастурларига кирити­ладиган лойиҳаларнинг лойиҳа­олди, лойиҳа ва тендер ҳужжат­ларини ишлаб чиқиш, экспер­тизадан ўтказиш ва тасдиқлашни, шунингдек, бошқа давлат орган­лари ва ташкилотларнинг вазифа ва штат бирликларини оптимал­лаштириш орқали Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузури­даги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги тизимида мазкур ҳужжатлар ва импорт контракт­ларининг комплекс экспертиза­сини амалга ошириш учун масъул бўлган махсус тузилмани ташкил этишни назарда тутувчи Ўзбекис­тон Республикаси Президенти қарори лойиҳасини киритсин.

8. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Жамғарманинг ижро этувчи дирекцияси фаолия­тини молиялаштиришга маблағ­ларни 2018 йил 1 январдан асослантирилган ҳисоб-китоблар бўйича ажратсин ҳамда ҳар йили Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети харажатларида назарда тутсин.

9. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 12 сентябрдаги «Капитал қурилишда хўжалик муносабат­лари механизмини такомил­лаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 395-сон қарорида:

3-банднинг тўртинчи хатбоши­си чиқариб ташлансин;

4-илова ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

10. Адлия вазирлиги манфаат­дор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарор­дан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисидаги таклиф­ларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

11. Мазкур қарорнинг ижро­сини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов, Ўзбекистон Республи­каси Бош вазирининг ўринбосари С.Р.Холмуродов ва Ўзбекистон Респуб­ликаси Президенти ҳузури­даги Лойиҳа бошқаруви миллий агентли­ги директори Ш.М.Садиков зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти

Ш.МИРЗИЁЕВ

 

Тошкент шаҳри,

2017 йил 18 декабрь



DB query error.
Please try later.