Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Yanvar 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
1 2 3 4 5 6 7
8 9 10 11 12 13 14
15 16 17 18 19 20 21
22 23 24 25 26 27 28
29 30 31 1 2 3 4
16.12.2017

ХАЛҚИМИЗ БУГУН ЯХШИ ЯШАШНИ ИСТАЙДИ

Одамларимиз ислоҳотлар самарасини келажакда эмас, балки бугун ўз ҳаётида ҳис этишлари зарур.

Шавкат МИРЗИЁЕВ

 

 

Ер юзидаги бирор-бир мамлакат, миллат тараққиётдан ортда қолишни истамайди. Ривожланмаслик, ислоҳ этмаслик — қарамлик ва маҳкумлик каби хатарлидир. Кимдир кимнидир кутиб ўтирмайди. Манфаатлар ҳукмрон бўлган бугунги дунёда ҳаракат қилган, изланган, илм эгаллаган халқ тўла маънодаги мустақил ва озоддир.

Бу ўринда миллий бирлик муҳим аҳамиятга эга эканини алоҳида таъкидлаш зарур. Шунинг учун ҳам биз янада жипслашишимиз, бир кучга, шиддатга айланишимиз лозим. Ўшандагина орзуларимиз рўёбга чиқади. Бугун биз бутун бир халқ сифатида тараққиёт ва юксалиш йўлидамиз. Энди фақат садоқат ва фидойилик керак.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Конституциямизнинг 25 йиллигига бағишланган байрам тадбирида халқимиз бугун яхши яшаши керак, деган концепцияни илгари сурди. Одамларимиз бунга ҳақли, лойиқ. Юртимизда бошланган янги ислоҳотлар халқимизга ушбу ҳаётбахш туйғуни, мустаҳкам ишончни, қайтмас интилишни берди.

Бу ҳақиқатни бугун Жиззах вилоятида олиб борилаётган беқиёс ислоҳотлар мисолида ҳам яққол кўрамиз.

 

Акрам ИНОМОВ, халқ депутатлари Жиззах вилояти Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи раҳбари, «Эл-юрт ҳурмати» ордени соҳиби:

— Ҳаёт бир жойда тўхтаб турмайди. Одамлар онгу тафаккури, фаровон ҳаётга бўлган интилиши кундан-кунга ортиб бораверади. Бу, аввало, бутун бир мамлакатни, бутун бир миллатни, юксалаётганидан, ўз қадр-қиммати­ни, ўзлигини англаётганидан дарак беради.

Жиззах вилоятида Президентимиз ташаб­буси билан бошланган ислоҳотлар ўзининг дастлабки самараларини бера бошлади. Одамлар англаб етмоқдаки, бу ислоҳотлар эртага уларнинг ҳаётини бутунлай ўзгар­тиради. Мамлакатимиз раҳбарининг ҳар бир ташрифидан одамлар қониқиш ҳосил қилмоқда. Вилоятимиз иқтисодиётининг, халқимиз турмуш шароитининг тобора юқорилаётганини ўз кўзимиз билан кўриб турибмиз.

Бугунги кунда Жиззах вилоятида 1160 ишлаб чиқариш корхонаси фаолият кўрсатмоқда. «Жиззах» эркин иқтисодий зонасида лойиҳа қиймати 51 миллион 400 минг АҚШ долларига тенг бўлган 15 корхона ташкил этилди. Натижада 774 янги иш ўрни яратилди.

2018 йили 196 миллион 500 минг АҚШ доллари йўналтирилиши ҳисобига 5 корхона ишга туширилиши режалаштирилган. Бу 1500 дан зиёд жиззахлик доимий иш ўрнига эга бўлади, деганидир.

Фориш туманида базальт арматуралар ишлаб чиқариш, Ғаллаоролда вольфрамни қайта ишлаш, Зоминда фармацевтика са­ноатини янада ривожлантириш билан боғлиқ йирик лойиҳалар амалга оширилаяпти. Зафаробод туманидаги йилига 350 минг тонна оқ цемент, 760 минг тонна портланд цемент ишлаб чиқариш қувватига эга Жиззах цемент заводининг йиллик қувватини яна 250 минг тоннага ошириш режалаштирилган.

Одамлар мақсад-муддаоси, хоҳиш-истагини ифода этадиган, улар дуч келаётган муаммо­лар ечимига хизмат қиладиган ислоҳот­лар одамлар томонидан нафақат қўллаб-қув­ватланмоқда, балки одамлар ҳаётбахш ислоҳот­ларнинг фаол иштирокчисига айлан­моқда.

Бу ҳақиқатга яқинда Жиззах вилоятига борганимизда, ишонч ҳосил қилдик. «Жиззах» эркин иқтисодий зонасида «Ўзавтосаноат» акциядорлик компанияси «Пежо Ситроен» гуруҳи билан ҳамкорликда барпо этаётган автомобиль заводи қурилишида ишлаётганлар билан суҳбатлашганимизда, ҳаёт ўзгарганига, одамлар дунёқараши ўсганига яна бир бор гувоҳ бўлдик. Халқимиз айтганидек, пойдевори мустаҳкам иморат узоқ йил қад рост­лаб туради, бир неча авлодга хизмат қилади. Ҳаво ҳарорати совуқ бўлишига қарамай, бу ердаги ишчиларнинг ғайрати, шижоати, кайфияти жуда баланд.

Уларнинг таъкидлашича, лойиҳадаги ер ва пойдевор ишлари тўлиқ уддаланган. Шу кунларда об-ҳаво халақит бермайдиган юмуш­ларни бажаришмоқда. 650 нафардан ортиқ қурувчи учун барча шарт-шароит яратилган. Ишчилар лойиҳада белгиланган асосий ишларни муддатидан аввал, сифатли, чин кўнгилдан қилаётганини кўриб, тўғриси, ҳавас қилдик, қувондик.

2017 йил 7 ноябрь. Президентимиз ­Шавкат Мирзиёев Жиззах вилоятига ташрифи доира­сида Франциянинг «Пежо ­Ситроен» гуруҳи билан ҳамкорликда барпо этилаётган замонавий корхона қурилиши билан ҳам танишди. Мутасаддиларга зарур маслаҳатлар берди. Бошланган ишларни тезлаштириш, сифат ва самарадорлигига алоҳида эътибор бериш кераклигини уқтирди. Ҳозир бу ерда ишлар қизғин бормоқда.

 

Норқул НУШАРОВ, «Нуроний» жамғармаси Жиззах вилояти бўлими раиси, «Дўстлик» ордени соҳиби:

— Мен иқтисодчиман. Узоқ йил турли идораларда ушбу соҳада фаолият кўрсатдим. Касбим тақозоси билан ҳар бир ишни ҳисоб-­китоб қилишга ўрганганман. Кимдир менга бир кун келиб, Жиззахда автомобиль заводи қурилади деса, тўғриси, ишонмасдим. Мус­табид тузум йилларида бизда пахтачилик, чорвачиликдан бошқа бирор-бир тармоқ ривожланганини эслолмайман. Мустақиллик­дан сўнг кўплаб йирик лойиҳалар амалга оширилди. Лекин кейинги бир йилда Жиззах вилояти, жиззахликлар ҳаётида юз берган янгиликларни санаб, адоғига етиб бўлмайди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаб­буси билан «Пежо Ситроен» гуруҳи ҳамкор­лигида барпо этилаётган автомобиль заводини олиб кўрайлик. Бу завод нафақат жиззахлик­ларнинг, балки бутун халқимизнинг фахр-ифтихорига айланишига ишонаман.

Яқинда газетадан ўқиб қолдим: барпо этилаётган ушбу қўшма корхонанинг устав капитали 30 миллион еврони ташкил этиб, лойиҳани амалга ошириш учун 130 миллион евролик инвестиция жалб этилаётган экан. Бу айтишга осон. Насиб қилса, завод 2019 йили дастлабки машиналарни чиқара бошлайди. Йилига 16 минг дона замонавий автомобиль тайёрланади. Жиззахда ишлаб чиқарилган автомобиллар нафақат ички бозорга, балки хориж давлатларига ҳам сотилади. Бу ерда дастлабки пайтда 600 дан зиёд иш ўрни яратилади. Европа стандартларига жавоб берадиган замонавий машиналар халқимиз­нинг оғирини енгил, узоғини яқин қилишига ишонаман.

Бугун қайси бир жиззахлик билан суҳбат­лашманг, Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан 2017 йил 27 апрель куни тамал тоши қўйилган, Зафаробод тумани «Чимқўрғон» қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудида бунёд этилаётган Жиззах ­нефтни қайта ишлаш заводи ҳақида фахрланиб гапиради. Мазкур янги завод нафақат Ўзбекистон, балки Марказий Осиёдаги ноёб саноат обеъктларидан бири ҳисобланади. Қиймати 2,2 миллиард АҚШ доллари бўлган ушбу лойиҳа йилига 5 миллион тонна нефть хом­ашёсини қайта ишлаш имконини беради. Мазкур корхона учун Қозоғистон Республикаси ҳудудидан тортиб келинадиган қувурнинг узунлиги 95 километрни ташкил этади. Бу энергия ресурсларини етказиш борасидаги харажатларни, заводнинг географик жойла­шуви эса бу ерда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни мамлакатимизнинг барча ҳудудларига ва экспортга йўналтиришдаги харажатларни камайтиради.

Заводда углеводород хомашёсини қайта ишлаш бўйича экологик тоза ва энергетик жиҳатдан самарадор технологиялар ўрнати­лади. Бунинг натижасида Евро-5 стандарти­даги юқори сифатли мотор ва авиация ёқилғиси, бензол, мазут, битум ва бошқа нефть маҳсулотлари ишлаб чиқарилади.

 

Яхшибой ТЎЙЧИЕВ, «Маҳалла» хайрия жамоат фонди Зафаробод тумани бўлими раҳбари:

— Президентимизнинг шахсан ўзи завод қурилишига бош-қош бўлаётганини барчамиз билиб турибмиз. Тўғрисини айтганда, тума­нимизда бундай йирик саноат корхона­лари қурилаётганидан аҳоли жуда хурсанд. Бугун ҳамма яхши ҳаёт, ёруғ келажак ҳақида гапирмоқда. Бунга тўла маънода пойдевор қўйилди. Нефть заводида 16 мингдан зиёд иш ўрни яратилишини эшитган, билган оналарнинг дуосини, миннатдорлигини сўз билан ифода этиб бўлмайди. Яшириб нима қилдик, чет элга иш излаб кетганлар ҳам бугун қайтиб келмоқда. Ўзингиз ўйланг, ўн олти минг оила обод бўлади, фаровон ҳаёт кечиради.

Кейинги бир йилда Жиззах вилоятида енгил саноат соҳаси изчил ривожланаётгани натижасида етиштирилган пахтанинг 40 фоизи маҳаллий саноат корхоналарида қайта ишланмоқда. Келгуси 3 йилда пахта ҳосилининг ҳаммасини калава ипга айлантириш, ушбу хомашёнинг 85 фоизидан тайёр кийим-кечак ишлаб чиқариш мўлжалланмоқда.

Бинобарин, тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш­ни ташкил этиш мақсадида жорий йилда Жиззах вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган бир нечта ҳукумат қарори қабул қилинди. Ушбу ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ, саноат соҳасида 666, хизмат кўрсатишда 1 минг 140, қишлоқ хўжалигида 1 минг 242 та лойиҳанинг барчаси йил якуни билан тўлиқ амалга оширилади.

Жиззах вилоятида 2017-2018 йилларда енгил саноатни янада ривожлантириш дастури доирасида қатор лойиҳалар юзасидан бошланган ишлар жадаллик билан давом этмоқда, ниҳоясига етказилмоқда. Миллий банк томонидан «Элеганс текс», «Пахтакор голд текс», «Фориш голд текс», «Зомин текстиль», «Зарбдор текстиль» каби корхона­ларда умумий қиймати 111 миллион АҚШ долларлик лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш кўзда тутилган. Бу салкам 3 минг янги иш ўрни, деганидир.

2018 йилнинг бошида фаолият кўрсатиши режалаштирилаётган «Зарбдор текстиль» корхонасининг биринчи босқичи ишга тушиши билан 1200 дан зиёд янги иш ўрни яратилади. Дастлаб калава ип тайёрлаш кўзда тутилган корхонанинг иккинчи босқичи фойдаланишга топширилиши билан яна 800 қўшимча иш ўрни пайдо бўлади. Бу чўл туманида 2000 янги иш ўрни демакдир.

 

Сабоҳат КАРИМОВА, Зарбдор тумани ҳокимининг ўринбосари, туман хотин-қизлар қўмитаси раиси:

— Президентимиз вилоятимизга ташриф­лари давомида саноат соҳасини, айниқса енгил саноатни ривожлантириш масаласига алоҳида эътибор қаратишини кўп кузатганман. Бунинг замирида хотин-қизлар учун муқим иш ўринлари яратишдек хайрли мақсад мужас­сам­лашган.

«Зарбдор текстиль» корхонасининг пойде­вори қўйилганидан бошлаб биз ҳудудимиздаги 19 маҳаллада хотин-қизлар билан учрашув ўтказдик. Ҳозирги кунгача корхонада ишлашни истовчилардан бир ярим мингга яқин ариза тушди. Бугун корхонани жиҳозлаш ишлари бошланган. Бу жойда ишлаш ниятида бўлган хотин-қизлар учун икки ойлик ўқув курслари ташкил қилинади. Туман аҳолисининг салкам ярми хотин-қизлар эканини ҳисобга олсак, бундай катта корхонанинг барпо этилиши нақадар тўғри бўлганига ишонч ҳосил қиламиз. Шу ўринда мамлакатимизда хотин-қизлар банд­лиги борасида улкан ислоҳотлар амалга оширилаётганини алоҳида таъкидлашни истардим.

 

Жўлибой ЭЛТАЗАРОВ, филология фанлари доктори профессор:

— Мен Жиззах вилоятида туғилганман. Она юртимдаги бирор-бир ўзгариш эътиборимдан четда қолмайди. Одамларнинг ишли бўлиши, оиласи бағрида умргузаронлик қилиши қанчалик катта бахт эканини биламан. Ишлаб чиқариш, саноат ривожланмаган ҳудудларда ишсизлик ортиб, аҳолининг ҳаёт даражаси пасаяди.

Бугун биз ахборот асрида яшаяпмиз. Ҳар бир ўзга­риш, янгилик яшин тезлигида бутун дунёга тарқалмоқда. Жаҳон ҳамжамияти ҳам Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотлар­дан яхши хабардор. Дунёнинг энг ривожланган мамлакатлари — АҚШ, Япония, Жанубий Корея, Германия, Туркия давлатларидаги олий таълим даргоҳларида ишлаганман. Улардаги тараққиёт ва юксалишларнинг туб негизини таҳлил қилганман. Ҳаммасининг замирида барқарорлик, тинчлик, ҳалол меҳнат ва изланиш ётибди...

Ноябрь ойида Туркияда бўлиб ўтган халқаро конференцияда чет эллик олимлар билан мулоқот қилдим. Улар Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан амалга оширилаётган ­ислоҳотлар билан қизиқишди, саволлар беришди. Суҳбат сўнггида Туркиядаги «Темрин» журнали бош муҳаррири, ёзувчи Шереф Йилмаз «Президент сайлови бўлиб ўтганига бир йил бўлдими»?, дея сўради. Мен бир йил тўлишига бир ой бор, деб жавоб бердим. «Ўзбекистон изчил тараққиёт йўлига тушиб олибди», деди у. Ушбу сўзлар­дан жуда ғурурланиб кетдим. Қалбим фахр-ифтихорга тўлди...

Бир мақола доирасида Жиззах вилояти­да амалга оширилаётган ислоҳот­лар, уларнинг натижалари, одамларнинг муно­са­бати ҳақида батафсил баён қилишнинг имкони йўқ, албатта. Кўрганларимиздан шундай хулосага келдик, одамлар Президентимиз олиб бораётган сиёсат­дан, ислоҳотлардан рози. Мухтасар айт­ганда, вилоятда бошланган эзгу ишлар жиззахликлар қалбида ҳаётга, юртга бўлган муҳаббатни янада оширмоқда.

 

Фаррух ҲАМРОЕВ,

Иброҳим ЖОНУЗОҚОВ.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: