16.12.2017

ИНСОН ШАЪНИ, ҚАДР-ҚИММАТИ МУҚАДДАСДИР

Конституциямиз қабул қилинганининг 25 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги Президент маърузаси халқимиз томонидан катта қизиқиш ҳамда ҳаяжон билан кутиб олинди, қайси соҳада фаолият юритишимиздан қатъи назар, ишимизни яхшилашга, янги марралар сари дадил қадам ташлашга ундади. Маърузада очиқ айтилган ўткир муаммолар, илгари сурилган ғоялар ва вазифалар аҳамияти ҳақида партиямиз фаоллари, депутатлар, турли соҳа вакилларининг фикр-мулоҳазалари келиши давом этмоқда.

 

Элбек ТУРҒУНБОЕВ, Жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман суди судьяси:

— Маърузада суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларни янада чуқурлаштиришга алоҳида эътибор қаратилди. Тизимдаги ўзгаришларнинг туб моҳияти суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллиги, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоясини таъминлаш, шунингдек, одил судловга эришиш даражасини оширишга хизмат қилади.

Бу йил судларнинг 30 фоиздан ортиғи сайёр кўринишда бўлиб ўтмоқда. Ҳуқуқбузарликка йўл қўйган шахснинг ўзи яшаётган маҳалла, ишлайдиган жамоаси олдида суд қилиниши жазонинг тарбиявий аҳамиятини оширяпти.

Тан олиш керакки, ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари томонидан ноқонуний хатти-ҳаракатларга ҳам йўл қўйилган. Жиноят ишларини тергов қилиш, кўриб чиқиш жараёнида, жумладан, далиллар тўплаш, мустаҳкамлаш, текшириш ва баҳолашда қонунийлик ҳамда холисликни таъминлашга тўсқинлик қилувчи бўшлиқлар бор эди. Бу эса фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга салбий таъсир кўрсатиб келарди. Аҳолининг асосли эътирозларига, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ҳамда судларга бўлган ишончнинг пасайишига сабаб бўлаётганди. Президентимизнинг 30 ноябрь куни қабул қилинган «Суд-тергов фаолиятида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини кучайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони бу камчиликларни бартараф этишга катта ҳисса қўшади, деб ишонаман.

Айрим ҳолларда, тергов, суриштирув жараёнларида айбланувчига, унинг яқинларига нисбатан тазйиқ ўтказилгани, зўрлик ишлатилгани аччиқ ҳақиқат. Судлар мазкур важларни текшириш жараёнида аниқ далилга эга бўлмас, баъзан ҳолатга у қадар эътибор берилмас эди. Эндиликда шундай эътироз билдирилса, судлар уларни текшириб кўриши, ҳатто экспертиза тайинлаши зарур. Қонун бузилиши ва рухсат этилмаган услублар, яъни қийноққа солиш, руҳий ва жисмоний тазйиқ, бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний, қадр-қимматни камситувчи муомала турларига йўл қўйган ходимлар жиноий жавобгарликка тортилади ҳамда олинган кўрсатмалар номақбул ҳисобланади.

Бундан буён ҳимоячи кўрилаётган иш бўйича далилларни тўплаш ва тақдим этиш ҳуқуқига эга бўлиб, улар жиноят иши материалларига қўшилади. Суриштирув, дастлабки тергов ўтказиш ва уни судда кўриб чиқиш вақтида мажбурий текширилади ҳамда баҳоланади. Ушбу тартиб суд мажлисида процессуал қонунчиликда белгиланган тортишувчанлик тамойили амалда ишлашини таъминлайди. Ҳимоячи тақдим этган далиллар суд қарорида инобатга олинади.

Суд мажлислари жараёнида стенография юритилиши, «Электрон жиноят иши» тизими жорий этилиши, тергов ва ҳисобхоналарда доимий видеокузатув мосламалари ўрнатилиши фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоя қилиниши кафолатини мустаҳкамлайди.

 

Олим РАВШАНОВ, Ўзбекистон ХДП Қашқадарё вилоят кенгаши раиси:

— Маърузада халқимиз ҳаёт даражаси ва сифатини янада яхшилаш, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини амалда таъминлаш бўйича олиб борилаётган ишлар чуқур таҳлил қилинди. Ижтимоий адолат тамойилини таъминлаш, ёрдамга муҳтож кишилар, ногиронлиги бўлган шахсларнинг тўлақонли ҳаёт кечириши учун муносиб шароит яратиш масалаларига алоҳида урғу берилгани эса партия­миз ташкилотлари ва депутатлик бирлашмалари зиммасига катта масъулият юклайди.

Маърузани газета орқали ўқир эканман, шу вақтга қадар амалга оширган ишларимизни кўз олдимдан ўтказдим. Тўғри, ижобий натижаларимиз оз эмас. Аммо ҳозирги қўйилаётган талаб бугун кечагидан, эртага бугунгидан кўра яхшироқ ва самаралироқ ишлашни талаб этяпти.

Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, малакали тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш, касбга ўқитиш, бандликни таъминлаш масалаларида олдимизда кенг кўламли вазифалар турибди.

Президентимизнинг «Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони қабул қилинганига ҳали кўп вақт бўлгани йўқ. Унинг амалдаги ижроси устидан ҳозирдан тизимли равишда мониторинг юритишимиз керак. Ногиронлиги бўлган шахсларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш уларга фақатгина моддий ёрдам кўрсатишдан иборат, десак, хато бўлади. Чунки уларда барча билан бир хил ҳуқуқ ва мажбуриятлар бор. Жисмоний имконияти чекланган шахс­лар ҳуқуқларидан тўлақонли фойдаланиши, ўзини жамиятимизнинг фаол аъзоси сифатида ҳис этиши учун тўсиқсиз муҳит яратилиши зарур.

Тўғри, бирон ижтимоий масала юзасидан депутатлик назорати ўрнатиш зарурлиги ҳақида кўп гапирилади. Лекин бу ишни айнан қандай қилиб амалга ошириш керак, деган савол ҳар доим очиқ қолиб кетади. Бу катта камчилик ва уни бартараф этишимиз керак.

Шунинг учун партия ходимлари ва депутатларнинг малакасини ошириш, билим ва кўникмаларини мустаҳкамлаш мақсадида партия ташкилотлари ҳамда маҳаллий Кенгашлар ҳамкорлигида махсус ўқувлар ташкил этиляпти.

Ногиронлиги бўлган шахслар учун қулай шароит яратиш масалалари бўйича масъул раҳбарлар ҳисоботини эшитиш, партия гуруҳларимизнинг маҳаллий Кенгашлар сессияларида фаол иштирокини таъминлаш биз учун долзарб масалалардан биридир.

Шунингдек, сессия қарорлари ижроси устидан депутатлик назорати ўрнатиш ишларини янада жонлантириш сув ва ҳаводек зарур. Акс ҳолда, маҳаллий вакиллик ҳокимияти томонидан қабул қилинган қарорлар, меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар инсон манфаатларига эмас, қоғоз қоралаш учун хизмат қилган бўлиб қолади.

 

«Ўзбекистон овози» мухбири

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА ёзиб олди.



DB query error.
Please try later.