16.12.2017

ЎзХДП НОМЗОДЛАРИ ДОЛЗАРБ ИЖТИМОИЙ-ИҚТИСОДИЙ МАСАЛАЛАРНИ КЎТАРИБ ЧИҚМОҚДА

Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман Кенгашларига бўлиб ўтадиган сайлов мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги муҳим воқеалардан биридир. Янги ташкилий-ҳуқуқий шароитда ўтказилаётган мазкур сайлов пойтахтимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда, пойтахт туманларида вакиллик ҳокимиятини мустаҳкамлашда катта аҳамиятга эга.

Партиямиз сайловда энг кўп депутатлик ўринлари учун курашмоқда. Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан кўрсатилган номзодлар партия Сайловолди дастуридан келиб чиққан ҳолда, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, жисмоний имконияти чекланган, ижтимоий кўмакка эҳтиёжманд фуқароларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, янги иш ўринлари яратиш, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг бандлигини таъминлаш сингари долзарб масалаларни илгари сурмоқда.

 

Бахтинисо ПЎЛАТОВА, Шайхонтоҳур туманидаги 324-мактаб директори, 7-Қоратош сайлов округи:

— Партиямизнинг Сайловолди дастурида таълим тизимини янада ривожлантириш, хусусан, жисмоний имконияти чекланган болаларни таълимга тўлақонли қамраб олиш билан боғлиқ долзарб вазифалар назарда тутилган. Шундан келиб чиқиб, мен ҳам ўз сайловолди дастуримда қатор масалаларни белгилаб олдим. Жумладан, ёшлар ўртасида содир этилаётган ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, уларда китобхонликка меҳр уйғотиш ҳамда инклюзив таълимни янада ривожлантириш масалаларига қаратилган таклифларим бор.

Бизнинг мактабимизда 20 нафардан ортиқ ногиронлиги бўлган фарзандларимиз таълим олади. Муассасада улар ҳар томонлама чуқур билим олиши учун қулай шароит яратилган, замонавий ахборот ресурс маркази ташкил этилган.

Келажакда бу йўналишдаги ишларни янада кучайтиришни режалаштирганман. Депутатликка сайлансам, бу борадаги масалаларни ечишда янада фаол иштирок этиш имконига эга бўламан. Партиямиз ғоялари учун, фарзандларимиз таълим-тарбияси учун бор кучим билан меҳнат қиламан.

 

Мирзоҳид ХИДИРОВ, Ўзбекистон ХДП Сергели туман кенгаши раиси, 21-Иттифоқ сайлов округи:

— Мен ўз сайловолди дастуримда ёшлар, хусусан, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини иш билан таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратганман. Кейинги йилларда Сергели туманида катта ўзгариш ва янгиланишлар содир бўлаяпти. Кўплаб янги корхона ва ташкилотлар иш бошлаяпти. Янги иш ўринлари яратилаяпти. Ана шу жойларда меҳнат қиладиган ёшларни тарбиялаш масаласига жиддий аҳамият беришимиз керак.

Бунинг учун аввало касб-ҳунар коллежларида юқори малакали мутахассислар тайёрлаш талаб этилади. Шунингдек, туманимизда жойлашган, Корея республикаси билан ҳамкорликда ташкил этилган КОИКА — касб-ҳунарга ўқитиш маркази билан ҳамкорликда зарур мутахассисларни қайта тайёрлаш имкониятидан самарали фойдаланишимиз керак. Янги уй-жойларнинг қурилиши натижасида туманимиз аҳолиси кейинги 2-3 йилда кескин ошишини инобатга оладиган бўлсак, масаланинг қанчалик муҳим экани ойдинлашади.

 

Муҳаббат АБДУЛЛАЕВА, Ўзбекистон ХДП «Ёшлик» талабалар шаҳарчаси кенгаши раиси, 20-Истиқбол сайлов округи:

— Мен ўз дастуримни тузишдан олдин туманимизда аҳолини кўпроқ ўйлантираётган масалаларни атрофлича ўрганишга ҳаракат қилдим. Ҳудудимизда коммунал хизматлар сифатини яхшилаш, аҳолини уй-жой билан таъминлаш, талабаларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш билан боғлиқ муаммолар оз эмаслиги аниқланди. Сайловолди дастуримда шу каби долзарб масалаларда ташаббуслар билан чиқишни режалаштирдим.

Бугунги сайловчи номзоднинг қоғоздаги дастурлари, баландпарвоз режаларига ишонмайди. Уларга аниқ таклиф, амалий ҳаракат керак. Шунинг учун кундалик ҳаётимиздаги камчиликларни ҳал қилиш юзасидан мутасадди корхона ва ташкилот, давлат муассасаларига партиямиз номидан таклифлар тайёрлаш ниятидаман. Депутат бўлиб сайлансам, бу режаларни амалга ошириб, амалий натижаларга эришамиз, деб ўйлайман.

Сайлов партиямизнинг жамиятдаги ҳақиқий ўрнини кўрсатиб беради. Шунинг учун ҳар бир туман Кенгашида партиямиз гуруҳи тузилишига эришмоғимиз керак. Шу орқали одамлар ичига чуқур кириб бориш, электорат манфаатларини қатъий туриб ҳимоя қилиш имконига эга бўламиз.

 

«Ўзбекистон овози» мухбири

Нурали ОРИПОВ ёзиб олди. 



DB query error.
Please try later.