19.12.2017

ВАЗИФАЛАР ИЖРОСИ ҚОРАҚАЛПОҒИСТОН РИВОЖИГА ЯНГИ СУРЪАТ БАҒИШЛАМОҚДА

Аввал хабар қилинганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 15-16 декабрь кунлари Қорақалпоғистон Республикасида бўлди.

Давлатимиз раҳбари 16 декабрь куни Нукус шаҳрида барпо этилган Ибройим Юсупов номидаги ихтисос­лаш­тирилган мактаб-интернатга ташриф буюрди.

«Бу ер ҳали зўр бўлади», «Менинг йигит вақтим, сенинг қиз вақтинг», «Кўнгил кўнгилдан сув ичар», «Қорақалпоқни кўп мақтама кўзимча», «Бир одамни бир одам»... Ибройим Юсупов қаламига мансуб бу сатрлар халқимиз кўнглидан чуқур жой олган, дунёнинг ўнлаб тилларига таржима қилинган.

Мустақиллик йилларида шоир ижоди муносиб қадрланди. Унинг шеър ва публицистик асарлари кўп минг нусхада чоп этилди. И.Юсупов «Эл-юрт ҳурмати», «Дўстлик» орден­лари билан тақдирланди. 2004 йил унга Ўзбекистон Қаҳрамони унвони берилди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев жорий йил 21 январь куни Нукус шаҳрида Қорақалпоғистон ва Ўзбекистон халқ шоири Ибройим Юсупов номидаги мактаб бунёд этиш, мактаб олдида шоир ҳайкалини ўрнатиш, босмахона ташкил қилиш бўйича топшириқлар берган эди.

Шунга мувофиқ, Нукусда уч қават­ли замонавий мактаб барпо этилди. Ибройим Юсупов ҳайкали ўрнатилган жой ижодкорлар, ёшлар учун яна бир хиёбонга айланди. Мактаб қошида китоб таржима қилиш ва чоп этиш маркази ташкил этилди.

Давлатимиз раҳбари мактабда ўқитувчи ва ўқувчилар, қорақалпоғис­тонлик адиблар билан учрашди. Мактаб ўқувчилари Ибройим Юсупов шеърларидан ўқиб берди.

Шавкат Мирзиёев бу ерни маъна­вият масканига айлантириш, атоқли шоир ва ёзувчиларимиз ижодини халқимизга ва бутун дунёга кенг тарғиб этиш зарурлигини таъкид­лади. Бунинг учун мамлакатимизда ташкил этилган Ибрат, Ҳамид Олимжон ва Зулфия, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Муҳаммад Юсуф номидаги мактаблар билан мустаҳ­кам алоқа ўрнатиш, улар ўртасида ижодий танловлар ўтказиш керак. Жамиятда китобсеварлик муҳитини шакллантириш, айниқса, ёшларнинг китоб мутолаасига бўлган қизиқиши ҳар томонлама рағбатлантирилиши лозим.

Президентимиз мактаб-интернат­да яратилган шароитларни кўздан кечирди. Мактаб жамоасига автобус совға қилиш бўйича кўрсатма берди.

Нукус шаҳрида иш бошлаган «Samsung» заводига кираверишда тош лавҳага шундай сўзлар ёзилган: «Ушбу маиший техника воситаларини ишлаб чиқариш заводи Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 21 январдаги Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи давомидаги ташаббуси асосида барпо қилинди. 2017 йил 14 октябрда завод дастлабки маҳсуло­тини ишлаб чиқарди».

Собиқ «Нукус Реммаш» масъулия­ти чекланган жамиятига қарашли бино ва иншоотларни реконструкция қилиш ва қўшимча бинолар қуриш ҳисобига барпо этилган заводда телевизорнинг тўрт ва чангютгичнинг ўн уч тури ишлаб чиқарилмоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ушбу заводни бориб кўрди. Ишлаб чиқариш жараёнини кўздан кечирди, маҳсулотлар сифати ва кўлами билан қизиқди.

Бугун «Samsung» бренди остида ишлаб чиқарилаётган маиший тех­ника воситалари кириб бормаган хонадон бўлмаса керак. 200 дан ортиқ киши бандлиги таъминланган янги корхона энг сўнгги русумдаги ускуналар билан жиҳозланган.

Бугун мамлакатимизда маиший техника воситалари ишлаб чиқариш ҳажми ошди. Аҳолининг бу борадаги талаби қондирилмоқда. Энди бу соҳада экспорт ҳажмини оширадиган вақт келди, деди Шавкат Мирзиёев.

Давлатимиз раҳбарининг ташаб­буси билан жорий йилда Қорақал­поғистон Республикасида қатор йирик лойиҳалар амалга оширилди. Биргина «Ўзэлтехсаноат» АК томо­нидан умумий қиймати 27,5 мил­лиард сўмлик 12 лойиҳа ҳаётга татбиқ қилинди.

Президентимизга «Ўзэлтехсаноат» АК томонидан келгусида Қорақалпоғистон Республикасида амалга оширилиши режалаштирилган янги лойиҳалар тақдим қилинди. Лойиҳалар ярим­автомат кир ювиш машиналари, электр шкафлар ва сув иситиш мосламалари, иситиш мосламалари ва радиаторлар, энергия тежамкор лампалар ишлаб чиқариш, маиший техника воситаларини сотиш ва техник хизмат кўрсатиш каби йўналишларни қамраб олган.

Мамлакатимизнинг бошқа шаҳар­лари қатори Нукус шаҳри қиё­фаси ҳам йилдан-йилга гўзаллашиб, замонавий турар жойлар, истироҳат боғлари, спорт мажмуалари бунёд этилмоқда.

Давлатимиз раҳбари Нукусда янгидан қурилган Олимпия ва миллий спорт турларига ихтисослаштирилган олий спорт маҳорати мактаби фаолияти билан танишди.

Спортнинг эркин ва юнон-рум кураши, оғир атлетика, дзюдо, таэквондо, бокс, қиличбозлик, ба­диий гимнастика сингари 11 тури билан шуғулланиш имконияти яра­тилган янги спорт мажмуасини бунёд этиш учун 15 миллиард сўмликка яқин қурилиш-монтаж ишлари амалга оширилган. Замонавий спорт жи­ҳозлари билан таъминланган 7 спорт зали, ётоқхона, ошхона, машғулотлар учун сунъий қопламали спорт майдончаларида 700 дан зиёд ўғил-қиз спорт билан мунтазам шуғул­ланиши мумкин.

Таъкидлаш жоизки, ушбу спорт комплекси юқорида қайд этилган спорт турлари бўйича Қорақал­поғистон терма жамоалари ўқув-йиғин машғулоти ўтказадиган базага айлантирилади. Мажмуа ўқув-йиғин машғулотлари учун яратилган им­кониятлари бўйича мамлакати­мизда ягона ҳисобланади.

Президентимиз ёш спортчилар билан мулоқот қилди.

Авваламбор шундай замонавий спорт иншооти билан сизларни табриклайман, деди Шавкат Мирзиёев. Бу масканда спорт билан шуғулланиш учун барча шароит яратилган. Энди шу имкониятлардан самарали фойдаланиб, юксак нати­жаларга эришиш керак.

Давлатимиз раҳбари мажмуада Қорақалпоғистон спорт мураббий­ларининг малакасини ошириш мар­казини ташкил этиш бўйича топ­шириқлар берди.

Шу ерда Президентимиз номидан оғир атлетика бўйича нуфузли турнирлар совриндори Рустам Жангабоевга уй, дзюдочи Элёр Машариповга «Malibu» автомобили, қиличбозлик бўйича халқаро тур­нирлар совриндори Зайнаб Дайибековага «Nexia» машинаси берилди. Ёш спортчиларга эсдалик совғалари топширилди.

Шавкат Мирзиёев Нукус шаҳар бош режаси асосида амалга ошири­лаётган бунёдкорлик лойиҳа­лари билан танишди. Президентимиз ташаббуси билан ишлаб чиқилган Нукуснинг бош режаси шаҳарни 2035 йилгача ижтимоий-иқтисодий ривож­лантириш, инфратузилма ва аҳоли турар жой шароитини яхшилашга қаратилган кенг кўламли бунёдкорлик лойиҳаларини қамраб олган.

Давлатимиз раҳбари жорий йил январь ойида Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи чоғида Нукуснинг Ерназар Олакўз кўчасини реконструкция қилиш лойиҳаси билан танишиб, уни янада такомил­лаштириш бўйича таклиф ва тав­сиялар берган эди. Режага кўра, ушбу марказий кўча кенгайтирилиб, транспорт ҳаракати учун янада кенг қулайлик яратиш, йўл бўйида кўп қаватли уйлар, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари қуриш белгиланганди.

Айни пайтда бу ерда замонавий лойиҳалар асосида 5 қаватли 30 турар жой биноси қуриб битка­зилмоқда. Имтиёзли ипотека кредити асосида бериладиган ушбу уйларда замонавий қулайликлар яратилади. Уйлар 2018 йилда фойдаланишга топширилади. Келаси йили ушбу кўчада яна 20 уй қурилади.

Шаҳарнинг Абдамбетов кўчасида ҳам арзонлаштирилган уйлардан иборат турар жой массиви барпо этилмоқда. Жорий йилда қурилган кўп қаватли 7 уй шу кунларда ўз эгаларига топширилмоқда.

Массивда замонавий маҳалла маркази, хизмат кўрсатиш шохоб­чалари, «Гўзаллик салони», мини-банк, болалар ўйин майдончалари барпо этилади, ҳудуд ободон­лаштирилади.

Давлатимиз раҳбари аҳолининг арзонлаштирилган уй-жойларга қизиқиши ортиб бораётганини ино­батга олиб, келгуси йили бу ерда яна 15 кўп қаватли уй қуриш бўйича топшириқ берди.

Шу ерда Президентимизнинг Сергели туманига ташрифи чоғида берган кўрсатмалари асосида кўп қаватли уйларнинг 1-қаватида бо­лалар боғчаси ва оилавий полик­линикани жойлаштириш бўйича ишлаб чиқилган лойиҳа тақдимоти ҳам ўтказилди.

Шавкат Мирзиёев замонавий шаҳарсозликнинг илғор ечимларини ўзида мужассамлаштирадиган, аҳо­лига ҳар томонлама қулайлик яра­тадиган ушбу уйларнинг афзал­лигига эътибор қаратди, лойиҳани такомил­лаштириш, кўп фарзандли оилалар ва кексаларга қўшимча шароитлар яратиш кераклигини таъкидлади.

Тошкент педиатрия тиббиёт институти Нукус филиали шифохо­насида амалга оширилаётган бунёд­корлик ва реконструкция ишлари, Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтининг янги бош ўқув биносини қуриш, «Dian-plast» масъулияти чекланган жамияти томонидан юмшоқ юк контейнерлари, полиэтилен қоплар ва сумкалар ишлаб чиқариш лойиҳалари ҳам муҳокама қилиниб, бу борада топ­шириқ ва кўрсатмалар берилди.

Президентимиз Нукус шаҳридаги «Имом эшон Муҳаммад» жоме мас­жидида яратилган шароитлар билан танишди. Шавкат Мирзиёев жорий йил 20-21 январь кунлари Қорақал­поғистонга қилган ташрифи давоми­да Нукус шаҳридаги «Имом эшон Муҳаммад» жоме масжидида бўлиб, бу ерда имом-хатиблар малакасини ошириш ўқув маркази, ётоқхона, кутубхона барпо этиш, масжид ҳудудини ободонлаштириш ва атро­фига девор қуриш, новвойхона таш­кил қилиш, ҳовуз, фаввора ва бошқа қулайликлар яратиш бўйича кўрсат­малар берган эди.

Бу ерда ўтган 11 ой давомида кенг кўламли қурилиш ва ре­конструкция ишлари бажарилди. Масжид маъмурий биносининг би­ринчи қаватида Ўзбекистон мусул­монлари идорасининг Қорақалпоғис­тондаги вакиллиги идораси жойлаш­ган бўлиб, унинг барча хоналари қайта таъмирдан чиқарилди. Иккинчи қаватида ахборот-ресурс маркази, кутубхоналар ташкил этилди. Иссиқ пол қурилди, эшиклари янгисига алмаштирилди. Намоз ўқийдиган маскан реконструкция қилиниб, гумбаз қайта ишланди. Масжид ёнида минора, ҳовуз, новвойхона, автомобиллар учун тўхташ жойи ва бошқа қулайликлар бунёд этилди. Манзарали дарахт ва гуллар экилди.

Шунингдек, масжид ёнида имом-хатиблар малакасини ошириш ўқув маркази ташкил этилиб, замонавий жиҳозлар билан таъминланди.

Президентимиз нуронийлар ва имом-хатиблар билан суҳбатлашди.

Буюк аждодларимиз ҳаёти ва маънавий меросини чуқур ўрганиш учун барча шароитни яратамиз. Аҳоли зиёрат қилиб, чинакам маънавий озуқа оладиган бундай маънавий-маърифий масканларни янада обод қилиб, келажак авлодлар учун сақлашимиз керак, деди Президентимиз Шавкат Мирзиёев.

Бугун Қорақалпоғистонда ҳаёт бутунлай ўзгармоқда. Барча шаҳар ва туманлар, қишлоқ ва овуллар янгича чирой очмоқда, замонавий корхо­на­лар, таълим, тиббиёт, мада­ният, спорт ва ижтимоий соҳа­нинг бошқа масканлари, коммуни­кация тармоқлари барпо этилмоқда. Бу эса Қорақалпоғистон Республикасининг мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётида тутган ўрни тобора ортиб бораётганидан далолатдир.

 

ЎзА 



DB query error.
Please try later.